Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (11-дарс)

11:27 / 14.12.2018 4953 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

* * *

76. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлишди. Шунда улар: «Биз қаёқдаю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса», дейишди. Улардан бири: «Мен тунларни фақат намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса: «Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири: «Мен аёллардан четда бўламан, абадулабад уйланмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб: «Бундай, бундай деганлар сизми? Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

77. Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди:

«Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?» деди. «Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим. «Субҳаналлоҳ! Нималар деяпсан?» деди у. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганимизда у зот бизга дўзах ва жаннатни эслатадилар. Ҳатто кўзимиз билан кўргандек бўламиз. У зотнинг ҳузурларидан чиққанимизда эса, жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб, кўп нарсани унутамиз», дедим. «Аллоҳга қасамки, биз ҳам шунга дучормиз!» деди Абу Бакр. Мен Абу Бакр билан шошганча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зотнинг олдиларига кириб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим. «Нима учун?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда дўзах ва жаннатни бизга эслатасиз. Ҳатто кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Сизнинг ҳузурингиздан чиққанимизда, жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб, кўп нарсани унутамиз», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар менинг ҳузуримда бўлган ҳолингизда бардавом бўлсангиз, албатта, мажлисларингизда, йўлларингизда ва тўшакларингизда сизлар билан фаришталар қўл бериб кўришар эди.  Лекин, эй Ҳанзала, бир соат ундай, бир соат бундай, бир соат ундай, бир соат бундай» деб уч марта айтдилар».

Муслим ривоят қилган.

* * *

78. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ака-ука бор эди. Улардан бири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келарди. Бошқаси ҳунармандлик қиларди. Ҳунарманд Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга инисидан шикоят қилди. Шунда у зот: «Шояд, унинг сабабидан ризқланаётган бўлсанг», дедилар».

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

* * *

79. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазондан бошқа пайт ҳеч қачон бир ой тўлиқ рўза тутмаганлар. У зот рўза тутар эканлар, киши ҳатто «Энди оғзи очиқ бўлмасалар керак», дер эди. Шунингдек, оғзи очиқ ҳам юрар эдилар, киши ҳатто «Энди рўза тутмасалар керак», дер эди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

80. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

* * *

81. Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масжидда бир оёқларини иккинчиси устига қўйиб, чалқанча тушиб ётганларини кўрган».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

82. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мени насоролар Ийсо ибн Марямни беҳуда мақташгани каби мақтаманглар. Мен бир бандаман, холос. «Аллоҳнинг бандаси ва Расули», денглар».

Бухорий ривоят қилган.

* * *

83. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа бирор шахс саҳобаларга (у зотдан) севимлироқ эмасди. Улар у зотни кўришса, ўринларидан туришмасди. Чунки у зот буни ёқтирмасликларини билишарди».

Термизий ривоят қилган.

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
391. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Жаноза тобутга қўйилиб, уни эркаклар елкаларига кўтарганларида, давоми...

515 19:00 / 23 март
Бизда фарз намозларга тобе бўлган намозларни суннат, бошқаларини нафл намоз дейиш урф бўлиб кетган. . . . .Умму Ҳабийба розияллоҳу давоми...

2327 13:00 / 17.01.2021
758. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки давоми...

1763 19:00 / 19.08.2022
Қуйида Қози Иёз, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хоний ва бошқа бир қанча адибларнинг асарларидан тўпланган .Муборак сийрат,дан парча келтирамиз.Қиёфалари Расулуллоҳ давоми...

3552 19:53 / 28.04.2017