1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Таъзия хусусида

16:50 / 11.01.2019 3672 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси бир мўмин мусибат етган биродарига таъзия билдирса, Аллоҳ унга қиёмат куни улуғлик либосини кийгазади» (Ибн Можа ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳодан: «Эй Фотима, уйингдан чиқишга сени нима мажбур қилди?» деб сўраган эдилар, қизлари: «Ё Расулуллоҳ, мана бу маййитнинг аҳли-яқинларига бориб, маййитга (Аллоҳнинг) раҳматини тиладим ва уларга таъзия изҳор қилдим», дея жавоб бердилар» (Абу Довуд ривояти).

Ривоятларда келишича, мусибатзадага таъзия билдирган киши мусибатзаданинг ажри миқдорича ажрга эга бўлади; эридан тул қолган хотинга таъзия билдирган кишига жаннат тўни кийдирилади.

Таъзия сабрга ундаш ва мусибатни енгиллатадиган, қайғуни аритадиган сўзлар билан тасалли беришдир. У амри маъруф ва наҳий мункарни ўз ичига олганлиги боис мустаҳаб бўлиб, «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида сураси, 2) ояти каримасини амалда тадбиқ қилишнинг бир кўринишидир.

Дафн маросимидан олдин ҳам, кейин ҳам таъзия билдириш мустаҳаб ҳисобланади.

Имом Шофеъий асҳоблари: «Маййит ўлган пайтдан дафн қилинганининг учинчи кунигача таъзия билдириш лозим», дейишган бўлса, бизнинг асҳобларимиз: «Уч кундан кейин таъзия билдириш макруҳ. Чунки таъзия мусибатзаданинг қалбини тинчлантирувчи восита бўлиб, одатда, уч кундан кейин қалб тинчланган бўлади. Унинг қайғусини янгилашнинг эса кераги йўқ», деганлар.

Абу Аббос айтганларки: «Уч кундан кейин ҳам таъзия билдирилса бўлаверади. Унинг вақти чекланмаган».

Нававий айтганлар: «Бу борадаги мухтор (танланган, мўътабар) гап шуки, уч кундан кейин таъзия билдирилмайди. Мабодо, таъзиячи ёки мусибатзода дафн вақтида йўқ бўлиб, уч кун ўтгандан сўнг келса, унда таъзия билдирилади».

Дафн қилингандан кейин таъзия билдириш маъқулроқ. Чунки маййитнинг яқинлари то дафн қилингунча, ўликни жиҳозлаш ишлари билан овора бўладилар. Шунингдек, дафн қилингандан сўнг уларнинг қайғулари кучаяди. Агар улар бетоқат, бесабр бўлсалар, уларни тинчлантириш учун дафндан олдин ҳам таъзия билдирса бўлаверади.

Маййитнинг яқинлари таъзия билдирувчиларни қабул қилиш учун бир уйда йиғилиб туришлари макруҳ. Бу ҳукм эркагу аёлларга бирдек тегишли. Улар ўз ишлари билан машғул бўлишлари керак.

Таъзия дуоси эса машҳурдир.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумо айтадилар: 

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларидан бири у зотга ўзининг гўдаги ўлим ҳолатида эканини билдириб, одам юборди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабарчига: «Бориб унга айт: «Албатта олган нарсаси Аллоҳ таолоникидир. Бергани ҳам Унинг Ўзиникидир. Ва ҳар бир нарса Унинг ҳузурида аниқ вақт – ўлчов биландир. Унга буюргинки, сабр қилиб умид этсин», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Имом Нававий айтадилар: «Ушбу ҳадис дин асослари (ақида) ва фуруъларидан (шаръий ҳукмлар) саналиб, ҳар хил мусибат, касаллик ва ғам-ташвишга мубтало бўлганда ўзини тутиш ва сабр қилишдан иборат жуда кўплаб муҳим масалаларни ўз ичига олган улкан Ислом қоидаларидан биридир. «Олган нарсаси Аллоҳникидир» жумласининг маъноси шуки, бутун олам Аллоҳ таолонинг мулкидир. Бинобарин, У зот сизларга тегишли нарсани олгани йўқ. Аксинча, сизларга омонат қўйган Ўзининг нарсасини олди холос. «Бергани ҳам Унинг Ўзиникидир», дегани, сизларга берган нарсаси Унинг тасарруфидан чиқди, дегани эмас. У барибир Аллоҳники бўлиб қолаверади, унинг устида хоҳлаган ишини қилади. «Ва ҳар бир нарса Унинг ҳузурида аниқ вақт – ўлчов биландир». Яъни, талвасага тушманглар, бесабрлик қилманглар. Зеро, ажали етган ҳар бир инсон ўлади. Белгиланган ажал – вақтни олдинга суриб ҳам, кечиктириб ҳам бўлмайди. Агар буларнинг барчасини билган бўлсангиз, у ҳолда ўзингизга етган мусибатга сабр қилинг ва савобга умид боғланг. Валлоҳу аълам».

Али розияллоҳу анҳу Ашъас ибн Қайсга: «Агар сен иймон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда сабр этсанг, сабр этдинг. Бўлмаса сен ҳам, ҳайвон юпангандек юпаниб қоласан», дедилар.

Бир донишманд мусибатга учраган кишига мактуб ёзди: «Жудо бўлган нарсанг сендан кетиб бўлди. Энди унинг ўрнига берилган нарса – ажрдан ҳам маҳрум бўлиб қолмагин».

Бир зот айтган эканки: «Оқил киши мусибатнинг биринчи кунида жоҳил беш кундан кейин қиладиган ишларни қилади».

Маълумки, вақт ўтиши билан мусибатга учраган киши кўникиб, овуниб боради. Шунинг учун шариатда мусибатнинг илк зарбасига йўлиққан заҳоти сабр қилишга буюрилган.

Мусо ибн Маҳдий ўғли вафот этган Иброҳим ибн Саламага таъзия билдириб деди: «Бало ва фитнадан қутилганингизга хурсанд, дуо ва раҳматдан маҳрум бўлганингизга эса хафа бўлинг».

Бир куни бошқа кишига таъзия билдириб деди: «Охиратда ажр бериладиган киши дунёда шодлик ва қувонч бериладиган кишидан кўра яхшироқдир».

Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўғлини дафн қилиб, сўнгра кулдилар. У кишидан: «Қабр тепасида ҳам куласизми?» деб сўрашган эди: «Шайтонинг бурнини ерга ишқалашни хоҳладим», дея жавоб бердилар.

Бир киши ўғлидан хафа бўлиб Ҳасан Басрийга шикоят қилди. Ҳасан Басрий у кишидан: «Ўғлингиз ғойиб бўлиб турадими?» деб сўраган эди, у: «Ҳа, кўпинча ғойиб бўлади», дея жавоб берди. У зот: «Ўғлингиз сиздан узоқда юраверсин. Зеро, у ғойиб бўлган сайин сизнинг ажрингиз зиёдалашаверади», дея маслаҳат бердилар. Ҳалиги киши:

«Эй Абу Саид, ўғлимга нисбатан сақлаган кекимни тарқатиб юбораёздингиз», деб миннатдор бўлди.

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу бемор ётган ўғлининг олдига кириб: «Эй ўғилгинам, ўзингни қандай ҳис қиляпсан?» деб сўраган эди, ўғли: «Ҳақ йўлда барқарорман», дея жавоб берди. У зот розияллоҳу анҳу: «Эй ўғилгинам, мен учун менинг мезонимда бўлишинг, сенинг мезонингда бўлишимдан кўра суюклироқ», дедилар. Шунда ўғли: «Эй отажон, мен учун сиз яхши кўрган нарса бўлиши мен суйган нарса бўлишидан кўра суюмлироқ», деб жавоб берди.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизга ёқмайдиган ишларда ҳам ҳамд айтиладиган Аллоҳга ҳамдлар бўлсинМен ҳам сизга ўхшаб ўзим амал қилмаган нарсаларни кўп гапираман. Бомдод намози ҳақида давоми...

1951 12:00 / 20.11.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар .Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Ё Расулуллоҳ, гўзал муомаламуносабатда бўлишимга давоми...

2941 17:30 / 14.04.2019
Сенга кафолати берилган нарсада ижтиҳод қилмоғинг ва сендан талаб қилинган нарсада камчиликка йўл қўймоғинг сендаги қалб кўзининг беркилганидир.Бандага давоми...

2084 13:30 / 10.07.2019
.Шак куни, деб, мусулмон ҳоким ҳузурида аниқ илм собит бўлмай, айни кўришда ихтилоф бўлиб, Шаъбоннинг ўттизинчи кунига ўтилган кундир. Яъни Рамазон ҳилолини давоми...

4418 15:00 / 28.04.2019