1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Нақшбандиянинг ўн бир асоси

19:01 / 16.11.2018 3440 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нақшбандия тариқатида ўн бир асосга эга бўлган дастур бўлиб, улардан саккизтасини Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу ва учтасини Хожа Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳи йўлга қўйганлар. Сайри сулукка кирган ҳар бир кишига бу дастурни билиш жуда ҳам зарур:

1. Ҳуш дар дам.

«Ҳуш» сўзи «ақл-ҳуш», «ҳушёрлик» маъноларини, «дам» сўзи «нафас» маъносини билдиради. Бу шиорда ҳар бир олинган ва чиқарилган нафасда ҳушёр бўлиш, Аллоҳ таолони эсдан чиқармаслик маъноси ўз аксини топган. Яъни сўфий ҳар нафасида Аллоҳ таолони ёд этиб туриши, хаёли дунёвий ишларга сочилиб кетмаслиги керак. Солик ҳар бир нафасни олиш ва чиқаришда Ҳақ субҳанаҳу ва таоло билан бирга бўлиши лозим.

2. Назар бар қадам.

«Қадамга назар солиш». Бу шиорга биноан, сўфийга юрганида доимо оёғининг учига назар солиб юриш тавсия қилинади. Яъни турли ҳаром нарсаларга назари тушишининг олдини олиш лозим. Шунда соликнинг хаёли сочилмайди, ақли ва фикри Аллоҳ таоло билан бўлади ва дунёнинг жамоли ҳамда матоҳи билан боғланиб қолмайди.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқа баъзи нақш-бандий машойихлар «Назар бар қадам»нинг маъноси ҳақида: ««Назар бар қадам» – сайри сулукдаги ҳоллардан бири бўлиб, соликнинг бир мақомдан иккинчи мақомга ўтишда қалб кўзи билан ўша мақомга назар солишидир», дейдилар.

3. Сафар дар ватан.

«Ватанда сафар қилиш». Бу шиорда ҳар одимда аслига ва Ҳаққа сафар қилиш маъноси бўлиши кераклиги илгари сурилган.

Нақшбандийлар таълимотида сафарнинг уч хил маъноси бор:

Биринчи маъно: Ер юзида ибрат учун сафар қилиш. Ер юзида сафар қилиш махлуқотларга назар солиш ила тушунчани кенгайтиради ва ибрат олишга сабаб бўлади. Шу билан бирга, банданинг назар орқали Аллоҳ таолонинг буюклигини англаб етишига ёрдам беради.

Иккинчиси: Етук муршидни ахтариб, сафар қилиш. Бу борада кўпчилик машойихлар ўзларига етук муршид ахтариб, диёрларни кезганлари мисол қилиб келтирилади.

Учинчиси: Соликнинг башарий сифатдан малакий сифатга ва ёмон сифатдан яхши сифатга сафар қилишидир. Махлуқотлар оламидан Ҳақ субҳанаҳу ва таоло томон сафар қилишдир. Бир ҳолдан ундан аълороқ бўлган ҳолга сафар қилишдир. 

4. Хилват дар анжуман.

«Анжуманда хилват қилиш». Бу шиорда сўфийнинг ўзи халқ ичида турган бўлса ҳам, Ҳақ билан холи бўлиш малакасига эга бўлиши кўзда тутилган. Яъни ташида халқ билан бўлса ҳам, ичида Ҳақ билан бўлади.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ

«...бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган Кундан қўрқарлар» (37-оят).

Бу оятда Аллоҳнинг нурини идрок этишга ва унинг файзидан баҳраманд бўлишга ҳақли кишиларнинг сифатлари келтирилмоқда. Аллоҳ таоло неъматини, нурини кўринганга ато қилавермайди, албатта. Балки маълум сифатларга эга бўлган зотларгагина ато этади. Ана ўша инсонларнинг сифатларидан бири Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этиш – тасбеҳ айтиш бўлса, яна бир сифати тижоратга ҳам, олди-сотдига ҳам машғул бўлмасдан, Аллоҳни зикр этишларидир. Яъни улар иш вақтида ҳам Аллоҳни унутмайдилар. Тижорат ва олди-сотди билан машғул бўлиб, намозни, хусусан, жамоат намозини қолдирмайдилар. Ўзим тижорат қилиб, зўрға топдим-ку, деб закот беришдан ҳам қочмайдилар. Чунки

«Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган Кундан қўрқарлар».

Яъни қиёмат кунидан қўрқадилар. У Кунда тижорат билан, олди-сотди билан машғул бўлиб, Аллоҳнинг зикрини, намозни тўкис адо этишни, закот беришни унутганларнинг қалблари ва кўзлари қўрқинчдан изтиробга тушади.

Машойихларнинг айтишларича бунда солик зикрга ғарқ ва машғул бўлганидан, дилига зикр ғалаба қилганидан бозорга кирса ҳам, гап-сўзларни, овозларни эшитмайдиган даражага эришади. Яъни ғала-ғовур ҳар қанча бўлса ҳам, уни зикрдан тўса олмайди.

(давоми бор)


Нақшбандия: вазифалар, зикрлар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Покланиш, тикланиш ва хулқланиш босқичларини мувофақият ила ўтказган нафс кўзланган мақсадга эришади. Ундай нафс ўзидаги барча нуқсон ва кирларни кетказган, давоми...

3808 05:00 / 28.02.2017
Чақимчилик араб тилида .намийма, дейилиб, луғатда бир нарсани зоҳир қилишни билдиради. Уламолар чақимчиликни қуйидагича таърифлаганлар Имом Нававий .Чақимчилик давоми...

3341 15:00 / 27.03.2021
Роббликда ширк келтириш Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .hellipва ўз Роббимизга ҳеч кимни ширк келтирмасмиз,, деб мараҳамат қилган. Жин сураси, 2оят. Аллоҳ давоми...

2099 17:00 / 10.07.2021
.Авлиёлардан бирортасини анбиёларнинг бирортасидан афзал кўрмаймиз. Битта набий ҳамма валийдан афзалдир, деймиз,.Шарҳ Яъни авлиёлардан бирортаси, ким бўлишидан давоми...

3509 16:00 / 29.06.2019