1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Оила

Ислом таълимотлари бўйича, оила қуриш асослари

15:49 / 07.10.2017 5602 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эрдир, аёлдир, ҳар бир мусулмон оила қуришдек масъулиятли ишга ўзини уриши бор. Ана ўша ишга киришишдан олдин у оила нима, у нима учун қурилади, қайси асосда қурилади, яхши билиб олмоғи керак.

Ислом таълимотлари бўйича, оила қуйидаги асос ва мақсадларда қурилади:

1. Оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, исломий одоблар билан ўзини музайян – зийнатли қилиш учун қурилади. Бу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас.

Мисол учун, меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик. Аслида оила олиймақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун асосий макон эмасми?

Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдагидек эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. «Аллоҳнинг оятига амал қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиб, оила қурмоқдаман», деб ният қилган одам ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.

2. Оилавий ҳаёт, эр-хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юклайдиган шерик бир ҳайъат деб қараш лозим.

Эр-хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олийжаноб фарзандлар етиштириб, ватан учун фойдалар келтиришга ҳаракат қилишлари лозим. Бу эса ўз навбатида, ҳар ким келишган ҳолда ўзига хос ва ўзига юклатилган вазифаларни виждонан адо этишини тақозо қилади.

3. Эр-хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши керак.

Никоҳ алоқаси маънавий, руҳий ва ҳассос алоқадир. Бу доимий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳм-шафқат асосида бўлиши керак. Ҳар бир одам ана шу маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолда оила қуришга ҳаракат бошлаши зарур.

Бунда иш бўлажак умр йўлдошини танлашдан бошланади. Бу ҳақда келгуси фаслда сўз юритилади. Аммо ҳозир, ушбу фаслимизнинг сўнгида никоҳ масаласида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос ҳукмни баён қилувчи уч дона ҳадисни ва уларнинг шарҳини ўрганиб чиқамиз. Бу жуда муҳим масаладир.

Чунки Ислом душманлари ҳар доим айни шу масалада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига ва бу олиймақом шахс тимсолларида Ислом дийнига таъна тошларини отиб келадилар. Шунинг учун ҳам бу масалани яхшилаб ўрганмоғимиз лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, ҳар бир банданинг асосий мақсадларидан бири жаннатдан жой олишдир. Зотан, бу дунё ҳаётидаги мақсад ҳам шу. Шунинг учун банда борки, ўзининг жаннатга давоми...

4824 18:49 / 17.04.2018
Эркак ва аёлнинг фикрлашлари орасидаги фарқни аниқлаш бўйича янги илмий иш олиб борган, мия вазифаларини ўрганиш бўйича мутахассис жарроҳлар ўзлари эришган янги давоми...

18723 17:33 / 22.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймИмом Нававий айтади.Ушбу уйдаги хизматларнинг барчаси инсонлар уни қўллашга ўрганиб, одатланиб қолган мурувватлар ва яхшиликлардан давоми...

4650 21:18 / 13.02.2018
110. 79. Саъид ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Акаукаларнинг каттасининг кичигидаги ҳаққи отанинг боласидаги ҳаққичадир,, давоми...

9244 22:51 / 06.07.2017