1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закот берувчининг вазифалари

12:50 / 12.06.2018 3745 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Закотни адо қилувчи банданинг зиммасида бажариши лозим бўлган қуйидаги вазифалар бор:

1. Закотдан мурод нималигини фаҳмлаши керак. У уч нарсадан иборат: Аллоҳ таолонинг муҳаббатини даъво қилувчини ўзи муҳаббат қўйган нарсасини чиқариши билан синаш; ҳалокатга олиб борувчи бахиллик сифатидан покланиш; мол-мулк неъматига шукр қилиш.

2. Риёкорликдан холи бўлиш учун закотни сир тутиш. Уни изҳор қилишда фақирни хорлаш бор. Агар «закотни бермади» деган туҳматдан қўрқса, фақирларга жамоат ичида очиқчасига беради. Бошқаларга пинҳона равишда беради.

3. Закотини миннат ва озор билан бузмайди. Инсон фақирга эҳсон қилаётганида  миннат ҳосил бўлиши мумкин. Аслида эса, унинг закотини олган фақир киши Аллоҳ таолонинг унга буюрган ҳақини қабул қилиб, унга яхшилик қилаётган, унинг молини бировнинг ҳаққидан поклаётган бўлади. Закот берувчи яхшироқ ўйлаб кўрса, унинг закот чиқариши у билан фақир ўртасидаги муомала эмас, балки мол неъматига шукрдир. Шунинг учун фақир одам фақирлиги учун ҳақоратланмаслиги керак, чунки фазл мол-мулкнинг борлиги ёки йўқлигида эмас.

4. Бераётган нарсасини кичик санаши лозим, чунки ишни катта санаган одам у билан фахрланади. Яхши иш уч нарса билан: уни кичик санаш, тезлатиш ва сир тутиш ила тугал бўлади.

5. Закот берувчи молидан энг ҳалолини, энг яхшисини ва ўзига энг маҳбубини чиқарсин. Ҳалолига келсак, Аллоҳ таоло покдир, покдан бошқани қабул қилмас. Яхшисига келсак, Аллоҳ таоло:

 «Инфоқ қилганингизда нопокни кўзламанг», деган (Бақара сураси, 267-оят). 

Бу маънода икки нарсани мулоҳаза қилиш керак.

Биринчиси Аллоҳ таолонинг ҳаққини адо этиш. Бу У Зотни улуғлаш ила бўлади. У Зот улуғлашга энг ҳақли Зотдир. Ахир инсон ўз меҳмонига ёмон таом қўйса, кўнгли тўлмайди-ку! Қандай қилиб закотга – Аллоҳга ёмон молини беради?

Иккинчиси ўзининг ҳаққини адо этиш. Кишининг берган закоти қиёмат куни ўзининг ҳузурига келади, шунинг учун энг яхши молни танлаб олиши керак.

Закотга ўзи учун энг маҳбуб молни чиқаришга келсак, Аллоҳ таоло:

«Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз», деган (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ўзининг бирор молига муҳаббати кучайса, ўшани Аллоҳ таоло учун қурбон қилар эди. Ривоят қилинишича, у киши бир куни балиқ егиси келаётганини айтибди. Излаб-излаб биттагина балиқ топиб келишибди. Хотини уни пишириб, тақдим қилибди. Шу пайт бир мискин келиб қолибди. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо унга балиқни бериб, «Ол», дебди. Шунда унинг аҳли: «Субҳаналлоҳ! Бизни қийнаб опкелтирган нарсани унга берасизми, бошқа нарса ҳам бор-ку!» дейишибди. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Абдуллоҳнинг муҳаббати шунга тушган эди», деган экан.

Ривоят қилинишича, бир тиланчи Рабийъ ибн Ҳайсам раҳматуллоҳи алайҳнинг эшигини қоқибди. «Унга қанд беринглар!» дебди хонадон эгаси. «Унга нон берсак, фойдалироқ бўлармиди?» дейишибди. «Шўринг қурғурлар, унга қанд беринглар! Рабийъ қандни яхши кўради», деган экан Рабийъ ибн Ҳайсам раҳматуллоҳи алайҳ.

6. Садақасини беришга лойиқ одам топиш. Уларда қуйидаги сифатлар бўлиши керак:

Биринчи сифат: тақво. Садақасини энг аввало тақводорларга берган афзал. Закот берувчи бу билан уларнинг Аллоҳ таолога бўлган ҳимматларини зиёда қилади. Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр обидларнинг сажда қилиб турган пайтларини танлар эди. Халтага солинган динор ва дирҳамларни олиб келиб, уларга кўринмай халтани қўяр, уларнинг кавушлари олдига ҳамёнини қўйганини сездирар эди, холос. Унга: «Уларга садақани шундай бериб юбораверсанг бўлмайдими?» дейишган эди, «Мени ёки вакилимни кўрганда юзлари ўзгаришини хоҳламайман», деган экан.

Иккинчи сифат: илмли бўлиш. Олимга мол-мулк бериш илм-ирфонга, динни тарғиб қилишга ёрдамдир. Бу эса шариатни қувватлашдир.

Учинчи сифат: «Неъмат бериш ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидан бўлади», деб эътиқоддаги одам бўлиши. Бундай одам ризққа сабаб бўлган нарсаларга илтифот қилмайдиган бўлиши лозим, чунки бир нарсани олганда мадҳ қилишга одатланган шахс ололмай қолганда уни ёмонлаши турган гап.

Тўртинчи сифат: фақирлигини яширадиган, ҳожатмандлигини бекитадиган ва ошкора шикоят қилмайдиган бўлиш.

Аллоҳ таоло:

«…иффатлари туфайли билмаган киши бой деб ўйлайдиганлар», деб васф қилганига ўхшаш бўлсинлар (Бақара сураси, 273-оят).

Бешинчи сифат: аёлманд, қарзга дучор бўлган, оғир касалликка чалинган кишилар бўлсин.

Олтинчи сифат: қариндош-уруғлардан бўлсин, чунки уларга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳмдир. Кимда ушбу сифатлардан иккитаси ёки кўпроғи жам бўлса, закотни ана шундай одамга бериш афзалдир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг нажоти китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тиллонинг нисоби йигирма мисқол, кумушники икки юз дирҳам. Дирҳамларнинг ҳар ўнтаси етти мисқол. Ишланган бўлсин, ёмби бўлсин ўндан биридан тўртдан бирини бериш давоми...

4183 05:00 / 14.01.2017
Маълумки, қадим замонларда одамлар савдо ва иқтисодий муомалаларини қўлларидаги мулк бўлган нарсаларни бирбирига алмаштириш билан қилганлар. Кейинроқ молнинг давоми...

3112 05:00 / 14.01.2017
Закотrdquo сўзи луғатда покликrdquo ва ўсишrdquo маъноларини билдиради.Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг моли эса ичида закотга давоми...

9836 05:00 / 16.01.2017
Закотни олувчи Қуръонда зикр қилинган саккиз тоифадан бири бўлиши лозим. Унинг зиммасида бир неча вазифа бор1. Аллоҳ таоло уни ғамга солган нарсани бартараф қилиш давоми...

4322 12:52 / 12.06.2018
Аудиолар

118811 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40755 14:35 / 11.08.2021