1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларини ёриш

20:39 / 26.11.2017 3914 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларини ёриш

2669. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ўйнаб юрганларида олдиларига Жибрийл келди. Жибрийл у зотни олиб, ерга ётқизиб, кўксиларини ёрди. Сўнг қалбларини олиб, ичидан (зулукка ўхшаш) қотган лахта қонни чиқариб олди-да, «Бу – шайтоннинг сендаги насибаси», деди. 

Кейин уни тилладан бўлган жомда Замзам билан ювиб, сўнгра (ёриқни) бирлаштириб, сўнг ўрнига қайтариб солди. Болалар онасининг, яъни эмизган онасининг олдига югуриб келиб:

«Муҳаммад қатл қилинди!» дедилар. Унинг олдига борсалар, ранги оппоқ бўлган ҳолда турган экан».

Анас:

«Ўшанинг тикилган изини у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўкракларида кўрар эдим», деди».

Муслим ривоят қилган. Аллоҳ билгувчироқдир.

Шарҳ: Бу ҳодиса тарихда «шаққуссодр» – «кўксини ёриш» номи билан машҳур. Бу ҳам Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликка тайёрлаш чораларидан бири эди. Лекин бундан қўрқиб кетган Ҳалимаи Саъдия Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни оналари Оминага қайтариб олиб борди.

 

Оминанинг вафотлари

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшга кирганларида оналари у зотни Ясриб шаҳрига олиб бордилар. Она-бола бирини ёш бева, бирини туғилмасдан туриб, етим ҳолда ташлаб кетган маҳбублари Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолибнинг қабрини зиёрат қилиш учун борган эдилар. Уларнинг бири висолига тўймаган эрини, иккинчиси дийдорини кўрмаган падарини зиёрат қилганларидан сўнг яна Макка томон юзландилар.

Йўлда, ал-Авбаа номли жойга етганларида Омина ҳам вафот топдилар. Онасининг қорнидаги ҳолида отасидан ажраган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшда оналаридан ҳам ажраб, буткул етим бўлиб қолдилар. 

Дунё тарихида йигирма ёшга етмаган эр-хотиндан етим бола қолиши ҳодисаси ҳали кўрилмаган бўлса керак. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг келажак Пайғамбар камолоти учун кўрган ҳикматли чораси бўлса, ажаб эрмас.

Fурбатда онадан ажраб қолган болани ходима Умму Айман ал-Ҳабашия Маккага олиб келиб, бобоси Абдулмуттолибга топширди.

Қурайшнинг шайхи бўлмиш Абдулмуттолиб ўзининг етим қолган набирасига ўта меҳрибон эди. У Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни доимо ўзи билан олиб юрар, Каъбанинг соясига ўз тўшагига ўтирғизиб қўяр эди. Шу тариқа икки йил ўтди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ёшга тўлдилар. Энди эсини таниб, бирор нарсани ўрганиш пайти келганда Абдулмуттолиб ҳам вафот этиб қолди. Етимлик дарди яна янгиланди.

Уламоларимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етимликда ўсишларига Аллоҳ таолонинг ҳикмати, деб қарайдилар. Агар у зот етим ҳолда ўсмаганларида, пайғамбарлик келганида душманлар «Ота-онасидан ёки бобосидан ўрганиб олган нарсаларни айтиб, «Мен пайғамбарман», демоқда», дейишлари мумкин эди. Етим ўсган кишининг олиймақом таълимотларни келтириши эса ана шу таълимотлар Аллоҳ таолодан эканлигига далолат қилади.

 

амакилари Абу Толиб билан бўлишлари

 

Абдулмуттолибнинг вафотидан кейин ҳеч кимсиз қолган ёш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни у кишининг амакилари Абу Толиб ўз қарамоғига олди. 

Абу Толиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳнинг ота бир, она бир акалари эди. У Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига ўғиллари Али, Жаъфар ва Ақийллардан ҳам яқин тутар, доимо ўзи билан олиб юрар эди.

Аллоҳ таолонинг Ўзи Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли камчиликлардан холи бўлиб ўсишларини таъминлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ёмонликлардан узоқда, ҳамма фазилатларга яқин бўлган ҳолда ўсиб бордилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн тўрт, ўн беш ёшларида Қурайш ва Қайс қабилалари орасида чиққан урушда қатнашдилар. Унда амакиларига камон ўқи олиб бериб турдилар. Шундай қилиб, ёшликларида уруш нима, жасорату шижоат нима эканлигини синаб кўрдилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам вояга етиб қолганларида қўй боқиш билан тирикчилик ўтказдилар. У зот алайҳиссалом арзимаган ҳақ учун одамларнинг қўйини боқдилар.

Бу ишда ҳам Аллоҳ таолонинг инояти ила у зотнинг келажакда пайғамбарлик қилишларига тайёргарлик бор эди. Ҳайвонлар ичида энг ювоши бўлган қўйни боқиш ҳамма пайғамбарлар қилган ишдир. Чунки бу иш уларнинг кейинчалик ўз умматларига раҳбарлик қилишларига тайёргарликдир.

 

Хадийжа онамизга уйланишлари

 

Маккада Хадийжа исмли аслзода, ақлли, ахлоқли, фазилатли ва бой-бадавлат аёл бор эди. У эри Абу Ҳола вафот этиб, бева қолганидан кейин тижорат учун бошқа эркакларни ишга ёллар эди. 

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Хадийжа бинту Хувайлид билан келишиб, унинг тижорати бўйича, Шомга бориб, савдо қилиб келдилар. Ўша тижорий сафарларда Хадийжанинг хизматкори Майсара ҳам у зотга ҳамроҳлик қилди. Бир-икки сафардан кейин ўткир ақл эгаси Хадийжа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий одам эмаслигини сезиб қолди. У кишидаги тўғрилик, садоқат, ҳалоллик, хайр-барака ва бошқа хислатлар Хадийжани ўзига ром этди. 

Бунинг устига, хизматчи Майсара сафар давомида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрган ақл бовар қилмайдиган ҳолатларни айтиб берди. Макканинг кўплаб аъёнларининг совчиларини қайтарган Хадийжа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқишни ният қилди. У киши ўзининг бу ҳақдаги ниятларини дугоналари орқали Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга етказди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза совчи бўлдилар. Икки томоннинг розилигидан сўнг Абу Толиб никоҳ хутбасини ўқиди. Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари йигирма бешда, Хадийжа онамизники эса қирқда эди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрий 1443, милодий 2021йил 6 ноябрь куни .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жомеъ масжидида .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ndash қалблар табиби, деб номланган давоми...

1474 13:00 / 07.11.2021
2725. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Мен қачон Умарнинг «Мен буни шундай деб ўйлайман», деганини эшитсам, албатта, ўша нарса унинг айтганидек бўлмай давоми...

4563 19:33 / 07.12.2017
ТАҚРИЗ Ҳар бир олим зиммасидаги вазифаси ўлароқ, ўзидан кейин бошқалар ўқиб фойдаланишлари учун имкон қадар китоб ва рисолалар таълиф қилиши лозим. Шофеъий давоми...

14660 05:00 / 07.03.2017
2657. Яна ўша кишидан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, сизга қачон нубувват вожиб бўлди, дейишди. Шунда у зот.Одам руҳ билан жасад орасидалигида,, дедилар,.Шарҳ давоми...

4006 20:50 / 18.11.2017
Аудиолар

121280 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42792 14:35 / 11.08.2021