1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Узрсиз жамоат намозини тарк этиш

15:15 / 24.12.2018 4441 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Болдир очиладиган (яъни, оғир ҳисоб-китобга чоғланиладиган) ва улар (кофирлар) кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида сажда қилишга чорланишиб, (лекин саждага) кучлари етмай қоладиган Кунни (Эсланг! Чунки ҳаёти дунёдалик пайтларида) улар соғ-саломат бўлган ҳолларида сажда қилишга чорланар эдилар (аммо саждага қодир бўлатуриб, ундан бош тортар эдилар)» (Қалам сураси, 42–43).

Бу ҳол қиёмат кунида рўй беради. Уларни афсус-надомат хорлиги эгаллаб олади. Ҳолбуки, улар бу дунёда сажда қилишга чорланар эдилар. Иброҳим Таймий сўзлари билан айтганда, улар фарз намозларига азон ва такбир билан чорланар эдилар.

Саид ибн Мусайяб айтганлар: «Улар «Ҳайя алас-солаҳ, Ҳайя алал-фалаҳ»ни эшитардилар, лекин соғ-саломат бўлатуриб, унга ижобат қилмасдилар».

Каъбул Аҳбор деганлар: «Аллоҳга қасамки, бу оят фақат жамоатдан ажралиб қоладиган кишилар ҳақида нозил бўлган».

Жамоат намозини узрсиз тарк этган кимсага бундан кўра оғирроқ ва қаттиқроқ таҳдид бўлиши мумкинми?!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳга қасамки, мен ўтин тўплашни буюриб, сўнг намоз ўқишга амр қилиб, унга азон айтилгандан кейин бир кишига одамларга имом бўлишни айтиб, сўнгра жамоат намозига келмаган кишиларга мухолиф бўлиб, уларнинг уйларига ўт қўйиб юборишни хоҳлардим» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда шундай дейилган: «Йигитларимга бир уюм ўтин йиғишни буюриб, сўнгра бориб ҳеч бир узрсиз уйларида намоз ўқийдиган кишиларнинг уйларини ёқиб юборишни хоҳлардим».

Фақат вожиб тарк этилгани учун шунчалик таҳдид солинмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир кўр киши келиб: «Расулуллоҳ, мени масжидга етаклаб борадиган киши йўқ», деди ва уйида намоз ўқишга рухсат беришларини сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга рухсат бердилар. У ортига бурилгач, уни чорладилар ва:

«Азонни эшитасанми?» деб сўрадилар. У: «Ҳа», деган эди, «Унга жавоб бер», дедилар (Муслим ривояти).

Амр ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, кўзим ожиз, ҳовлим ҳам узоқда. Мени етаклаб келадиган одам йўқ. Уйимда намоз ўқишимга рухсат берасизми?» дедим. «Азонни эшитасанми?» деб сўрадилар. «Ҳа», деган эдим, «Сенга рухсат бера олмайман», дедилар» (Абу Довуд, Ибн Ҳузайма ривояти).

Бу кўзи кўр киши масжидга келиши қийинлигидан шикоят қиляпти. Уни масжидга олиб бориб қўядиган киши ҳам йўқ. Шуларга қарамасдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга уйида намоз ўқишга рухсат бермадилар. Энди кўзи ожиз бўлмаган, соғлом, ҳеч бир узрсиз киши ҳақида нима дейиш мумкин?!

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки азонни эшитса-ю унга эргашишдан ман қиладиган узри бўлмаса, унинг (уйида) ўқиган намози қабул қилинмайди», дедилар «Узр нима?» деб сўрашган эди, «Хафв ёки касаллик», дея жавоб бердилар» (Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан кундузлари рўза тутадиган, кечалари намоз ўқийдиган, бироқ жамоатга қўшилмайдиган ва жамоат билан намоз ўқимайдиган киши ҳақида сўрашганида: «Агар шу ҳолатда ўлса, у дўзахда», дея жавоб берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтганлар: «Одам фарзанди учун азонни эшитиб, унга жавоб бермасликдан кўра, қулоғига эритилган қўрғошин қуйилгани яхшироқ».

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Масжид қўшниси фақатгина масжидда намоз ўқиш лозим», дедилар. «Масжид қўшниси ким?» деб сўрашган эди, «Азонни эшитадиган киши», дея жавоб бердилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Кимки эртага Аллоҳга мусулмон бўлган ҳолда йўлиқишни хоҳласа, намозларни азон айтилган ерда муҳофаза қилсин. Зеро, Аллоҳ таоло Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳидоят йўлларини белгилаб берди.

Улар (яъни, намозлар) ҳидоят йўлларидандир. Агар сизлар жамоатдан орқада қолувчи кимсага ўхшаб, уйингизда намоз ўқисангиз, Пайғамбарингиз йўлини тарк этган бўласиз. Агар Пайғамбарингиз йўлини тарк этсангиз, залолатга юз тутасиз. Дарҳақиқат, мен (илгари) жамоат намозидан фақат мунофиқлиги маълум кимсагина орқада қолганига гувоҳ бўлганман. Бир кишини олиб келишарди-да, сафда туриши учун икки киши орасига турғизиб қўйишарди» (Муслим ривояти).

“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқалардан яна бири бу мутъа ва вақтинчалик никоҳ ақди боғлашдир. Араб тилидаги .мутъа, сўзи .фойдаланиш,, .ҳузурланиш, маъноларида давоми...

3957 19:50 / 07.09.2020
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар .Дарҳақиқат, кўзлар зино қилади, уларнинг давоми...

1076 16:24 / 21.12.2023
Мендан .бошқалар билан рақобатлашиш учун сенда нима етишмайди,, дея сўрабсан. Мен айтаманки, бошқалар билан рақобатлашиш лозим деб сенга ким айтдиҲаёт дегани бу давоми...

2705 13:47 / 11.08.2021
Зинокор ҳайдовчиКасбим сабабли турли ҳил инсонлар билан мулоқотда бўламан. Баъзида машинамга ўтирган аёллар менга кўз сузишади. Лекин мен уларни айтган давоми...

3865 15:00 / 07.12.2020
Аудиолар

120128 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41793 14:35 / 11.08.2021