1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Аср алломаси

02:02 / 28.04.2018 4693 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Усмонхон Алимов,

Ўзбекистон мусулмонлари

идораси раиси, муфтий


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ислом олий маъҳадида проректор ва ректор бўлган пайтлари бизга дарс бериб, устозлик қилганлар. Тўрт йил давомида у кишидан чуқур билим ва таҳсил олдик. У киши талабаларга Ислом асосларига оид фанларни тушунтиришга қаттиқ эътибор берар, ҳар бир дарслари узоқ вақт эсда сақланиб қоларди. Собиқ Иттифоқ республикаларидан келган талабалар Шайх ҳазратларининг бевосита шогирдлари саналишарди. Шайх ҳазратларининг уларни етук дин олимлари қилиб тайёрлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари бесамар кетмади: ўшанда у кишидан таълим олган барча шогирдлар кейинчалик ўз юртларида етук дин олимлари ва арбобларига айланишди, кўплари ўзларидаги диний ташкилотларнинг раҳбарлари этиб сайланишди.

Кейинчалик камина Ўзбекистон мусулмонлари идораси раислигига – муфтийликка сайланганимдан кейин устоз билан муносабатларимиз янада ривожланиб, мустаҳкамланиб кетди. Раисликка янги сайланган кезларимда қайсидир байрам муносабати билан идорамиз ҳовлисида эҳсон дастурхони тузаб, унга мамлакатнинг таниқли дин арбоблари, етук уламолар, масжид имомларидан бир неча кишини таклиф қилдик. Мақсад, бу улуғ зотлар билан яқиндан танишиш, маслаҳат-насиҳатларини ва дуоларини олиш, уларнинг дин йўлидаги хизматларини эътироф қилишимизни билдириб қўйиш эди. Шайх ҳазратларига ҳам таклифнома юбордик. Ҳазрат мажлисимизга ўз вақтида етиб келдилар. У кишини эҳтиром билан тўрга ўтқаздик. Каминани янги вазифа билан чин дилдан қутлаб, ишни яхшилашга оид бир неча тавсияларни бердилар. У кишининг ташрифидан беҳад хурсанд бўлиб, маслаҳатларини мамнуният билан қабул қилдим, иш жараёнида руҳий мадад ва маслаҳатларига ҳамиша муҳтожлигимни изҳор этдим.

Шундан кейин Шайх ҳазратлари диний идорамиз билан алоқаларини аввалгидан ҳам кучайтириб, кўпгина соҳаларда кўмак бериб турдилар, камчиликларимизни кўрсатдилар, идора фаолиятини жонлантиришда маслаҳатларини аямадилар. Рамазон ойида пойтахтимиз ва вилоятлардаги масжидларимизда у киши иштирокида ўтадиган «Рамазон туҳфаси» шиори остидаги гўзал мавъизалар, ваъз-иршодлар бу ҳамкорлигимизнинг гултожига айланди. Рамазон ойи бошланишидан олдин Шайх ҳазратлари идорамизга мурожаат қилиб, ўзлари ташриф буюрадиган масжидларни аниқлаб олар, кейин ўша жойларда чуқур илмий, мазмундор, мушоҳадаларга бой суҳбатлар қилиб берардилар. Бу чиқишлардан у киши обрў орттиришни ёки машҳур бўлишни кўзламас, балки мусулмонларга ўта зарур панду насиҳатларни, ваъз-иршодларни етказиб қўйишни истар эдилар. У киши бу сермазмун суҳбатлари билан халқимизнинг қалбини шунчалар забт этган эканларки, вафотларидан кейин маърифат тарқатиш борасидаги бу фаолият хийла кемтик бўлиб қолди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф дунё тан олган олим эдилар. У киши Робитатул-Олам ал-исломиянинг таъсис мажлиси, Бутун дунё Тасаввуф уюшмаси, Бутун дунё Мусулмон халқлар бошқарувининг Бош котибияти, Бутун дунё Даъват уюшмаси, Бутун дунё Уламолари кенгаши, Бутун дунё Ислом уюшмаси, Маккаи мукаррамадаги Бутун дунё Муфаккир уламолар йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутун дунё Масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академияси каби халқаро ташкилотларнинг аъзоси эдилар.

Устоз диний илмларни ривожлантириш йўлида самарали ижод қилдилар. У кишининг «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва Ҳаёт» асарлари кирмаган хонадон қолмади ҳисоб. «Иймон», «Тасаввуф ҳақида тасаввур», «Ихтилофлар ҳақида», «Дин насиҳатдир», «Шоядки тақводор бўлсак», «Поклик иймондандир», «Сунний ақийдалар», «Кифоя», «Одоблар хазинаси», «Руҳий тарбия», «Ижтимоий одоблар», у киши бошчилигида амалга оширилган «Олтин силсила» туркуми, рус тилидаги ўнлаб китоблари, илмий-маърифий асарлари нашр этилган. Бундан ташқари, интернет тармоғида Шайх ҳазратлари раҳбарликларида ташкил этилган islom.uz порталига кирувчи ўнлаб вебсайтлар ишлаб турибди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: «Аллоҳ таоло ушбу умматга ҳар юз йилда Унинг динини янгилайдиган бир одамни юборади», деган эдилар (Абу Ҳурайрадан Абу Довуд ривоят қилган). Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам ана шу ҳадисда зикр қилинган динни янгиловчи мужаддидлардан бўлиб чиқдилар. Бизнинг кўҳна Мовароуннаҳр диёри ҳар асрда Ислом оламига буюк алломаларни, дунё тан олган олимларни етказиб берган. Масалан, ҳижрий иккинчи асрда атоқли фиқҳ олими Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва улуғ муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак яшаб ўтишган бўлса, учинчи аср Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Абу Исо Термизийларнинг даври бўлди. Тўртинчи асрда Абу Мансур Мотуридий, бешинчи асрда Абул Муъин Насафий, олтинчи асрда Абул Қосим Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Алоуддин Косоний, еттинчи асрда Абул Баракот Насафий каби улуғ Ислом олимлари яшаб ўтишди. Ҳижрий ўн бешинчи асрдаги юртимизнинг энг машҳур олими деб ҳеч бир муболағасиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни кўрсатиш мумкин. Бу зотнинг узоқ йиллик динсизлик замони туфайли динини унутаёзган халқни маърифатли қилиш, уларга диний билимларни етказиш борасида олиб борган ишларини ҳақиқатан Аллоҳнинг дини йўлидаги буюк фидокорлик деб аташ мумкин.

Хотира китобидан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳли сунна вал жамоанинг фиқҳий мазҳаббошиларидан тўртинчилари Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдирлар. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, у кишининг отаоналари марвлик давоми...

3350 21:54 / 27.04.2017
Имоми Шофеъий Муҳаммад ибн Идрис 150 ҳижрий санада Имом Абу Ҳанифанинг вафот этган кунлари дунёга келдилар. У киши арабларнинг машҳур Қурайш қабиласига давоми...

12027 21:53 / 27.04.2017
Имом, ҳофиз, мусанниф, сиқа Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Осим Розий.Оталаридан, Али ибн Мадиний, Иброҳим ибн Ҳажжож Сомий, Абу Рубай Заҳроний, Ҳудба ибн Холид, давоми...

1308 11:00 / 08.11.2020
Мусулмонлар оммасига Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзилган. Биз эса, у кишининг улуғ ҳаётлари билан қисқача давоми...

4153 21:51 / 27.04.2017
Аудиолар

120127 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41792 14:35 / 11.08.2021