1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Амалдан кейин ҳисоб-китоб қилишнинг моҳияти

09:08 / 24.11.2018 2553 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Куннинг аввалида банданинг нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган вақти ҳам бўлиши керак. Бу худди савдогарларнинг шериклари билан ҳар йил, ой, ҳафта ёки кун охирида дунё ҳирсида қиладиган ҳисоб-китобига ўхшайди. Улар буни беш кунлик дунё учун келадиган фойдани қўлдан чиқариб юбормаслик учун қиладилар. Бас, шундай экан, нима учун оқил абадийлик учун бўладиган фойдани кўзлаб ўз нафсини тергамаслиги керак?!

Савдогар шериги билан ҳисоб-китоб қилганида сармоя, фойда ва зарарга назар солади. Агар фойда кўрган бўлса, шеригига раҳмат айтади. Зарар кўрса, унга тўлаб беришни ва бундан кейин бу ишга йўл қўймаслигини таъкидлайди.

Шунга ўхшаш, банданинг динидаги сармояси фарзлардир. Фойдаси эса нафллар ва фазилатлардир. Зарари эса маъсиятлардир. Ушбу тижоратнинг мавсуми кундуз кунидир.

Банда аввал нафсини фарзлар бўйича тергайди. Агар уларни яхшилаб адо этган бўлса, Аллоҳ таолога шукрлар қилади ва нафсини шунга ўхшаш ишларни кўп қилишга тарғиб қилади. Агар бирор фарзни ўтказиб юборган бўлса, қазосини бажаришга шошилади. Агар уни нуқсонли адо этган бўлса, кўпроқ нафл ибодатлари ила ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилади. Агар маъсият қилган бўлса, нафсни жазолайди, азоблайди ва бошқа чораларни кўради. Хулласи калом, банда ўзи қиладиган каттаю кичик ҳар бир ишида нафсини тергаб туриши лозим.

10. Вуқуфи ададий.

«Ададдан воқиф бўлмоқ». Бу шиорда сўфийнинг зикр қилишда талаффуз қилинадиган лафзларнинг ададига алоҳида эътибор бериши кўзда тутилган.

Қалб билан зикр қилишда ададни риоя қилиш фикрни бир жойга жамлаш учун хизмат қилади. Зокир бир нафасда калимаи тоййибани уч, беш, етти маротабадан то йигирма бир ва ундан зиёда ададда айтсин ва тоқ бўлишини таъминласин.

Машойихлар: «Зикрни кўп айтиш шарт эмас, воқифлик ва ҳузур билан айтиш шартдир, ана шундан фойда бўлади», дейдилар.

«Вуқуфи ададий» асосан нафий ва исботда, яъни «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни зикр қилишда ишлайди. Зикр тоқ сонда – учдан йигирма биргача бўлади. Зикр ҳам, санаш ҳам қалб билан бўлади, тил билан эмас. Бундай зикрнинг улкан самараси бордир. Буни барча машойихлар тажрибадан ўтказганлар.

Мавлоно Абдурраҳмон Жомий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Вуқуфи ададийнинг ҳикмати шуки, унда солик зикрнинг самараси қачон ва қайси ададда ҳосил бўлишини билиб олади. Агар йигирма бирга етганида ҳам маънавий самарани ҳис қилмаса, бу шартларни бажаришда нуқсон борлигининг ёрқин аломатидир».

Бундай ҳолатда солик нуқсонни излаб топиб, уни бартараф қилишга уриниши керак бўлади.

11. Вуқуфи қалбий.

«Қалбдан воқиф бўлмоқ». Бу шиорда қалбни Аллоҳнинг зикри, фикри ва амри ила машғул қилиш ҳақида сўз боради. Зокир ўз қалбининг ҳолини, яъни қалб Аллоҳ таолонинг зикридами, йўқми эканини доимо кузатиб туриши лозим. Зокирнинг қалби Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг Зотига қаратилган бўлиши керак.

Вуқуфи қалбий қалбнинг Аллоҳ таолони доимо зикр қилиб туришини кузатиб боришдан иборатдир. Зикрдан мурод сўз эмас, зикр қилинаётган Зот бўлиши керак. Солик зикрнинг баракасини Аллоҳ таолонинг Ўзидан кутади.

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашларича, вуқуфи қалбий вуқуфи замоний ва вуқуфи ададийдан афзалдир. Чунки барака ҳосил бўлишида аҳамиятли бўлган вуқуфи замоний ва вуқуфи ададийлар мабодо ғойиб бўлса ҳам, зокирнинг сулукига таъсир қилмайди. Аммо вуқуфи қалбий зарурийдир. Агар зокирда вуқуфи қалбий бўлмаса, унинг зикри қуруқ тилнинг қимирлашидан иборат бўлиб қолади ва бунда ҳеч қандай барака бўлмайди.


“Нақшбандия: вазифалар ва зикрлар”     

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсоний нафс махлуқотларнинг энг ажойибидир. У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мўъжизаларидан биридир. Агар у Мавлосига бўйин эгса, Холиқига ибодат қилса, Набий давоми...

3056 05:00 / 01.03.2017
Эҳтиёт бўлиш лозим бўлган қалб хасталикларидан бири бидъат ҳисобланади. .Бидъат, сўзи луғатда .бир нарсани янгитдан пайдо қилиш, деган маънони давоми...

2448 17:00 / 04.09.2021
Гуноҳни оғир билишинг Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумондан сени тўсадиган даражага етмасин. Албатта, ким Роббини яхши таниса, У Зотнинг карами олдида гуноҳларини давоми...

2964 05:00 / 06.03.2017
Аллоҳ буюради Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг закотини беришга бахиллик хасислик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзларини учун яхшилик давоми...

3150 18:09 / 17.11.2018