1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Хеч нарсаси арзимас санаманг

17:00 / 04.07.2022 5705 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳудҳуд ва Сулаймон қиссаси


Аллоҳ таоло Қуръони Каримдаги ҳикоя ва қиссаларни кўнглимизни ёзиб, кечаси мириқиб ўқишимиз учун келтирмаган. Роббимиз бизни ҳикмати йўқ нарса билан машғул қилмаган. Аллоҳ бу нарсалардан покдир. Роббимиз бизга ўтганларнинг хабарини фақатгина ҳикмати, насиҳати ва ибрати борлиги учун ҳикоя қилди. Қани, ибрат олувчи борми?!

Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳаётлари биз учун ибрат ва насиҳат, ютуқларга эришиш йўлларини ўргатувчи, белгиланган ғояларга етиштирувчи, қийинчиликлардан халос қилувчи бир дастур бўлган. Уни қалбимиз билан тинглаб, ақлимиз билан тадаббур қилиб панд-насиҳат олайлик!
«Ва қушларни текширди-да, «Нега Ҳудҳудни кўрмаётирман? Ёки у ғойиблардан бўлдими?» деди.

Мана аҳолисининг аҳволидан хабар оладиган, қўл остидаларга ғамхўрлик қиладиган раҳбарнинг тимсоли. У зиммасидаги масъулиятига эътиборсизлик қилмайди. Омонатини камчиликсиз адо қилади.

Шунинг учун ҳам шундай катта мамлакатнинг раҳбари, дунёда ҳеч кимга насиб қилмайдиган мулку салтанат соҳиб бўлган Сулаймон алайҳиссалом ҳудҳуднинг йўқлигига катта эътибор берди. Чунки ҳудҳуд бир кичкина қушча бўлгани билан, жамиятининг бир аъзосидир. Ҳамюртлар уни ажратиб қўйишмайди унинг барча ҳақ-ҳуқуқларини, вазифаларини эътироф қилади. Мана шу ҳақиқий адолатдир, унда ҳажмга, мақомга, жинсга, рангга, йўналишга, фикрга, бойлик ёки фақирлигига қараб ажратилмайди. Қўл остингдагиларни ажратмай, барчасига бирдай ғамхўрлик қила оласанми? Катталардан олдин кичиклар ҳолидан хабар ола биласанми? Раҳбардан кўра қашшоқнинг иши ҳақида кўпроқ қайғурасанми?
«Ё у менга (узрини баён қилиб) аниқ ҳужжат келтиради, ё мен уни қаттиқ азоб билан жазолайман ё сўйиб юбораман», деди».

Мана ишни қатъият билан киришадиган ҳақиқий раҳбар. Қўл остидагиларнинг бепарволик, совуққонлик қилишига йўл қўймайди. Жиноятчини жазолашда иккиланмайди. Лекин жиноятчини кўр-кўрона, суриштирмасдан жазолайвермайди. Жазолашдан олдин обдон ўйлаб, текшириб, шундан кейингина бу ишга қўл уради. Шунингдек, жиноятчини жазолашда ўзини зулм қилиш ёки заифлик қилиб кечириш ҳолатига ҳам тушириб қўймайди. Демак, унинг олиб бораётган сиёсати яхшилаб ўрганиб, кейин хулоса чиқаришга асосланган.

«Кўп ўтмай, (Ҳудҳуд келиб) деди: «Мен сен огоҳ бўлмаган нарсалардан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри)дан ишончли хабар келтирдим».

Сулаймон алайҳиссаломнинг лашкар ларидан бири бўлган ҳудҳуд бекорга кечикмаган экан. У масъулиятидан қочиб, вақтичоғлик қилиб ҳам юрмаган экан. У Сулаймон алайҳиссалом учун ишончли бир хабар олиб келибди. У уммат ғамида юриб, адашган бўлса тўғри йўлга йўллаш, иршодга муҳтож бўлса, йўл кўрсатиш учун юрган экан. Бир ўйлаб кўрайлик, ўзимиз ҳам ҳар куни уммат ғамида юрибсанми? Ҳудҳуднинг ҳиммати қаерда-ю бизнинг ҳиммати миз қаерда!

«Мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, улкан тахти ҳам бор экан. Мен унинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини кўрдим». Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (ҳақ) йўлдан тўсиб қўйган. Бас, улар ҳидоят топмаслар. (Уларнинг мақсади) осмонлар ва ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни биладиган Аллоҳга сажда қилмасликдир». Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ! У улкан Аршнинг Роббидир».

Мана ҳақиқий ходим. Мустақил фикр юритади, таҳлил қилади ва мантиқ асосида, далил ва ҳужжатга суяниб муҳокама қилади. У ботилни ҳужжат-далил билан инкор қилади. Ўзининг шак-шубҳасиз ҳақлигини билади ва ҳеч иккиланмай оқилона мулоқотга киришади. У имкони ва қудратидан келиб чиқиб, ҳолатга мос келадиган мантиқни ишлатади. У ўша жамиятда ижобий саналган далил-ҳужжатларни мослаб ишлатди. Бошлиғидан буйруқни кутмай, ишга киришади. Хўш, биз-чи? Биз ҳам мулоқотга киришиб, муҳокама қиламизми ёки мутаассиблик қилиб, торитишамизми? Биз ҳам далил ҳужжат келтирамизми? Ташаббус кўрсатиб, янги ғояларни илгари сурамизми ёки юқоридан келадиган буйруқни кутиб, индамай ўтираверамизми?
«(Сулаймон) деди: «Сен рост сўзладингми ёки ёлғончилардан бўлдингми, кўрармиз».
Сулаймон алайҳиссалом ҳам бошлиқ, раҳбар, лекин у зот ҳам қилган ишлари ҳақида сўралади. Шунинг учун ҳудҳуд олиб келган хабарни яхшилаб аниқламагунча уни тасдиқлашга шошилмайди. Дуч келган хабарларга суяниб иш тутавермайди. Сулаймон алайҳиссаломнинг тутган йўли кучли ва моҳир раҳбарларнинг йўли ҳисобланади. Баъзи раҳбарлардек, хабарни аниқламай туриб, инсонларга зарар етказиб қўймайди, қийин аҳволга тушиб, фойдасиз пушаймонларга тушиб қолмайди.
У оддий аскарни қўмондон қилиб тарбиялайдиган бошлиқдир. Буни бошқарувдаги ҳикмат, фикрнинг, манҳажнинг мукаммаллиги дейилади.
«Мана бу мактубимни олиб бориб, уларга ташлагин, сўнгра улардан четланиб кузатгин-чи, нима (жавоб) қайтарар эканлар.
Сен (қавминга) қайтиб бор! биз уларга шундай қўшин билан борурмизки, улар унга асло бас кела олмаслар. Биз уларни (юртларидан) мағлуб ҳолларида чиқарурмиз».
Ҳудҳуднинг вазифаси уларнинг заиф томонини аниқлаб, подшога етказиш билан чекланиб қолмади. У муаммонинг ечимида ҳам бевосита иштирок этди, оғир масъулиятни ўз зиммасига олди. Натижада иллатни топиб, уни даволашга киришди ва улуғ шарафга эришди.
У муаммо сари юзланиб, уни бор кучини сарфлаб бартараф этишга киришди. Ҳатто буюк мақсад йўлида жонини хатарга қўйди. Бизчи? Биз ҳам дин ва мақсад йўлида жидду жаҳд қиляпмизми? Шу умматнинг аъзоси сифатида зиммамиздаги масъулиятни адо қиляпмизми? Жамоат ишларида, ўзаро ҳамкорлик йўлида фидокорлик қиляпмизми? Афсуски, йўқ. Ҳудҳудчалик ҳимматимиз йўқми?
(Билқисга) «Саройга кир!» дейилди. У (саройни) кўриб, уни сув ҳавзаси деб ўйлаб, оёқларини очган эди, (Сулаймон) «Бу ойнадан ясалган силлиқ қасрдир», деди. (Шунда малика) деди: « Роббим! Мен (қуёшга сиғиниб,) ўзимга зулм қилибман, (аммо энди) Сулаймон билан бирга оламларнинг Робби – Аллоҳга бўйсундим».

Шу тариқа малика у билан бирга унинг халқи ҳам Исломга кирди. Бу қадар улкан воқеага кичкинагина Ҳудҳуд сабаб бўлгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Шундан кейин ҳам ўзингизни кичик ҳис қилиб, вазифангизни паст арзимас санаб юрасизми? Шундан кейин ҳам имкониятларингизни, кучингизни кам деб биласизми? Барчамиз Сулаймон алайҳиссаломнинг Ҳудҳудидан ибрат олайлик! Истедодимизни уйғотиб, уни умидсизлик кишанларидан озод қилайлик!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳинш ибн Ҳорисдан, у киши отасидан ривоят қилинади.Ичимиздан бир кишининг оти туғса, уни сўйиб ер ва буни мингунча яшармидим, дер эди. Умардан бизга .Аллоҳ сизларга давоми...

2768 05:00 / 03.03.2017
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканлигини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича давоми...

6140 10:59 / 21.09.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади.Охир замон бўлганда очарчилик бўлади. Ким ўша очарчиликка тўғри келса, оч жигарларни бошқага алмаштирмасин,.Шарҳ Яъни, очларга давоми...

2557 05:00 / 02.03.2017
Аллоҳ таоло инсонни гўзал суратда, тана аъзоларини мутаносиб ва кўркам қилиб яратган ҳамда унинг Ер юзида фаровон ва қийинчиликсиз яшаши учун жуда кўп неъмат ва давоми...

6103 05:00 / 02.03.2017
Аудиолар

120316 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41954 14:35 / 11.08.2021