Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (17-дарс). Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари

14:00 / 21.01.2019 6584 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг борлигига ишонган одам У Зотни яхши таниши ҳам керак. Ақоид илми истилоҳи билан айтганда, маърифат ҳосил қилиши лозим. Бу маърифат эса Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва У Зотнинг сифатларини билиш ила ҳосил бўлади.

Аллоҳ таоло:

ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ

«Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исмлар) ила дуо қилинг», деган (Аъроф сураси, 180-оят).

Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўмин-мусулмон банда Аллоҳ таолога дуо қилганида, ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим.

Аллоҳ таоло яна:

ﯣﯤﯥﯦﯧﯩﯪﯫﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ

«У Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусоввирдир. Энг гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Ва Унинг Ўзи  иззатлидир,  ҳикматлидир», деган (Ҳашр сураси, 24-оят).

«Ҳашр сурасининг бу сўнгги оятида Аллоҳ таолонинг бир неча гўзал исмлари ҳақида сўз боряпти. Хусусан:

Холиқ – яратувчи.

Бориъ – йўқдан бор қилувчи.

Мусоввир – махлуқотларнинг суратини шакллантирувчи.

Дунёдаги барча чиройли исмлар Аллоҳникидир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Маъқал ибн Ясордан ривоят қилган ҳадисда Набийимиз Муҳаммад алайҳиссалом:

«Кимки тонг чоғида уч марта «Аъуузу биллаҳис-самиъул алийм минаш-шайтонир рожийм», деса ва Ҳашр сурасининг уч оятини ўқиса, Аллоҳ таоло салавот айтадиган етмиш минг фариштани унга вакил қилиб қўяди. Агар ўша куни вафот этса, шаҳид кетади. Кимки кеч кирганда ўқиса, худди ўша мартабага эришади», деб марҳамат қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган Ҳашр сурасининг уч ояти юқоридаги ояти карима ва сурада ундан олдин келган икки оятдир. Келинг, ана шу икки оятнинг маънолари ва уларнинг тафсирини ҳам ўрганайлик:

ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣﮤ ﮥ ﮦ ﮧﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ

«У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир. У ғайбни ҳам, шаҳодатни ҳам билувчидир. У  меҳрибондир,  раҳмлидир».

Ушбу оятдан маълум бўладики, эътиқод ва ибодат фақат ягона Аллоҳнинг Ўзига бўлмоғи керак. Барча қалблар фақат Унгагина талпиниши лозим. Аллоҳ таоло шундай Зотки, сиз билан биз билган ва билмаган барча нарсаларни билади. Осмонлару ерда Аллоҳ таоло билмаган нарса йўқ, демак, Унгагина ишониш ва ибодат қилиш керак.

ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜﯝ ﯞ ﯟ  ﯠ  ﯡ ﯢ

«У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, Маликдир, Қуддусдир, Саломдир, Муъминдир, Муҳайминдир, Азиздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир».

Аввалги оят каби бу ояти карима ҳам Аллоҳ ваҳдониятининг исботи ила бошланган ва унинг бир нечта исмларини эслатмоқда, жумладан:

Малик – ҳақиқий эгадир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч вақтда бир қулга икки хожа бўлмайди. Шунинг учун инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона Яратганга, ҳақиқий Эгага қул бўлишлари лозим.

Қуддус – барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир.

Салом – нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи Зот. Аллоҳ таоло «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.

Муъмин – иймон ва омонликни берувчи.

Муҳаймин – ҳамма нарсани қамраб олувчи, яъни Аллоҳ таоло бандаларнинг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.

Азиз – барчанинг устидан ғолиб.

Жаббор – олий қадар, улуғ. Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади.

Мутакаббир – кибриёси ва улуғлиги муболағали Зот.

Ушбу баркамоллик сифатларига эга бўлган айбсиз Зот мушрикларнинг Унга ширк келтиришидан ҳам покдир.

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва, албатта, Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Қуръон У зотдан кайфиятсиз сўз бўлиб зоҳир бўлди. У зот уни ўз Расулига ваҳий сифатида нозил қилди. Мўминлар уни ана ўша давоми...

3485 23:37 / 02.12.2016
Ҳар бир нарса ўзидан бошқа нарсага муҳтожлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳар бир одам ўзининг ва ўзига ўхшаган одамларнинг нимага муҳтожлигини ва нимага муҳтож давоми...

2111 19:00 / 10.01.2023
Уламолар бу хусусда бир неча хил гап айтганлар. Энг кучли ва тўғри гапга биноан, гуноҳи кабира ndash ҳадд жазосига лойиқ, яъни шариатда жазоси белгилаб қўйилган гуноҳ давоми...

6665 13:40 / 03.06.2019
Араб тилида .дуо, сўзи чақириш, сўраш маъноларини англатади. Кўпинча .дуо, ва .бир нарсани талаб қилиш, маънолари бирбирига аралашиб кетади. Шунинг учун талаб давоми...

2994 19:30 / 25.10.2021