1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Фаранглик хонимнинг дарду қувончи

15:04 / 20.11.2018 5385 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ғарблик бир аёл мутлақо тузалмас, даҳшатли бир касалликка чалинди. Табиблар «рак» – саратон деб аталмиш бу дард қаршисида ожиз эдилар. Бечора аёлнинг яшашга ишончи қолмади. Бироқ шундай бир ҳолатда Аллоҳнинг марҳамати ила бу ожиза шифо топди. Байтул Ҳарамда Яратганга чексиз илтижолар қилди, чин ихлос билан дардига шифо тилади. Аёлнинг муроди ҳосил бўлди. Зотан, ягона Аллоҳ таологина ҳар нарсага қодир Зотдир.

Азизлар, келинглар, яхшиси, воқеа тафсилотини ўша ожизанинг ўзидан эшитайлик.

«Мен тўққиз йилдан бери жуда хатарли касалликдан азоб чекар эдим. Бу касаллик саратон (рак) бўлиб, унинг нақадар даҳшатли ва, ҳатто номининг ўзиёқ этларни жунжиктирувчи эканини ҳар ким яхши билади.

Тўғриси, у пайтлар ғофил эдим. Гўзаллик, куч-қувват ва саломатлик умр бўйи бирдай давом этадигандек юрардим, саратондек тузалмас бир дардга чалинишимни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Бу дардга йўлиққанимдан сўнг бутун аъзои баданим, бутун вужудим ларзага тушди. Фақат ундан қутулиш йўлларини ўйлайдиган бўлиб қолдим. Аммо қандай қилиб?! Шу жумбоқ мени гангитар эди. Турсам ҳам, ўтирсам ҳам, фикру ўйимда шу бўлиб қолди. Ҳатто ўз жонимга суиқасд қилишни ҳам хаёлимдан ўтказа бошладим. Бироқ эримни ва фарзандларимни яхши кўрганимдан бу ишга қўлим бормасди. Ғофиллигим туфайли масаланинг Аллоҳга тааллуқли жиҳатини, яъни ўзини ўзи ўлдириш гуноҳ эканини, бунинг учун Аллоҳ қиёмат куни қаттиқ жазо беришини ўйлаб ҳам кўрмасдим.

Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, бу меҳрибон ва раҳмли Зот мени ўша касаллигим туфайли ҳидоятга бошлади ва менинг аввалги ва кейинги ҳолатимни кўрган жуда кўп кишилар ҳам ҳидоят топишди.

Даво излаб, эрим билан Бельгияга бордик, кўп шифокорларга учрадик. Улар кўкрагимни кесиб ташлаш лозимлигини айтишди. Соч, киприк ва қошларимни тўкиб юборадиган, тирноқ ва тишларимга зарар етказадиган ўта кучли дориларни таклиф қилишди. Бундай дорилардан бош тортдим. Кўкрагим, сочим ва Аллоҳ таоло ато этган бошқа аъзоларимдан ажраб яшагандан кўра бутун ҳолимча ўлишни афзал кўрдим. Аммо шунча жойдан келиб, қуруқ қайтмай деб, бирорта енгилроқ дори ёзиб беришларини сўрадим.

Уйга қайтиб, улар ёзиб берган дори-дармонларни истеъмол қила бошладим, лекин таъсири мутлақо сезилмади. Ўзимча бу ҳолатдан хурсанд ҳам бўлдим. Эҳтимол, шифокорлар адашгандир, мен бу касалликка чалинмагандирман, деган умидли хаёлларга ҳам бордим. Аммо бахтга қарши, касаллик хуружи тўхтамас эди. Орадан етти ойлар ўтгач, тобора озаётганимни, оғриқ кучая бошлаганини ва ранг-рўйим ўзгараётганини сездим.

Шифокорлар яна Бельгияга боришимни тавсия қилишди. Эрим билан яна йўлга чиқдим. Касаллик кучайиб, захми бутун баданимга тарқалаётганини, ҳатто ўпкамда ҳам саратон асоратлари пайдо бўлганини эшитиб, чуқур қайғуга ботдим. Шифокорлар менинг Бельгияда ўлиб қолишимдан хавотирланиб, тезроқ уйга кетишим лозимлигини айтишибди. Бу сирдан кейинчалик воқиф бўлдим. Шу сабаб тўғри уйга қайтмасдан, шифо ниятида Францияга ўтиб кетдик. Аммо у ерда ҳам дарднинг давосини топа олмай, сарсон-саргардон бўлдик.

Охири мен ўзимни жарроҳларнинг қўлига топширишга, яъни кўкрагимни кесиб ташлашларига рози бўлаёздим.

Шундай кунларнинг бирида эрим биз унутган ва ҳаётимиз мобайнида ғофил бўлганимиз улуғ Яратувчини кутилмаганда эслаб қолди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло муқаддас Байтуллоҳни зиёрат қилиш, у ерда ёлғиз Ўзигагина юзланиб, барча мусибатлардан халос этишини илтижо қилиб сўрашни эримнинг дилига солган эди. Биз бу ишни бажаришга қарор қилдик.

Вужудимни қандайдир хушнудлик чулғаб олган эди. Хуш кайфиятимга Аллоҳнинг муқаддас даргоҳини зиёрат қилишга бораётганим сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас.

Хўжайиним билан Париждан Қуръони карим харид қилдик, такбир ва тасбеҳ айтиб, тўғри Маккаи Мукаррама зиёратига қараб жўнадик.

Байтул Ҳарамга етиб келгач, ичкари кириб, Каъбани кўрдим-у, ўзимни тута олмай йиғлаб юбордим. Аллоҳ фарз қилган ибодатларни, намоз, рўзаларни, хушуъ, тазарруъ каби амалларни бажармай ўтказган умримга ачиниб, кўп афсус-надомат чекдим. Сўнгра Аллоҳга илтижо қилиб:

«Эй пок Парвардигор, қаршимда барча умид эшиклари ёпилди. Фақат Сенинг эшигинг очиқдир. Энг сўнгги илинж ва умид таянчи бўлмиш эшикларингни менинг юзимга ёпиб қўйма. Ўзинг раҳм қил! Шифокорлар мени даволашдан ожиз қолдилар. Энди шифо Сендан ва фақат Сендандир», дедим.

Байтуллоҳни тавоф қилдим: ноумид қилмаслигини ва ёрдамсиз қўймаслигини ҳамда ҳамма шифокорларни лол қолдириб, менга шифо беришини ялиниб-ёлвориб, чин кўнгилдан сўрадим.

Ҳа, дарҳақиқат, мен ғафлатда эканман, Аллоҳнинг энг тўғри ва ҳақ динидан бехабар, бебаҳра юрган эканман.

Бир куни маккалик уламолар ва шайхларнинг олдига бориб, менга фойда берадиган диний китоблар беришларини, ўқилиши тилимга енгил келадиган шифобахш дуолар ўргатишларини илтимос қилдим. Илтимосим ерда қолмади. Улар менга Қуръон тиловат қилишни ва Замзам сувидан тўйиб-тўйиб ичишимни насиҳат беришди. Айни чоғда, ўша улуғ уламолар менга кўпроқ Аллоҳни зикр қилишимни ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз салавотлар айтишимни тайинладилар.

Мен Байтуллоҳда ички бир руҳий хотиржамлик ва осойишталикни ҳис этдим. Меҳмонхонага бормай, Каъбада қолишга эримдан рухсат сўрадим. Байтул Ҳарамда мисрлик, туркиялик бир қанча савобталаб аёллар менга ҳамсуҳбат бўлишди. Тинимсиз йиғлаётганимни кўриб, сабабини сўрашди. Бу муқаддас маконга келиб, Аллоҳ таолога меҳр-муҳаббатим ҳаддан зиёд ортганини билдириб, оғир бир дардга йўлиққанимни сўзлаб бердим.

Улар менга ҳамдардлик билдириб, ёнимдан ажрамай қолишди. Байтуллоҳда эътикофда ўтирганимни билгач эса, улар ҳам ўз эрларидан ижозат олиб, менинг ёнимга жойлашишди.

Биз тунлар деярли ухламасдик, жуда кам овқат ердик, лекин Замзам сувидан тўйиб-тўйиб ичардик. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Замзам сувидек ичимлик йўқ. Кимки уни шифо талабида ичса, Аллоҳ унга шифо беради. У касалга шифо, ташнага чанқоқбосди, очга таомдир», деган сўзларини билар эдик. Тинимсиз ибодат қиламиз, икки ракъатдан намоз ўқиймиз-да, Замзам сувидан тўйиб ичиб, яна тавоф қилишга тушамиз.

Байтуллоҳга келган кунларим озғин эдим. Баданимнинг юқори қисмини саратоннинг асорати бўлмиш кичик-кичик юмалоқ доначалар ва яралар босган эди. Дугоналарим менга жароҳатларни Замзам суви билан ювишни маслаҳат беришди. Мен эса яраларимга тегиб, яна касалим хотирга келади, Аллоҳ зикридан чалғиб қоламан, дея қўрқар эдим. Шу сабаб у жойларга сув теккизмай, эҳтиёткорлик билан ювиниб туришни лозим топдим. Бешинчи куни ҳамроҳларим қисташди. Рози бўлмадим. Аммо қандайдир ғайбий бир куч қўлимга Замзам сувидан олиб, баданимга суртишга мени мажбурлагандек туюлар эди. Бу ҳол бир неча бор такрорлангач, беихтиёр кўкрагимни Замзам суви билан юва бошладим.

Шунда фавқулодда ҳодиса – мўъжиза содир бўлди. Танамдаги бор яралар бир-бир тўкилиб кетди. Вужудимда бирдан на оғриқ, на қон ва на бир йирингдан асар қолди.

Ҳайронлик ичра гангиб, баданимни пайпасладим. Баданим соппа-соғ эди. Сесканиб кетдим. Дарҳол Аллоҳнинг қудратини зикр этдим ва ҳамд айтдим. Янги топган дугоналаримнинг биридан ўша яраларнинг ўрнини текшириб кўришини сўрадим.

Баданимнинг соппа-соғ, топ-тозалигини кўриб, беихтиёр ҳаммалари қичқириб юборишди:

– Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!

Бу қувончли хабарни эримга етказиш учун тез меҳмонхонага жўнадим.

– Аллоҳнинг меҳрибонлигини қаранг, – деб соғлом танамни кўрсатдим.

Эрим ҳайратдан ёқа ушлади. Бўлиб ўтган барча воқеаларни қайта сўзлаб берганимда ишонгиси келмас эди. Ўзини тута олмай, севинганидан йиғлаб юборди ва баланд овоз билан:

– Докторлар сени уч ҳафтадан кейин ўлади, деб башорат қилганларини биласанми?! – деди. Шунда мен:

– Ажалим фақат Аллоҳнинг қўлидадир. Ғайбни фақат Аллоҳ билгувчидир, – дедим.

Биз Байтуллоҳда яна бир ҳафта турдик. Сўнгра Мадинаи Мунавварага бориб, Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг масжидларини зиёрат қилдик-да, Францияга қайтдик. Францияда шифокорлар менинг соғайганимни кўриб, саросимага тушишди, эсларини йўқотишларига сал қолди. Чамамда улар мендан: «Сиз фалончимисиз?» деб сўрашди. Мен кўксимда фахр ва қатъият ила:

– Ҳа, мен фалончиман, эрим фалончи, – деб жавоб бердим.

Дарҳақиқат, мен тавба қилдим. Яратганга қайтдим, фақат Аллоҳ таолодангина қўрқадиган, фақат Ундангина нажот кутадиган бўлдим. Зеро, тақдиримизни У белгилайди, ҳукм ҳам Уникидир.

Ўша номдор шифокорлар:

– Бу ҳолатингиз ўта ғаройибдир. Қайта текшириб (рентген қилиб) кўриш керак, – дейишди.

Текширишди ҳам. Аммо касалликдан бирор асар топишмади.

Илгари нафас олишда қийналар эдим. Байтул Ҳарамда Аллоҳдан шифо сўраганимдан кейин бу дардимга ҳам даво топдим.

Шундан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳамда саҳобаи киромларнинг тарихлари битилган китобларни ўқидим, ўргандим. Кўп мутаассир бўлиб, узоқ йиғладим. Аллоҳ таоло ва Унинг Расулини севмасдан ўтказган умримга кўп афсус-надоматлар қилиб, тинимсиз йиғлайвердим.

Мен Аллоҳ таолонинг неъматларига шукрона айтаман ва гуноҳларимни кечириб, тавбаларимни қабул этишидан умидворман...»


“Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар” асаридан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Думғаза мўъжизасиҚуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларда инсон вужудидаги, табиатдаги жуда кўп давоми...

11037 11:02 / 12.11.2018
Олимларни ҳайрон қолдирган бир тадқиқотда чумоли ўзини ва атрофини ажиб тарзда тозалаши маълум бўлди. У ўзини ва атрофини шу даражада тозалар эканки, биз давоми...

3567 09:08 / 18.06.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Осмонлару ердаги нарсаларга назар солинглар. Иймон келтирмайдиган қавмларга оятмўъжизалар ва давоми...

3850 15:04 / 23.01.2022
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканларини у зотнинг баъзи ҳадиси шарифларининг мўъжизаларидан ҳам билиб олсак бўлади. Қуйида давоми...

5618 14:00 / 22.01.2019
Аудиолар

120145 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41809 14:35 / 11.08.2021