1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 184-оят

09:25 / 22.01.2018 2395 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саноқли кунларда. Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя – бир мискин таоми бордир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, бу ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир. Бақара 184. 

Яъни рўза фарз қилинган кунлар «саноқли кунлар»дир. Рўза тутишнинг ўзига яраша машаққати бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло беморлик ва мусофирлик туфайли бир оз қийинчиликда турган бандаларига машаққат устига машаққат бўлмасин деб, енгиллик берди:

«Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан».

Яъни бемор тузалганидан сўнг, мусофир сафардан қайтганидан сўнг неча кунни тутмаган бўлса, ўшанча кун қазо рўза тутади. Уламоларимиз беморлар сафига ҳомиладор ва эмизадиган аёлларни ҳам қўшганлар. Ҳомиладор аёл неча кун рўза тутмаган бўлса, туққанидан кейин шунча кун қазо рўза тутади. Эмизадиган аёл ҳам боласини кўкракдан ажратганидан сўнг қазо рўза тутади.

«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя – бир мискин таоми бордир».

Яъни ёшлари улуғ бўлиб, рўза тутишга ярамай қолган кишилар тутилмаган ҳар бир кунлик рўза ўрнига бир мискинни тўйдирадилар. Бу эса ўзи яшаб турган диёрнинг ўртача таоми ҳисобида бўлади. Буни «фидя бериш» дейилади.

Уламоларимиз ушбу тоифага тузалмайдиган, сурункали касали бор кишиларни ҳам қўшганлар. Уларнинг касаллари рўза тутишга қўймайди. Қазосини тутади, дейилса, тузалишларидан умид йўқ.

«Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, бу ўзи учун яхшидир».

Ким савобни кўпроқ оламан, деб бир кишига эмас, икки-уч кишига ёки ўртача эмас, олий даражадаги таомларни берса, ўзи учун яхшидир.

«Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир».

Бошқа ибодатлар каби, рўза ҳам, аввало, бу ибодатни адо этувчи шахсларга яхшилик келтиради. Жаннатга кириш, олий мақомларга эришиш, ироданинг кучли бўлиши, раҳм-шафқат сифатининг кучайиши, тақво ҳиссининг уйғониши, соғлик ва саломатлик ҳамда бошқа кўплаб биз билган-билмаган яхшиликларга рўза тутиш орқали эришилади.

Келгуси оятда юқорида зикр қилинган «саноқли кунлар»нинг вақти тайин қилинади ва ўша вақтнинг фазли ҳамда рўзанинг бошқа ҳукмлари баён этилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дунё ва охират ҳақида. Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен .Уларга ислоҳ қилиш яхшидир,, ndash деб айт. Агар уларнинг молларини аралаштириб юборсангиз, бас, давоми...

2778 23:30 / 27.02.2018
Эй иймон келтирганлар Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз. Бақара 183. Бу ояти каримани ҳам Аллоҳ давоми...

3354 08:45 / 21.01.2018
Улар .Биз учун Роббингга дуо қил, унинг ранги қандай эканини бизга баён қилиб берсин,, ndash дедилар. У .Албатта, У Зот .У ndash ранги сапсариқ, қараганларни хурсанд давоми...

2847 09:00 / 20.09.2017
2. У Роҳман ва Роҳиймдир..Роҳман, сифати фақат Аллоҳга хос бўлиб, .Барчага ndash кофирга ҳам, мўминга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи, деган маънони англатади. Роҳман давоми...

3562 18:05 / 20.03.2017