1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари (2-қисм)

12:20 / 14.03.2018 4168 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4635. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан бир фақирликдан, етишмасликдан, хорликдан паноҳ сўрайман. Сендан зулм қилишимдан ва зулмга қолишимдан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги дуода ҳам бир неча нохуш нарсалардан Аллоҳ таолодан паноҳ тилаш бор.

1. Фақирлик.

«Фақирлик» сўзи аслида фақир – умуртқа поғонасининг синишидан олинган. Бундай мусибатга учраган одам қўлидан ҳеч нарса келмай, ўзгаларга муҳтож бўлиб, қимирлай олмай, ётиб қолади. Шунга ўхшаб, фақирлик ҳам кишига муҳтожлик келтиради.

2. Етишмаслик.

Яъни яхшилик ва хайр-бараканинг камлиги. Бу ҳам одамнинг муҳтожлиги аломати ва бошига тушган кулфати бўлади.

3. Хорлик.

Кишининг бошқалар олдида ҳақорат қилиниши хорлик бўлади. Бошқалар уни одам ўрнида кўрмаса, ҳурмат қилмаса ва у билан ҳисоблашмаса, ўша одам хор бўлади. Бу ҳам ҳар қандай одам учун катта мусибат бўлади.

4. Зулм қилиш.

Бу ишни қилган одам золим бўлади. Золимнинг кимлигини ва зулмнинг оқибати қандай бўлишини ҳамма яхши билади.

5. Зулмга қолиш.

Бунга дучор бўлган одам мазлум дейилади. Бу ҳам ҳеч кимга муносиб кўрилмайдиган ҳолатлардандир.

Уламолар «Ушбу дуолардан мурод умматга таълим беришдир», деганлар.

4636. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан ҳаққа хилоф қилишдан, мунофиқ бўлишдан ва ёмон ахлоқли бўлишдан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида бу дунё ва охиратда кўп бало ва офатларга сабаб бўладиган нарсалардан паноҳ сўрамоқдалар.

Ҳаққа хилоф қилиш ва мунофиқ бўлиш ёмон ахлоқнинг кўзга кўринган намуналаридан ҳисобланади. Шунинг учун бу жумлани уламоларимиз «умумий нарсанинг хусусийсидан кейин келтирилиши» деб баҳолаганлар.

Бизлар ҳам бу нарсалардан паноҳ сўраб туришга одатланишимиз керак.

4637. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан очликдан паноҳ сўрайман. У қандоқ ҳам ёмон ёстиқдош. Сендан хиёнатдан паноҳ сўрайман. У қандоқ ҳам ёмон сирдош», дер эдилар».

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифларида паноҳ сўралган нарсалардан бири моддий, иккинчиси маънавий-ахлоқий нуқсон эканига эътибор қилайлик. Бундан мусулмон банда ҳам жисмоний, ҳам руҳоний етуклик учун ҳаракат қилиши кераклиги келиб чиқади.

4638. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан песликдан, жинниликдан, моховдан ва ёмон дардлардан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Ушбу бештани Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида олдин ёмон дардлардан учтасини номи билан алоҳида зикр қилиб туриб, кейин умумлаштирувчи сўз ила паноҳ сўраган эканлар. Албатта, сиҳат-саломатлик катта неъмат, ундан маҳрум бўлишдан паноҳ сўраб туриш лозим.

4639. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида ухлаб ётган эдим. Бас, кечаси у зотни йўқотиб қўйдим. Изласам, қўлим у зотнинг оёқларига тегди. У зот саждада турган эканлар ва «Сенинг ризолигинг ила ғазабингдан, офият беришинг ила иқобингдан паноҳ сўрайман. Сени Ўзингни Ўзинг мақтагандек мақтаб, охирига етказа олмайман», демоқда эканлар».

Термизий ва Насаийлар ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кечаси намозда ва саждада туриб паноҳ сўраш бор.

4640. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан инкор қилинган ахлоқлардан, амаллардан ва ҳавои нафслардан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Термизий ҳасан санад ила ривоят қилган.

Шарҳ: «Паноҳ сўраш калималари» сарлавҳаси остида келган ҳадиси шарифларни бирма-бир батафсил шарҳ қилмадик. Уларни ўқиб, яхши тушуниб олиш керак. Агар уларнинг ҳеч бўлмаганда, баъзиларини ёдлаб олиб, ўқиб юрилса, жуда яхши бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
384. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Абу Салама ўлганида .Ғариб ғурбатда ўлди. Унга бир йиғлайки, гап бўлиб юрсин,, дедим. Унга йиғлашга тайёрланиб давоми...

3027 14:06 / 10.07.2020
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бундай деганлар Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар томон қарадилар, давоми...

3772 12:07 / 25.11.2018
907. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир киши йўлда эди. Йўлда тиканли шохни кўрди ва уни олиб қўйди. Аллоҳ давоми...

1368 19:00 / 02.06.2023
193. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мен авлодмаавлод ўтиб, Одам болаларининг энг яхши авлодидан юборилдим, давоми...

3622 13:30 / 07.06.2019