1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Меросни олиш ҳаққи

17:24 / 10.01.2019 2704 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мерос олиш ҳаққи уч хил сабаб ила собит бўлади:

1. Насаб йўли билан.

Ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил ва амакилар ва бошқа тоифалар шунга кирадилар. Бу тоифани уламолар «ота-она ва уларга мансуб кишилар» деб ҳам айтадилар.

2. Никоҳ йўли билан ҳам мерос олиш ҳаққи собит бўлади.

Бунда тўғри, шаръий йўл ила никоҳ билан боғланган кишилар орасида бир-биридан мерос олиш ҳаққи собит бўлади. Фосид ва ботил никоҳ туфайли эса мерос олиш ҳаққи собит бўлмайди.

3. Қул озод қилиш туфайли.

Илгариги вақтда озод қилинган қул вафот этса-ю, унинг меросхўри бўлмаса, қулдан қолган меросга уни озод қилган киши ҳақли бўлган. Чунки бу киши яхшилик қилиб, марҳумни қулликдан озод қилган эди.

Ушбу зикр этилган уч тоифа меросхўрларнинг меросхўрлик даражалари турлича бўлади.

Меросхўрлик даражалари

1. Фарз эгалари.

Қуръон, Суннат ёки ижмоъда ҳиссаси очиқ-ойдин белгилаб қўйилган меросхўрлар «фарз эгалари» деб номланадилар. Меросни бўлиш айнан шу тоифадан бошланади.

2. Насабий асабалар.

«Асаба» деганда кишига энг яқин бўлган эркак қариндошлар тушунилади. Мерос бобида ўзи ёлғиз бўлса, мероснинг фарзлардан қолган барча қисмини олишга ҳақли бўлган ўғил, ўғил невара, туғишган ака, амаки кабиларга «асаба» деб айтилади.

Мерос бўлиш қоидасида ҳам фарз эгаларининг ҳақлари бериб бўлинганидан кейин асабаларга берилади.

3. Меросдан эр-хотиндан бошқа фарз эгаларига ҳақларидан ортиб қолган молни қўшимча тақсимлаш.

Мерос фарз эгаларига тақсимланганидан кейин ҳам ортиб қолса, уларни асабалар олишини олдин айтиб ўтдик. Лекин асаба бўлмаса, ортиб қолган мерос ҳам фарз эгаларига яна ўз ҳиссаларига биноан бўлиб берилади. Аммо ортиб қолган меросни қайтадан бўлишда эр билан хотин ҳақ олмайди. Чунки улар орасидаги алоқа насаб алоқаси эмас, никоҳ алоқасидир.

4. Аёл томондан бўлган қариндошлар.

Бу тоифадаги қариндошларга фарз эгалари ҳам, асаба ҳам бўлмаган тоға, хола, амма, қизнинг ўғли, қизнинг қизи кабилар кирадилар (аммалар ота томонидан қариндош бўлса-да, фарз эгаси ҳам, асаба ҳам бўлмаганлиги учун бу тоифага киритилганлар).

Вафот этган одамнинг фарз эгаси ёки асаба ҳисобланган қариндошлари бўлмаса, унинг меросини аёл томон қариндошлари оладилар. Шофеъий мазҳаби бу ҳукмга мувофиқ бўлмаган.

5. Эр ва хотинга қайтариш.

Эр ёки хотин вафот этса-ю, унинг орқасидан бошқа ҳеч бир меросга ҳақдор қариндош қолмаса, ундан қолган мерос ортидан қолган эр ёки хотинга қайтарилади.

Мисол учун, бир эркак киши вафот этди. Унинг ортидан хотинидан бошқа ҳеч ким қолмади. Хотин фарз эгаси сифатида қолган мероснинг тўртдан бирини олади. Қолганини эса бошқа меросхўрлар бўлмаганлиги туфайли радд, яъни ортиб қолган меросни қайта тақсимлаш йўли билан олади. Шунингдек, хотин киши ўлиб, ортидан эридан бошқа ҳеч кими қолмаса, эр фарз эгаси сифатида мероснинг ярмини олади. Қолганини эса бошқа меросхўр бўлмаганлиги туфайли яна радд (қайтариш) йўли билан олади.

6. Аввал қул бўлиб, кейин озод қилинган киши вафот этса-ю, унинг меросхўрлари бўлмаса, қулдан қолган меросни уни озод қилган киши олади. Албатта, бу ҳолат ҳозир йўқ.

7. Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари бўйича, меросхўри йўқ одам ўлимидан олдин молининг кимгадир берилишини васият қилган бўлса, ўша кишига берилади.

8. Байтулмол.

Агар бир киши вафот этса-ю, ортидан юқорида зикр этилган меросхўрлардан ҳеч бири қолмаса, унинг қолдирган моли Байтулмолга топширилади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
.Фароиз, сўзи .фарз, сўзининг жамидир..Фарз, сўзи луғатда .ўлчов,, .кесиш, ва .баён қилиш, маъноларини англатади.Шариатдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган давоми...

3574 12:10 / 26.12.2018
Исломда йўл ва транспортлардан фойдаланиш меъёрлариБугунги кунда юртимизда турли замонавий мавзуларга доир диний мақола, рисола ва китоблар битилаётган бир давоми...

3327 05:00 / 04.03.2017
. . . . . . . . . . . Фақат фарз ва жума намозларига вақтида азон айтиш суннатдир. Агар азон вақтидан олдин давоми...

3901 17:00 / 29.07.2021
. . . . . . . . . Агар намозхон рукнни олдинга ёки орқага сурса, ёхуд такрор қилса, ёки давоми...

1246 19:00 / 08.06.2023