1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (14-дарс)

11:00 / 05.01.2019 2542 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

* * *

104. Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари у зотга: «Тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда», деб одам юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам салом айтиб: «Албатта, олгани ҳам Аллоҳникидир, бергани ҳам Уникидир. Унинг наздида ҳар бир нарсанинг ажали белгилангандир. Сабр қилсин ва савоб талабида бўлсин», деб одам юбордилар. У (қизлари) қасам ичиб: «Албатта келсинлар», деб яна одам юборди. Шунда у зот турдилар. У зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бошқа бир қанча киши ҳам туришди. Болани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтариб олиб келишганида унинг жони мешга ўхшаб пўкиллаб қолган эди. Шунда у зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу нима?»  деди. «Бу Аллоҳнинг Ўз бандалари қалбига солган раҳматидир. Аллоҳ фақат раҳмли бандаларига раҳм қилади», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

105. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқидилар. Қиёмда узоқ турдилар. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар. Кейин тикланиб, узоқ турдилар.

Шуъба айтади: менимча, саждада ҳам шунга ўхшаш. Ва саждаларида йиғлай ва пуфлай бошладилар ва: «Роббим, мен Сенга истиғфор айтиб турсам ҳам, нима учун буни ваъда қилмоқдасан? Мен уларнинг ичида турсам ҳам, нима учун буни ваъда қилмоқдасан?» дедилар. Намозни тугатганларидан сўнг: «Менга жаннат кўрсатилди. Ҳаттоки, қўлимни узатсам, мевасидан узиб олардим. Менга дўзах кўрсатилди. Унинг олови сизларни ўраб олмасин деб пуфлай бошладим», дедилар».

Абу Довуд, Насоий ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.

* * *

106. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичкина қизчалари жон таслим қилаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бағирларига босдилар. Сўнг унинг устига қўлларини қўйдилар. Шунда қизча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида жон таслим қилди. Умму Айман йиғлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй Умму Айман! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдингда турса ҳам йиғлайсанми?» дедилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлаганларида, мен нега йиғламас эканман!» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен йиғлаётганим йўқ, балки бу раҳматдир», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин барча ҳолатда ҳам яхшиликдадир. Унинг жони танасидан суғурилаётганда ҳам Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтади», дедилар».

Насоий ривоят қилган.

* * *

107. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маййит ҳолда ётган Усмон ибн Мазъунни ўпдилар. У зот йиғлар эдилар ёки икки кўзлари ёш тўкар эди».

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

* * *

108. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аёл мушукни боғлаб қўйиб, унга овқат ҳам бермагани ва ердаги жонзотлардан ейиши учун қўйиб ҳам юбормагани учун дўзахга кирди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

109. Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилинади:

«Ибн Умар розияллоҳу анҳу қушни нишон қилиб, ўқ отиб ўйнаётган бир гуруҳ қурайшлик ёшлар олдидан ўтди. Улар тегмаган ўқ қуш эгасиники бўлишига шартлашган эдилар. Ибн Умарни кўришлари билан тарқаб кетишди. Шунда Ибн Умар: «Буни ким қилди?! Ким буни қилса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жони бор нарсани нишон қилиб олганни лаънатлаганлар», деди».

Муслим ривоят қилган.

Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳайвонни қиймалаганни Аллоҳ лаънатласин!» деганларини эшитганман», деди», дейилган.

Насоий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

* * *

110. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши йўлда кетаётиб жуда қаттиқ чанқади. Кейин бир қудуққа тушиб, сув ичиб, чиқди. Қараса, бир ит ниҳоятда қаттиқ чанқаганидан тупроқларни ялаб юрибди. Ҳалиги киши «Бу ит менга ўхшаб роса чанқабди. Менга етган чанқоқ бунга ҳам етибди» деб, қайтиб қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди. Сўнг уни тишига тишлаб чиқиб, сувни итга тутди. Аллоҳ унинг гуноҳини мағфират қилди»,  дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми?» дейишди. «Ҳар бир ҳўл жигарлида савоб бор», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

111. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир бузуқ аёл иссиқ кунда қудуқни айланиб юрган итни кўрди. Чанқаганидан унинг тили осилиб қолган эди. Аёл унга маҳсиси билан сув чиқариб берди. Шунда унинг гуноҳи мағфират қилинди», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

 

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг адолати исботи Ислом ақидасининг дуруст бўлиши учун лозимотлардан биридир.Моликий усул имомларининг улуғларидан бири давоми...

4760 20:03 / 26.03.2018
376. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага давоми...

2871 13:30 / 19.06.2020
313. Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг зиммасидадир. давоми...

3574 14:00 / 10.01.2020
386. Абу Бурда ибн Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади .Абу Мусо розияллоҳу анҳу бемор бўлди. Шунда ҳушидан кетди. Унинг боши аҳлидан бир аёлнинг қучоғида эди. Шунда давоми...

568 19:00 / 16 март
Аудиолар

118746 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар