1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Таом ейиш одоблари

11:48 / 02.09.2018 11827 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таом тановул қилишдан олдин икки қўл ювилади.

Исломда таомдан олдин икки қўлни ювиш диний таълимотлар орасига қўшилган ва у «барака» деб аталган.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Таомнинг баракаси ундан олдин (икки қўлни) ювишдир ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Олим ва катта ёшдаги кишилар таом тановул қилишни бошламагунларича, бошқаларнинг кутиб туриши юксак одоб намуналаридандир.

Бу одобни бошқа одоблар қатори, болаларга ҳам ёшликларидан ўргатиб бориш керак. Баъзи халқларда ушбу одоб аллақачон унутилиб қолган. Бизда унга амал қилиш ҳозир яхши даражада, дея оламиз. Фақат бу одобга амал қилишда бардавом бўлиш керак.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан таомга ҳозир бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошламагунларича, қўлларимизни узатмас эдик».

Муслим ривоят қилган.

Таом тановул қилишни бошлашда «бисмиллаҳ» айтилади.

Динимизда барча яхши амаллар тасмия («бисмиллаҳ») билан бошлангани каби таом истеъмол қилиш ҳам Аллоҳнинг номи ила бошланади.

Таом ўнг қўл билан ейилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом барча ишларни ўнгдан бошлашни яхши кўрар, жумладан, таомни ҳам ўнг қўллари билан ер эдилар.

Ҳар ким ўз олдидан ейди.

Таом лаган каби идишда келтирилса, ҳар ким ўз олдидан ейди, бировнинг олдидаги таомга қўл узатмайди. Чунки бировнинг олдидаги таомга қўл узатиш ғирт беодобликдир.

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоқда бориб-келар эди. Шунда у зот менга: «Эй ғулом! «Бисмиллаҳ», дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!» дедилар. Шундан сўнг ейишим шундай бўлди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилганлар.

Қўл билан еганда, таом учта бармоқ билан олинади.

Бундан кўп бармоғини ишга солиш очкўзликдир.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бормоқлари билан ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин уларни ялар эдилар».

Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Таом суяниб, ёнбошлаган ҳолда ейилмайди.

Аввало, бу иш беодоблик, маданиятсизликдир. Қолаверса, ёнбошлаб ётган одамнинг таом юрадиган аъзолари – ичаклари, қорни, ошқозони ноқулай ҳолга келиб, фаолияти сустлашади. Бинобарин, у еган таомнинг ошқозонда қайта ишланиши, ҳазм бўлиши қийинлашади. Оқибатда инсон соғлиғига зарар етади.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен суянган ҳолимда емайман», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.

Қўлдан тушган ва дастурхонга тўкилган таом олиб ейилади. Қўлда ва идишларда қолган таом юқларининг исроф бўлишига ҳам йўл қўйилмайди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади; таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирортангиздан луқма тушса, ундаги нопокликни кетказиб, кейин есин. Уни шайтонга қолдирмасин. Фориғ бўлгач, бармоқларини яласин. Чунки у таомининг қаерида барака бўлишини билмас», дедилар».

Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Таом еб бўлинганидан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуо қилинади.

Еб-ичгандан кейин шукр қилиб, ҳамд айтишда Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи ризқ берувчи Зот эканини эътироф қилиш бор. Шу билан бирга, бу ишда Аллоҳ таолога шукрни доимий янгилаб туриш маъноси ҳам бор. Шукр қилган бандага эса Аллоҳнинг Ўзи неъматларини зиёда қилиб беришни ваъда қилган.

Диёримизда овқатланишдан кейин қилинадиган дуолардан «Алҳамдулиллаҳиллазий атъаманаа ва сақонаа ва жаъаланаа минал муслимийн» («Бизни едирган, ичирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин») деган дуо кенг тарқалган.

«Сунан» соҳибларининг ривоятида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таомланишдан фориғ бўлсалар: «Бизни едирган, ичирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дер эдилар», дейилган.

Таомдан кейин икки қўл ювилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. Таомдан қолган юқларини ювиб, кетказиш юксак одоб намунасидир.

Таомдан кейин аввал тиш тозалагич ила тиш тозаланиб, чиққан овқат қолдиқлари туфлаб ташланади.

Сўнгра оғиз чайилади. Агар тиш фуршаси ила ювилса, яна ҳам яхши бўлади.

«Сувайд ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу деди:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хайбарга чиқдик. Саҳбога етганимизда, у зот таом опкелтирдилар. Толқондан бошқа ҳеч нарса келтирилмади. (Ўшани) едик. Сўнг у зот намозга тураётиб, оғизларини яхшилаб чайдилар. Биз ҳам чайдик».

Бухорий ривоят қилган.

Овқатланишнинг исломий маданиятига кўра ҳар бир мусулмондан таомдан кейин оғзини яхшилаб чайиши талаб қилинади. Бу ишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлари ҳақида ривоятлар кўп. Мусулмонлар оғизнинг тоза-пок бўлишига доимо катта эътибор берганлар. Оғиз билан Қуръони карим, ибодат дуолари ўқилади, Аллоҳ таолонинг зикри қилинади, шунинг учун у доимо пок бўлиши, турли нохуш ҳидлар чиқмаслиги керак.

Таомни ёмонлаш мутлақо мумкин эмас.

Ҳар қандай ҳалол таом банда учун Аллоҳ таолонинг неъмати ҳисобланади. Ҳар қандай неъмат учун банда Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Фақат нонкўр инсонгина шукр ўрнига таомни айблашга ўтади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор таомни айбламасдилар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар. Кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилганлар.

Мусулмонлик одоби ҳар қандай таом тановул қилганда уни мақташни, айбламасликни ва таом тайёрлаган шахсга ташаккур изҳор қилишни тақозо қилади.

Таом тайёрлаган шахс таом тановул қилган кишига яхшилик қилган шахсдир. Яхшилик қилган кишига эса ташаккур айтиш лозим. Зотан, умумий қоида шуки: «Одамларга ташаккур қилмаган Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди».

Таомни дастурхонда тартиб билан тановул қилиш юксак одобдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар. Саҳобаларни, сиз билан биз умматларини ҳам шундай қилишга ундаганлар.

Таомланишдан Аллоҳ таолонинг ибодатига, тақвосига тайёрланиш ният қилинади.

Овқат ейиш лаззатланиш ва фахрланиш учун бўлмаслиги зарур. Шундагина инсон қилган нияти туфайли овқатланганига ҳам савоб олади.

Дастурхон устида камтарлик ила ўтирилади.

Кибр ва манманлик барча жойларда ҳам мусулмон инсонга тўғри келмаганидек, дастурхон устида ҳам тўғри келмайди.

Таом тановул қилишда шошилмаслик керак.

Таом аста, яхшилаб чайналади, бунда беўхшов овозлар чиқишига йўл қўйилмайди. Шошилиб овқатланиш беодоблик ва очкўзлик аломати бўлиши билан бирга, соғлиққа зарар ҳам келтиради.

Таомни керагидан ортиқча емаслик зарур.

Чунки бу нарса энг аввало исрофдир, қолаверса, кўп таом еган киши ланж, лоқайд, ибодатларга бефарқ бўлиб қолади, яна кўп таом ейиш оқибатида одам семириб, турли касалликларга чалиниши ҳам мумкин.

Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган емаклар кифоядир. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Таомнинг борига шукр ва қаноат қилиш, яхшисини ахтариб, ўзини овора қилмаслик мусулмоннинг юксак одобидандир.

Мусулмон киши турмушини яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳнинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри келмайди.

Таомни якка-якка емай, жамланиб емоқда барака борлигини унутмаслик зарур.

«Устида кўп қўл бўлган овқат Аллоҳ ҳузурида овқатларнинг севимлисидир», деганлар Пайғамбар алайҳиссалом.

«Бир жамоа одамлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз еймиз, лекин тўймаймиз», дейишди.

«Эҳтимол, тарқоқдирсизлар?» дедилар у зот.

«Ҳа», дейишди.

«Таомингизга тўпланинглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. (Шунда) сизларга унда барака берилур», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Таом иссиқ бўлса, унинг совушини кутиб туриш ҳам таомланиш одобларидандир.

Таом иссиқ ёки жуда совуқ ҳолда ейилмайди, унга пуфланмайди, ҳидлаб кўрилмайди, хўриллатиб ёки чапиллатиб истеъмол қилинмайди.

Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У кишига сарийд (таом) келтирилса, ҳовури босилгунча устини ёпиб қўйишга буюрар ва:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Шунда катта барака бор», деяётганларини эшитганман», дер эди».

Доримий ривоят қилган.

Таомни пуфламаслик юксак исломий одобдандир.

Таом устида нафас олинмайди, агар у иссиқ бўлса, пуфлаб совутилмайди. Луқмани олиб бораётганда оғиз катта очилмайди. Таом ейилаётган қўл коса ёки товоққа, дастурхонга силкитилмайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таом ва шаробга пуфлашдан қайтардилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Таомни четидан еб бориш одобдандир, ўртасидан ва устидан ейиш беодобликдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз таом еса, товоқнинг уст томонидан емасин. Балки паст томонидан есин. Чунки барака унинг уст томонидан нозил бўлур», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар ва Термизийнинг лафзида:

«Барака таомнинг ўртасидан нозил бўлади. Бас, уни атрофидан енг, ўртасидан еманг», дейилган.

Таомни ўтириб ейиш одобдандир, тик туриб ёки юрган ҳолда ейиш беодобликдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар. Шунда:

«Ейиш-чи?» дейилди.

«У яна ҳам оғирроқ», дедилар».

Термизий ва Муслим ривоят қилганлар.

Муслимнинг лафзида:

«У яна ҳам ёмонроқ ёки чиркинроқ», дейилган.

Яқинда турган кишиларни, ходимларни ҳам бирга овқатланишга чорлаш юксак одоб намунасидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирортангизнинг ходими унинг таомига, (таомининг) иссиғи ва тутунига кифоя қилса, қўлидан ушлаб, ўзи билан бирга ўтирғизсин. Агар кўнмаса, бир луқма олиб, унга егизсин», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Дастурхон устида гаплашиб ўтириш мустаҳабдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар шундай қилганлар.

Таомланиш охирига етганда, ҳамма бирга дуо қилиб, ўрнидан туриши юксак одобдир.

Шунда ҳамма охиригача таомланиб, ҳеч ким хижолат бўлмай, барча баравар турган бўлади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Убоданикида нон ва ёғ едилар. Фориғ бўлган чоғларида:

«Ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилсин. Таомингизни аброрлар есин. Фаришталар сизга истиғфор айтсин», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.


“Ижтимоий одоблар” китобидан



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Экин, кўчат экканда динимизда ваъда қилинган улуғ ажр савобга эга бўлиш учун қуйидаги шартларга риоя қилиш даркорНиятни тўғри қилиш.Фақат дунёвий манфаат кўришни давоми...

4429 15:30 / 24.03.2018
95. Абу Саъиддан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди,, дедилар,.Шарҳ Бу ҳадис юқорида ҳам шарҳлаб ўтилди. Албатта, ушбу давоми...

4579 18:27 / 29.01.2018
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади.Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози давоми...

13298 23:09 / 18.08.2017
677. Анасдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони кўп қилар эдилар.Аллоҳим Бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва давоми...

9540 15:14 / 26.04.2018
Видеолар

2474 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

118721 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40689 14:35 / 11.08.2021