1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Мукаммал рўзанинг шартлари

19:25 / 08.06.2017 4439 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўзанинг мақсади қалбни тарбиялаш, уни поклаш ва шукрга ундашдир. Пайғамбар алайҳиссалом: “Рўза − омонатдир, шундай экан, ҳар бирингиз ўз омонатини эҳтиёт қилсин” деганлар.  Рамазон ойида миллионлаб мусулмонлар рўза тутадилар, лекин кимгадир кимдандир улуғроқ ажру мукофот насиб қилади. Имом ал-Ғаззолийнинг айтишича, рўзанинг уч тури бор: оддий инсонлар рўзаси, танланганлар рўзаси ва махсус танланганлар рўзаси. Оддий инсонлар рўзаси таомланмаслик, ичимлик ичмаслик ва яқинлик қилмасликдан иборат. Танланганлар рўзаси эса кўзлар, қулоқлар, тил, қўллар, оёқлар ва тананинг бошқа аъзоларини гуноҳлардан тийишликдир. Махсус танланганлар рўзаси эса нафақат танани, балки қалбни ҳам гуноҳлардан сақлашдан иборатдир. Унинг олти хусусияти бор:

1. Назарни тийишлик. Ҳадислардан бирида марҳамат қилинганидек, “Назар − Иблис (Аллоҳнинг унга лаънати бўлсин)нинг заҳарли ўқларидан биридир. Ким уни Аллоҳдан қўрқув сабабли ҳаромдан сақласа, Ўзи у бандага қалбида лаззатини ҳис қиладиган иймонни ато этади”. Шунингдек, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Рўзани беш амал бузади: ёлғон, бўҳтон, ғийбат, ёлғон қасам ва шаҳватли назар”.

2. Тилни бўҳтондан, бекорчи гап-сўздан ва ёмон сўз айтишдан тийиш. Рамазон ойида инсон тилини қўполлик, уруш ва жанжалдан тийиши, Қуръон тиловати, Аллоҳнинг зикри, яхши сўзлар айтиш ва дуо қилиш билан банд қилиши керак. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза − қалқондир, бирортангиз рўзадор бўлгани ҳолда ёмон сўз айтмасин ва қўполлашмасин. Кимдир у билан урушмоқчи бўлса ёки ҳужум қилса, “Мен рўзадорман! Мен рўзадорман!” деб айтсин” дея марҳамат қилганлар.

3. Қулоқни сақлашлик. Қулоқларни ҳам ҳаромдан ва ёмон сўзлардан асрашлик керак. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло ёлғонга қулоқ тутганни ҳам ҳаром амал қилганга тенглаштириб: “Улар ёлғонга кўп қулоқ солувчилар, ҳаромни кўп еювчилардир” (Моида сураси, 42-оят). Ёлғонга қулоқ солишлик ҳам, уни гапиришлик ҳам тақиқланган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ёмон сўз айтган ҳам, уни тинглаган ҳам, гуноҳга шерикдир”.

4. Тананинг бошқа аъзоларини ҳам ҳаромдан сақлашлик. Бир ҳадисда “Шундай рўзадорлар борки, уларга рўза тутишдан фақат очлик ва чанқоқ етади” дейилган. Баъзи имомлар бундайларни, ҳаромдан сақланмаганлар, дея таърифлайдилар, баъзилари эса таомланишдан ўзларини тийсалар-да, биродарларининг “гўштларини ейдиган” ва улар ҳақида ғийбат қиладиганлар, деб айтишади, бошқа имомлар эса уларни таналарини гуноҳдан сақламаган инсонлар эканлигини эслатиб ўтишган.

5. Ҳалол таомларни истеъмол қилишда ҳаддан ошмаслик. Миқдом ибн Маъдикариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини турғазадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир, деб марҳамат қилганларини эшитдим”.

Рамазон − руҳни тарбия қиладиган ойдир. Олимларнинг фикрича, кундуз куни кўп ухламаган  инсон ўзида очлик, чанқоқ ва ҳолсизликни ҳис қилади. Чунки булар банданинг қалбини поклайди, нафсни жиловлайди ва Аллоҳ таолога ибодат, жумладан, тунги таҳажжуд намозларини адо этишни енгиллаштиради.

6. Қалбни асрашлик. Олимлардан бири: “Нечалаб (зоҳиран) рўза тутувчилар бор, аслида улар рўза тутмайдилар ва қанчалар (зоҳиран) рўза тутмайдиганлар бор, аслида улар рўзадордек”. Биринчи турдаги инсонлар ўзларини емоқ ва ичмоқдан тиядилару, лекин баданларини ва қалбларини гуноҳдан сақламайдилар. Иккинчи турдаги инсонлар эса рўза тутмайдилар, лекин қалбларини ва баданларини ҳаромдан сақлайдилар.

Рўзанинг мазмуни − қалбни тарбия қилиш, уни поклаш ва шукроналикдан иборат, очлик ва чанқоқ эса унинг ташқи белгилари холос. Уламолардан бири шундай деган: “Аллоҳга ибодатнинг зоҳирий ва ботиний қисмлари, ташқи қобиғи ва ўзаги болиб, ўзаги қаватлардан, қаватлари эса, босқичлардан иборат. Ўзаксиз қобиқдан роҳатланиш ҳам, илоҳий нурга эга қалб соҳибларидан бири бўлиш ҳам, ўзингга боғлиқ”.


Абдулатиф ИРГАШЕВ таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида айтганидек, рўза уммати Муҳаммадияга аввал ўтган умматлардан ўрнак ўлароқ фарз қилинган. Оятдаги .сиздан аввалгиларга фарз давоми...

4149 16:55 / 27.05.2017
Аллоҳ жалла шаънуҳу.Албатта, Биз уҚуръонни Қадр кечасида туширдик. Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди Қадр кечаси минг ойдан яхшидир. Унда фаришталар давоми...

21507 17:09 / 21.06.2017
.Қадр кечаси, .ЛайлатулҚадр, Рамазон ойи ичига яширилган энг фазилатли, минг ойдан яхшироқ, гуноҳлар кечириладиган, дуолар ижобат бўладиган кечадир. Қуръони Карим давоми...

5827 17:22 / 17.06.2017
Умра ва эътикофУмрани адо этиш улуғ фазлдир. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам .Умра умрагача бўлган гуноҳларни ўчиради. Ҳажжи давоми...

3424 19:22 / 25.06.2017