1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Яхшилик боланинг қалбида собит бўлсин!

11:30 / 25.12.2018 2159 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Саъид ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди», дедилар». 

Термизий ривоят қилган.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Киши фарзандини одобли қилиб тарбиялаши унинг учун ҳар куни ярим соъ садақа қилишидан яхшироқдир», дедилар». 

Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг», дедилар». 

Ибн Можа ривоят қилган.

Бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг савобига ота-онаси ва мураббийси шерик бўлади. Ёмонликка ўргатилса ҳам, ўшандай ўсади. Унинг гуноҳига ота-онаси ва мураббийси шерик бўлади. Валий уни сақлаши, таълим-тарбия бермоғи лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатсин, уни ёмон болалардан сақласин, ўткинчи лаззатларга қизиқишга одатлантирмасин, уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтирмасин. Токи катта бўлганида зебу зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин.

Ота-она болани кичиклигидан, умрининг аввалги кунларидан эҳтиёткорлик билан кузатиб бориши керак. Агар зарурат юзасидан бошқа аёлга эмиздирмоқчи бўлса, диндор ва ҳалолдан ейдиган аёлни топишга ҳаракат қилсин. Ҳаромдан ҳосил бўлган сутда барака бўлмайди.

Болада пайдо бўладиган сифатларнинг аввалгиси таомга ўчлик бўлади. Шунинг учун ота-она унга овқатланиш одобларини ўргатиб боради. Баъзи вақтларда фақат нон ейишга одатлантиради. Токи нонга бошқа нарсани қўшиб ейиш лозим, деган хаёлга бормасин. Ота-она боласига кўп овқат ейишнинг ёмонлигини сингдиради. Кўп таом емоқ ҳайвонлар иши эканини тушунтиради.

Ўғил болаларга оқ рангли кийимлар кийиш яхши экани, рангдор ва ипак кийимлар аёлларга хос экани тушунтирилади. Болани сернеъмат ҳаёт кечиришга одатланган болаларга қўшмаслик керак бўлади.

Вақти келганда мактабга бериб, барча керакли илмларни ўргатиш, жумладан, Қуръон, ҳадис ва яхшиларнинг қиссаларидан таълим бериш бошланади. Шу тариқа унинг қалбига аҳли со-лиҳларнинг муҳаббати солинади. Беҳуда, енгил-елпи куй-қўшиқларни тинглашига йўл қўйилмайди.

Боладан яхши хулқ ва мақтовга сазовор иш содир бўлса, уни тақдирлаш ва хурсанд бўладиган нарса ила мукофотлаш ҳамда одамлар ҳузурида мақташ лозим.

Баъзи ҳолатларда мазкур ишларга хилоф нарсани содир қилса, ўзини билмаганга солиб, унинг айбини ошкор қилмаслик керак. Агар ўша номаъқул нарсани яна қайтадан қилса, ҳеч кимга билдирмай жазолаш ва одамлар билиб қолса, уят қилишларини уқтириш лозим. Аммо жазо кўпайтириб юборилмасин. Чунки бу нарса боланинг бетини қотириб қўяди. Кейин уялмай, ҳар нарсани қилишга одатланиб қолади. Ота боласининг ҳузурида ўз ҳайбатини сақлаб туриши керак.

Она боласини отаси ила огоҳлантириб турсин. 

Болани кундузи ва бевақт ухлашга одатлантирмаслик керак. Бунда у дангасаликка ўрганиб қолади. Кечаси ухлаш ман қилинмайди. Ётар жойи юмшоқ бўлмагани яхши.

Бола ётоқ, кийим ва таомда дағалликка одатлансин.

Бола дангаса бўлиб қолмаслиги учун пиёда юришга, кўп ҳаракат қилишга ва бадантарбияга одатлансин.

Бола тенгдошлари олдида ота-онасининг бойлиги, таоми ва кийими ила фахрланишга одатланмасин.

Бола ўзи билан бирга яшайдиганларга нисбатан тавозеъли бўлишга ва уларни ҳурматлашга одатланиши лозим.

Боланинг ўзига ўхшаган болаларнинг нарсасини тортиб олишига йўл қўйилмайди. Унга бировнинг нарсасини олиш пасткашлик экани уқтирилади.

Болага тилла ва кумушга муҳаббат қўйиш ёмонлигини тушунтириш лозим.

Болага ўтирган жойида туфламаслик, бурнини тозаламаслик, бировнинг олдида эснамаслик, бир оёғининг устига иккинчисини қўймаслик ва кўп гапирмаслик каби одобларни ўргатиш керак.

Болага камгап бўлиш, бошқаларнинг гапини диққат билан тинглаш, ўзидан катталарни ҳурмат қилиш, улар келганда ўрнидан туриб кутиб олиш ва одоб билан ўтириш каби нарсалар ўргатилади.

Бола уят сўзларни гапиришдан ва уят сўзларни гапирадиганларга қўшилишдан ман қилинади. Зотан, болани муҳофаза қилиш уни ёмон улфатлардан сақлашдан иборатдир.

Мактабдан қайтиб келганидан кейин болага чиройли ўйинлар ўйнашга шароит яратиб бериш керак. Бу билан у ўқишдаги чарчоғини ёзади.

Боланинг ота-онасига ва устозига итоат қилишга одатланиши жуда ҳам зарурдир.

Бола балоғатга етганда ўрганиши қийин бўлмаслиги учун таҳоратсиз юрмасликка одатлантирилади. Уни ёлғон ва хиёнатга яқин келмасликка чақирилади. Ўсмирлик чоғи яқинлашганда ундан ўша пайтда керак бўладиган нарсалар талаб қилинади.

Ҳар бир мураббий билиб олиши лозим бўлган нарсалардан бири боланинг ёшлигидан солиҳ бўлиб ўсишига аҳамият бериш кераклигидир. Агар бу иш амалга ошса, яхшилик боланинг қалбида собит бўлиб қолади.

“Соғлом бола” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайхи тариқат, Мавлоно Мунир Аҳмад ҳазратлари айтадиларТушуниб олингки, шариат ва суннатга мувофиқ никоҳда барака бўлади. Бир киши бор эди. У менга ўзи шундай давоми...

1571 15:00 / 25.06.2019
Али розияллоҳу анҳу айтадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрга борганларида у ерда икки кишини кўрдик. Бири Уқба ибн Муайтнинг мавлоси, бири эса давоми...

2670 07:00 / 22.12.2018
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Табук ғазотида Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига, теридан қилинган қубба остига келдим. Бас, у зот .Қиёматдан давоми...

3592 11:00 / 09.06.2020
Юқорида амаки ота ўрнида бўлиши, ота вафот этганидан кейин амакини ота ўрнида кўриб, уни эъзозлаш лозимлиги ҳадислар, ривоятлар мисолида айтилган эди. Энди эса давоми...

4069 11:30 / 23.12.2018
Аудиолар

120279 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41927 14:35 / 11.08.2021