1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Фазл аҳлига тақдим қилиш

05:00 / 14.02.2017 2856 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Ҳафса Хунайс ибн Ҳузафа ас-Саҳмийдан бева қолди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб, Мадинада вафот этган эди. Бас, Умар айтдики:
«Ҳафсани Усмонга тақдим қилдим. У, бу ишга бир назар солай, деди. Бир неча кеча кутдим. Сўнг у менга учрашиб, ҳозирги кунда уйланмай турганим маъқулга ўхшайди, деди.
Абу Бакр Сидиққа учрадим ва, агар хоҳласанг, сенга Ҳафсани никоҳлаб бераман, дедим. Абу Бакр индамади. Ўшанда ундан Усмондан аччиғим чиққанидан кўра кўпроқ аччиғим чиқди. Бир неча кун турганимдан сўнг унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совчи бўлдилар ва мен уни у зотга никоҳлаб бердим. Сўнгра Абу Бакр менга учраб:
«Эҳтимол, Ҳафсани менга тақдим қилганингда ва мен сенга жавоб бермаганимда аччиғинг чиққан бўлса керак?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Мени сенга жавоб беришимдан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни зикр қилганларини эшитганим ман қилди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қилишим мумкин эмас, эди. Агар у зот тарк қилсалар, қабул қилишим мумкин эди», деди Абу Бакр
». Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудек ҳассос инсон бева қолган қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳога кўнгилдагидек, аҳли фазл умр йўлдоши ахтаришга ҳаракат қилганлари очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Баъзи кишилар бу ишни уят, ор ҳисоблайдилар. Қизи бор одам, ўз қизини бировга хотинликка қандоқ ҳам қилиб тақдим қилиши мумкин? деб ўйлайдилар. Қизи бор одам совчи келган чоғда ҳам ноз қилиб туриши лозим, деган фикрда бўладилар. Бу урф-одатга боғлиқ нарса бўлиб, шариатда ҳеч тааллуқи йўқ нарсадир.
Мана, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни олиб кўрайлик. Шариатга энг қаттиқ амал қиладиган одамлардан бири, ҳасаб-насаб, ижтимоий ҳолат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлик, кишилар орасидаги ҳурмат-эътиборлари ҳавас қиларлик даражада яхши. У кишининг қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳо ҳам ҳеч бир камчиликлари йўқ. Улар ноз қилиб совчи кутмай, аҳли фазл куёв ахтаришган. Ҳазрати Усмонга, мени қизимни ол, деб илтимос қилганлар. Бир неча кун ўтиб яна қайтиб бориб сўраганлар. Охири рад жавоб олганлар. Шунинг ўзи анчагина зарба бўлиб тушиши керак эди.
Аммо Умар розияллоҳу анҳу бу билан кифояланмадилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб Ҳафса розияллоҳу анҳога уйланишни таклиф қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларини ғалати тутдилар. Ҳа, ҳам демадилар, йўқ, ҳам демадилар. Индамай кетавердилар. Бу ҳолат Умар розияллоҳу анҳунинг аччиғларини чиқарди. Лекин кўп ўтмай энг муносиб, энг яхши, энг улуғ куёв топилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ўзлари Ҳафса розияллоҳу анҳога уйланиш истагини билдирдилар ва уйландилар.
Ана шундан сўнг, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларини ғалати тасарруфларининг сирини очдилар. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳафса розияллоҳу анҳога уйланиш ниятлари борлиги ҳақидаги гапларини эшитган эканлар. Буни Умар розияллоҳу анҳуга очиқ айтиш мумкин эмас эди. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий сирлари ҳисобланар эди.
Демак, валий ўз қарамоғидаги қизи, синглиси ёки бошқа аёл қариндошини аҳли фазл кишиларга айтиб никоҳига беришга уриниши яхши иш ҳисобланади. Бу иш шаръий, одоб ахлоқ доирасидаги ишдир. Ушбу ишни қилган кишига нисбатан қарши томон ҳам муносиб бўлишга уриниши лозим. Ундоқ кишига ўта эҳтиётлик ва одоб билан муомала қилмоғи, бошқалар орасида гап тарқатиб у кишининг ғурурига, ору-номусига тегадиган тасарруф қилмаслиги лозим.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир аёл келиб у кишига ўз нафсини тақдим қилди. У зот унга бошдан оёқ назар солиб қарадилар». Бешовлари ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда:
«Анас: «Бир аёл ўз нафсини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тақдим қилди», деди.
Анаснинг қизи кулиб:
«Қандоқ ҳам ҳаёси оз экан», деди. Шунда Анас,
«У сендан яхши. У нафсини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тақдим қилди», деди
».
Шарҳ: Бу жуда машҳур ҳодиса бўлиб, ўзини Пайғамбар алайҳиссаломга ҳиба қилган аёл, ҳадиси номи билан машҳур.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлга уйланмаганлар. Бошқа бир ривоятда келишича мусулмонлардан бири, эй, Аллоҳнинг Расули, сизнинг унга ҳожатингиз бўлмаса, мени унга уйлаб қўйинг, деган.
Ушбу ривоятдан аёл ўз нафсини аҳли фазл кишиларга тақдим қилиши жоиз эканини билиб оламиз. Бу ишлар аҳли фазл кишилар ҳаётида доимо бўлиб келган ва жуда ҳам яхши баҳоланган. Яхши куёвли бўлиш учун ҳаракат қилиш яхши ишлигини тушунмоқ лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2012 йил юртимизда Мустаҳкам оила йилиrdquo, деб эълон қилинди. Оиланинг мустаҳкамлиги жамиятни кучли ва мустаҳкам бўлишига энг асосий сабабдир. Чунки катта жамият давоми...

7721 05:00 / 15.02.2017
...Оила қуриш ниятидаги кишилар бевосита бирбирлари билан кўришишлари шариат ҳукмига биноан ўтиши керак. Ўзлари хилватда ёлғиз қолишлари мумкин эмас. давоми...

5442 05:00 / 14.02.2017
Уйланишга танланадиган аёлнинг сифатлариСавол Эр уйланиш учун танлаётган аёлнинг қайси сифатларига эътибор бериши керакЖавоб Қуйидаги сифатлар1. Диндор давоми...

3044 05:00 / 15.02.2017
У зотнинг с.а.в. никоҳлари шаҳват қасди билан бўлганмиПайғамбар с.а.в. агар лаззат ва шаҳват йўлини хоҳлаганларида фақат бокира қизга уйланган бўлардилар. Аммо у давоми...

7118 05:00 / 14.02.2017