1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Турли муносабатларга оид зикрлар

19:09 / 10.12.2018 3143 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, суннати мутоҳҳарада келган ва турли муносабатлар ила қилинадиган зикрларни яхшилаб ўрганиб, ўз ўрнида адо этиб юриш лозим.

Мисол учун, фарз намозларнинг ортидан адо этиладиган зикрлар бор. Бу зикрларни адо этиш бизда қадимдан йўлга қўйилган. Ҳаттоки баъзи бир кишилар наздида намознинг бир қисмидек кўриниб қолган. Аслида эса улар намоздан ташқаридаги  зикрлардир.

Тонг отганда ва кеч кирганда бомдод ва шом намозларидан кейин ўқиладиган дуолар бор. Шунингдек, маркабга минганда ўқилиши керак бўлган дуо бор, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли ҳар доим ўқир эдилар. Шунга ўхшаш, ҳар бир мақомда ва муносабатда ўқиладиган дуо ва зикрлар бор. Уларни ўз ўрнида адо этишни йўлга қўйиш лозим. Зотан, бу турдаги зикрлар банда-нинг доимий равишда Ҳақ субҳанаҳу ва таолога боғланиб туришига хизмат қилади.

Келинг, қўлдан келганича мазкур зикрларни ҳам уларга амал қилиш нияти ила ўрганиб чиқайлик.

Мурид уйқудан кўзини очиши билан Роббига боғланади ва ушбу ҳадиси шарифда келган дуони ўқийди.

كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ إذَا اسْتَيْقَظَ: «الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَحْيَانَا بَعْدَ مَا أَمَاتَنَا وَإِلَيْهِ النُّشُورُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонган вақтларида:

«Алҳамду лиллаҳиллазии аҳйаанаа баъда маа амаатанаа ва илайҳин нушуур», дер эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Дуонинг маъноси: «Бизни ўлдирганидан кейин тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ва тўпланиш Унинг Ўзигадир».

Сўнгра яхши ният қилган ҳолида ўнг томони билан ўрнидан туради. Ўнг томон доимо яхшилик, иши ўнгидан келишининг рамзи бўлиб келган. Яхши ният эса доимо мусулмон инсоннинг ҳамроҳи бўлиши лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яхши ният ёқар ва шум ният ёқмас эди».

Ибн Можа ривоят қилган.

Таҳоратхонага киришда чап оёғини олдин босади ва ушбу ривоятдаги дуони ўқийди:

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم إِذَا دَخَلَ الْخَلَاءَ قَالَ: «اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْخُبُثِ وَالْخَبَائِثِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон халога кирсалар: 

«Аллоҳумма! Аъуузу бика минал хубуси вал-хобаиси», дер эдилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, сендан эркак ва урғочи ифлос(шайтон)лардан паноҳ тилайман.

Таҳоратхонадан чиқишда ушбу ривоятдаги лафзни айтади:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халодан чиққанларида «Ғуфронака», дер эдилар». 

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

«Ғуфронака»нинг маъноси «Мағфират қилишингни сўрайман»дир. Киши халодалик вақтида ғафлатда бўлиши эътиборидан, ундан чиққанида шу иборани айтади.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Агар сизлардан бирортангиз таҳорат қилса-ю, таҳоратини яхшилаб қилса, сўнгра таҳоратидан фориғ бўлишида «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Росулуҳу», деб айтса, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилур ва у хоҳлаганидан кирур», дедилар». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. 

Термизий эса: 

«Аллоҳумма! Ижъалнии минат таввабийн ва ижъалнии минал мутатоҳҳирийн»ни зиёда қилган.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Мени кўп тавба қилувчилардан ва покланувчилардан қилгин».

Уламоларимизнинг айтишларича, таҳорат қилиб, аъзоларни турли кир ва ифлосликлардан поклаб бўлгандан кейин шаҳодат калималарини айтиш Аллоҳга ихлос ила амал қилганликка ва қалбнинг риё ва ширклардан пок бўлганига ишорадир.

Кейин икки ракъат шукри вузуъ намозини ўқийди. Бу ишни ҳар таҳоратни янгилаганда қилишга одатланиш керак. Чунки доимо таҳоратли юриш ва ҳар таҳоратдан кейин икки ракъат нафл намоз ўқишнинг фазли жуда ҳам беқиёсдир.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг чоғида Билолни чақирдилар ва унга:

«Эй Билол, нима ила мендан олдин жаннатга кирдинг? Қачон жаннатга кирсам, албатта олдимда сенинг шитир-шитирингни эшитаман. Бу кеча ҳам жаннатга кирдим ва олдимда сенинг шитир-шитирингни эшитдим…» дедилар. Шунда Билол:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Қачон азон айтсам, албатта икки ракъат намоз ўқидим. Қачон таҳоратим кетса, албатта ўша вақтнинг ўзида таҳорат қилдим ва менинг зиммамда Аллоҳ учун икки ракъат намоз бор деб билдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўша икки нарса билан экан», дедилар». 

Термизий ривоят қилган.

“Нақшбандия: вазифалар, зикрлар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аммо муомала илмига келсак, у хавф, ражо ndash умид, ризо, сидқ ва ихлос каби қалбнинг ҳолатларига оид илмдир. Бу илм ила Суфён Саврий, Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва давоми...

4931 14:10 / 25.01.2020
.Муҳаббат, сўзи .ҳубб, ўзаксўздан олинган бўлиб, аслида лозим тутиш ва сабот маъносини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим тутади давоми...

4919 05:00 / 28.02.2017
Муроқаба.Муроқаба, зийраклик билан қаттиқ кузатиб боришдир. Нафси билан шартлашган банда уни муроқаба қилиб туриши лозим. Нафсни зинҳор муроқабасиз, ўз ҳолига давоми...

2034 20:07 / 14.11.2018
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисда .Огоҳ бўлинглар Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг давоми...

5121 05:00 / 01.03.2017