Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (13-дарс). Тариқат силсиласи (давоми)

15:10 / 28.12.2018 4770 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу

Эронда ҳижратдан 215 йил олдин туғилганлар. Ҳижрий 35 санада 250 ёшларида Эроннинг Мадоин шаҳрида вафот этганлар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу узун бўйли, буғдойранг, кулча юзли ва серсоқол, соғлом жисмли ва кучли инсон эдилар. Самимий ва кечиримли одам эдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бой ва зодагон отанинг бойлиги ва обрўсини, айшу ишратни, турли роҳат-фароғатни ташлаб, ҳақиқатни қидириб-қидириб, охири бориб Ислом ҳақиқатини топди. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳақиқатни Исломда топди.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу мажусийликнинг сафсаталари ҳақиқатдан йироқлигини ёшлик вақтларидаёқ равшан англаб етдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу масиҳийликни барбод қилган дин пешволарининг қилмишларини ҳам фитрий ҳис билан теран тушуниб, уларни шарманда қилдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу масиҳийлар ичидаги нодир ҳақиқатчилар ўзларининг бузилмаган илоҳий китобларига суяниб айтган аломатларга қараб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни топдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Ислом ҳақиқати туфайли жаҳолат зулматидан иймон нурига чиқдилар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Ислом ҳақиқати туфайли қулликдан ҳурликка чиқдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўзлари келгинди бўлсалар ҳам, Ислом ҳақиқати туфайли ўзга юртда азизликка етишиб, охирзамон Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин кишиларидан бири бўлиб ҳаёт кечира бошладилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўз ихлослари ва ижтиҳодлари ила Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олий тақдирларига сазовор бўлдилар.

Оиз ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Суфён бир гуруҳнинг ичида ўтирган Салмон, Суҳайб Румий ва Билолнинг олдидан ўтди. Шунда улар:

«Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг қиличлари Аллоҳ душманининг бўйнидан оладиган жойини олмади-да!» дейишди.

Абу Бакр уларга:

«Сизлар Қурайшнинг шайхи ва улуғи ҳақида шундай дейсизларми?!» деди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, хабар берди. Шунда у зот алайҳиссалом:

«Эй Абу Бакр, сен уларнинг ғазабини чиқарган бўлсанг керак. Агар уларнинг ғазабини чиқарган бўлсанг, албатта Роббингнинг ғазабини чиқарган бўласан», дедилар.

Абу Бакр уларнинг олдига бориб:

«Эй дўстларим! Сизларни ғазаблантирдимми?» деди.

«Биз ғазабланганимиз йўқ. Аллоҳ сени кечирсин, эй дўстим!» дейишди».

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда зикри келаётган ишлар Ҳудайбия сулҳидан кейин бўлиб ўтган. Мазкур сулҳда урушни тўхтатиш ва бир-бирига тегмасликка келишилган эди.

Душман тараф сулҳни бузганидан кейин, уларнинг бошлиғи Абу Суфён узр сўраб, Мадинаи Мунавварага келганлиги маълум. Эҳтимол, ўша келганида

«Абу Суфён бир гуруҳнинг ичида ўтирган Салмон, Суҳайб Румий ва Билолнинг олдидан ўтди».

Мушрикларнинг бошлиғи мусулмонлар пойтахтида бемалол юрганини кўриб, юқорида зикрлари ўтган саҳобаи киромлар афсусландилар.

«Улар:

«Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг қиличлари Аллоҳ душманининг бўйнидан оладиган жойини олмади-да!» дейишди».

Узр сўраб келган Абу Суфён ҳақидаги уларнинг бу гаплари, гарчи у ўша вақтда мушрик бўлган бўлса ҳам, Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ёқмади ва

«Абу Бакр уларга:

«Сизлар Қурайшнинг шайхи ва улуғи ҳақида шундай дейсизларми?!» деди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурлари-га бориб, хабар берди».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларининг қилган ишларини тўғри деб билар эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бу ҳақда шикоятомуз гап қилдилар.

«Шунда у зот алайҳиссалом:

«Эй Абу Бакр, сен уларнинг ғазабини чиқарган бўлсанг керак. Агар уларнинг ғазабини чиқарган бўлсанг, албатта Роббингнинг ғазабини чиқарган бўласан», дедилар».

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кутилмаган гапни айтдилар. Ул зот Салмон, Суҳайб ва Билол розияллоҳу анҳумни кўкларга кўтарувчи гап айтдилар.

Қаранг-а! Ким Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таолонинг ғазабини чиқарган бўлар экан!

Бу набавий гапларни эшитиб, қўрқиб кетган

«Абу Бакр уларнинг олдига бориб:

«Эй дўстларим! Сизларни ғазаблантирдимми?» деди».

Агар улар ғазабланган бўлсалар, узр сўраш ниятида эдилар. Аммо улар ғазабланмаган эканлар. Ҳаммалари Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг кўнгилларини тинчитиб:

«Биз ғазабланганимиз йўқ. Аллоҳ сени кечирсин, эй дўстим!» дейишди».

Албатта, бу набавий тақдирлаш Салмон Форсий розияллоҳу анҳу учун улуғ мақом эди. Қайси банданинг ғазабини чиқариш Аллоҳ таолонинг ғазабини чиқариш билан тенг бўлган экан ўзи?!

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаннат уч кишига муштоқдир: Алига, Амморга ва Салмонга», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Жаннат бировга муштоқ бўлиши ҳақида эшитган эдингизми? Эшитмаган бўлсангиз, эшитинг. Ҳаводан гапирмайдиган, фақат ўзларига ваҳий бўлган нарсанигина гапирадиган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат уч кишига, хусусан, Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга ҳам муштоқ бўлишини таъкидламоқдалар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу учун бундан ортиқ тақдирлаш бўладими?!

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу илмий ҳаракатга ҳам муносиб ҳисса қўшган зотлардан ҳисобланадилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида ҳам, у зотдан кейин ҳам кишиларга Ислом таълимотларини тарғиб қилишда фаол иштирок этганлар. У кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маслаҳатчилари бўлгани ҳаммага маълум. Хандақ урушида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари билан Мадина атрофига хандақ қа-зитганлар ва айни шу ишни сабаб қилиб, Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалабани берган.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу халифалар даврида фатҳ ишларида фаол қатнашганлар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳақиқий зоҳидлардан эдилар. У киши зоҳидликни хўжакўрсинга қилмас эдилар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг қалбларига Аллоҳ таолонинг муҳаббати тўлиқ ўрнашиб, дунё муҳаббатига у ерда жой қолмаган эди. У киши ҳақиқий бир муҳибга айланган эдилар. Муҳаббатлари фақат Аллоҳга ва У Зот буюрган нарсаларга эди.

Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Зайд ибн Соҳвоннинг мавлоси Солимдан ривоят қиладилар:

«Мавлоим Зайд ибн Соҳвон билан бозорда юрган эдим. Олдим-издан Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўтиб қолди. У бир васақ таом сотиб олган экан. Зайд унга:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси бўла туриб шундай қиласанми?» деди.

«Қачон нафс ризқига эришса, хотиржам бўлади, ибодатга ажралиб чиқади ва васваса ундан умид узади», деди Салмон Форсий розияллоҳу анҳу».

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бемор бўлиб ётганларида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу у кишини кўргани кирди. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу йиғладилар. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:

«Нимага йиғлайсан, эй Абу Абдуллоҳ? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сендан рози ҳолларида вафот этдилар-ку?» деди.

«Аллоҳга қасамки, ўлимдан қўрқиб ёки дунёга ҳирс қилиб йиғлаётганим йўқ. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биздан аҳд олган эдилар. Ул зот:

«Сизлардан бирингизнинг бу дунёдаги насибаси йўловчининг зодичалик бўлсин», деган эдилар. Энди бўлса менинг атрофимда мана бу нарсалар сочилиб ётибди», деди.

Саъд розияллоҳу анҳу қарадилар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг атрофида бир лаган ва обдастадан бошқа нарса йўқ эди. Шунда у киши:

«Эй Абу Абдуллоҳ, бизга бир васият қилгин, уни сендан олиб қолайлик», деди.

«Эй Саъд!

Қасд қилсанг, қасдингдан олдин Аллоҳни зикр қилгин!

Ҳукм қилсанг, ҳукмингдан олдин Аллоҳни зикр қилгин!

Тақсим қилсанг, қўлингдан олдин Аллоҳни зикр қилгин!» деди Салмон Форсий розияллоҳу анҳу.

У киши силсила омонатини Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан олганлар.

(давоми бор)

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. .Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абзодан, у отасидан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тонг оттирсалар, .Асбаҳнаа давоми...

2639 14:07 / 18.12.2018
Руҳий тарбия илмида .риёзат, деб нафсни чиниқтириш мақсадида нафсни Аллоҳнинг тоатида чиниқтиришга айтилади.Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг сифатидир. Ёмон давоми...

3784 13:11 / 17.10.2020
1. Аллоҳ таоло мунофиқнинг амалини қабул қилмайди. 2. Мунофиқнинг қалбида марази бўлади. У мусулмонларга етган мусибатдан масрур ва нусратдан маҳзун бўлади. 3. давоми...

2174 18:30 / 26.06.2021
Магистр талабаларига бир савол берилди. quotОта кимquot Жавоблар ҳар хил чиройлиси ҳам, оддийси ҳам бўлди.Лекин энг афзали бир талабанинг қуйида келтирган жавоби давоми...

6820 09:33 / 16.07.2018
Аудиолар

120155 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41817 14:35 / 11.08.2021