1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Жунуб ҳолида тонг оттирган рўзадорнинг ҳукми

16:45 / 01.06.2017 21606 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Муслим ва Абу Довудлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилишади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига фатво сўраб келди. Мен эшик ортидан эшитиб турган эдим. У киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, баъзан жунуб ҳолимда намоз (бомдод) вақти кириб қолади, рўза тутавераманми?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ҳам жунублигимда намоз вақти кириб қолади, рўза тутавераман», дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизнинг олдинги-ю кейинги гуноҳларингизни мағфират қилиб қўйган­да», деди. Шунда у зот: «Аллоҳга қасам, умид қиламанки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингиз ва нимадан тақво қилишни энг яхши биладиганингизман», дедилар».

Имом Муслим Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«У кишидан жунуб ҳолда тонг оттирган киши рўза тутадими? – деб сўрашди. Шунда у (Умму Салама розияллоҳу анҳо): «Баъзан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтиломдан эмас, жимоъ сабабли жунуб ҳолларида тонг оттирардилар, кейин рўза тутаверардилар». 

Бошқа ривоятда: «Кейин оғизлари очилиб ҳам кетмасди, (рўзани) қазо ҳам қилмасдилар», дейилган.

(Изоҳ: Демак, жунуб ҳолда рўзани ният қилардилар ва шу билан кифояланиб, бу куннинг рўзасини кейин қайта тутмасдилар. Бизда бирор амални «қазо қилиш» деганда вақтини ўтказиб юбориш тушуниб қолинган. Аслида эса ҳадисларда ҳам, фиқҳий истилоҳда ҳам амални ўз вақтида бажаришни «адо этиш», вақтидан ўтказиб ўташни эса «қазо қилиш» дейилади. («Олтин силсила»).

Рамазонда кундузи эҳтилом бўлиб қолган рўзадорнинг ҳукми

Абу Довуд Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг биридан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайт қилганнинг ҳам, эҳтилом бўлганнинг ҳам, хижома қилдирганнинг (қон олдирганнинг) ҳам рўзаси очилмайди», дедилар».

Рўзадорнинг мубошара қилиши

Мубошара – эр-хотиннинг яланғоч бадани бир бирига тегиши.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида ўпар ва қучоқлардилар. У зот (одамларнинг) шаҳватига энг молики эдилар», деди».

Яна у киши Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида баъзи бир завжаларини ўпар эдилар», деди. Кейин кулди».

Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан рўзадорнинг аёлини қучоқлаши ҳақида сўради. Унга рухсат бердилар. Бошқа биров у зотнинг ҳузурларига келиб, сўраган эди, уни қайтардилар. Қарасак, у зот рухсат берган киши чол экан, қайтарган одам эса йигит экан».

Рўзадор сурма қўйиши

Термизий «Сунан»ида шундай деган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сурма ҳақидаги бирорта ривоят саҳиҳ эмас». Кейин Анас ибн Моликдан бир ҳадисни келтириб: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Кўзим оғриб қолди. Рўзадор ҳолимда сурма қўйсам бўладими?» деди. У зот: «Ҳа», дедилар». «Ушбу ҳадиснинг Санади кучли эмас», деган. Кейин яна: «Илм аҳли рўзадор сурма қўйиш борасида ихтилоф қилишган. Айримлари макруҳ дейишган. Бу Саврий, Ибн Муборак, Аҳмад ва Исҳоқларнинг сўзидир. Айримлари эса рўзадорга рухсат дейишган. Бу Шофеъий, Ҳасан Басрий ва Анас ибн Моликларнинг сўзидир. Улар бунинг зарази йўқ дейишган.

Мен айтаманки, кўздан бурунга, ундан ҳазм қилиш аъзосига йўл бор. Рўзадор сурма қўйишдан сақланиши матлубдир. Ибн Обидийн «Роддул муҳтор алад-дуррил мухтор»да зикр қилишича, одам рўзадор ҳолида сурма қўйса, унинг тамини халқумида сезган тақдирда ҳам рўзаси очилмайди. У яна «Наҳр» муаллифининг гапини зикр қилиб шундай деди: «Халқумида ҳис қилинган нарса тер безларининг тешикларидан кирган нарсадир. Рўзани очувчи нарсалар эса, одамнинг ичига йўл бўлган оғиз, бурун, орқадан кирса очиб юборади».

Аниқланишича, кўзёшнинг йўли кўзёшини бурунга олиб боради. У томирга қараб йўл олади. Бунда гўё сурма халқумга теридаги тер безларининг тешикларидан эмас, кўзёшнинг йўлидан боради. Шунинг учун сурма қўйишдан сақланиш афзалдир. Валлоҳу аълам.

«Мудаввана»да Моликдан ривоят қилинади: «У кишидан рўзадорнинг сурма қўйиши ҳақида: қазосини тутиб берадими? деб сўрашди. Шунда Молик: «Халқумига кирса, халқумига етиб борганини билса, унга қазосини тутиш вожиб бўлади. Каффорат тўламайди».

Лекин сув ёки ёғнинг қулоққа кириб кетиши кучли қавлга кўра рўзани бузмайди. Чунки қулоқ орқали тер безларининг тешикларидан бошқа одамнинг ичига йўл йўқ.

 

Таржимон Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шаввол ойининг биринчи куни икки ракъат ийдулфитр фитр байрами намозини адо этиш вожибдир. Ийдулфитр намози қуйидаги тартибда ўқилади1. Қиблага қараб .Икки ракъат давоми...

7973 18:22 / 19.06.2017
Маълумки, Аллоҳ таоло бандаларни бу дунёда Ўзига холис ибодат қилишга буюради. Инсонларнинг зиммаларига фарз қилинган ибодат турлари эса ҳар хилдир. Мусулмонлар давоми...

6452 16:40 / 13.06.2017
Рўзадор ўз рўзасини барча қадрини туширадиган, ажрини кетказадиган ишлардан сақламоғи лозим. Набий алайҳиссалом бундай дедилар .Албатта, умматимдан муфлис давоми...

3845 11:31 / 24.06.2017
Отаонага яхшилик қилишЙўқликдан инсонни яратган ва унга кўп неъматларни берган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин Набий ва Расулларнинг шарафлиси бўлган Маҳаммад давоми...

3719 17:20 / 06.06.2017