1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Жума намозига шошилинг!

19:56 / 13.04.2018 6936 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Жума куни, намозга нидо қилинган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир.

Жума куни ҳафта кунлари ичида энг фазилатлиси ҳисобланади. Набий алайҳиссалом: «Қуёш чиқиб турган кунларнинг энг яхшиси жума кунидир. Ўша куни Одам яратилган, жаннатга киритилган, жаннатдан чиқарилган. Қиёмат ҳам жума куни қоим бўлади», – деганлар.

Оятдаги «намозга нидо қилинган пайтда»дан мурод имом минбарга чиққандан сўнг айтиладиган иккинчи азондир. Набий алайҳиссалом вақтларида, Абу Бакр Сиддиқ билан Умар Форуқ даврларида жумага фақат бир марта азон айтилган. Ҳазрати Усмон халифа бўлганларидан сўнг шаҳар кенгайиб, одам кўпайганда, у киши бозордаги ўзларининг Завро номли ҳовлиларида ҳам яна бир марта азон айтишни ташкил қилганлар. Уни эшитиб, кишилар масжидга юзланганлар. Кейин имом минбарга чиққанда жуманинг ҳақиқий азони айтилган. Ушбу оятдаги ҳукмлар ҳам мана шу иккинчи азонга тааллуқлидир.

«Эй иймон келтирганлар! Жума куни, намозга нидо қилинган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг».

Худди шу оят билан мусулмонларга жамоат билан ўқиладиган икки ракъатли жума намози фарз қилинди. Унинг вақти – Пешин намозининг вақти. Яъни жума куни Пешин намози ўрнига жамоат билан жума намози ўқилади.

Аллоҳнинг оятдаги

«…ва савдони қўйинг…» деган фармонига асосан жума куни иккинчи азондан бошлаб, намоз ўқиб бўлингунча вақтда савдо-сотиқ билан шуғулланиш ҳаром қилинган.

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло жума намозида мусулмонлар учун катта фойдалар борлигига кафолат беряпти.

«Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир».

Ўша фойдалар қуйидагилар:

1. Жамоат намози вақтида мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, ораларидаги фарқлар йўқолади. Давлат бошлиғи оддий фуқаро билан, бой камбағал билан, оқ танли қора танли билан бир сафда туриб, бошини ерга қўйиб, сажда қилади, яъни жамоат намозида ўзаро тенглик ғояси ҳаётга татбиқ қилинади.

2. Озода кийинган, хушбўй атирлар сепган катта-кичик барчанинг бир сафда туриб, катта жамоат билан намоз ўқиши Исломнинг фазлини кўз-кўз қилади. Кишиларга ўз таъсирини ўтказади.

3. Жума намозида доимо хутба – ваъз, насиҳат бўлади. Кишилар яхшиликка даъват қилинадилар ва ёмонликдан қайтариладилар. Умуман, мусулмонларга керакли барча мавзулар баёни бўлади.

4. Кўпнинг дуоси кўл, деганларидек, жума куни кўпчилик биргаликда хайр-барака тилаб, дуолар қилади. Бунинг устига, Аллоҳ таоло жума кунига дуолар қабул бўладиган соатни жойлаган. Набий алайҳиссаломнинг кўпгина ҳадисларида жумага ғусл қилиб, ювиниб, хушбўй нарсаларни сепиб бориш тавсия қилинган. Жума намозини узрсиз қолдириш эса жуда катта гуноҳ ҳисобланади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассаламу алайкум азизлар. Ислом.уз саҳифаси кўриниши янгиланганлиги сабабли намоз вақтларини чоп этиб берувчи .тақвиминформер, дастури қайта созланди. давоми...

50704 15:00 / 14.03.2017
Отаоналар фарзандини намоз ўқиганлигини билиб олиши учун турли хил усуллардан фойдаланадилар. Сиз қандай савол берган бўлсангиз ундан шундай жавоб қайтади. давоми...

2988 11:00 / 04.08.2022
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Нафл намозни уйингизда ўқингиз. Албатта, кишининг энг яхши намози давоми...

6858 05:00 / 31.12.2016
Кўпчилик орасида баъзи ихтилофчи гуруҳларни калта иштонлар деб аташ ҳам одат бўлган. Бу ўша гуруҳга мансуб кишиларнинг бу ишга алоҳида эътибор бериб, кўпчилик давоми...

4466 05:00 / 09.01.2017