1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

12-боб. Мушрик отага истиғфор айтилмайди

10:30 / 19.11.2018 3351 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

23. Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«У киши: «(Аллоҳ) азза ва жалланинг «Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема»дан «...мени кичикликда тарбия қилганларидек»гача ояти «Бароат»даги «Набий ва мўминлар учун дўзах эгалари экани аён бўлган мушрикларга, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир» ояти ила насх қилинган», деди».

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Қуръони Каримда бу борада келган икки оятни солиштириб, бири бошқасини насх қилганини айтмоқда.

Бу маънони тўлиқроқ англаб етиш учун аввал ана шу икки оятни батафсил ўрганиб олайлик.

Аллоҳ таоло Исро сурасида айтади:

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!

Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт»(23-24-оятлар).

Бу оятда аввал ягона маъбудга – Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилмоқда. Ундан сўнг бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди».

Бу Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига амри, буйруғи, фармонидир. Бу бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгилхушлик ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғидир. Бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир.

Аллоҳнинг ибодатидан кейин келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг амри. Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейиноқ шу оятнинг ўзида ота-онага яхшилик қилишни ҳам таъкидламоқда. Бу ҳол ўз навбатида Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф», дема».

Бу жумладаги «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъно бор. Бир маъноси – ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси – ота-онанг олдида «уфф» дема, улар «Болам оғир ҳолга тушибди» деб озорланадилар, деганидир.

«...уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!»

Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!

«Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт».

Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У ўз раҳматини хокисорлик ила ота-онасига пастлатиб, пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб дуо қилиб туриши лозим.

Аввал ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар дунё тарихида бу борада мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар экани маълум ва машҳурдир.

«Бароат» (Тавба) сурасида эса Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:

«Набий ва мўминлар учун дўзах эгалари экани аён бўлган мушрикларга, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир»(113-оят).

Маълумки, яқин қариндошлар рўйхатининг аввалида ота-она туради. Бу оятдаги амрга биноан, ота-она мушрик бўлса, фарзанд уларга истиғфор айтиши мумкин эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга рухсат йўқ экан, бошқаларга бўлмаслиги аниқ гап.

Мўмин-мусулмонларга мушриклар учун истиғфор айтиш жоиз эмас, ҳатто яқин қариндоши бўлса ҳам. Улар мушрик бўлгани учун дўзахга тушиши аён бўлди. Мўмин-мусулмон одам учун дўзахга тушиши аён бўлиб турган мушрикка, агар ана шу мушрик ота-онаси бўлса ҳам, истиғфор айтиш дуруст эмас.

Лекин бу дунёда мусулмон фарзанд, ҳаттоки мушрик ота-онасига ҳам яхшилик қилаверади. Бу маънодаги ҳадислар келаси бобда келади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг «биринчи оятни иккинчиси насх қилган» дейишлари биринчи оятдаги яхшилик ҳақидаги амр ҳаёт чоғидаги инсоний алоқаларга тегишли, иймон-эътиқод ва охират мағфиратига эмас, деган маънони билдиради.

У кишининг «насх қилган» деган сўзларини иккинчи оят биринчисини бутунлай амалдан қолдирган, деб тушунмаслик керак. Саҳобалар орасида «насх» сўзи кенг маънода ишлатилган. Жумладан, ушбу мавзудаги каби умумий маънони хослаш учун ҳам қўлланилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Абу Дардо кечаси туриб, намоз ўқиди. Сўнг йиғлаб .Аллоҳим Менинг халқимни гўзал қилдинг, хулқимни ҳам гўзал қилгин,, давоми...

1133 11:00 / 08.05.2023
. , . . , . . ,. .Абу Бакр ибн Ҳафсдан ривоят қилинади.Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У гуноҳ қилган эди. У зот.Онанг давоми...

2774 16:10 / 24.02.2020
63. Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, ораларида қариндошлик алоқасини узган кимса бор қавмга раҳмат тушмайди,, давоми...

2045 14:30 / 15.03.2019
52. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб.Эй Аллоҳнинг Расули Менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи давоми...

2426 14:10 / 18.02.2019
Аудиолар

118784 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40734 14:35 / 11.08.2021