1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Ҳуд сураси, 113-117

05:00 / 23.01.2017 3603 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

113. Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.


Яъни, сизлар золимларга мойил бўлманглар. Чунки сизнинг золимларга мойил бўлишингиз уларнинг зулмини иқрор қилганингиз бўлади. Бу эса, иймонли кишининг иши эмас. Сиз золимларга яқин бўлманг.

«Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ».

Шунинг учун фақат Унигина дўст тутинглар. Акс ҳолда: 

«Сўнгра ёрдам берилмайсизлар».

Яъни, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким сизга ёрдам бера олмайди.

Албатта, ушбу икки оятга амал қилиш осон эмас. Бу қийин ишда ёрдам бера оладиган омилларга қуйидаги оятда ишора қилинади:


114. Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир.

Уламоларимиз ояти каримадаги «Кундузнинг икки тарафида» адо қилинадиган намоз бомдод, пешин ва аср намозлари, «кечанинг бир бўлагида» адо этиладиган намоз шом ва хуфтон намозлари, дейишган.

Дарҳақиқат, намоз ҳақиқий руҳий озуқа, банданинг ўз Робби ва ҳақиқий ёрдамчиси Аллоҳ таоло билан бевосита боғланишидир. 

Намоз оғир ва нозик пайтларда кишига мадад берувчи омилдир. 

Намоз диннинг устунидир. Усиз ҳеч бир аҳамиятли ишни кўнгилдагидек охиригача етказиб бўлмайди.

«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади».

Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади. Намоз ўша яхшиликларнинг гултожидир.

Ушбу оятда оғир ва аҳамиятли ишларни қилишда, Аллоҳнинг амрига бўйсунишда, кўрсатган йўли ва йўллаган динида мустақийм туришдек масъулиятли ишда намоз ва яхшилик қилиш ила олдинга йўл очишга ундаш бор. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топгандир.

Имом  Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонлик ортидан яхшилик қил. Уни ювади. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил!» дерлар.

«Бу эса, эсловчиларга эслатмадир».

Зотан, намоз ҳам зикр-эслашдир. Яхшиликлар ҳам шундай.

Аллоҳнинг йўлида, Унинг динида мустақийм туриш учун сабр ҳам керак. Шунинг учун келаси оятда сабрга чақирилади:


115. Ва сабр қил. Бас, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас.

Яхшиликнинг тури жуда ҳам кўп. Энг олий яхшилик Аллоҳнинг йўлида, Унинг динида мустақийм туришдир. Намоз ҳам яхшилик, балки барча яхшиликларнинг онасидир. Шунингдек, сабр қилиш ҳам яхшилик. Мўмин банда ҳар қандай яхшиликни қилишга уринмоғи лозим. Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмайди.

Келгуси оятларда ўтган умматларнинг оммавий азобга учрашига сабаб уларда ғолиб одамлар зулм қилгани, ислоҳчилар эса, оз бўлгани, агар ислоҳчилар кўпчиликни ташкил қилганларида иш ҳам бошқача бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз кетади:


116. Сиздан олдинги асрларда ер юзида фасоддан қайтарадиган боқийлик эгалари бўлганида эди. Магар Биз нажот берганлар озгина кишилар бўлди, холос. Зулм қилганлар эса, маишат ортидан кетдилар ва жиноятчилардан бўлдилар.

Ўтган замонларда қавмлар ер юзида фасод ишларни қилдилар. Пайғамбарларга қарши чиқдилар. Ана шунда уларни ўша фасод ишлардан қайтарувчи яхши кишилардан боқий қолганлар бўлиб, боқий дин аҳкомларига чақирганларида қавмлари оммавий азобга дучор бўлмас эдилар. Аммо улар жуда ҳам оз эдилар. Улар оммавий азобдан қутулиб қолган саноқли кишилардир. Шунинг учун улар кўпчиликка таъсирларини ўтказа олмадилар.

«Зулм қилганлар эса, маишат ортидан кетдилар ва жиноятчилардан бўлдилар».

Шунинг учун ҳам ҳалокатга дучор бўлдилар. Ўзларидан ўтди. Бўлмаса:


117. Роббинг аҳли ислоҳчи бўлган шаҳарларни зулм ила ҳалок қилмас эди.

Одамлари иймонли бўлиб, амали солиҳ қилган шаҳарларни ҳеч қачон ҳалок қилган эмас. Бундай қилиш зулм бўларди. Аллоҳ эса, мутлақо зулм қилмайди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
88. Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларга фасод қилганлари учун азоб устига азоб зиёда қилдик.Ўзи кофир бўла туриб, бошқаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсган давоми...

3615 05:00 / 23.01.2017
3. Кишиларнинг ҳолини эътиборга олиш, ҳаётдаги ҳодисаларга ҳамоҳанг равишда умматни тарбиялаб бориш, ҳукмларнинг ҳаётийлигини таъминлаш.Қуръони каримнинг тарқоқ давоми...

4444 20:10 / 15.04.2019
биринчи мақолаҲазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Қуръони Карим муҳофазаси учун яна бир иш қилиш зарурати туғилиб қолди. Ўша вақтга келиб, кўп давоми...

4822 15:05 / 05.11.2019
ВАҲИЙ.Ваҳий, сўзининг луғавий маъноси .Ваҳий, сўзи асл луғатда тезкор ва махфий хабар йўллаш маъносини билдиради. Араб тилида бу сўз яна бир неча маъноларда ҳам давоми...

11288 10:40 / 08.10.2018
Аудиолар

118727 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40694 14:35 / 11.08.2021