1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Ичимлик ичиш одоблари

06:02 / 03.09.2018 7470 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таомланишнинг бир қисми бўлмиш ичимлик ичиш ҳам инсоннинг доимо ҳожати тушиб турадиган ишлардан биридир. Ичимлик ичишда одам боласининг маданияти, одоби намоён бўлади. Исломда бошқа нарсалар қатори, ичимлик ичиш бўйича ҳам юксак одоб намуналари жорий қилинган. Мазкур одобларга ният орқали амал қилган мусулмонлар ичимлик ила нафсларини қондириш билан бирга ажр ва савоблар ҳам оладилар. Қуйида сиз, азизларга ичимлик ичиш одобларидан баъзилари тақдим қилинади:

Ичимлик ичишдан олдин «бисмиллаҳ» айтилади.

Бу муборак лафзни айтиш барча ишларда муҳим бўлгани каби, мусулмон инсон учун ичимлик ичишдан олдин ҳам жуда зарурдир.

Ўнг қўл билан ичилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхшилик, эҳтиром, хайр маъносидаги бир нарсани олиш ёки бериш, ичиш, ейиш, кийиш, ювиш каби ишларни ўнг қўл билан қилар ва ўнгидан бошлар эдилар.

Умуман, Исломда яхшилик маъноси ўнг томонга боғлаб қўйилган. Аҳли жаннатлар «ўнг томон соҳиблари» дейилади. Бу дунёда яхши амаллар билан ўтган кишиларнинг номаи аъмоллари қиёмат куни ўнг томонидан берилади. Ҳатто намоздаги сафда имомнинг ўнг томонида туриш афзал ҳисо-бланади. Қолаверса, ҳадисда зикр қилинганидек, ҳар бир шарафли, яхшилик, поклик ва зийнат ишларини ўнг қўл билан қилиб, ўнгдан бошлашга тарғиб этилади.

Аксинча, чап тараф нохуш, нопок ишларга хос қилинган. Аҳли дўзахлар «чап томон соҳиблари» дейилади. Бу дунёда ёмон ишлар билан ўтган кишиларнинг номаи аъмоллари охиратда чап қўлларидан (томонларидан) берилади.

Нопокликдан тозаланиш, масалан, истинжо, аъзолардаги нопокликни кетказиш, бурун қоқиш каби ишлар чап қўл билан қилинади.

Бу кўрсатмаларга риоя қилиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига риоя қилишдир, Ислом маданиятининг рамзларидандир. Кўпчилигимиз бу нарсаларнинг фарқига бормаймиз. Ҳамма нарсани аралаш-қуралаш қилаверамиз. Бу билан, аввало Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, исломий одобларга хилоф иш қилган бўламиз. Қолаверса, Ислом маданиятидан хабардор кишилар ҳузурида ким эканимизни ошкор қилиб қўямиз.

Бу одобларга мунтазам амал қилиш лозим. Агар айтиш жоиз бўлса, бу нарсалар мусулмон маданиятининг белгилари, мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган хусусиятлардандир.

Уч марта бўлиб-бўлиб, нафас олиб ичилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимлик ичганда уч марта нафас олар эдилар ва: «Мана шу қондирувчироқ, безарарроқ ва сингувчироқ», дер эдилар».

Анас: «Бас, мен ҳам ичимлик ичганда уч марта нафас оламан», деди».

Идишнинг ичига нафасини урмайди.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирортангиз ичса, идиш ичига нафас олмасин», дедилар».

Ичимлик ичаётган одам нафас олмоқчи бўлса, ичишдан тўхтаб, идишни оғзидан узоқлаштириб туриб, кейин нафас олади. Сўнгра яна ичишни давом эттиради.

Ичимлик ўтирган ҳолда ичилади.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичимлик ичишдан қайтарганлар. Фақат замзам сувини қиблага юзланган ҳолда тик туриб ичса бўлади.

Ичимлик симириб ичилади.

Бир нафас билан сипқориш, хўриллатиб, турли овозлар чиқариб ичиш беодобликдир.

Ичимликни ўта тўйиб кетадиган даражада ичилмайди ва сув идишининг оғзидан ичилмайди.

Чунки бу нарса одобга мутлақо тўғри келмайди.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мешларнинг оғзидан ичишдан қайтардилар».

Ушбу уч ҳадисни Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Ичимлик ичмоқчи бўлган одам ичимлик сақланадиган идишдан қадаҳга (пиёлага) қуйиб олиб, сўнг ичиши лозим. Ҳар кимнинг умумий идишга оғзини қўйиб ичавериши таби-атга ҳам, одобга ҳам, тиббий кўрсатмаларга ҳам тўғри келмайди.

Идишнинг учган жойидан ҳам ичилмайди.

Чунки у жойга кир тўпланган бўлади.

Ичимликни ичиб бўлгандан кейин Аллоҳга ҳамд айтилади.

Шунда инсонларга мазали, покиза, шўр бўлмаган, зилол ва чанқовни босадиган сувни ато этиб қўйган Аллоҳга шукр айтган бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Туянинг ичишига ўхшаб, бир мартада ичманглар. Икки марта, уч мартада ичинглар. Қачон ичсангиз, тасмия айтинг. Қачон ичиб бўлсангиз, ҳамд айтинг», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ичимликни ичиб бўлган одам бошқа кишига бермоқчи бўлса, ўнг тарафидаги одамга узатади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга сув аралаштирилган сут келтирилди. У зотнинг ўнг томонларида бир аъробий, чап томонларида Абу Бакр бор эди. Шунда у зот ўзлари ичиб, сўнгра аъробийга бердилар ва:

«Ўнг тарафдан, ўнг тарафдан», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Тилла ва кумуш идишларда таом еб, ичимлик ичиб бўлмайди.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тилла ва кумуш идишларда ичманглар. Ипак ва дебожни кийманглар. Чунки ўшалар бу дунёда улар учун, охиратда сизлар учун», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Тилла ва кумуш идишларда таом ейиш, ичимлик ичиш, мой ёки хушбўй суртиш эркак ва аёллар учун ҳаромдир. Шунингдек, тилла ёки кумуш қошиқда таом ейиш, шундай қадаҳда ичимлик ичиш, тилла ойна, қалам, сиёҳдон кабиларни ишлатиш ҳам мумкин эмас. Тилла ёки кумуш идишга солинган таомни чинни идишга ўтказиб олиб еса бўлади.

Шариатимизда тилла ва кумушни идиш сифатида ва шунингдек, бошқа турмуш асбоблари сифатида ишлатишнинг ҳаром қилингани бир неча ҳикматларга биноан бўлганини уламолар алоҳида таъкидлайдилар:

1. Тилла ва кумуш қадимда ҳам, ҳозирда ҳам пул бирлиги, гоҳида муомаладаги, гоҳида эҳтиётдаги давлат мулки сифатида ишлатиб келингани ҳаммага маълум. Агар тилла ва кумушни идиш ёки шунга ўхшаш нарсаларга ишлатиш йўлга қўйиладиган бўлса, мазкур соҳага, яъни хазина бойлиги соҳасига зарар етиши мумкин бўлиб қолади.

2. Тилла ва кумушдан идиш-товоқ, тароқ, қошиқ ва шунга ўхшаш нарсалар тутишга изн берилса, бойлар орасида манмансираш, мутакаббирлик, ҳамма нарсасини тилладан қилишга уриниш кучайиб кетиб, жамиятда ноқулай ҳолат вужудга келади. Дунёни ларзага солган кўпгина салтанатларнинг (империяларнинг) таназзулга юз тутишларига айнан шунга ўхшаш ҳолатлар сабаб бўлгани ҳаммага маълум.

3. Тилла ва кумушдан турли асбоб-анжомлар тутишга рухсат бўлса, бойлар бу борада ўзаро кимўзарга мусобақа қилган бир пайтда камбағалларнинг кўнгли синиб, паришонҳол бўлишлари юзага келади. Ислом эса бу ҳолатга ҳеч қачон йўл қўймайди.

Ичимлик қуйиб берган кишининг ўзи охирида ичади.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қавмнинг соқийси ичишда уларнинг охиргисидир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ, деган.

Одоб бўйича бир қавмга соқийлик қилиб, сув ва бошқа чанқовбосди ичимликлар тарқатиб турган киши ўзи охирида ичади. Олдин меҳмонларнинг хизматини қилиб, савобни тўлиқ олгач, сўнгра бемалол ўзи ичса бўлаверади. Таом улашиш билан машғул дастурхончи ҳам шундай қилади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг

“Ижтимоий одоблар” китобидан



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
345. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Киши биродарини беморлигида кўргани борса ёки зиёрат қилса, Аллоҳ унга .Сен хушҳол бўлдинг, давоми...

5263 18:56 / 01.03.2018
119. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга.Эй Аллоҳнинг Расули Фалон аёл кечаси намозда қоим бўлади, кундузи рўза тутади, яна бошқа давоми...

4563 19:20 / 29.01.2018
Одоб масаласини инсоният тарихида илк бор Исломгина тўлақонли равишда бошлаган, унга катта аҳамият берган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Исломда инсон давоми...

6291 23:13 / 18.08.2017
Яна Луқмон сурасида марҳамат этилади .Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир, 19оят.Яъни, юришинг ўртача давоми...

2892 14:47 / 18.10.2018
Видеолар

2505 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

120108 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41774 14:35 / 11.08.2021