1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Савдода алдамчилик каби ишлар ҳаром

17:07 / 19.10.2018 2473 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савдода одамларнинг кўзини бўяш, алдамчилик каби ишлар ҳам ҳаромдир.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб: «Қандай сотяпсан?» деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у зотга: «Қўлингни у(таом)нинг ичига киргиз», деб ваҳий қилинди. У зот қўлларини киргизсалар, ҳўл экан. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким алдаса, биздан эмасдир», дедилар».

Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилишган. Муслим ва Термизийнинг лафзида: «У зот: «Эй таом эгаси, бу нимаси?!» дедилар. «Ёмғир теккан эди, эй Аллоҳнинг Расули», деди. «Одамлар кўришлари учун буни таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди?! Ким алдаса, мендан эмас!» дедилар», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги таом деб номланган ва савдога қўйилган мол буғдой бўлиб, унга осмондан тушган ёмғир тегса, шишиб, оғир бўлиб қолади. Шунинг учун сотувчи ўлчовда ботил йўл билан фойда кўради. Иккинчидан, ёмғир теккан буғдойни сақлаб бўлмайди. Шунинг учун бундай махсулотларни айбини айтмай сотиш алдамчилик ҳисобланади.

Ушбу ҳадисдан савдо-сотиқ борасида бир қанча фойдалар олинади:

1. Ислом дини савдо-сотиқ, иқтисодий ишларда ҳам ўз таълимотларига эга экани.

2. Масъул кишилар савдо-сотиқ ишлари шариатга мувофиқ боришини кузатиб туриши лозимлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўрашлари ва қўлларини солиб, текшириб кўришлари шуни кўрсатади.

3. Савдо молида айб бўлса, уни харидорга айтиш ёки кўрсатиш лозимлиги. Айбини кўриб, билиб туриб олса, ўзининг иши.

4. Савдода алдамчилик қилиш савдогарни мусулмонлик доирасидан чиқариши.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Биздан эмасдир», деганлари «Менинг динимда эмас», деганларидир.

Энди бугунги катта-кичик савдогарларнинг қилаётган ишларига бир назар солайлик.

Савдонинг қайси тури бўлса, ҳаммасида харидорни яхшилаб алдаш услуби ишлаб чиқилган. Сотувчининг нима қилиб бўлса ҳам харидорни алдаб, молини ўтказиб олишдан бошқа ташвиши йўқ.

Бунда кўргазмага яхши, сифатли молни қўйиб, ёмонини тортиб ёки ўлчаб бериш энг осон услуб.

Аввалгиларга ўхшаб, «Ёмғир тегиб қолган эди», дейиш қаёқда, зироат маҳсулотини бозорга олиб чиқиш учун узиб ёки териб олишдан олдин, томиридан сув ичиб, тўйиб олгунича атайлаб сув қўйилади. Маҳсулот тарози босадиган бўлганидан кейингина бозорга олиб чиқилади. Бундай маҳсулотни еган одамнинг эса мазаси қочиши шубҳасиз.

Бозорда шеригининг ширин анорини сўйиб, кўргазмага қўйиб, ўзининг аччиқ анорини пуллайдиганларга жуда кўпчилигимиз алданганмиз.

Озғин қўйнинг оёғидан тешик очиб, насос билан ичига ҳаво пуфлаб шишириб сотишар экан. Ўша қўйни бозордан сотиб олиб келиб, қўйхонага қамаб қўйиб, бир пиёла чойни ичиб бўлиб қараса, қўйнинг пучайиб ётганидан фиғони фалакка чиққан харидорларнинг ҳасратларига шерик бўлганлар ҳам орамизда йўқ эмас.

Қўйингки, бозор ҳеч бир инсон боласининг ақлига сиғмайдиган ҳийла-найранг, алдов, қаллоблик каби иллатларнинг уясига айланган. Ушбу нарсаларни касб қилиб олган алдамчилар ўзини мусулмонман, деб аташга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиданман, дейишга ҳақлари бормикан?!

Аллоҳ таолодан қўрқиш, алдамчиликни ташлаш керак. Алдамчилик билан топилган мол-дунё ҳаром бўлади, эгасига юқмайди, бошига битган бало бўлади. Энг асосийси, Аллоҳ таолодан қўрқмаган, алдамчиликни ўзига касб қилиб олган кимса қиёматда шарманда бўлади.

“Бозор ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ Фузайл ибн Иёзнинг ҳузурига кириб, .Эй Абу Али, бизга насиҳат қилинг,, деди. Фузайл ибн Иёз шундай дедилар .Эй олимлар, сизларга давоми...

1330 07:10 / 19.08.2019
252. 319. Ибн Аббосдан ривоят қилинади .Ким биродарининг олдига зиммасидаги ҳақни адо этиш учун юриб борса, ҳар бир қадамига садақа ёзилади. Ким йўл кўрсатиб қўйса, давоми...

4265 11:00 / 08.07.2022
Исм ва нисбаси Имом Мотуридийнинг тўлиқ исми шарифи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд алМотуридий, асСамарқандий, алАнсорийдир. Тадқиқотчилар у кишига давоми...

1852 13:30 / 17.04.2020
Қуръони каримда фиръавндан ташқари унинг яқин хизматкорларидан бири ndash Ҳомоннинг исми ҳам тилга олинади. Аммо қизиғи шундаки, Тавротда, Мусо алайҳиссалом ва у давоми...

6227 17:00 / 30.12.2018