1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 140-оят

15:10 / 07.12.2017 2671 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёки «Албатта, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлоди яҳудий ёки насоро бўлган», – дейсизларми?! «Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» – дегин. Ўз ҳузуридаги Аллоҳдан бўлган гувоҳликни беркитган кимсадан кўра золимроқ ким бор?! Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир. Бақара 140. 

Яҳудийларнинг «Фақат яҳудий бўлганларгина ҳидоят топади» деган даъволарига ва насронийларнинг «Фақат насронийларгина ҳидоятдадир» деган даъволарига қарши яна битта кучли раддия келяпти. Уларни ожиз қолдирадиган савол бериляпти.

«Ёки: «Албатта, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлоди яҳудий ёки насоро бўлган», – дейсизларми?! «Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» – дегин».

Хўш, яҳудий ва насронийлар бу саволга нима деб жавоб қиладилар? Улар Иброҳимни, Исмоилни, Исҳоқни, Яъқубни ва асботларни яҳудий ёки насроний, дейин десалар, ҳамма, жумладан, уларнинг ўзлари ҳам яхши биладиларки, «яҳудий» ва «насроний» деган исмлар мазкур набий алайҳиссаломлардан неча замонлар кейин пайдо бўлган.

Агар уларнинг яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаганларини тан олсалар, унда «Фақат яҳудий ва насронийларгина ҳидоятдалар» деган даъволарини қандай тушуниш мумкин?!

Хуллас, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам бу саволга жавоб беришдан ожиздирлар. Бу савол қаршисида уларнинг тилларини тишлашдан бошқа чоралари қолмайди.

Аллоҳ таоло худди шу услубда Набий алайҳиссаломга ўргатиб:

«Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» – дегин», – дейди.

Бу савол яҳудий ва насронийларни баттар мот қилади, чунки улар асло «Биз Аллоҳдан кўра билимдонроқмиз», дея олмайдилар. Аксини, яъни «Аллоҳ биздан билимдонроқ», десалар, унда Аллоҳнинг сўзларига ишонишлари шарт: Аллоҳ ўтган барча пайғамбарларни яҳудий демаган, насроний демаган, балки уларнинг мусулмон бўлганликларини қайта-қайта таъкидлаган. Улар учун тилларини тишлаб, жим қолишдан ўзга чора йўқ.

Сўнгра уларнинг энг катта айбларидан яна бири фош этилади:

«Ўз ҳузуридаги Аллоҳдан бўлган гувоҳликни беркитган кимсадан кўра золимроқ ким бор?!»

Албатта, йўқ. Ҳаммани яратган, ҳамманинг Робби бўлган Аллоҳнинг Ўзи гувоҳликка раво кўрса-ю, у ношукр банда бу гувоҳликни ўрнида адо этмай, беркитса, албатта у энг катта золим бўлади-да. Ўша золимлар кимлар экан ўзи? Улар яҳудий ва насронийлардир. Аллоҳ таоло уларни кўпгина ишларга, жумладан, Муҳаммад алайҳиссаломнинг охирзамон Пайғамбари эканликларига гувоҳлик беришга масъул этган эди. Аммо улар Таврот ва Инжилни бузиб, бу гувоҳликни беркитдилар. Энг золим одамларга айландилар. Ҳолбуки,

«…Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир».

Ҳа, албатта, Аллоҳ таоло уларнинг қилаётган ишларидан ғофил эмас. У Зот барча нарсани билиб турибди. Вақти келганда ҳисоб-китобини қилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Нур, 37. бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олдисотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар қалблар ва кўзлар давоми...

8762 15:11 / 10.06.2017
Ва улар .Жаннатга яҳудий ва насоро бўлганлардан бошқа ҳеч ким зинҳор кирмас,, ndash дедилар. Бу уларнинг хом хаёлларидир. .Агар ростгўй бўлсангиз, далилингизни давоми...

3528 08:40 / 08.11.2017
Ҳаром ойга ҳаром ой. Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор. Ким сизга тажовуз қилса, сиз ҳам унга қилган тажовузига ўхшаш тажовуз қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг давоми...

3201 16:20 / 01.02.2018
Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, расулларига, Жаброилга ва Микоилга душман бўлса, албатта, Аллоҳ кофирларнинг душманидир. Бақара 98. Ҳақиқий мўмин барча давоми...

2892 21:45 / 24.10.2017