1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг!

15:25 / 08.12.2018 2952 pdf Ўқиш режими + -

Халқимизда  ҳар  йили  ҳижрий  йил ҳисоби бўйича Рабиъул-аввал ойи келганда “мавлид” маросимини ўтказиш анъанага айланган.

“Мавлид” сўзи луғатда  “Мавлидун-набий” ёки “ал-набавий” тарзида қўлланиб, Муҳаммад алайҳиссаломнинг таваллуд топган кунларини  англатади.

Кўплаб  мусулмон  мамлакатларида кенг тарқалган мавлид маросими, одатда рабиъул-аввал ойининг 12-кунида ҳеч бир бидъат-хурофотсиз нишонланади.  Кўпгина  араб мамлакатлари, шунингдек, юртимизда ҳам мазкур кунда Имом Абу Жаъфар Барзанжий қаламига мансуб араб тилида ёзилган “Мавлид ан-набий” номи билан машҳур қасидасини ўқиш учун масжид ва хонадонларда  маросимлар ўтказилади.

Ана шундай маросим жорий йилнинг 8 декабрь куни “Hilol-nashr” матбаа нашриёти ҳамда islom.uz портали таҳририяти томонидан “Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг!” шиори остида ташкил этилди. Мавлид тадбири доирасида «Islom.uz» порталининг анъанавий «Islom.uz – 1439» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти жоме масжидларининг имом-хатиблари, имом-ноиблари, диний таълим муассасалари талабалари, бир қатор адиблар ва меҳмонлар иштирок этишди.

Анъанага кўра, Қуръони карим тиловатидан сўнг, сўз “Hilol-nashr” матбаа нашриёти раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиққа берилди. Маърузачи ўз сўзларида Мавлиди шарифнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапириб, жумладан шундай дедилар:

– Бугунги тадбирдан кўзланган мақсад – Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан у зотга жамоат  бўлиб  дуруд  салавотлар  йўллаш, у зотнинг сийратларидан хабардор бўлиш, одоб-ахлоқлари, бошқаларга яхшилик қилиш, ота-она ва катта ёшдагиларни ҳурмат қилиш, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бориш, оила, фарзандларга ғамхўрлик қилиш, қўни-қўшнилар билан чиройли муносабатда бўлиш каби инсоний гўзал муомалаларни ўрганишдан иборат.

Шундан сўнг, Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ўз чиқишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишнинг заруратини саҳобаларнинг ҳаётларидан келтирган мисоллар билан тушунтириб бердилар. 

“Усмон ибн Мазъун” жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон домла Бегматов эса суннатнинг диндаги ўрни ва муҳим аҳамиятини оятлардан келган далиллар билан изоҳлаб бердилар.

“Ислом ота” жоме масжиди имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид бошчилигидаги қорилар гуруҳи ҳамда ёш иштирокчилар томонидан Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг “Мавлидун-набий” китобидан парчалар, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга бағишланган қасидалар ўқилди, нашидлар айтилди. Бу ўқилган нашидлар тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

Маросимнинг иккинчи қисми ҳам ғоятда қизиқарли, таассуротларга бой ва ҳаяжонларга лиммо-лим бўлди. Бунда “Hilol-nashr” матбаа нашриёти томонидан кўзи ожиз Қуръон мухлисларига Брайл ёзувидаги Мусҳафлар ҳамда Қуръони карим ёзилган аудиодисклар ҳадя этилди.

Кейин навбат «Islom.uz» порталининг анъанавий «Islom.uz – 1439» танлови ғолибларини тақдирлаш маросимига келди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари танловда иштирок этган барча мухлисларни самимий муборакбод этдилар. Шундан сўнг, танловга юборилган асарларнинг савияси, аҳамияти, сифати ва даражалари ҳамда уларга қўйилган баҳоларни ҳисобга олган ҳолда, танлов ғолибларини эълон қилдилар.

Унга кўра, фахрли 1-ўрин – Муҳаммад Одил, 2-ўрин – Суннатуллоҳ Абдулбосит, 3-ўрин эса – Санжар Қобил ва Фотима Алийларга насиб этди.

Шунингдек, Амруллоҳ Форсий, Даврон Нурмуҳаммад, Ихтиёржон Пўлатовлар танловнинг фаол иштирокчиларига айланишди.

Суннатуллоҳ Абдулбосит, 2-ўрин соҳиби:

– «Islom.uz» портали анъанавий «Islom.uz – 1439» танловида иштирок этганимдан жуда ҳам шодман. Тўғриси, ғолиб бўламан, деб ҳеч ўйламаган эдим. Аллоҳга шукрки, мана шу нарса менга насиб қилган экан. Келгусида бундай тадбирларнинг янада кўпайишини, уларнинг бардавом бўлишини, ўзимиз ўйлагандан ҳам афзал бўлишини Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан сўраб қоламан. Ушбу тадбирни ташкил қилганларга ҳам чуқур миннатдорчилик билдираман.

Тадбир сўнггида ғолибларга ташкилотчилар томонидан дипломлар, эсдалик ва қимматбаҳо совғалар ҳадя этилди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, «Islom.uz» портали томонидан анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган мазкур танлов келаси – 2019 йилда ҳам давом эттирилади. Бу ҳақидаги хабар ва янгликлар порталимиз ҳамда ижтимоий тармоқдаги каналларимиз орқали маълум қилинади. Барча мухлисларимиздан «Islom.uz» порталининг навбатдаги танловида ҳам билим ва тажрибалари, қобилият ва кўникмаларини синаб кўриш учун  ўз асарлари билан фаол иштирок этишларини сўраб қоламиз.

Азизлар, бизни кузатишда давом этинг.


Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Куни кеча Қирғизистон Республикасининг Ўш вилояти, Қорсув туманида Абу Ҳанифа анНўъмон ибн Собит алКуфийrdquo номидаги янги ўғил болалар мадрасаси фойдаланишга давоми...

4381 11:05 / 11.07.2018
Мисрнинг Вақф вазирлиги томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламнинг ахлоқий фазилатлари ва ҳаётларини тарғиб қилиш мақсадида Пайғамбаримизнинг давоми...

1921 17:07 / 12.12.2018
Пойтахт марказида жойлашган масжиднинг қадимий қисми ўрта асрларда бунёд этилган. Кейинчалик унга туташ қилиб қурилган бино ва иншоотлар эскириб, хавфли ҳолатга давоми...

728 17:58 / 20.11.2023
Теҳрон IQNA Исломофобия кузатувчилари йил аввалидан АҚШда мусулмонларга қарши содир этилган ҳодисаларнинг 500дан ортиғини аниқладилар. Натижалар камайтириб давоми...

1338 16:00 / 30.05.2019
Аудиолар

120774 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42337 14:35 / 11.08.2021