1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас»

14:04 / 12.12.2018 2118 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Болага меҳрибонлик кўрсатиш ота-онанинг вазифаси ва боланинг ҳаққидир.

Инсон зоти доимо меҳр-муҳаббатга эҳтиёжли бўлади. Айниқса, болалар бу нарсага жуда ҳам муҳтожлар. Аслида меҳр-муҳаббат дини бўлмиш Ислом шунинг учун ҳам болаларга меҳр-муҳаббат кўрсатишни ота-оналарга вазифа этиб юклаган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганида Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда Ақраъ:

«Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар-да, сўнг:

«Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда болажон зот эдилар. Ул зот набиралари Ҳасан ва Ҳусайнни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар.

Ушбу ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирининг бунга бўлган муносабати ва бу муносабатнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб, сонларига ўтирғизар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтирғизар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб:

«Аллоҳим! Иккисига раҳм қилгин, мен уларга раҳм қилурман», дер эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

«Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз», деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олардим», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Шаъбийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, киши боласининг бошини силаганига ва аёлига яқинлик қилганига ҳам ажр олади», дедилар». 

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган. 

Мусулмон одам ўз боласига меҳр кўрсатиб, унинг бошини силаб, кўнглини овутиб, тарбия маъносида қилган ҳаракатларига ҳам албатта ажр олади.

Демак, бола тарбияси учун қилинадиган ҳар бир ҳаракат ажрсиз, савобсиз қолмас экан. Боланинг бошини силашдан одамнинг ўзи роҳат топади. Лекин шу нарса болага ҳам яхши таъсир қилганидан, Аллоҳ таоло бунинг учун ота-онага ажр-савоб берар экан. Ота-она боласининг бошини силагани учун ҳам ажр олар экан, энди уни едириб-ичиргани, кийдиргани, ўқитгани, Қуръон ёдлатгани, одоб-ахлоқдан тарбия бериб қийналгани учун оладиган савоблари қанча бўлишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Демак, ота-онанинг бола учун қиладиган ҳеч бир ҳаракати савобсиз, ажрсиз кетмас, дунёю охиратнинг бахту саодатига сабаб бўлмай қолмас экан.

Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари ҳам бор. Чунки қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис уларнинг тарбиясида эътибор, меҳр-мурувват ва эҳтиёткорлик кўпроқ зарур бўлади.


“Соғлом бола” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким фажрдан олдин рўзани қасд давоми...

1638 15:00 / 14.05.2019
Ривоят қилинишича, бир подшоҳ улкан, ажойиб қаср қурдирди. Қурилиш битгач, ўзида йўқ хурсанд бўлиб, хизматкорига .Бу қасрни одамларга кўрсат, ким унинг айбини, давоми...

1582 11:23 / 20.07.2020
Америкалик тарихчи Теодор Лотроп Стоддард 18831950 шундай дейди .Исломнинг юксалиши, эҳтимол, инсоният тарихидаги энг ажойиб воқеадир. У унчалик маълум бўлмаган ерда, давоми...

1386 11:30 / 23.03.2022
Кунлардан бир куни Баҳлул номи билан танилган Абу Ваҳоб куняли улуғ зот қўлларида сават билан Боғдод бозорида юрган эдилар. У киши нон сотувчи ёнидан ўтиб давоми...

3587 17:00 / 25.07.2022