1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Қурбонлик кирмаган хонадон қолмасин

20:59 / 31.08.2017 6325 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

أَعُوذُ بالله مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجيمِ بِسْمِ الله الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ

“Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлик сўй.”

(Кавсар сураси 2-оят)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Одамзот қурбонлик куни қон оқизишдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Қиёмат куни улар (қурбонлик қилинган ҳайвонлар) шохи, жуни ва туёқлари билан келишади (ва гувоҳлик беришади. Қурбонлик сўйилган пайтда) қон ерга тушмай туриб (унинг савоби) Аллоҳнинг ҳузурига етиб боради. Уни чин кўнгилдан қилинглар».

Термизий ривоят қилган.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким қурбонлик қилса, учинчи кундан кейин уйидан ундан бирор нарса бўлган ҳолида тонг отдирмасин», дедилар. Келаси йили бўлганда:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, ўтган йили қилганимиздек қилайликми?» дейилди. У зот:

«Енглар! Таомлантиринглар! Сақлаб қўйинглар! У йили одамлар қийинчиликда эдилар. Уларга ёрдам беришингизни хоҳлаган эдим», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, уламоларимиз, оддий ҳолатларда Қурбонликнинг гўштини учга бўлиб, бир қисмини егани, иккинчи қисмини камбағалларга бергани, учинчи қисмини сақлаб қўйгани яхши, дейдилар.

Уламоларимиз қурбонликнинг кўплаб ҳикматларини зикр қилганлар. Улардан бири қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун бандасининг Роббига нисбатан юксак одобни кўрсатишдир. Яна бири эса камбағалларнинг кўнгилларини кўтариш, уларга қувонч улашишдир.


Биз ушбу иккинчи ҳикматга қисқача тўхталмоқчимиз.

Қурбонлик қилишга қодир бўлмаган, камбағал кишиларга қурбонлик гўштидан беришлик уларнинг кўнглини кўтаради, байрам севинчига севинч қўшади.

Келинг, фитр садақасининг ҳукмини эслаб ўтайлик. Фитр садақаси тонг отгандан вожиб бўлиб, ийд намозгача берилади. Фақат намоздан кейинг қолдирмаслик керак. Мабодо намозгача бера олмаса, намоздан кейин албатта бериши шарт бўлади. Ийд намозидан кейин берилган фитр садақаси савоби намоздан олдингидан камроқ бўлади.

Бунинг ҳикматига қараладиган бўлса, камбағалларнинг севинчларига севинч қўшиш, байрам кунларини янада мароқли ва қувончли қилишдир. Агар фитр садақаси ийд намозидан олдин берилса, бу мақсад мукаммал амалга ошган бўлади. Балки шу сабабдан ийд намозидан олдин берилганда савоби кўпроқ, кейин берилганда эса камроқ бўлар.

Одатда қурбонлик ҳайвони сўйилган куни меҳмонлар кузатилади, қурбонлик гўштидан пиширилиб, оила аъзолари тановул қилишади. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ ва муҳтожларга кечроқ ёки эртаси куни тарқатилади. Баъзи хайр соҳиблари эса қурбонлик гўштини совутмасдан аввало муҳтож оилаларга тарқатишади. Улардан нега бундай қиласиз деб сўралганда қуйидаги жавобни берадилар: - Қандоқ биз ийд намозидан кейин биринчи бўлиб қурбонлик гўштидан тановул қилишни хоҳласак, бошқалар ҳам хоҳлайдилар. Шунинг учун муҳтожларга биринчи бўлиб тарқатишни, уларнинг ҳам ҳиссаларини совутмасдан етказишни энг тўғри иш деб биламиз.

Байрам қувончи қурбонлик қилиш бўлса, асл қувончи қурбонлик гўштини улашишдир.

Сиз қурбонлик қилиб қанчалик севинсангиз, қурбонлик гўшти кирган хонадон ундан ҳам севинади.

Сиз қайси хонадонга биринчи бўлиб қурбонлик гўштини олиб кирсангиз, улар буни асло унутмайдилар.

Келинг, Аллоҳ таоло берган бу неъматни муҳтож, камбағал қўни-қўшниларимиз билан баҳам кўрайлик. Уларнинг улушларини иссиғида улаштирайлик. Уларнинг оилаларини севинч ва қувончга тўлишига сабабчи бўлайлик.

Қурбонлик кирмаган хонадон қолмасин. Байрам севинчи, шодлиги ва қувончи кирмаган хонадон қолмасин.

Байрамизнингиз муборак бўлсин.


Муҳаммад Одил

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ . Абу дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Кимки умматимнинг диний давоми...

5261 09:00 / 20.06.2022
Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир. Озуқа олинг, энг давоми...

4555 18:24 / 07.08.2017
Талбия биз томонларда .лаббайка айтиш, номи билан машҳур. Ушбу сарлавҳа остида келадиган ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида талбиянинг лафзлари, унинг фазли ва давоми...

70802 20:28 / 01.08.2020
.Ҳажи мабрур, деб мақбул ҳажга айтилади. Унинг аломати ҳар бир қилган гуноҳига тавба қилиб, истиғфор айтиш ва бирор кишининг ҳаққи зиммада қолмаслигидир. Шу билан давоми...

1738 13:00 / 29.06.2022
Аудиолар

120107 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41773 14:35 / 11.08.2021