1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тавбанинг ҳақиқати

16:28 / 28.10.2017 4345 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тавба илм, ҳол ва амалдан иборат бўлиб, бу уч нарса бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.

1. Илм – гуноҳларнинг зарари жуда ҳам катта эканига, банда билан унга маҳбуб бўлган ҳар бир нарса орасидаги тўсиқ эканига маърифат ҳосил қилишдан иборатдир.

2. Ҳол мазкур илм туфайли қалбда пайдо бўлган афсус ва надоматдан иборатдир. Зотан, қалб қачон ўзи яхши кўрган нарсадан маҳрум бўлса, алам чекади. Ана шу алам надомат деб аталади.

3. Амал гуноҳнинг зарарини билиб, қалбда ундан алам чекилгандан сўнг мазкур аламни йўқотиш учун гуноҳни азму қарор ила тарк қилишдир.

Бу борадаги гуноҳни тарк қилиш ҳозирги, келаси ва ўтган замонга боғлиқ бўлади.

Ҳозирги замондагиси қилиб турган гуноҳидан дарҳол четланиш ила бўлади.

Келаси замондагиси умрининг охиригача гуноҳ қилмасликка азму қарор қилиш билан бўлади.

Ўтган замонга боғлиқлиги аввалги гуноҳларига каффорот бўладиган амалларни қилиш ва қазоларни адо этиш билан бўлади.

Демак, тавбанинг ҳақиқати илм, надомат ҳамда ҳозир, келажак ва ўтган замондаги гуноҳларни тарк қилишдан иборатдир.

Гуноҳнинг ўзи яхши кўрган нарсадан узоқлаштирувчи сабаб эканини билмаган киши қилган гуноҳларига тавба қилмайди, аламга сабаб бўлувчи гуноҳни қилаверади ва оқибатда ҳалок бўлади.

 

ТАВБА УМР БЎЙИ

Банданинг тавбаси тугал ва умр бўйи давом этадиган бўлиши керак. Тавбанинг ўтган, ҳозирги ва келаси замонга боғлиқ бўлиши юқорида айтиб ўтилди.

Бас, тавбанинг ўтган замонга боғлиқлиги қуйидагича:

Банда фикран балоғатга етган биринчи кунига қайтади. Ўшандан буён ўтган умрини йилма-йил, ойма-ой, ҳафтама-ҳафта, кунма-кун, соатма-соат ва нафасма-нафас тафтиш қилиб чиқади. Адо этилмай қолган тоатларига ва содир этган маъсиятларига назар солади. Ҳаммасини бирма-бир эслайди. Қанча намозни ўқимаганлиги ёки қанчасини нотўғри ўқиганини аниқлайди. Кейин уларнинг қазосини ўқишни бошлайди. Аста-секин қазо намозларини охирига етказади.

Шунингдек, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатларнинг ҳам қазосини жойига қўяди.

Банда балоғатга етганидан бошлаб содир этган маъсиятларини ҳам тафтиш қилиб аниқлайди. Мазкур маъсиятлардан ўзи билан Аллоҳ таолонинг ўртасидаги ишларга тавба қилиб, надомат чекади ва истиғфор айтади.

Сўнгра гуноҳларининг миқдорига назар солади. Улардан ҳар бири учун муносиб яхши амал қилишга ўтади.

Каффорот ўрнига ўтувчи ҳасанотлар, яъни яхшиликлар дил, тил ва бадан билан адо этилади. Бунда дил билан тазарруъда бўлиш, ўзини тоза тутиш, тил билан зулмни эътироф қилиб, истиғфор айтиш ва аъзолар билан садақа ва турли тоат-ибодатлар қилиш зарур.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан ўта хабардордир.Ушбу ояти давоми...

5745 19:30 / 26.09.2017
Учинчи гуруҳ олимлар .Ғийбатнинг гуноҳи ўчирилиши учун тавба қилишдан ташқари ғийбат қилинган кишидан кечирим сўраш ҳам зарур. Ўша одамга уни ғийбат қилишгани давоми...

3313 12:33 / 12.06.2018
Ниҳояда зафар топишнинг аломатларидан бири бошланишда Аллоҳ таолога қайтишдир.Ҳар бир нарсанинг аввалида Аллоҳ таолога қайтиш тавба қилиш ила, У Зотга суянган давоми...

3979 20:00 / 12.08.2017
Ҳар нафас олибчиқарганингда, албатта, У Зот сенга қадарини жорий қиладир.Яъни сен ҳар нафас олганинг ва нафас чиқарганингда Аллоҳ таолонинг бир тақдири сенга давоми...

3508 06:47 / 28.11.2017