1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган 4 иллат

17:48 / 03.03.2018 9055 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен сизларга фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсаларнигина айтаман:

«......Аллоҳим! Албатта, мен Сендан наф бермайдиган илмдан ва қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ва ижобат бўлмайдиган дуодан паноҳ тилайман».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу дуода аввалги дуода зикри келган бир неча ёмон нарсалардан ҳам паноҳ сўралган. Янги паноҳ сўралаётган нарсалар эса тўртта:

1. Наф бермайдиган илм.

Наф бермайдиган илм асосан илмига амал қилмасликдан келиб чиқади. Илмига амал қилмаслик эса жуда катта бало ҳисобланади.

Илмига амал қилмайдиганлар гуруҳи мазкур балога дучор бўладилар. Бу гуруҳдагилар шаръий ва ақлий илмларни яхши эгаллаган, чуқур ўрганиб иш олиб борадиган бўладилар. Аммо уларда илмга амал қилиш, тоатларни адо этиб, маъсиятлардан четланиш йўқ.

Булар илм ила ғурурга кетиб, адашган гуруҳлардир. Улар илмлари ила Аллоҳ таоло азобламайдиган даражага етганмиз, деб гумон қиладилар. Ҳатто бошқа кишиларни шафоат қилишни даъво қиладилар. Илм ибодатдан афзал, дейдилар.

Аслида илм икки хил бўлади:

Биринчиси: Аллоҳ таоло ва Унинг сифатлари ҳақидаги илм. Бу одатда «Илми маърифат» дейилади.

Иккинчиси: Муомала илми. Бунга ҳалол ва ҳаром, мақталган ва ёмонланган ахлоқларни билиш илми киради. Бу хилдаги илмлар амал қилиш учун ўрганилади. Агар амал қилинмаса, бу илмларнинг кераги йўқ.

Шунинг учун ҳам илмига амал қилмаган олимларнинг ғурурга кетиши оғир мусибат ҳисобланади. Уларни уламолар қаторига қўшмаслик керак бўлади.

2. Қўрқмайдиган қалб.

Бундай қалбдан ҳам паноҳ сўраш лозим. Чунки у ҳам ўз эгасини кўп балоларга гирифтор қилиши мумкин. Бундай қалб кўпроқ илмига амал қилмаслик оқибати сифатида юзага келади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидир», деган эканлар.

Имом Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳдан қўрқиш илмнинг аломатидир. Аллоҳ ила ғурурга кетиш жаҳолатнинг аломатидир», деганлар.

Ҳасан Басрийдан фатво сўралди ва у киши жавоб бердилар. Шунда:

«Бизнинг фақиҳларимиз буни айтмайдилар», дейилди.

«Сен бирор марта фақиҳни кўрганмисан ўзи?! Фақиҳ кечасини бедор, кундузини рўзадор ўтказадиган ва дунёдан зоҳид бўлган одамдир», деганлар.

3. Тўймайдиган нафс.

Тўймайдиган нафс ўз эгасини ҳалокатга етаклайди. У дунёнинг ярмига эга бўлганда ҳам тўймайди ва эгасига, қолган ярмини ҳам ол, дейди. Бундай нафси бор киши унинг қулига айланиб қолади. Нафси нима деса, ўшани амалга ошириш пайидан бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам бундай нафсдан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб турилади.

4. Ижобат бўлмайдиган дуо.

Дуонинг ижобат бўлмаслиги ҳам яхшилик аломати эмас. Қандайдир нуқсон, Аллоҳ таолога ёқмайдиган нарса борлигидан дуо қабул бўлмайди. Албатта, бу каби дуодан ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўраб туриш керак бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикоя. Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳ бир зиёфатга бордилар. Зиёфат аҳли кечикиб қолган бир одамни ғийбат қила бошлади. Шунда Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи давоми...

3882 13:50 / 13.03.2018
Саккизинчи фoйдa тилнинг гунoҳи кaбирaсидaн нaжoт тoпиш вa унинг ёмoнлигидaн сaлoмaт бўлиш.Ҳaдис. Уқбa ибн Oмир розияллоҳу анҳу айтади .Пaйғaмбaр соллаллоҳу алайҳи давоми...

2862 15:48 / 05.05.2018
Насиҳат. Фузайл ибн Иёзнинг1 ёнига бир киши келиб .Менга насиҳат қилинг,, деди. У киши шундай деди .Мендан беш нарсани ёдлаб ол1. Сенга нима етса, Аллоҳнинг қазосидан давоми...

3319 15:07 / 23.03.2018
Замонлар ўтиши билан равшанлиги ортиб, у ербу ерда янгиланиб тураётган ҳодисалар туфайли тасдиқланиб борадиган Қуръоний ҳақиқатлардан бири Қуръоннинг фақатгина давоми...

3466 16:26 / 24.01.2018