1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Эй болам!

10:10 / 27.08.2017 3146 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй болам, агар эртаю-кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар.

Сўнгра яна: 

«Эй болам, шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Маълумки, ҳазрати Анаснинг оналари у кишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёшлигиданоқ хизматга берганлар. У киши ўн йил давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлганлар. Шунинг учун ҳам кўпгина ҳадисларда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Анас розияллоҳу анҳуга «Эй Ғулом!», «Эй бола!», «Эй болам!» деб мурожаат қилганларини учратамиз. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Эй болам!» деб мурожаат қилмоқдалар ва:

«Агар эртаю кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар».

«Ғиллу ғаш» бировнинг жони, моли ва обрўсига астойдил футур етишини тилаш ва унга берилган неъматнинг завол бўлишини қалбдан хоҳлашдир.

Демак, ҳар бир мусулмон бировга нисбатан ёмонликни соғинмаслиги лозим. Ҳеч кимга нисбатан қалбида ғиллу ғаш сақламаслиги керак. Иншааллоҳ, бу ҳақда тегишли бобларда кераклича сўз юритилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насиҳатлари давомида:

«Эй болам, шу менинг Суннатимдир», дедилар.

Яъни, қалбда бировга нисбатан ғиллу ғаш бўлмаслиги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидир. 

«Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади». 

Пайғамбар алайҳиссаломнинг Суннатларини тирилтириш амали тўхтаб қолган Суннатга қайта амал қилишни бошлаш билан бўлади. Демак, Суннатга амал қилиш, амалдан қолган Суннатни қайта тирилтириш у зот алайҳиссаломга бўлган муҳаббатнинг аломатидир.

«Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, бу Суннатни маҳкам ушлаш инсонни ана шундай олий мақомга эриштиради.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ўзининг кичик ёшдаги ходимига, шогирдига «Эй болам» деб мурожаат қилиш жоизлиги.

2. Иложи борича бировга нисбатан қалбда ғиллу ғаш сақламаслик лозимлиги.

3. Қалбда бировга нисбатан ғиллу ғаш сақламаслик Набий алайҳиссаломнинг Суннатларидир.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тирилтириш у зотга бўлган муҳаббатдир.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тирилтирган ва у зотга муҳаббат қилган одам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жаннатда бўлади.

Мазкур ҳадисга амал қилишга қанчалик муҳтожлигимизни гапириб ўтирмасак ҳам бўлади.

Ушбу бобни ўрганиш давомида Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш фарзу вожиб эканини, бу масала бугунги куннинг энг долзарб масаласи эканини англадик. Лекин Китоб ва Суннатни маҳкам ушлаш осон бўлмайди. Мусулмон олами Китоб ва Суннатдан минг йилдан ортиқроқ даврда аста-секин узоқлашди. Энди уларга қайтиш ҳам тезлик билан амалга ошиши қийин. Фақат Китоб ва Суннатга тўлиқ амал қилиш билангина муваффақиятга эришиш, бахт-саодатга мушарраф бўлиш мумкин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизларнинг яхшиларингиз менинг замондошларимдир. Сўнгра улардан кейин давоми...

2893 06:10 / 04.09.2018
. , . ,. .6087. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялар давоми...

1832 09:31 / 20.11.2018
Яна у кишидан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одамлар .Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир,, деб шаҳодат давоми...

3177 08:30 / 08.04.2018
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, совутлари ўттиз соъ арпа эвазига бир яҳудийда гаровда эди,. Муттафақун алайҳ.

2572 06:10 / 30.08.2018