1440 йил 16 жумадул аввал | 2019 йил 22 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Мақолалар

Нима қилмоқ керак?

12:30 / 12 январь 170 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юқорида ўтган саҳифаларда ҳар бир инсонда бўлиши мумкин бўлган ёмон ахлоқлардан бири – ёлғончилик ҳақида ожизона сўз юритилди. Мазкур сўзлардан ёлғон жуда ҳам ёмон нарса экани англаб етилди. Ҳаммага ўша ёмон нарса бўлмиш ёлғондан йироқ бўлиш тавсия қилинди. Ёлғон борасидаги бошқа маълумотлар ҳам келтирилди. Ўқувчиларга ёлғондан йироқ бўлиш кераклиги иложи борича уқтирилди. Мақсад, кишиларда, улар яшайдиган жамиятда ёлғон деб аталган офат бўлмасин ёхуд ҳеч бўлмаганда камайсин.

Аммо инсонлардаги ёмон ахлоқ фақатгина ёлғондан иборат эмас. «Назратун-наъийм фий макорими ахлоқи расулил карим» энциклопедиясининг муаллифлари Қуръони карим, суннат ва сийратда икки юзта гўзал ахлоқ, бир юз олтмиш битта ёмон ахлоқ зикр қилинганини топганлар ва уларнинг ҳар бирига алоҳида маълумотлар тўпламини бағишлаганлар. Биз жамиятимизда мазкур икки юзта гўзал ахлоқни тўла жорий қилишимиз, бир юз олтмиш битта ёмон ахлоқни йўқ қилишимиз ёки камайтиришимиз керак.

Ўз-ўзидан одатдаги, бундай ҳолатда кўп такрорланадиган «Нима қилмоқ керак?» деган савол юзага чиқади. Бу саволга жавоб бериш керак.

Бу саволнинг қисқа жавоби муаммони ҳал қилиш учун ахлоқий тарбияни мукаммал ва олий савияда йўлга қўйиш керак, деган гапдан иборат бўлади. Албатта, бу ўта муҳим ишда унга алоқаси бор тарафларнинг барчаси ҳамжиҳатлик билан, астойдил иш олиб боришлари зарур бўлади. Биз ушбу сатрларда диний соҳа ходимлари қилиши мумкин бўлган баъзи ишлар ҳақида қисқача сўз юритишга ҳаракат қиламиз.

Бизнинг боболаримиз яхшилик ва ахлоқнинг ҳақиқатини тўлиқ маънода Исломдан ўрганганлар. Улар Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, макоримул ахлоқлар дини бўлган Ислом дини орқали яхшилик ва ҳусни хулқни ўзларига касб қилганлар. Улар ўзлари бу улуғ неъматлардан баҳраманд бўлишлари билан бир қаторда, ўзгаларга ҳам ўзларига етган каби яхшиликлар етишини истаганлар.

Шунинг учун боболаримиздан баъзилари яхшилик ва ахлоқ бобида ўлмас асарлар битганлар. Уларнинг бу асарлари жаҳон адабиётининг дурдоналарига айланган. Аммо шундай вақтлар келдики, халқимиз мазкур асарларни ўқий олмай қолди. Уларнинг ўрнига бошқа нарсалар киритилди. Бизнинг яхшиликларимиз ва ахлоқларимизнинг асоси Ислом бўлганлиги учун диний сарқит сифатида қатағон қилинди.

Одамлар қандайдир йўл билан чоп этилган «Қобуснома»ни қанчалар иштиёқ билан ўқишгани, қидириб топишга ҳаракат қилишгани ёдимизда. Шунга ўхшаш яна баъзи нарсалар чиқиб қолса, ҳамма хурсанд бўлар эди. Ахлоқ масаласи асосан халқнинг ичида, унинг оғзида эди, холос. Кўпроқ бу нарсага оид масалаларнинг ўша вақтда рухсат берилган қисми аҳли илмлар оғзидан эшитиларди. Биз ўша нарсаларни ахлоқ деб билар эдик. Аммо хориждаги дорилфунунга сабоқ олгани бориб, оламда «Ахлоқ илми» деган алоҳида фан борлигини, унинг дарс қилиб ўтилишини билдик. Ўзимиз ҳам Аҳмад Аминнинг «Ахлоқ китоби» асари асосида дарс олдик. Бу борада тўпланган маълумотлар ва тажрибалар ила танишдик.

Мазкур маълумотлар ва тажрибалар асосида ахлоқ мавзусига оид бир неча асарларни битиб, муҳтарам ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола ҳам қилдик. Аммо ҳали бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар жуда ҳам кўп. Кишиларимизга, хусусан, ёшларимизга ахлоқ ҳақида кўп маълумотлар тақдим қилиниши лозим. Уларнинг яхши ахлоқлар билан хулқланишлари ва ёмон ахлоқлардан қутулишлари учун ёрдам бериш керак.

Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги хулқлар у яратилганида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?» деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган.

Улардан баъзилари: «Яхши бўлсин, ёмон бўлсин, ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади. Ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», деганлар.

Бошқа бир гуруҳ ахлоқ илми уламолари эса: «Инсон туғилганида ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади. Унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», деганлар.

Мусулмон ахлоқ илми уламолари эса: «Инсонга ота-онасида бор баъзи ахлоқларнинг хамиртуруши онасининг қорнида ҳомила бўлганида ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида унда ахлоқ қобилиятини қўшиб яратади. Инсон туғилиб, ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», дейдилар.

Шу ўринда Имом Ғаззолийнинг «Яхши хулқ фазилати ва ёмон хулқ мазаммати ҳақида» сарлавҳаси остида ёзганларидан қисқартириш ила қуйидагиларни келтиришга ижозат бергайсиз:

«Кўпинча хулқнинг яхшилиги халқ билан бирга зикр қилинади. «Фалончининг хулқи ҳам, халқи ҳам гўзал», дейилади. Бу унинг ичи ҳам, сирти ҳам яхши деганидир. Хулқдан мурод ички сурат, халқдан мурод ташқи суратдир. Зотан, инсон жасад ва нафсдан иборатдир.

Жасадни тан кўзи ила, нафсни қалб кўзи ила идрок қилинади. Уларнинг ҳар бирининг ўзига яраша шакл-шамойили ва чиройли ёки хунук сурати бор. Қалб кўзи ила идрок қилинадиган нафс тан кўзи билан идрок қилинадиган жасаддан улуғдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уни улуғлагандир.

(давоми бор)

«Ёлғон» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маддоҳлик баъзи жойларда ман қилинган. Мадҳнинг ўзида олтита офат бор бўлиб, уларнинг тўрттаси мадҳ қилувчида, иккитаси мадҳ қилинувчидадир.Мадҳ қилувчидаги давоми...

990 21:40 / 14 январь
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуёш чиққан ва ботган кунларнинг энг яхшиси ndash жума кунидир. Ҳар бир давоми...

544 07:00 / 14.12.2018
Хабарингиз бор, Робиъул аввал ойи муносабати билан Жума намозларида диёримиз масжидларида Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Набий алайҳиссалом давоми...

831 11:00 / 23.11.2018
Нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг муҳим омиллардан бири ўлимни эслашдир.Одамларнинг нотўғри йўлларга киришлари ва уларда давомли бўлишларига давоми...

1493 21:09 / 27.11.2018
Топ рейтинг www.uz Openstat