1445 йил 12 зулқаъда | 2024 йил 20 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизга ўхшаган ҳолатда эмасмиз»

08:45 / 29.01.2019 3055 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки у(саҳоба)ларни бирор ишга амр қиладиган бўлсалар, тоқатлари етадиган амалга амр қилар эдилар. Улар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизга ўхшаган ҳолатда эмасмиз. Албатта, Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган», дейишди. Шунда у зот ғазабланар эдилар. Ғазаблари юзларидан билинар эди ва:

«Сизларнинг энг тақводорингиз, Аллоҳни энг яхши билувчингиз менман!» дер эдилар».

Икки ҳадисни Бухорий ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни тоқатларидан ташқари амални қилишга амр қилмас эдилар. Саҳобаи киромлар кўпроқ амал қилиб, кўпроқ савоб олиш иштиёқи билан ёнар эдилар. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни хоҳлаб турган даражаларидаги амалларга буюрмас эдилар. Саҳобаларнинг кўпроқ амал қилиб, кўпроқ савоб олиш иштиёқлари устун келиб, баъзи хаёлларига келган гапни Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишга журъат қилардилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизга ўхшаган ҳолатда эмасмиз. Албатта, Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган», дейишди.

Яъни, сиз гуноҳи йўқ зотсиз, лекин шундай бўлса ҳам ибодатни кўп қиласиз, биз сизга ўхшаган гуноҳи кечирилган одамлардан эмасмиз, гуноҳларимиз кўп. Шунинг учун бизга изн беринг, кўпроқ ибодат қилайлик, демоқчи бўлдилар. Бундан саҳобаи киромларнинг тоат-ибодатни кўп қилишга рағбатлари кучли эканлиги кўриниб турибди. Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн бўлмаганлиги учун кўп ибодат қила олмай юрганлари ҳам билиниб турибди. Сиртдан қараганда, бу ҳар қанча мақтаса арзугулик рағбат. Пайғамбаримиз шундай қилдиларми? Йўқ! Ундай қилмадилар. Бундай пайтларда:

«У зот ғазабланар эдилар. Ғазаблари юзларидан билинар эди».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта ҳалимликларини, Аллоҳ учун бўлмаса, ҳеч қачон ғазабланмасликларини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ғазабланишлари амр қилинган нарсага бўйсунмай, унга турли таклифлар киритиш яхши эмаслигидан дарак беради.

Нима учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг кўпроқ ибодат қилиш рағбатидан ғазабландилар? Чунки улар Аллоҳ ва Унинг Расули амр қилган ишларни оз санаб, ўзларига зиёда қилмоқчи бўлдилар. Бу эса доимо хатога бошлайди. Аллоҳ таоло бандаларига нима муносиб эканлигини Ўзи яхши билади. Аллоҳ таоло бандаларига қанча миқдорда ибодат муносиб эканлигини ҳам яхши билади. Шунинг учун инсоннинг тоқатига яраша амалларга буюради. Агар инсон умрини бутунлай намоз ўқиб, рўза тутиб ёки шунга ўхшаган амалларни қилиб ўтказиши керак бўлганида, уни фаришталарга ўхшатиб емайдиган, ичмайдиган, уйланмайдиган қилиб яратар эди.

Шунингдек, еб-ичиб, жинсий шаҳват билан машғул бўлиб, ҳайвонлик даражасида юравериши керак бўлганида, унга ақл бермас, Пайғамбарлар юбормас, китоблар туширмас ва шариатлар жорий қилмас эди.

Аллоҳ таоло инсоннинг чин инсон бўлишини хоҳлайди. Унинг фаришта бўлишини ҳам, ҳайвон бўлишини ҳам хоҳламайди. Аллоҳ инсонга ҳам ҳайвоннинг, ҳам фариштанинг хусусиятларидан берган. Жисм, емоқ-ичмоқ, жинсий шаҳватга эҳтиёжлар ҳайвонлик сифатларидир. Руҳонийлик, ақл, тоат, ибодатга лаёқат кабилар фаришталарнинг сифатларидир. Фаришталик сифатлари ҳайвонлик сифатларидан устун бўлиб, шариат йўлида юрган инсон фариштадан устундир. Ҳайвонлик сифатлари фаришталик сифатларидан устун бўлиб, еб-ичиш ва дунё ташвишидан бошқани билмаган инсон ҳайвондан бадтардир.

Ислом инсоннинг ҳайвонлик даражасига тушишига рози эмас. Шунингдек, унинг фаришталик даражасига кўтарилишига ҳам рози эмас. Ислом инсондан чин инсон бўлишни талаб қилади, холос. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг амрини бажармаганлардан қанчалик ғазаблансалар, Аллоҳнинг амрига зиёда қилишни хоҳлаганлардан ҳам шунчалик ғазабланар эдилар. Ушбу ҳадисда зиёда ибодат қилишга изн сўраган саҳобаи киромлардан ғазабланишлари ҳам шундан. У зот уларга:

«Сизларнинг энг тақводорингиз, Аллоҳни энг яхши билувчингиз менман!» дер эдилар.

Яъни «Бирортангиз менчалик тақводор бўла олмайсиз, менчалик Аллоҳни таний олмайсиз. Нега энди мен қилмаган ибодатларни қилмоқчи бўласиз?!» дер эдилар.

Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларида келган ибодатдан ортиқча ибодат қилиш нотўғри ҳисобланади.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматлари очиқ-ойдин кўриниб турибди. Албатта, бугунги кунимизда зиёда ибодат қилишга иштиёқмандларнинг йўқлиги, бу ҳадисга эҳтиёж тушмайди, дегани эмас. Бу ҳадисни «Ислом – қийинчилик дийни», деб иғво қилаётган душманларга қарши ишлатамиз. Исломнинг таклифлари қийинмикан, деб чўчиб турганларни Исломга тарғиб қилиш учун ишлатамиз. Баъзи бир ўзининг бузуқ табиатига берилиб, шариатда йўқ нарсаларни қилиб, ўзини овора қилиб, ўзгаларни Исломдан чўчитаётганларни йўлга солишда ишлатамиз. Бу ҳадисга эҳтиёжимиз жуда кўп.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сиз кўриб турган, .Омадли қул, деб номланган мазкур портрет оддий сурат эмас. Бу портрет 1733 йилда инглиз рассоми Уилям Ҳоар томонидан чизилган. Айни пайтда давоми...

1506 20:00 / 29.04.2020
Мавлид ойи кириб келиши билан мухлис мўминмусулмонларда Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат, шавқ ва туйғулар ўзўзидан қайта жонланади. давоми...

2657 17:16 / 28.09.2022
Мунофиқ кофирдан ҳам хатарли бўлиб, унинг зарари кофирникидан кўра хавфлироқдир. Шунинг учун охиратда унинг азоби кофирникидан кўра қаттиқроқ бўлади. Қуръони давоми...

3632 14:52 / 28.04.2017
Дажжол ҳақида саҳиҳ ҳадисларДажжолнинг охир замонда чиқиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда аниқ равшан баён давоми...

4904 06:07 / 09.11.2018
Аудиолар

121672 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43121 14:35 / 11.08.2021