1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

“Ҳақиқий ҳаё ила ҳаё қилинглар!”

10:30 / 11.12.2018 2251 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё ила ҳаё қилинглар»  дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, алҳамдулиллаҳ, биз ҳаё қиламиз», дедик.

«Ундай эмас. Аммо Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш – бошни ва у ичига олган нарсани, қоринни ва у ичига олган нарсани муҳофаза қилмоғинг, ўлимни ва чиришни элсамоғингдир. Ким охиратни ирода қилса, дунё зийнатини тарк қилади. Ким ўшани қилса, ҳақиқатда Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий ҳаё шунчаки баъзи бир ишларни қилишдан уялишдангина иборат эмаслигини, балки улкан бир маънони ўз ичига олишини баён қилмоқдалар.

Демак, Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш фақат хаёлдан ўтказиб қўйиладиган нарса эмас. Бировнинг ҳузурида қисилиб-қимтиниб ўтириш ҳам эмас. Яна шунга ўхшаш қуруқ гап ва хатти-ҳаракатлардан ҳам иборат эмас.

«Аммо Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш – бошни ва у ичига олган нарсани, қоринни ва у ичига олган нарсани муҳофаза қилмоғинг, ўлимни ва чиришни элсамоғингдир».

Бош ўз ичига олган нарсалар кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва тил эканини билиб қўймоқ лозим. Ушбу нарсаларни ёмонликдан сақлаш ила Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.

Қорин ўз ичига олган нарсалар жумласида озуқалар ва фарж ҳам бор. Демак, озуқанинг ҳалол бўлиши ва фаржни гуноҳдан сақлаш ила Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.

Демак, Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш У Зотнинг таълимотларига амал қилиб яшашдан иборатдир.

Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш – Ислом ақийдасига тўғри эътиқод қилиш ва мафкуранинг мукаммал бўлишидир.

Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш бошда жойлашган қулоқни Аллоҳ ҳаром қилган гап-сўзларни эшитишдан тийиш ва шариатга мувофиқ, маъруф гап-сўзларни тинглашга ишлатишдир

Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш бошда жойлашган оғизни Аллоҳ ҳаром қилган гап-сўзларни сўзлашдан тийиш ва шариатга мувофиқ гап-сўзларни  гапиришга ишлатишдир.

Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш бошда жойлашган бурунни Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳидлашдан тийиш ва шариатга мувофиқ нарсаларгагина ишлатишдир.

Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш қоринни ва унда жойлашган нарсаларни, аъзоларни ҳаромдан тийиш ва шариатга мувофиқ нарсаларга ишлатишдир.

Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш банданинг доимо ўлим ҳақлигини, ўзи ҳам бир куни ўлиши буюк ҳақиқат эканини, шунингдек, қабрда чириши ҳақ эканини эслаб юришидир.

Бу ишларни амалга оширган одамнинг Исломи гўзал бўлади ва икки дунёси бахт-саодатга кўмилади.

«Ўлимни ва чиришни эсламоғингдир». 

Ўлимини эсламаган кимса ҳеч нарсадан ҳаё қилмайди. Қабрда чиришини эсламаган одам ҳеч нарсадан ҳаё қилмайди.

«Ким охиратни ирода қилса, дунё зийнатини тарк қилади». 

Албатта, бу ерда Аллоҳ таоло ҳалол қилган зийнатларни эмас, Аллоҳ таоло ҳаром қилган зийнатларни тарк қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

«Сен: «Аллоҳ Ўз бандалари учун чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт», деган (Аъроф сураси, 32-оят).

Ушбу оят эгниларига кийим киймай тавоф қилишни, ҳаж мавсумида яхши таом истеъмол этмасликни ўзларига русум қилиб олиб, «Бу Аллоҳнинг амри», деб юрган араб мушрикларининг қилмишлари нотўғри эканини билдириш учун нозил бўлган ва у орқали ҳаммага хитоб қилинган.

Модомики, Аллоҳ таоло ўша кийимларни бандаларга ҳалол қилиб қўйибдими, демак, ҳеч ким уни ҳаром қила олмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло покиза таомларни бандаларига ризқ қилиб бериб қўйибдими, уларни ҳам ҳеч ким ҳаром қила олмайди. Зийнат кийимлари ва покиза таомлар иймонлилар учун бўлмай, ким учун бўлсин?! Бу ризқ-рўзга моддий дунёда бошқалар ҳам шерик бўлиши мумкин, аммо охиратда, ушбу ояти каримада таъкидланганидек, зийнат либослари ва покиза ризқлар фақат мўминларга хос бўлади.

Аллоҳ таоло Ўз зотига иймон келтирган бандаларига ҳеч қачон хушрўй кийим-бошларни ва покиза таомларни ҳаром қилмайди.

«Ким ўшани қилса, ҳақиқатда Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади».

Бу дунёда охиратни ирода қилган одам дунёга у даражада қизиқмайди. Унинг бевафолигини яхши билади. Шунинг учун охиратни ўйлаб, бу дунё зийнатини тарк қилади. Ана ўша банданинг Исломи гўзал бўлади.

Ким бу ҳадиси шарифда айтиб ўтилган ишларни мукаммал қилган бўлса, Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади. Ҳа, ҳар бир банда Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилмоғи зарур.


“Зуҳд ва ҳаё” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан мушриклардан қочиб, яширинган ғорда эдик. Мен уларнинг таъқиб давоми...

1694 08:00 / 09.01.2021
Ханнос ибн Саҳим айтади .Зиёд ибн Жарир билан ахлат ёнидан ўтиб кетаётган эдик. Сўзим орасида .Йўқ, омонат билан қасам,, деб юбордим. Шунда Зиёд йиғлади. Мен жуда давоми...

1990 08:00 / 14.01.2020
Сафвон ибн Амрдан ривоят қилинади .Язид ибн Ҳусайн Сукуний Ҳимс шаҳрига волий бўлганда Язид ибн Майсарага шундай мактуб йўллади .Эй Абу Юсуф, бу султондан давоми...

1524 07:10 / 03.06.2019
Имом Ибн Жавзий ўзининг .Сойдул хотир, китобида талабалик даврининг аввалида чеккан машаққатлари ва ўша қийинчиликларга қилган гўзал сабри ҳақида шундай давоми...

2058 16:00 / 05.09.2021