1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ал Ҳикам ул Атоиййа шарҳи (8)

05:00 / 01.03.2017 3222 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саккизинчи ҳикмат


“Қачонки сенга Ўзини таниш йўлидан бирини очса, бас у ила амалинг озлигига эътибор берма. Чунки, албатта, у йўлни сенга Ўзини танишингни хоҳлаб очди. Билмадингми сенга ўзини таниш йўлини келтираётган У зотдир. Амалларни эса, сен Унга тортиқ қилгувчисан. Сен Унга тортиқ қилаётган нарса қаерда-ю, У зот сенга келтираётган нарса қаерда?”

    Инсон йўқлик ва залолат жарлигидан ҳидоят ва Аллоҳ таолони таниш чўққисига фақатгина учинчиси йўқ  бўлган икки йўлнинг бири орқали кўтарилиши мумкин. Уларнинг бири: бу йўлда инсон Аллоҳ таоло томонига юзланиб йўлга чиқади. Лекин бу йўл узун ва машаққатли йўл бўлиб, инсон аввало ақлига иймон ҳақиқати ва арконларини уруғини экиб, сўнг қалбини Аллоҳ таолонинг муҳаббати, таъзимига ва У зотдан қўрқишга қаратади ва Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариб, У зот қайтарган мункар ишлардан сақланади ва бу борада Аллоҳ таолонинг зикрини кўпайтириш, кўп тиловати Қуръон қилиш билан ундан мадад олиб туради. Мана шу йўлга кирган кишининг охир етиб борадиган натижаси шуки, дунё унинг кўз ўнгида ва қалб кўзи олдида аста секин кичрайиб боради. Охират ва у ердаги нарсалар эса, унинг руҳияти ва қалбида борган сари катталашиб боради. Шунинг учун ўткинчи дунёдан кўра ўзи йўлга чиққан томонга, охиратга кўпроқ эътибор беради. Мана шу йўл ҳидоят ва қайтиш йўли деб номланади.

Иккинчи йўл эса, бунда Аллоҳ таоло бандага юзланади. Яъни биринчи йўлда сиз Аллоҳ таолога биринчи қадамни қўясиз. Лекин иккинчи йўлда эса бошлаш Аллоҳ таолодан сиз томонга бўлади. Бу йўлни ижтибо яъни танлаб олиш деб номлади. Инсон хато, маъсиятларга ғарқ бўлиб, бўйин товлаб, Аллоҳ таолодан қочиб, узоқлашиб ва фақат дунёвий истаклари ва ҳавою нафсига берилиб кетган бир пайтда фақатгина Аллоҳ таоло ўзи биладиган маълум сабаб туфайли тўсатдан унга Аллоҳ таолонинг раҳмати етиб, У зот унга меҳрибонлигини намоён қилиб, ғафлат уйқусидан уйғотиб, бандани ўзи томонга тортиб олади. Ана шу орқали банда Аллоҳ таолони таниш, унга муҳаббат ва таъзим қилиш чўққисига кўтарилади. Бу нарса гоҳида бир лаҳзада бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло ўзининг: “Аллоҳ Ўзига Ўзи хоҳлаган кишини танлаб олур ва У Ўзигагина кўп тавба қилгувчи кишини ҳидоят қилур” (Шуро сураси 13-оят) деган илоҳий баёни билан залолат ва гумроҳликдан ҳидоят ва тўғри йўлга чиқишнинг ана шу икки йўлини баён қилди. 

Ижтибо ва ҳидоят

Биринчиси: Аллоҳ таоло айтганидек, У зот бандаларидан ўзи ҳоҳлаганини танлаб олиб ўзига жалб қилиши билан содир бўлади. Иккинчиси эса, банда илм–маърифат, тоат–ибодатлар ва зикрлардан иборат узун йўл орқали Аллоҳ таолога тавба қилиб қайтиши ва У томонга юриб бориши билан амалга ошади. Демак, кимни танлаб олиш, бу Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ, шунинг учун бу йўлни танлашда инсоннинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Балки Аллоҳ таоло ўзи ҳоҳлаган бандасини танлаб олиб, хослаб берадиган фазлдир.

Иккинчиси: Аллоҳ таоло инобат ва ҳидоят йўли деб номлаган ҳамда уни Аллоҳ таоло инсонларнинг  ҳаёт тарзи ва ихтиёрларига боғлиқ қилиб қўйган. Ана шу йўлдаги жидду-жаҳд қилишлари, меҳнатлари ва интилишларига яраша У зотдан ҳидоят келади. 

Ушбу ҳикматда Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ ана шу икки йўлнинг бирига эътиборимизни қаратмоқдалар. У ижтибо йўли бўлиб, Аллоҳ таоло баъзи бандаларини танлаб олиши натижсида ҳосил бўлади. Ана шунда У зот уларни Аллоҳ таолодан узоқлик ва йўқлик чуқурининг энг пастидан бир лаҳзада У зотни таниш ва яқинлашиш чўққисининг энг юқорисига чиқариб олади.

Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ: “Қачонки сенга ўзини таниш йўлидан бирини очса” деганлари: Яъни Аллоҳ таоло сенга ўзини танитиш учун бир дарча очиб қўяди. Бу эса ўзига жалб қилиш ва илҳом бериш орқали бир неча лаҳза ва дақиқаларда амалга ошади. Аллоҳ таоло сени У зотни таниш учун ойлаб, йиллаб ўқиб ўрганишдан беҳожат қилиб қўяди. Ана шунда “бас, у ила амалинг озлигига эътибор берма” яъни одатдагидек ибодатлар, нафллар ва зикрларни кўп қилмасдан туриб, бирданига Аллоҳ таолога бутун вужуд билан юзланиш ва У зотга боғланиб қолиш чўққисига чиқиб қолсанг ҳайратланиб шубҳага бормагин. Чунки ушбу илоҳий илҳом йўли инсон ўзи юриб борадиган йўлдан бошқачадир. “Чунки, албатта, у йўлни сенга Ўзини танишингни хоҳлаб очди” яъни, У зот фақат ўзини танитмоқчи холос. Шунинг учун ҳам сенинг бутун вужудинг У зотнинг маърифати, муҳаббати, таъзими ва Ундан бўлган қўрқув билан тўла бўлиши лозим бўлган шарафдир. Ҳатто бундан олдин амалингни озлиги ёки йўқлигини ҳам эътибори йўқ. Сўнг Ибни Атоуллоҳ: “Билмадингми сенга Ўзини таниш йўлини келтираётган У зотдир. Амалларни эса, сен Унга тортиқ қилмоқдасан. Сен Унга тортиқ қилаётган нарса қаерда-ю, У зот сенга келтираётган нарса қаерда?” деб икки йўлни бир-бирига солиштирмоқдалар. 

Яъни бир ўйлаб кўринг! Ўзингиз Аллоҳ таоло томонга кўтарилмоқчи бўлган, аксари хато-камчиликлар ва ҳавою нафс кирликларидан холи бўлмаган амаллар нарвони билан, сизга Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келадиган лутфу марҳаматлар ўртасида катта фарқ бор.

Шубҳасиз сизга келувчи ана шу Илоҳий лутфу марҳаматлардаги тортиш кучи сиздан Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилиб бораётган тоатлардан кўра қувватли ва таъсири кучлидир. Бу эса  ушбу ҳикмат маъносининг лўндагина хулосасидир. 

Лекин, келинг! унга яна қайтиб батафсилроқ шарҳлаймиз: 

Ислом тарихида Аллоҳ таоло бир дафъада залолатдан тўғри йўлга, бўйин товлашдан итоатга ва ағёрларнинг муҳаббатидан Ўзининг муҳаббатига чиқариб олган зотлар жуда кўп бўлган. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари орасида ҳам бундайлар кўп бўлишган. Мадинага чекка қишлоқдан қўпол бир саҳрои араб келарди-да, Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб ва у зотниннг ҳадислари ва насиҳатларидан бироз эшитибоқ ана шу бир мажлиснинг ўзида бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиб қоларди. Ундаги табиатининг қўполлиги, қалбининг қаттиқлиги йўқ бўлиб, барча ички дунёси билан биргаликда янгидан туғилгандек бўларди. Сўнг, Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисларидан чиққан заҳоти қалби дунёдан нафратланиб, Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва қўрқуви билан тўлиб тошарди. Тоат-ибодатда мустаҳкам бўлиш ва тўғри йўлда бўлиш чўққисига тарбия йўли ва узоқ амал қилиш орқали эмас, балки тезлик билан танлаб олиниш орқали ўтганлар Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларида жуда кўп бўлишган. Улардан кейин келган зотларда ҳам танлаб олиш орқали Аллоҳ таоло ўзига жалб қилиб олганлари кўп бўлган. Улар ҳам қаттиқ адашувдан ҳеч нарсани кутиб ўтирмасдан, бирданига мукаммал истиқомат йўлига ўтиб қолишган. 

Ана шундайлардан бири, қоп-қоронғу кечадаги бир неча дақиқаларда қароқчи, йўлтўсарликдан Раббоний обидга айланган, қалби Аллоҳ таолонинг таъзими, муҳаббати ва У зотдан қўрқишдан бошқа ҳамма нарсадан фориғ бўлган зот Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳдир.

У ёшлигининг ярмини йўлтўсарлик қилиб, одамларнинг молини талаб, қароқчилик ва зўравонлик қилиб ўтказди. У Абивард ва Марв орасидаги тор йўлларда йўловчи мусофирларни пойлаб турар эди. Секин-аста ўша тор йўл унинг номи ила аталадиган бўлди ва у ердан ўтувчилар ҳамда карвондагиларнинг қалбига қўрқинч соладиган жойга айланди. Йўловчилар бир-бирларига унинг тузоғига тушиб қолмаслик учун ўша ерни четлаб ўтишни тавсия қилар эдилар.

Фузайл ўзи талаб олган молларни айш-ишратга, кўнгилхушликка сарфлар, лаззатларига ишлатар эди. У ушбу нодонлик ҳаётининг авжида бир жорияни учратиб, уни севиб қолди ва ўзини унга бағишлади. Фурсат топиши билан унинг ҳузурига ошиқар эди. Бундай фурсатлар эса жуда оз бўлар эди. Унга боғланиб қолган Фузайлнинг йўлтўсарликка, мусофирларни пойлашга ва уларни таъқиб қилишга вақти қолмади. Жориянинг ишқи унинг қалбини ром қилиб, молиявий қизиқишларини унутди. Бу ишқ ундаги зўравонлик ва ёмонлик оловини сўндириб, шу жория ҳақида фикр қилишдан бошқага ярамай қолди, куну-тун фақат унга етишиш йўллари ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолди.

Инсонда нафс тўзонлари тинчланса, ёмонлик ҳислари сокин бўлса, бунинг муқобилида унинг қалб тўридаги содиқ туйғулар қўзғалади. Ана шу ҳолат ўз эгасини Аллоҳ таолога етакловчи биринчи қадамлар бўлади. Мазкур ҳисни уйғотган нарса нима бўлишининг фарқи йўқ. Шунингдек, унинг қай тарафга йўллангани ёки қай нарсага мойил бўлгани ҳам фарқ қилмайди. Чунки муҳаббатнинг йўли биттадир. Маҳбуб қандай бўлса ҳам, у йўлнинг қай тарафида турган бўлса ҳам барибир. Энг муҳими, солик ўзига ёққан ва ўзи берилган бекатда тўхтаб қолмаса, бас. Модомики, олдидаги йўл очиқ экан, у барча бекатлардан ўтиши лозим. У ўзининг ҳақиқий муҳбуби олдинда эканини билмоғи матлубдир. У ҳарчанд йўлда давом этар экан ва бекатлардан бирмабир ўтар экан, ўз йўлини давом эттириш жозибаси уни ўзига тортаётганини ҳис қилади.

Фузайл ибн Иёз ўзининг мазкур жорияга бўлган муҳаббати ва унга боғланиши орқали йўл бошига келди. Кечаларнинг бирида у карвон йўлини тўсиб, унинг молини талаш режасини тузиш ўрнига маҳбубаси ила қандай қилиб учрашиш режаси ҳақида фикр юрита бошлади. Ва ниҳоят, кечанинг охирги қисмида, ҳамма ухлаб ётганда ҳабибасининг ҳовлисига бориб, эшик қоқиб, сўраб ўтирмай, девордан ошиб тушиш режасини тузди.

Фузайл муносиб вақтни танлаш ва режасини амалга оширишга киришди. Тун қоронғусида жориянинг ҳовлисига етиб борди. У иккиланиб ўтирмасдан, ҳовли деворидан ошиб ўтишга қулай жой ахтара бошлади. Тезда ўшандай жойни топди ва осилиб деворнинг устига чикди. Девордан ҳовлига тушишдан олдин атрофга диққат билан қулоқ солди. У шу ҳолда турганида қулоғига тун қоронғусида бир қорининг Аллоҳ таолонинг қуйидаги:

“Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!” (Ҳадид сураси, 1б-оят) деган сўзини тиловат қилаётганини эшитди.

Ўша соатда Фузайлнинг қалби бефаросатликдан озод бўлди. Унинг қалбини ўраб олган тошбағирлик парчаланди. Унинг қулоғига муҳаббат тўла раббоний калималар кириши билан бу калималарнинг шуъласи унинг қалбига етиб борди. Бу шуъла ундаги сўниб бораётган чироқни яна ёндирди, ўчиб бораётган оловни алангалатди. У бирдан қоронғу зулматни титратиб юборган овоз ила:

“Ҳа, Роббим! Вақти келди!” дея қичқирди.

Ўша лаҳзанинг ўзида унинг шахсияти тамоман ўзгарди. У турган еридан тушди. Худди бир нарса чақиб олган одамдек, ҳеч нарсага қарамай:

“Ҳа, Роббим! Вақти келди!” дея қичқирганча олға юриб кетди.

Ўша кечанинг охирида бу банда ила унинг Робби орасида сулҳ тузилди. Ўша зулматли соатда безори, қароқчи, йўлтасар Фузайл ибн Иёз дафн этилди. Унинг ўрнига олим, парҳезкор, зоҳид, обид ва ҳакийм Фузайл ибн Иёз туғилди!

Энди у нима қилади? Қаерга боради? У Сарахсга қайтиб кетишни маъқул кўрди. Кеч кириши билан тунаш учун мусофирхонага борди. У ерда бир гуруҳ йўловчиларни кўрди. Уларнинг ўзаро йўл юриш ҳақида маслаҳат қилаётганларини эшитди. Шу пайт улардан бири “Тонг отгунча кутиб турганимиз маъқул. Йўл хатарли. У ерда Фузайл бор”, деди.

Фузайл уларни тинчлантириш учун олдиларига борди, сўнг томоғига йиғиси тиқилган ҳолда:

“Батаҳқиқ, Аллоҳ йўлни Фузайлдан тозалади. Мана, у сизнинг қаршингизда тавба қилган ҳолида турибди! Умид қиламанки, бугундан бошлаб мени фақат Аллоҳга қочган ҳолимда, У Зотнинг Байтул Ҳароми олдида кўрасизлар!”, деди.

Сўнгра у узоқ сафарга керакли нарсаларини олиб, Байтуллоҳ томон йўл олди. Йўл узра у ўз-ўзига: “Мен кечаси маъсият қилиб юрибман. Бу ерда эса, мусулмонлардан бир қавм мендан қўрқиб ўтирибди. Аллоҳ тавба қилишим учун мени уларнинг ҳузурига олиб келган бўлса керак. Эй, Аллоҳ! Ўзингга тавба қилдим. Тавбамнинг Байтул Ҳаромингни қўшни тутишим ила бўлишини истадим!” деб борарди. Мана шундай қилиб Фузайл ибн Иёз ўтмишдаги барча гуноҳларидан тавба қилиб, истиқомат йўлига ўтди. Охир оқибат ўз номини энг ишончли ҳадис ровийлари рўйхатининг аввалига ёзилишига эришди ва ҳаётини умрининг охиригача Байтуллоҳил Ҳаромда ибодат ва зуҳду тақво билан ўтказди.

Ана шундай танланган зотлардан яна бири Бишри Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳдир. Ҳофий яъни ялангоёқ номи билан машҳур бўлган у киши аслида  ичкилик, ўйин-кулгу ва айшу-ишрат, базму жамшидга ва дабдабали ҳаётга берилган Басранинг амири бўлган. Ҳар кеча унинг уйида базму-жамшид, ўйин-кулгу ва ичкилик бўларди. Бир кеча унинг қасри олдидан бир тақволи солиҳ киши ўтиб кета туриб, эшикни таққиллатди. Шунда жорияларидан бири чиқиб, эшикни очса, бир юпун кийинган камбағал киши турибди. Ҳалиги киши: “Бу уйнинг эгаси ҳурми ёки қулми?” деди. Жория у кишининг устидан мазаҳ қилиб кулиб: “Жиннимисан? Бу уйнинг эгаси Бишр, мана шу Басранинг амири-ку! Эшитмаганмисан?” деди. Солиҳ киши: “Тўғри айтасан, қул одам бундай иш қилмайди” деди. Жория эшикни қарсиллатиб ёпиб кириб кетди. Уларнинг гапини эшитиб қолган Бишр жориядан: “Ҳалиги одам ким экан? Нима деди” деб сўради. Жория: “Бир аҳмоқ одам экан. Бу уйнинг эгаси ҳурми ёки қулми?” деб сўради. Мен унга: “Бу уйнинг эгаси ҳур, мана шу Басранинг амири” дедим, деб кулди. Мана шу гап Бишрга таъсир қилди ва жориядан: “У киши қайси томонга кетди?” деб сўради. Жория: “Мана шу томонга” деб кўрсатди. Бишр уйидан ялангоёқ ҳолида ўша томонга шошилиб чиқиб, то у кишини қидириб топгунича ялангоёқ  югуриб кетди. (Шу кундан бошлаб у оёқ кийим киймади. Шунинг учун “Ҳофий” ялангоёқ лақаби билан танилди) Йўлда кетаётган бир кишини кўриб орқасидан бориб тўхтатди: “Сиз эшигимни таққиллатдингизми? деб сўради. “Ҳа, мен эдим, куй-қўшиқ, ўйин-кулгини эшитиб қолиб уй эгаси кимлигини билмоқчи бўлдим” деди. Бишр: “Нима дедингиз?” деди. У киши: “Бу уйнинг эгаси ҳурми ёки қулми?” деб сўрадим. У аёл: “Жиннимисан? Бу уйнинг эгаси Бишр, мана шу Басранинг амири-ку! Эшитмаганмисан?” деди. Мен унга: “Тўғри айтасан, қул одам бундай иш қилмайди” дедим, деди. Шунда Бишр қаттиқ таъсирланиб, ушбу сўз Бишрнинг қалбига Раббоний тажаллий билан бирга порлаб кирди ва у  кўзи тўла ёш билан: “Сиз гувоҳ бўлинг! Мен қулман! Ваъда бераман энди фақат қул каби яшайман ва қул қилиши керак бўлган ишни қиламан ва албатта, Аллоҳ таолога қул бўлиб йўлиқаман” деб ўша заҳоти тавба қилиб ичкилик ва барча маъсиятлардан воз кечди. Мана шу соат Бишрнинг ичкилик, ўйин-кулгу ва маишатпарастликка ғарқ бўлган ва Басранинг амири номи билан машҳур бўлган ўтмишига нуқта қўйди ва Ислом оламида Бишри Ҳофий номи билан машҳур бўлган олим, ориф, обид ва тақводор зоҳидга айланди.


Аллоҳ таоло танлаб олган зотлардан яна бирлари куй-қўшиқ ва тор чалиш билан кўнгил хуши  қилишга ошиқ бўлган, Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва ҳақларига қайрилиб ҳам қарамайдиган, ичкиликка қаттиқ ружуъ қўйган ва бир кечада бошқа одамга айланиб, жудаям камёб ажойиб намуна ва Раббоний олимга айланиб, дунёсини барчасини Аллоҳ таолони рози қилиш учун ва У зотга яқинлашиш учун фидо қилган зот Абдуллоҳ ибни Муборак раҳматуллоҳи алайҳдир.  

Абдуллоҳ ибн ул-Муборакдан тавба қилишининг сабаби ҳақида сўрашганда, у шундай деб ҳикоя қилиб беради: “Боғда дўстларим билан бирга ўтирган эдим, шунда кечгача еб-ичиб ўтирдик, мен танбур ва удни чалишни яхши кўрар эдим, сўнгра саҳаргача ухлаб қолдим. Тушимда бошимнинг тепасидаги дарахт устида ўтирган қушни кўрдим. У қуш менга:

“Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?! Улардан (яхудий ва насронийлардан) кўплари фосиқ итоатсиздирлар!” (Ҳадид 16-оят) оятини ўқиб берди. 

Мен: “Ҳа шундай деб, сесканиб ўзимга келдим ва удимни синдирдим. Сўнгра олдимда бўлган чолғуларни ёқиб юбордим, мана шу менинг тавбамнинг бошланиши эди”.


Танланганлардан яъна бирлари Молик ибни Дийнор раҳматуллоҳи алайҳ бўлиб, у киши ҳам ҳар доим маст бўлиб, кўнгил хуши қилиб юрадиган миршабдан бир лаҳзада дарсларида минглаб одамлар қатнашадиган ва қўлларида кўплаб адашган гумроҳлар ҳидоят топган Раббоний катта олимлардан бирига айланган. У кишининг мажлисига фосиқ одам кирса тақводор зоҳид бўлиб чиқиб кетарди. У зот умрининг қолган қисмини кундузлари рўза тутиб, кечалари ибодат билан бедор бўлиб зоҳидлик билан ўтказди.

Молик ибн Динордан тавба қилишига нима сабаб бўлганини сўрашди. У жавобан шундай деди: “Илгари мен ўйин-кулги ва ичкиликка қаттиқ берилган эдим. Кўнгил хуши учун бир жория сотиб олдим. Маълум муддат ўтиб, қизчалик бўлдик. Мен қизимни жуда яхши кўрар эдим. У ўсиб-улғайиб эмаклайдиган, кейин юрадиган бўлди. Қачон мен ароқ ичмоқчи бўлсам, у қўлимдан тортиб ароқни тўкиб юборар эди. У икки ёшга етгач, вафот этди. Мен қайғуда қолдим... Шаъбон ойи эди. Бир куни ярим тунда ичиб маст бўлиб ётиб қолибман. Туш кўрдим. Гўёки қиёмат қоим бўлибди. Қабримдан чиқиб келибман. Бундоқ қарасам, ёнимда катта аждар мени емоқчи бўлиб турибди. Ундан қўрқиб қочдим, у эса орқамдан қувлай бошлади. Ҳар қанча тез чопсам ҳам, ундан бутунлай қочиб кетолмас эдим. Қоча туриб йўлда оппоқ либосли мункиллаган чолни учратдим. Унга: “Эй отахон, мени анави аждардан қутқаринг. У мени емоқчи, ҳалок қилмоқчи”, деб ялинган эдим, у: “Эй ўғлим, мен қариб, кучдан қолганман, у мендан қувватли, унга кучим етмайди. Сен қочиб, йўлингда давом этавер-чи, шояд Аллоҳ сени ундан халос этса”, деди.

Мен тезроқ чопа бошладим. Аждар ҳам изимдан қолмай келар эди. Югура-югура дўзах табақаларига келиб қолдим. Дўзах қизиб, қайнаб ётарди. Унга тушиб кетишимга бир баҳя қолди. Шунда кимдир: “Сен менинг аҳлимдан эмассан”, деди. У ердан бурилиб яна қоча бошладим. Аждар ҳамон қувлаб келар эди. Қоча-қоча кўзни қамаштирадиган нурли тоққа яқинлашдим. Тоғда қасрлар бўлиб, уларнинг эшик ва пардалари кўзга ташланиб турар эди. Шу пайт кимдир: “Душмани етиб келиб ҳалок этмасдан туриб манави бечорани қутқаринглар!” деди. Эшиклар очилиб, пардалар кўтарилиб, у ердан юзлари ойдай болалар чиқиб келишди. Қизим ҳам улар билан бирга эди. Мени кўриб олдимга тушди. Ўнг қўли билан аждарни урган эди, у қочиб кетди. Кейин тиззамга ўтирди-да: “Эй отажон:

“Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!” (Ҳадид сураси 16-оят) деди. “Эй қизим, сизлар ҳам Қуръонни биласизларми?” деб сўрасам, “Ҳа, сизлардан кўра яхшироқ биламиз”, деди.  Мен: “Бу ерда нима қиласизлар?” десам. У: “Биз мусулмонларнинг вафот этган ёш болаларимиз. Қиёмат кунигача шу ерда сизларни кутиб яшаймиз” деди.

- “Эй қизим, мени қувлаб, ҳалок этмоқчи бўлган аждар нима эди?”

- “Эй отажон, у сизнинг ёмон амалларингиз. Уни кучайтириб – кўпайтириб юбордингиз. Шунинг учун сизни ҳалок қилмоқчи бўлди”.

- “Ҳалиги мункиллаган чол киши ким эди?”

- “У сизнинг яхши амалингиз. Уни заифлаштириб – камайтириб қўйдингиз. Шу боис ёмон амалингизга унинг кучи етмади. Аллоҳга тавба қилинг. Ҳалокатга учрагувчилардан бўлманг”, деб у юқорига кўтарилиб кетди. Мен чўчиб уйғондим ва дарҳол Аллоҳга тавба қилдим”.


Мана шу ерда яна бир муҳим нарсани билишимиз лозимки, Аллоҳ таолонинг бундай танлаб олиши маълум бир халқ ёки замонларда тўхтаб қолмаган. Балки, бу йўл ҳар вақт то қиёматгача очиқдир. Яъни Аллоҳ таолонинг гумроҳликдан тўғри йўлга тортиб оладиган эркагу аёллардан бўлган бандалари ҳамма асрларда ва ҳамма жойларда бўлади. 

Менин ўзига ўзи зулм қилиб юрган, кабира гуноҳларга ғарқ бўлган ва ароқ ичишга муккасидан кетган, ҳар кеча ичмаса тура олмайдиган бир қўшним бор эди. У билан ҳидоят топиш  орасида ҳеч қандай кўприк ёки ингичка ип ҳам йўқ эди. Чунки атрофидаги у билан мулоқотда бўладиган кишилар ва муҳит уни Аллоҳдан табора узоқлашиб, гуноҳу маъсиятлар, беҳуда ишлар билан машғул бўлишга сабаб бўларди. 

Бир куни эрталаб одатдагидек бомдод номозига масжидга чиқсам, кўзим кўриб, ақлим ишонмайдиган бир ажойиб манзарани кўрдим. Доим маст бўлиб юрадиган қўшнимиз биринчи сафда худди тақводор, ибодатли кишидек намозга иқомат айтилишини кутиб ўтирарди. Бу киши ҳам қоронғу бир кечанинг ўзида мен таниган кишидан тўғри йўлдаги, ибодатга мустаҳкам, Аллоҳга муҳаббатли ва мункар ишларни ёмон кўрадиган энг афзал кишига айланиб қолган. Уни ҳам олдинги ҳолатидан тортиб олган қўл Аллоҳ таолонинг қўли бўлиб, дастлаб лутф ва танлаб олиш илтифоти У зотдан бўлган. 

    Лекин, Аллоҳ таолонинг йўлидан узоқда адашиб юрган киши ўзича: “Мен мана шу ўзига тортиб олиш, танлаб олиш йўли орқали Аллоҳ таолога етиш ва тўғри йўлда бўлишни афзал деб, биламан. Мана шу осонроқ ва тезроқ экан” дейишдан сақлансин. 

Чунки танлаш Аллоҳ таолонинг ишидир, буни сизга алоқаси йўқ. Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ Ўзига Ўзи хоҳлаган кишини танлаб олур ва У Ўзигагина кўп тавба қилгувчи кишини ҳидоят қилур” (Шуро сураси 13-оят) деган сўзини ўйлаб кўрмадингизми? Бунинг маъноси, кимни Аллоҳ таоло ўзи хоҳласа танлаб олади дегани. Аллоҳ таоло ушбу танловга сени ихтиёр қилишини қаердан биласан? 

Яна бошқа биров: “Бу, баъзиларга насиб қилиб, бошқалар етолмайдиган нарсанинг манбаси нима?” демасин. Бу насибанинг манбаси Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандасига берадиган фазли бўлиб, ўзи яхши кўрган бандасини танлаб олади. У бандани бирор хислати ёки хулқи учун ёки сиз билмаган, фақат Аллоҳ таоло биладиган бирор бир сабаб учун яхши кўрган бўлади.

Сўнг яна бир муҳим нарса, сен Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг: “бас,  у ила амалнинг озлигига эътибор берма” деган сўзларини но тўғри тушиниб қолмагин. Мана, сенга у киши ирода қилган, Аллоҳ таолонинг китобида собит бўлган маънони ҳавола қиламиз:

Биз баъзиларини намуна қилиб зикр қилган ва улар ҳақида сўз юритаётган Аллоҳ таоло танлаб олган зотларни У зот танлаб олиши учун улар ҳудди бошқалар каби ўзларини тоату ибодатлар, зикрларни вазифа қилиб ушлаб олган бўлишлари шарт қилинмайди. Балки Аллоҳ таоло уларни йўқлик жаридан, гуноҳлар ботқоғидан бирданига тортиб олиб, ўзини таниш ва ибодатда мустаҳкам бўлиш чўққисига чиқаради ва бир неча дақиқаларда ҳатто лаҳзаларда нафсларини, қалбларини поклаб қўяди. Ушбу ҳолат уларда ўрнашгач, Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва тоатларига юзланиб, уларни бажаришга киришадилар Аллоҳ таоло қайтарган ҳаром, мункар ишлардан ўзларини сақлашдан ташқари тоату ибодатлар ва зикрларни кўпайтириб бажаришга бел боғлайдилар. Аммо ушбу ҳикматдаги амални озлиги ва эътибор бермаслик ҳақидаги сўз Аллоҳ таоло ана шу инсонни танлаб олишидан олдинги ҳолатига қараб айтилгандир. 

Ўшандай пайтда олдиндан амал қилган бўлиши ва гуноҳлардан тавба қилган бўлиши шартми? Аксар инсонларнинг ҳолатида улар ўзлари бошдан жидду жаҳд қилиб, ҳидоят йўлини тутмоқчи бўлганларида гуноҳлардан тавба қилиб, амал қилишлари заруратдир. Лекин, Аллоҳ таоло лутфу марҳамат назари билан қараб, танлаб олган зотларда шарт эмас. 

Юқоридаги қиссаларда Фузайл ибни Иёз, Молик ибни Дийнор ва бошқаларни ҳеч қандай тоату ибодатлар, дуою зикрларни восита қилмасдан ҳидоят ва ибодатда мустаҳкамлик даражасининг чўққисига чиқиб қолганларини кўрдингиз. Лекин улар Аллоҳ таолонинг маърифати, унга яқин бўлиш ва У зотга бўлган муҳаббат лаззатини тотиб  кўргач, ибодатга жиддий енг шимариб тоату ибодатлардан жуда кўп вазифаларни зиммаларига юклаб оладилар. Зеро Аллоҳ таоло уларни мукаррам қилган бундай тезлик билан ўзгаришдан кейин уларнинг шаънига фақат ана шундай қилиш ярашади холос.  

    Яна сиз Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматларини баъзи бир пир-эшонлик вазифасини тирикчилик касби қилиб олган сохта эшонлар тушунганидек тушуниб қолманг! Улар ўзларича: “Аллоҳ танлаб олган зотлар Аллоҳ таолога  яқинлашиб, муҳаббатнинг хос даражасига етганлари учун уларга тоату ибодатлар ва ҳаром ишлардан сақланишнинг кераги бўлмай қолади” деб ўйлайдилар. Айнан мана шундай тушунча ҳақиқатга мутлақо зид бўлган васваса бўлиб, шайтон иймонсиз малайларини ана шундай деб васваса қилади. 

Аммо, Аллоҳ таоло танлаб олганлар эса, инсонларнинг тоату ибодатларига энг кўп боғланиб қолганлари ва ҳаромдан ҳатто шубҳалардан ҳам бошқалардан кўра кўпроқ узоқда бўладиган зотлардир. Агарда, Аллоҳ таолога яқин зотлар орасида Аллоҳ таоло унинг зиммасидан буйруқларини бажариш ва гуноҳ қилмаслик масъулиятини соқит қилганлари бўлганда эди, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳусисиятга уларнинг энг ҳақлиси  бўлар эдилар. Лекин, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан кўра тақводорроқ, ибодатларга энг мустаҳкам, нафл ибодатларга ҳам эътиборли ва бардошли ва шубҳали нарсалардан ҳам ўзини тийган энг парҳезкор инсон эдилар. Ҳадислардан бизга маълум бўлганидек, кечалари таҳажжуд намозида қиёмда узун турганларидан оёқлари шишиб кетарди. Саҳобалари орасида ҳам дунёга энг зоҳиди ва ўта фақирона ҳаёт кечирганлари ҳам У зот эмасмидилар? Шунингдек У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан борган кейинги танланган зотлар ҳам аллоҳ таолонинг васият ва буйруқларига ҳаммадан кўра кўпроқ эътибор бериб бажарадиган, ҳалол ва ҳаромни тушунишда энг қаттиқ парҳезкор ва нафл ибодату зикрларда бардавом бўлишган. 

Демак, ушбу ҳикматдаги: “бас, у ила амалинг озлигига эътибор берма” деган сўзлари залолатдан ҳидоятга ўтишдан олдинги ҳолат ҳақида айтилган бўлиб, Аллоҳ таолонинг танлаб олиши орқали ўзгаргандан кейин амал қилишдан юз ўгиришга ундаб гиж-гижлаш эмас. 

Энди яна, ушбу илоҳий танлов орқали ҳидоят ва маърифат чўққисига бирданига ўтиб қоладиган, озчилик бўлган тоифа инсонлар ҳақида гаплашамиз. Улар ким? Уларни осонлик ва тезлик билан ўзгариб қолишларига сабаб бўлган хислат нима? 

Яна қайтариб айтаман: “У Раббоний тажаллий бўлиб, бизларни билим даражамиз ва қоидаларимиз ўлчови билан ўлчанмайди. Унга ақлимиз, билимимиз ҳам етмайди. Лекин, албатта биз идрок қила олмайдиган сабаблари бўлади”. 

Аммо, савол туғилиши мумкин: “Ана шу Илоҳий лутфу марҳаматга эришишга сабаб бўладиган тахминий бўлсада, айримларда мавжуд бўлган сифатлар борми? Токи ана шу сифатлар уларни ушбу танловга мушарраф бўлишларининг сабабчиси десак?”  

Мен ушбу саволга жавобан айтишим мумкин бўлган нарса шуки, агар бир банда Аллоҳ таолонинг йўлидан узоқда, залолатда юриши билан бирга, яна У зотга нисбатан такаббурлик қилса ва ҳақни била туриб, унга қайсарлик билан қаршилик қиладиган бўлса, ундайлар ушбу илоҳий лутфу-марҳамат етишидан мутлоқо тўсилгандир. Ундайларга Илоҳий зотни таниш йўли очилиши амри маҳолдир. Қандай қилиб уларга бу йўл очилсин, ваҳоланки Аллоҳ таоло улар ҳақида: “Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганларга осмон эшиклари очилмас ва улар туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар. Жиноятчиларни мана шундай жазолаймиз” (Аъроф сураси 40-оят) деганку! 

Аммо, тушунчаси бунинг акси бўлиб, ҳақиқатни тан оладиган, қалби ва бутун вужуди билан Аллоҳ таолонинг олдида ўзини хор тутиб, гуноҳ қилиб юрганда ҳам бошидан оёғигача нажосатга булғаниб қолгандек ҳис қилиб ўзини айблаб, қаерда бўлса ҳам ўз ҳолидан ҳижолат бўлиб, атрофидаги ҳаммадан ўзини ёмонроқ деб ўйлайдиган киши ана шу илоҳий лутфга эришадиганларнинг энг олдида бўлади. Ана шу лутфи Илоҳий уларни ҳидоят ва маърифат чўққисига тортиб олади.

Шайх Аҳмад Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳ ҳикматли сўзларида: “Аллоҳ таолога олиб борувчи йўлларга назар солсам, уларнинг ҳаммаси одамлар билан тўлиб тошган экан. Хокисорлик, синиқлик йўлига қарасам бўм-бўш, тиқилинч йўқ экан” деганлар.  Яъни, шаръий илмлар билан машғул бўлиш, Аллоҳнинг динига даъват қилиш ишлари, Байтуллоҳга ҳаж ва умрага бориш ва кўпчиликка кўрсатиб эҳсон қилиш каби зоҳирий тоат ибодат йўлларида кўп ҳолатларда нафснинг риёкорлик, хўжакўрсин, одамларнинг мақтов-олқишларига қизиқиш ва ўзига-ўзи бино қўйиб, амалидан мағрурланиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш ва обрў-эътибор қозонишга интилиш каби жуда хатарли улушлари сизиб кириш ҳолатлари кўп учрайди. Шунинг учун бу йўлларга отланганлар жуда кўп бўлади. Ушбу йўлдагиларнинг ҳар бирининг мўлжаллаган мақсади бўлади. Лекин, Аллоҳ таоло учун ўзини хор тутиш ва хокисорлик йўлига кирган солик ўзини гуноҳларга ботиб қолиб Аллоҳ таолодан узоқлашган деб билади ва: “Ҳамма одамлар мендан яхши” деб ўйлайди. Шунинг учун улар билан ана шунга асосан муомалада бўлади. Бу йўлда фақат Аллоҳга ихлосли ва садоқатли бандаларгина бардош қила оладилар холос. Чунки бу йўлда одамлар кўз ўнгида нафснинг ҳеч қандай улуши бўлмайди. Мана шундай ҳақиқий хокисор нафс соҳиблари агарчи залолат ва маъсиятга ботиб юрган бўлсалар ҳам, уларни тортиб оладиган Аллоҳ таолонинг лутфи марҳамат нафаҳотларига биринчилардан бўлиб йўлиқадилар. 

Юқорида эслаб ўтганимиз доим маст бўлиб юрадиган қўшнимизни ҳам Аллоҳ таоло ўзи танлаб олиб, тавба қилганини тўсатдан билиб қолиб, Аллоҳ таоло уни мушарраф қилган янги ҳаёт билан табриклаш учун биринчи бўлиб уйига кирдим. Ўшанда у менга қуйидагиларни айтиб берди: “Ҳар куни кечқурун ярим тунда, саҳар пайтида бир хонага ёлғиз кириб олиб, эшикни қулфлаб, олдимга идишдаги ароқни қўйиб олиб Аллоҳ таолога муножат қилиб: “Эй, Роббим, мен билан сенинг ўртамизни мана шу “девор” тўсиб туришидан қаттиқ хафаман. Уни ўртадан олиб ташлашни жуда хоҳлайман. Лекин мен заифман, уни олиб ташлашга заифлик қиляпман, кучим етмаяпти. Эй, Роббим, Сен ҳар нарсага Қодир, қудратли зотсан-ку! Нима учун Сен уни олиб ташламаяпсан?” дердим.

Бир куни бирданига Аллоҳ таоло қалбимни тавфиқ нури билан ёритиб, қалб кўзимни очиб қўйди. Унга бўлган қалбимдаги муҳаббат ва қўрқув ҳисси  кучайиб, ароқ ва бошқа маъсиятларга нисбатан қаттиқ нафрат пайдо бўлди ва дарҳол тавба қилиб, ғусл қилдим ва кўзим тўла умид ва қувонч ёшлари билан ибодатни бошладим” деди.

Сиз Аллоҳ таолога бўлган қуллик маъноларини ўта дақиқ баён қилувчи ушбу кишининг илтижосидаги Аллоҳ таолонинг олдида ўзини хор тутиш ва ёлбориш ҳақида бир ўйлаб кўринг! Шубҳасиз Аллоҳ таолонинг у кишига раҳмат назари билан қараб, лутфу марҳамат кўрсатиб бир неча дақиқаларда гумроҳлик ботқоғидан муҳаббат ва танлаб олиш чўққисига чиқариб олишидаги ягона сабаб ёки энг муҳим омил ана шу бўлса ажабмас. 

“Аллоҳ билан сулҳ тузиш бир лаҳзада бўлади” дегувчилар ҳам жуда тўғри айтганлар.

Энди Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг: “Билмадингми сенга ўзини таниш йўлини келтираётган У зотдир. Амалларни эса, сен Унга тортиқ қилгувчисан. Сен Унга тортиқ қилаётган нарса қаерда-ю, У зот сенга келтираётган нарса қаерда?”деган сўзларидаги энг дақиқ қисмида тафаккур қилиб кўрайлик. Бизлар Аллоҳ таолога яқинлашиш мақсадида қиладиган тоат-ибодатлар, амаллар, риёзатлар ва зикрлар зиналари кўп бўлган узун нарвондир. Унинг чўққисига чиқмоқчи бўлган инсон узоқ вақт бу масофани босиб ўтишга сабр қилиши лозим. Бу ҳам қачонки, ана шу ибодатларнинг ўзи фойдали, Аллоҳга яқинлаштирувчи амал бўлса. Чунки кўпинча ёмонликка буюрувчи нафс ғолиб келиб, ибодат ва солиҳ амаллар нафснинг ман-манлик, риёкорлик, одамлар олқишига интилиш ва обрў қозонишга ҳаракат қилиш каби улуши ва мақсадлари таъсирида солиҳ амал бўлиш ўрнига нафснинг ҳою-ҳаваслари ва истакларини рўёбга чиқаргувчи восита бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам бундай турли хил солиҳ амаллар ўз соҳибини залолат ва ёмонликлар жаридан чиқариб олиб, ҳолатини ҳидоят ва яхшилик томонга ўзгартира олмайди. Кўп инсонлар Аллоҳ таоло томонга ана шундай амалларига суяниб бир неча қадам юрмоқчи бўладилару, ҳеч қанча вақт ўтмай, яна аввалги хунук ҳолатларига қайтиб кетадилар. Бунинг бирдан бир сабаби ана шу амаллар нафснинг офатлари, дунёвий улушларидан соф бўлмагани бўлиб, инсон бундай офатлардан халос бўлиши қийиндир.

Лекин, агар Аллоҳ таоло сенга раҳмат назари билан қараб, лутфу-марҳамат кўрсатса, у туфайли сен янгидан дунёга келасан. Ана шу Раббоний лутф сабабли сен борлиқдан ғоиб бўлиб, Яратувчи билан бирга бўласан. Атрофингга ҳам олдинги қараб юрган кўзингдан бошқа кўз билан қарай бошлайсан. Борлиқни олдингидай юзаки эмас, ақл билан чуқур идрок қила бошлайсан. Ана шунда руҳий ғафлатдан уйғониб, нарсаларнинг фақат зоҳирига эътибор бериш зиндонидан халос бўласан ва Аллоҳ таоло: “Улар дунё ҳаётининг зоҳирини билурлар. Ҳолбуки, улар охиратдан ғофилдирлар” (Рум сураси 7-оят) деган кишилар доирасидан ошиб ўтасан.

Кечаси осмондаги юлдузларга қараркансан, ўзингни ягона Яратувчи зот олдида кўрасан, ақлинг ҳам У зотнинг буюк яратувчилиги олдида ҳайрон қолади. Кундузлари ўсимликларнинг ям-яшиллиги ва гулларнинг чиройига назар солганингда дунёнинг гўзаллигию турли хил гулларнинг чиройи кўз ўнгингда ғойиб бўлиб, ўзингни ажойиб ва гўзал яратиши билан ақлларни ҳайратга солувчи буюк Яратувчи олдида топасан. Боғлардаги дарахтлар устида пишиб турган, шохларидан осилиб турган ажойиб анвойи меваларга, ўрмон оламига ундаги дарахтзорлар ва ҳайвонат оламига ва у ердаги дақиқ низомга тафаккур билан қарасанг, сўнг, денгиз олами ва у ердаги ҳайратланарли ягона тартиб-интизомга қайрилиб назар қилсанг, ана шу барча борлиқнинг лавҳалари орқали ягона Яратувчи зотни кўрасан. Ана шулар орқали ўзингни Аллоҳ таолонинг қўлида, тасарруфида эканлигингни биласан бутун борлиқ икки кўзинг олдида мусаффо шаффоф ойнага ўхшаб қолади. Худди кўзойнак каби, сен унинг ортидаги ҳаракатланаётган нарсани кўрасан холос. Шунингдек, ушбу коинот лавҳалари ҳам, моддий мавжудлиги ва зичлиги билан бирга сенинг кўз ўнгингдан ғоиб бўлиб, унинг ортидаги йўқдан бор қилувчи, Яратувчи зотнинг сифатлари ва Яратувчи илоҳнинг ягоналиги намоён бўлади. Мана шуларнинг барчаси бир неча дақиқаларда балки лаҳзаларда Аллоҳ таоло осмонидан сен томонга ўзини танитиш учун очиб қўйган йўл орқали амалга ошади. Ана шу пайтда сени ўраб олган бу янги ҳис-туйғу сени бир ҳолдан чиқариб олиб, бошқа бир ҳолатга солиб қўяди. Кейин, дунё ҳодисотларининг барчасидан фақат ягона борлиқ яъни Аллоҳ таолони кўрадиган бўлиб қоласан. Мана шу ҳолатни ушбу илоҳий танлов соҳиблари “Ваҳдатуш-шуҳуд” деб номлашади. 

    Аввалда борлиқнинг барчаси ундаги чалғитувчи, қизиқтирувчи нарсалар ва ҳою-ҳаваслари билан бирга сени Аллоҳ таолодан узоқлаштириб турадиган тўсиқ эди. Аллоҳ таоло сенга муҳаббат бериб, Ўзига тортиб олувчи тажаллий назари ила сенга қараганидан кейин эса, У зотни мушоҳада қилишинг, сени чалғитиб, қизиқтириб юрган нарсаларни унуттириб қўядиган тўсиққа айланади. Ушбу ҳолат Аллоҳ таоло танлаб олган зотларда бир неча дақиқа ёки лаҳзаларда амалга ошганидек, тоат-ибодатларни кўпайтириш ва узоқ вақт нафсни поклаш муолажаси орқали нафсни тутиб туриш ва доимий зикр, тиловатдан иборат вазифаларни бажариб юриш орқали ҳам амалга ошади. Лекин, бу йўл узун бўлиб, кўп вақт ва меҳнат қилиш керак бўлади. 

Аммо, бундай ҳолатга етиш учун аксарият инсонларга нисбатан мана шу кўп вақт ва меҳнат қилиш йўлидан бошқа йўл йўқ. Танлаб олиш ва тортиб олиш йўли эса жуда тез ва осон. Лекин уни танлашда инсоннинг ҳеч қандай чораси йўқ. Чунки у Аллоҳ таолонинг фазлига тааллуқли бўлиб, Ўзи хоҳлаган бандасига хослаб беради. Демак, шундай бўлгандан кейин бизлар ҳам Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ билан биргаликда ушбу ҳикматларидаги мана бу ўта балоғатли ва ўта нозик фақрасини такрорлаймиз: 

“Билмадингми сенга ўзини таниш йўлини келтираётган У зотдир. Амалларни эса, сен Унга тортиқ қилгувчисан. Сен Унга тортиқ қилаётган нарса қаерда-ю, У зот сенга келтираётган нарса қаерда?”


Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий


Баҳодир Раҳматуллоҳ таржимаси




Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
тўртинчи мақолаЮсуф алайҳиссаломнинг эътирофи уммат учун дарсШу жойда кўпчиликни ўйлантирувчи, мулоҳазага чорловчи бир масала бор. У ҳам бўлса Юсуф алайҳиссалом давоми...

2794 16:30 / 01.05.2019
Қуйида Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатлари билан тилларда достон бўлган авлод ndash саҳобалар авлоди вакилларидан бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

3453 05:00 / 28.02.2017
Муҳаббат бобиАбул Қосим Наср Обозий1 айтади .Муҳаббат, ва .машаққат,сўзларидаги нуқталар бирбирига яқиндир. Муҳаббат кўзи билан машққатнинг кўзига қаралса, давоми...

3676 05:00 / 01.03.2017
Ҳаёт учун зарур бўлган нарсалардаги зоҳидлик қуйидагилар 1. Таомдаги зоҳидлик. Бунда зоҳид очликни даф қилишга кифоя қилувчи ва баданига мувофиқ таом билан давоми...

1312 19:00 / 01.04.2023
Аудиолар

118802 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40752 14:35 / 11.08.2021