1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар...

17:06 / 28.07.2017 2457 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умарга: 

«Биз томонларда бир (тоифа) одамлар чиқди: Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди. Ва (гапирувчи) уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди. Шунда у:

«Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўйки, албатта, мен улардан холиман, улар ҳам мендан холидирлар. Абдуллоҳ ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган Зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтирмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди», деди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятда буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан баъзи кишилар ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб келтирилмоқда. Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрлари ҳам, гаплари ҳам йўқ. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг маъноси бор. Одатда, саҳобаи киромлар, хусусан, Абдуллоҳ ибн Умардек зот бунга ўхшаш масалаларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитмай туриб, ўз фикрларича гап гапирмасликларини ҳисобга олиб, бу ривоят ҳадисларга қўшилган. Баъзи кишилар томонидан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга:

«Биз томонларда бир (тоифа) одамлар чиқдилар: Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди». 

Гапнинг сиёқидан кўриниб турибдики, гапирувчи бошқа юртдан келган. Абдуллоҳ ибн Умардек мўътабар зот билан учрашиб қолганини қулай фурсат билиб, ўзини ўйлантириб юрган нарса ҳақида сўраб олишга қарор қилган. Унинг биз тарафларда бир тоифа одамлар чиқди, дейишидан уларнинг юртида янги бир тоифа чиққанлиги кўриниб турибди. Сўнгра ўша тоифанинг сифатларини айта бошлади:

«Қуръон ўқийдилар».

Аслида ҳамма мусулмон ҳам Қуръон ўқийди. Лекин сўзловчининг ҳалиги янги тоифани васф қилишда биринчи бўлиб Қуръон ўқишларини зикр қилишидан, Қуръон ўқиган одамдан яхшиликдан бошқа нарса чиқмаса керак, деб ўйлаб юргани тушунилади. Чиндан ҳам мусулмонлар Қуръони Каримга бўлган эҳтиромлари ниҳоятда зўрлигидан Қуръон ўқиган ҳар бир кишини қаттиқ ҳурмат қиладилар. Баъзи бир нафси бузуқлар, хусусан, бузуқ эътиқоди ила шуҳрат қозонмоқчи бўлган кимсалар бу нозик нуқтадан унумли фойдаланадилар. Ўзларини ҳаммадан кўра кўпроқ Қуръон ўқийдиган, Қуръонни биладиган қилиб кўрсатишга уринадилар.

«Илмни титкилаб талаб қиладилар».

Яъни илмнинг кўпчилик билмайдиган чуқур масалаларини титкилаб топишга уринадилар. Бидъатчи, бузуқчиларнинг асосий сифатларидан бири шу. Улар доимо йўқ ердаги китобларни топиб ўқиб, хаёлга келмаган масалаларни қўзғаб юрадилар. Ўзларини Қуръон аҳли, илм аҳли қилиб кўрсатишга уринадилар.

«Ва (гапирувчи) уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди». 

Демак, мазкур васф қилинаётган тоифа одамлари қадарга ишонмас эканлар. Ҳар бир иш ўзи қилинаётган вақтдагина маълум бўлади, дер эканлар. Бу билан Аллоҳнинг илми чексиз эканини инкор этар эканлар. Ушбу васфлардан сўнг Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у тоифадагиларнинг кимлигини англаб етдилар ва сўзловчига қуйидагиларни айтдилар:

«Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўйки, албатта, мен улардан холиман, улар ҳам мендан холидирлар».

Яъни, Ибн Умар ўзини улар билан бир маслакда, деб ҳисобламайди. Улар ҳам ўзларини Ибн Умар билан бир маслакда, деб ҳисобламасинлар.

«Абдуллоҳ ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган Зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтирмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди», деди». 

Яъни ўша қадарга ишонмайдиганларнинг Уҳуд тоғичалик катта миқдорда олтини бўлиб, уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилса ҳам, Аллоҳ садақасини қабул қилмайди. Чунки қадарга иймони йўқнинг амали қабул бўлмайди. Бу гаплар қадарга ишонмаслик нақадар ёмон нарса эканини яна бир бор кўрсатиб турибди.

Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдаларни оламиз:

1. Олим одамларни кўрганда керакли масалаларни сўраб олиш.

2. Бузуқ ақийдадаги одамларнинг Қуръон ўқишни ўзларига ниқоб қилиб олишлари мумкинлиги.

3. Бузуқ ақийдадаги одамларнинг талаби илмни ўзларига ниқоб қилиб олишлари мумкинлиги.

4. Соф эътиқоддаги мусулмон бировнинг эътиқоди бузуқ эканини эшитиши билан ундан ўзининг безор эканини эълон қилиши кераклиги.

5. Маънони таъкидлаш учун Аллоҳ билан қасам ичиш мумкинлиги.

6. Қадарга иймони йўқ одамнинг амали қабул бўлмаслиги.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Саид Саъд ибн Молик ибн Синон алХудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиАллоҳнинг набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам Сизлардан аввал ўтган умматлардан бир давоми...

3531 18:06 / 06.11.2017
Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимки бажаришга қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун давоми...

2798 15:10 / 04.12.2017
571 . . ,. . 5711. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Икки кишидан бошқага ҳасад йўқ Аллоҳ давоми...

1754 06:06 / 13.10.2018
. ,. . . 5881. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай давоми...

1731 10:40 / 29.10.2018