1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Банданинг Аллоҳни У Зотга муносиб мақтови

16:57 / 06.05.2018 3253 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зот сенга ўзинг сазовор бўлмаган мақтовни жорий қилсасен У Зотни Ўзи сазовор бўлган нарса билан мақтагин.

Ушбу ҳикматда одамларнинг мақтовига қандай муносабатда бўлиш борасидаги аввал ўтган ҳикматларга хотима ясалмоқда. Мазкур ҳикматларда одамларнинг мақтови ўзларининг гумони, ўзларига етган хабарларга қараб юзаки билим асосида бўлиши ҳақида сўз айтилган эди. Шу билан бирга, мақтовчиларнинг мақтовига учмаслик, ўзини камтар тутиш, ўзини ўзи танқид қилиш, камчиликларини ёдга олиш ва уларни тузатишга уриниш ҳақида насиҳатлар ҳам қилинган эди. Яна мазкур мақтовга сазовор қилган нарсаларни Аллоҳ таолодан деб билиш кераклиги ҳам уқтирилган эди.

Ушбу ҳикматда эса аввало одамлардан бўладиган мақтовни Аллоҳ таолонинг Ўзи уларнинг дилига солиши ҳақида, Аллоҳ таоло бандасига оид мақтовни Ўзи баъзи бандалари орқали жорий қилиши ҳақида сўз юритилмоқда. Ҳақиқатдан, Аллоҳ таоло кўнглига солмаса, бирор банда ўз-ўзидан бошқани мақташи амри маҳол. Бу ҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан бирида ўз ифодасини топгандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қачон Аллоҳ бир бандани яхши кўрса, Жаброилга: «Албатта, Аллоҳ Фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўр!» дея нидо қилади. Шунда Жаброил уни  яхши кўради. Сўнг Жаброил  осмон аҳлига: «Албатта, Аллоҳ Фалончини  яхши кўради, сизлар ҳам уни  яхши кўринглар!» дея нидо қилади. Шунда уни осмон аҳли  яхши кўради.  Сўнгра у ер аҳли учун мақбул қилиб қўйилади».

Бухорий ривоят қилган.

Ер аҳли ҳам мазкур бандани, агар у ўша мақтовларга сазовор бўлмаса ҳам, мақташга тушадилар. Акс ҳолда бир одам ўз-ўзидан бошқа бировни мақташи осон эмас.

Ушбу ҳадисдан бир бандани бошқа бир банда мақтаса, уни ўз-ўзидан эмас, Аллоҳ таоло дилига солгани учун мақташи англашилади. Шунинг учун мақталган банда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ тавсия қилган ишни – Аллоҳ таолога У Зотнинг Ўзи сазовор бўлган мақтовни айтишни амалга ошириши керак бўлади.

Кишилар ўзларига нисбатан мақтовга муносабат борасида уч тоифага бўлинадилар:

Биринчи турдагилар мақталишдан хурсанд бўладилар ва танқидни ёқтирмайдилар. Бундай тоифадаги одамларнинг нафслари ўзларидан ғолиб бўлади. Нафс эса мақтов ва кўтар-кўтарни хуш кўради ҳамда танқидни  ва пастга урилишни ёқтирмайди. Бу тоифадагилар ғофил авомлар дейилади.

Иккинчи турдагилар мақтовни ёқтирмайдилар ва танқиддан хурсанд бўладилар. Бундай тоифадаги одамлар нафсларига қарши жидди-жаҳд қилаётган бўладилар. Шунинг учун ҳам улар нафсни ўлдирадиган ҳамда унга алам берадиган нарсаларга ошиқадилар ва нафсни тирилтирадиган ҳамда уни ҳаддидан оширадиган нарсалардан четда бўлишга ҳаракат қиладилар. Бу тоифадагилар обидлар, зоҳидлар ва сайри сулукдаги муридлар дейилади.

Учинчи турдагилар мақтов Робблари тарафидан эканини билганлари учун уни ёқтирадилар ва мазаммат ўзларининг валийлари бўлган Зот тарафидан эканини билганлари учун ғамгин бўладилар. Бу тоифадагилар орифлар дейилади.

Аллоҳ таоло барчамизга У Зот бизга ўзимиз сазовор бўлмаган мақтовни жорий қилса, У Зотни Ўзи сазовор бўлган нарса билан мақтайдиган бўлишимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Насиҳат. Вуҳайб Маккий1 раҳимаҳуллоҳ айтади .Ғийбатни тарк этиш мен учун дунё ва ундаги нарсалар яратилганидан бошлаб йўқ бўлгунига қадар меники бўлиб, уларни давоми...

2738 15:03 / 27.03.2018
Саккизинчи зарар қиёмат куни ғийбат қилинган кишининг гўштини ейиш.Чунончи, бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис юқорида зикр этилди. давоми...

3143 20:42 / 21.04.2018
Ким ўз бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик уни жим қилиб қўяди. Ким У Зотнинг бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик қилса ҳам жим бўлмайди.Бисот ndash мажол, суянч, давоми...

3166 17:03 / 04.02.2018
Бу дунёга меҳмон бўлиб келувчи инсон ҳаётнинг табиати хусусиятлари ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг зиммасига қоим қилган ишларни билиши лозим, токи давоми...

4702 18:14 / 15.01.2018