1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

20-боб. Отаси силаи раҳм қилиб юрадиган одамга яхшилик қилиш

08:30 / 12.01.2019 3027 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

40. Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Сафарда бир аъробий олдимиздан ўтди. Ўша аъробийнинг отаси Умар розияллоҳу анҳунинг дўсти бўлган эди. Аъробий:

«Фалончининг ўғлимисан?» деди.

«Ҳа», деди Ибн Умар ва орқасидан эргаштириб юрадиган эшакни беришга амр қилди ва бошидаги салласини ечиб, унга берди. Шунда у билан бирга турганлардан бири:

«Унга икки дирҳам кифоя қилмасмиди?!» деди.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отангнинг дўстлигини муҳофаза қил. Уни кесма. Яна Аллоҳ нурингни сўндириб қўймасин», деганлар», деди Ибн Умар».

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу сафарда кетаётиб, бир аъробий – саҳролик арабни учратиб қолибдилар.

Аъробийлар саводсизлиги, соддалиги, муомалалари бир оз қўполроқ бўлиши билан танилганлар. Ана шу аъробийнинг отаси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг дўсти бўлган экан.

Аъробий Ибн Умарга қараб: «Сен Умарнинг ўғлимисан?» дебди.

«Ҳа, мен Умарнинг ўғлиман», дебдилар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ва унга бир эшак совға қилишга амр қилибдилар. Сўнгра бошларидаги саллаларини ҳам ечиб, унга кийдириб қўйибдилар.

Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳамсафарларидан баъзилари: «Бунга бир-икки дирҳам бериб қўйсангиз ҳам бўларди», дейишибди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Отангнинг дўстлигини муҳофаза қилгин, сақлагин, уни кесмагин, кессанг, Аллоҳ таоло нурингни сўндириб қўяди», деганларини эшитганман. Шунинг учун бу одам икки дирҳамга лойиқ бўлса ҳам, эшак миндириб, салламни кийдирдим», дебдилар.

Бошқа ривоятларда ҳамсафарлари: «Бу киши оз нарса билан ҳам хурсанд бўлаверарди», дейишгани, шунда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг «Унинг отаси отамнинг дўсти эди, шунинг учун эҳтиром қиляпман, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга амр қилганлар», деганлари айтилган.

Демак, фарзанд ота-онасига улар вафот этиб кетгандан кейин ҳам яхшилик қилишни истаса, ота-онаси дўст тутган кишиларни дўст тутиб, уларга яхшилик қилиб, Ибн Умар розияллоҳу анҳу улов миндириб, кийим берганлари каби ишларни қилиб бориши керак бўлади.

41. Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликларнинг яхшиси кишининг отаси яхши кўрган одамларга силаи раҳм қилишидир», дедилар».

Шарҳ: Бу ривоят ҳам ўзидан олдинги ривоятни таъкидлаб келади. Ушбу ҳадисдан ўғил ёки қиз фарзанд ота-онаси вафот этиб кетгандан кейин ҳам уларнинг ҳурматини қилмоқчи бўлса, улар дўст тутган кишиларни ота-онасини ҳурмат қилгандек ҳурмат қилиб, уларга моддий ёрдам, хайр-эҳсонлар ва бошқа яхшиликлар қилиб туриши кераклигини билиб оламиз.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амр ибн Динордан ривоят қилинади .Ибн Аббос .Улар билан машварат қил,, .баъзи ишларда,, деб қироат қилди,. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1477 09:00 / 17.03.2023
Аллоҳ таоло бандаларини Ўзининг ибодатига чақиради. У томондан буюрилган амалларни бажаришга ва қайтарган ишларидан қайтишга тарғиб қилади. Яратган Роббимиз давоми...

1435 14:00 / 09.12.2023
Савбондан ривоят қилинади.Икки киши ўзаро уришиб қолиб, уч кундан ортиқ гаплашмай юрса ва улардан бирига ўлим етсаю, улар ўша ҳолатда бўлсалар, иккови ҳам давоми...

2109 19:05 / 13.12.2019
176. Ҳилол ибн Ясофдан ривоят қилинади.Сувайд ибн Муқарриннинг ҳовлисида ипак сотаётган эдик. Шу пайт бир жория чиқиб, бир кишига ниманидир айтди. У киши эса унинг давоми...

1509 18:30 / 06.08.2020