1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Инжилнинг қайси нусхаси ҳақиқий?

13:50 / 11.12.2018 5055 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз мусулмонлар Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга Инжил нозил қилганига иймон келтирамиз. Бусиз иймонимиз бутун бўлмайди. Лекин ўша илоҳий китобнинг ўзи ҳозир йўқ. Ийсо алайҳиссаломдан кейин баъзи кишилар ўзлари китоб ёзиб, мана шу инжил, менга ваҳий қилинди, мен ёзиб олдим, деб чиқдилар. Аста-секин уларнинг сони кўпайиб бораверди. Уларнинг ҳар бири ўзининг инжили ҳақ эканини даъво қилар эди. Орада гап-сўз, олди-қочди кўпайди, ихтилофлар кучайди.

Шунда, аввал айтиб ўтилганидек, император Константин милодий 325 санада Ниқияда (Nicea) катта мажлис чақирди. Император мажлис аҳли олдига мавжуд инжиллардан энг ишончлисини танлаб олиш вазифасини қўйди. Улар узоқ тортишувлардан кейин тўрт дона инжилни танладилар.

Шу ўринда ўта муҳим бир масалага тўхтаб ўтишни лозим топдик. Барча Инжиллар ҳам Аллоҳ таоло томонидан Ийсо алайҳиссаломга нозил қилинган ва Қуръонда зикри келган Инжил деб ҳисобланаверилмайди. Бу ҳозирда мавжуд бўлган ва Инжил дея номланаётган китоблар биз мусулмонларнинг ҳузуримиздаги, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини баён қилувчи сийрат китоблар каби Ийсо алайҳиссаломнинг ҳаётлари баён қилинган, у зотдан кейин ёзилган китоблардир. Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Инжил ҳозирда мавжуд эмас.

«Яҳё қамаб қўйилгандан сўнг Ийсо Жалилага қайтди. У Худонинг Шоҳлиги ҳақида Хушхабар тарқатди. «Вақт-соати келди, Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди. Тавба қилинглар, Инжилга имон келтиринглар!» – деб эълон қилиб юрди» (Марк1/14-15).

Бу Марк келтирган жумлалардан кўриниб турибдики, Ийсо алайҳиссалом халқни Инжилга имон келтиришга даъват қилганлар. Ҳузуримиздаги мавжуд Инжиллар у зотдан кейин ёзила бошлаганини эътиборга олсак, айнан ўзларига Аллоҳ томонидан нозил қилинган Инжилга иймон келтиришга даъват қилганликларига амин бўламиз.

Масиҳий инжилшунос олимлар ҳам қадимда Ийсо алайҳиссаломга нисбат берилган Инжил бўлган, бироқ у Ийсо алайҳиссаломдан кейин кўп вақт ўтмай йўқолган бўлиши мумкин, деган фикрни олдинга сурадилар. Баъзилари эса ўша Инжил сақланиб қолгани, тўртинчи асрларда бу инжил Черков томонидан апокриф (тан олинмаган) ҳисобланиб, йўқ қилишга қарор қилингани ва ижро ўша пайтлардаёқ амалга оширилганини айтишган.

Ҳозирда насоролар эътиқод ва амал қиладиган тўрт инжиллар қуйидагича:

Матто инжили.

Бу инжил энг қадимги инжил ҳисобланади. Бу Инжилнинг ёзилган йили ҳақида аниқ бир тўхтам йўқ бўлиб, турли манбаларда 37 йилдан 105 йилларгача бўлган саналар келтирилган. У иброний тилда ёзилган эди. Аммо ўша асл ҳам йўқ. Ҳозир бори ўшанинг таржимаси. Лекин таржимон ҳам, у қайси матндан таржима қилгани ҳам ҳозиргача маълум эмас.

Марк инжили.

Бу Инжилнинг ёзилган санаси 63 йилдан 68 йил оралиғида деб тахмин қилинган. Юнон тилида ёзилгани аниқ. Аммо уни ким ёзгани ноаниқ. Баъзи насоролар, уни Бутрус ёзган, дейдилар. Бошқалари эса, уни Бутруснинг ўлимидан кейин Марк ёзган, дейдилар.

Бу инжилни нима дейиш мумкин? Ўттиз, ўттиз саккиз йилдан сўнг, Масиҳ алайҳиссалом гапирмаган тилда ёзилган, ким ёзгани аниқ эмас китоб муқаддас китоб бўла оладими?

Луқо инжили.

Бу Инжил 53–90 йиллар оралиғида ёзилган бўлиши мумкин. Луқо у зотнинг шогирдларидан эмас. У Павлнинг шогирди. Унинг устози ҳам Ийсо алайҳиссаломни кўрган эмас. Бунинг устига Павл насороликка душман бўлган яҳудийлардан экани, шунинг учун ҳийла билан насороликка қарши кўп бузғунчиликлар қилгани зикр қилинган.

Юҳанно инжили.

Бу Инжилнинг ёзилган санаси 68 йилдан 98 йиллар оралиғи деб тахмин қилинган. Баъзи насоро тоифалари уни Ийсо алайҳиссаломнинг шогирдларидан бири Юҳанно ибн Забдий ёзган, дейдилар.

Беш юзта таниқли насоро олимлари иштирокида ёзилган Британия энсклопедияси бу китобни, қалбаки китоб, деган. Изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.

Умуман олганда Инжилларнинг барчаси ўзи мансуб бўлган кишилар томонидан ёзилгани ўз тасдиғини топмаган. Шу билан бирга улар ёзилган саналар ҳам. Чунки аввал айтиб ўтганимиздек, уларнинг асл нусхалари йўқ. Ҳозирда мавжуд Инжиллар ана ўша Инжиллардан кўчирилган нусхалар деб таҳмин қилинган. Бу нусҳаларнинг энг қадимийси эса тўртинчи, бешинчи асрларга тегишли бўлиб, бирорта тўлиқ шаклдаги китоб йўқдир. Балки бир неча парчалардан иборат бўлган шакллардадир.

 Энг ажабланарли томони шундаки, Библиянинг 5366 та нусхаси бўлиб, булар ичида бир бирига тўлиқ муносиб келган иккита нусха топилмайди. Тушинарли бўлиши учун мисол келтирамиз. Масалан Қуръонни олайлик. Қуръон бир нусхадан иборат. Америкага борсангиз ҳам, Африкага борсангиз ҳам, умуман Ер юзининг қайси бурчагига борсангиз ҳам, ўша нусхани топасиз. Ҳамма ердаги Қуръон бир хил. Библия эса 5366 нусхададир. Демакки, булар ичида қайсидир нусха ҳақиқий Аллоҳ томонидан туширилган муқаддас китоб (агар ўша нусха қолган бўлса) бўлиши, қолган 5365 нусха эса қалбаки бўлиши керак. «Қайси нусха ҳақиқий?», деган савол эса, то Қиёматгача жавобсиз қолишга маҳкумдир.

Инжилшунос олимлар шуни ҳам такидлашади, биринчи бўлиб Матто инжили эмас, балки, Марк инжили ёзилган. Қолган Инжилларни ёзишда эса айнан шу Инжил манбаъ бўлган. Чунки, Матто Инжили тўқсон бир фоиз Марк Инжилидан кўчирганини, Луқо Инжили эса унга деярли етмиш фоиз тўғри келишини айтишган.

Инжилларнинг муаллифлари ва саналари турлича бўлганидек, уларнинг ёзишда қўлланилган услублар ҳам турличадир. Нафақат бошқа бошқа Инжиллар бир биридан фарқ қилади, балки, бир Инжилнинг ўзида ҳам бир неча услубни кўриш мумкин. Масалан, Матто инжили. Бу Инжилни ўрганиб чиққан олимлар, уни ёзишда тўрт, беш ҳил услуб қўлланилганини айтишган. Бундан бу Инжилни бир киши, бир замонда эмас, балки тўрт, беш киши(агар бундан кўп бўлмаса) турли замонларда ёзишган, деган қарорга келишган. Чунки, барча ёзувчиларнинг ўзига хос услуби бўлиб, бир биридан фарқ қилади. Ёзувчи яшаётган замон ҳам бунга ўз тасирини кўрсатмай қўймайди.

Шу билан бирга Инжилларда ихтилоф, қарамақаршилик ва зиддиятлар очиқ ойдин кўзга ташланади. Масалан, Матто ва Луқо инжиллари келтирган Ийсо алайҳиссаломнинг насабномалари. Матто инжили Ийсо алайҳиссаломни Иброҳим алайҳиссаломга 42 насаб билан боғласа, Луқо инжили 57 насаб билан улайди. Энг ажабланарли томони шундаки, Матто инжили «Иброҳимдан Довудгача 14 насл, Довуддан Бобил сургунигача 14 насл, Бобил сургунидан Ийсогача 14 насл» деб 42 та наслни айтса-да, ўзи 41та насл келтирган холос. Ихтилоф шу билан тугаб қолмай, балки улар келтирган кишиларда ҳам давом этади. Матто инжили Ийсо алайҳиссаломнинг тутинган отаси Юсуфни Ёқубнинг ўғли, деб такидласа, Луқо инжили Элининг ўғли бўлган, дейди. Матто инжили Ийсо алайҳиссаломни Довуд алайҳиссаломга Сулаймон алайҳиссалом орқали улаган бир чоғда, Луқо инжили Довуд алайҳиссаломнинг бошқа ўғли Эссай орқали боғлайди. Бу каби ихтилофни Ийсо алайҳиссаломнинг туғилишларида ҳам кўрсак бўлади. Матто инжили Ийсо алайҳиссаломни мелоддан олдин 5,4 йилларда туғилганлар, деса, Луқо инжили милоддан кейинги 6,9 йилларни келтиради.

Матто инжили Ийсо алайҳиссалом туғилганларида узоқ ўлкалардан қандайдир мунажжимлар келганлиги ҳақида сўйлайди. Луқо инжили эса ўша ердаги чўпонлар келганлигини гапиради.

Матто ўша пайтдаги шоҳ Ҳирод Ийсо алайҳиссаломни ўлдиришни қасд қилгани, шунинг учун янги туғилган барча чақалоқларни қилич тиғидан ўтказгани, бундан хабар топган Юсуф Марям ва Ийсо алайҳимассаломларни олиб дарҳол Миср диёрига қочиб кетгани, у ердан бир неча йилдан сўнг шоҳ Ҳирод ўлганидан кейингина қайтиб келишгани ҳақида куйиб пишиб гапираётган бир пайтда, Луқо бундай ҳодиса рўй бермагани, балки, Ийсо алайҳиссалом саккиз кунли бўлганларида суннат қилинганликлари, Марям алайҳассалом Тавротга мувофиқ нифосдан пок бўлганларидан кейин (яъни туққанларидан 40 кунча ўтгач) Қуддусга бориб, у ерда покланиш қурбонлигини келтиришгани ва ҳар йили Фисиҳ байрами куни Қуддусга келиб туришгани ҳақида сўйлаб, Маттони ёлғончига чиқаради.


“Олам ва одам, дин ва илм” китобидан       

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Доктор Аҳмад Роғиб Гарвард университети.АлАзҳар масжидидаги энг катта ҳонақоҳлардан бири. Бу ерда мусулмонлар намоз ўқийдилар. Масалан, мана бу устунлар ёнида. давоми...

2776 16:00 / 09.01.2020
Мусулмонларнинг энг кўзга кўринган физик олимларидан бири 1029 йилда вафот топган Ҳасан ибн Ҳайсам ёруғлик илмини кашф қилган олим ҳисобланади. У ўзининг илмий давоми...

2259 11:00 / 14.03.2020
Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини давоми...

1591 18:00 / 13.06.2021
АлМаликания Католик мазҳабиБу мазҳаб Рим черкови эътироф этганидек, илоҳлик ва инсонлик табиатини ўзида жамловчи эътиқодга эга мазҳабдир. Бу борада 451 йилда давоми...

1299 19:34 / 26.07.2020
Аудиолар

118780 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40728 14:35 / 11.08.2021