1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рамазон ойининг фазилатлари

19:37 / 30.05.2017 5518 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Рамазон ойида одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган» (Бақара сураси, 185-оят).

 

Ушбу оятда Рамазон ойининг бошқа ойлардан афзаллиги, уларга нисбатан устун эканига далолат бор.

Ушбу ойнинг фазилатларидан бири шуки, унда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади.

 

عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: إِذَا جَاءَ رَمَضَانُ فُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ وَصُفِّدَتِ الشَّيَاطِينُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ أَبَا دَاوُدَ. وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: إِذَا كَانَ أَوَّلُ لَيْلَةٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ صُفِّدَتِ الشَّيَاطِينُ وَمَرَدَةُ الْجِنِّ وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ فَلَمْ يُفْتَحْ مِنْهَا بَابٌ وَفُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ فَلَمْ يُغْلَقْ مِنْهَا بَابٌ وَيُنَادِي مُنَادٍ: يَا بَاغِيَ الْخَيْرِ أَقْبِلْ وَيَا بَاغِيَ الشَّرِّ أَقْصِرْ وَللهِ عُتَقَاءُ مِنَ النَّارِ وَذَلكَ كُلُّ لَيْلَةٍ.

 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Термизийнинг лафзида шундай дейилган: 

«Рамазон ойининг биринчи кечасида шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилади, уларнинг бирортаси очилмайди. Жаннатнинг эшиклари очилади, уларнинг бирортаси ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: «Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!» деб нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган бандалари бўлади. Ҳар кеча шундай бўлади».

 

Рамазон ойи фазилатларидан яна бири Муҳаммад умматига берилган бешта хислатдир. Бу хислатлар Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган.

عَنْ كَعْبِ بْنِ عُجْرَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " احْضُرُوا الْمِنْبَرَ " ، فَحَضَرْنَا ، فَلَمَّا ارْتَقَى دَرَجَةً ، قَالَ : " آمِينَ " ، فَلَمَّا ارْتَقَى الدَّرَجَةَ الثَّانِيَةَ ، قَالَ : " آمِينَ " ، فَلَمَّا ارْتَقَى الدَّرَجَةَ الثَّالِثَةَ ، قَالَ : " آمِينَ " ، فَلَمَّا فَرَغَ ، نَزَلَ عَنِ الْمِنْبَرِ ، قَالَ : فَقُلْنَا يَا رَسُولَ اللَّهِ ، لَقَدْ سَمِعْنَا الْيَوْمَ مِنْكَ شَيْئًا لَمْ نَكُنْ نَسْمَعُهُ ، قَالَ : " إِنَّ جِبْرِيلَ عَلَيْهِ السَّلامِ عَرْضَ لِي ، فَقَالَ : بَعُدَ مَنْ أَدْرَكَ رَمَضَانَ ، فَلَمْ يُغْفَرْ لَهُ ، فَقُلْتُ : آمِينَ ، فَلَمَّا رَقِيتُ الثَّانِيَةَ ، قَالَ : بَعُدَ مَنْ ذُكِرْتَ عِنْدَهُ ، فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيْكَ ، فَقُلْتُ : آمِينَ ، فَلَمَّا رَقِيتُ الثَّالِثَةَ ، قَالَ : بَعُدَ مَنْ أَدْرَكَ وَالِدَيْهِ الْكِبَرَ عِنْدَهُ ، أَوْ أَحَدُهُمَا ، ثُمَّ لَمْ يُدْخِلاهُ الْجَنَّةَ ، أَظُنُّهُ قَالَ : فَقُلْتُ : آمِينَ

رواه الحاكم.

Каъб ибн Ужрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Минбар олдида тўпланинглар», деган эдилар, тўпландик. У зот минбар зинасининг биринчи поғонасига кўратилганларида «Омин!» дедилар. Иккинчи поғонасига кўтарилганларида ҳам «Омин!» дедилар. Учинчи поғонасига кўтарилганларида яна «Омин!» дедилар.

Хутба айтиб бўлиб, минбардан тушганларида: «Эй Аллоҳнинг Расули, бугун сиздан ҳеч эшитмаган нарсамизни эшитдик», дедик. У зот шундай дедилар: «Жиброил алайҳиссалом менга рўпара келиб, «Рамазонга етиб кела туриб ҳам мағфират қилинмаган кимса йўқолсин!» деган эди, «Омин!» дедим. Иккинчи поғонага чиққанимда «Ҳузурида сени зикр қилишса, сенга салавот айтмаган кимса йўқолсин!» деган эди, «Омин!» дедим. Учинчи поғонага чиққанимда «Ота‑онаси ёки уларнинг бири қариб қолган пайтида улар туфайли жаннатга кириб олмаган кимса йўқолсин!» деган эди, «Омин!» дедим». 

Ота‑она туфайли жаннатга кириб олмаган одам уларга хизматда, муомалада нуқсонга, қусурга йўл қўйган бўлади.

Унинг фазилатларидан яна бири шуки, бу ойда минг ойдан афзал бўлган Қадр кечаси бордир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримдаги бир сурани шу кечанинг номи билан номлаган:


БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ


Биз Уни (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик. Лайлатул Қадрнинг нималиги сен қаердан биласан? Лайлатул Қадр минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббининг изни ила барча ишлар учун нозил бўлур. У то тонг отгунча саломдир.

Ушбу сурада Қадр кечасининг бир неча фазилатлари ҳақида айтиб ўтилган.

Қадр кечаси деб аталишига сабаб шуки, бу ном «қадр» сўзининг маъносидан келиб чиққан ҳолда қўйилган. Муфассирлар ушбу «қадр» сўзини миқдор, фазл ва шараф дейишган. Бу кеча қадрининг, шаънининг улуғлигидан шундай номланган. «Фалончининг қадри бор» дегани ўша одамнинг шарафли, фазилатли эканидир.

Ушбу кечадан баҳраманд бўлган банда Аллоҳ таолонинг ҳузурида буюк насиба ва шарафга етишгани сабабли ҳам бу кеча шундай аталган бўлиши эҳтимоли ҳам бор.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг наздида бу кечада қилинган солиҳ амалнинг қадри улуғ бўлгани, савоби улкан бўлгани учун ҳам қадр деб аталган бўлиши мумкин. Бу кечада қилинган солиҳ амал минг ой давомида қилинган шундай амалдан яхшироқдир. Ушбу кеча ҳақидаги мазкур учта фикрнинг учтаси олинган.

Баъзи уламолар бу ердаги «қадр» сўзи тақдир маъносида ҳам келади, дейишган, чунки бу кечада ажал ва ризқни, оламдаги барча воқеаларни ўз ичига олган ҳикматли тақдирлар белгиланиб, амалга ошириш учун фаришталарга топширилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Ҳаа Мийм. Очиқ-ойдин Китобга қасамки, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантирувчимиз. Унда (ўша кечада) ҳар бир ҳикматли иш ажратилиб, ҳал қилинур.

Бу оят ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган маълумотда шундай дейилган: «Қадр кечаси Уммул Китобдан (Лавҳул маҳфуздан) бир йиллик ризқ, ҳаёт ва ўлим, ёмғир каби ишлар ёзиб олинади. Ҳаттоки кимнинг ҳажга бориши ҳам «Фалончи ҳаж қилади», деб ёзиб қўйилади.

Ушбу кечанинг яна кўп фазилатлари бор:

Биринчи: Бу кечада Қуръони Карим нозил бўлган бўлиб, унда рушду ҳидоятнинг баёни бор. У бандаларни саодат, мулк, фазилат, каромат, одоб ва ахлоқ йўлига ҳидоят қилади. Қадр кечасида Қуръони Карим тўлиқ, жам ҳолида биринчи осмондаги Байтул Иззага (Иззат Уйига) нозил бўлган. Кейин эса мана шу кечадан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлак-бўлак ҳолда, йигирма уч йил мобайнида нозил бўлиб турган.

Иккинчи: «Лайлатул Қадр минг ойдан яхшироқдир». Аксар салафи солиҳлар айтганидек, мазкур кечадаги солиҳ амал ва ибодатлар Қадр кечасидан бошқа пайтдаги минг ойлик ибодатдан яхшироқдир. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини бу кечани ғанимат билишга ундаганлар:

مَنْ يَقُمْ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

«Ким Лайлатул Қадрни иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур». 

Бешовлари ривоят қилган.

Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан Аллоҳ таолонинг Муҳаммадий умматга фазлу карамидир. У Зот бир йил ичида бир кечани берган бўлиб, бу ибодатда кенгчилик бор. Бандалар у туфайли хайр-баракага, ҳидоят ва нурга эришадилар. Биздан аввалги умматлар бу фазилатларга минг йилда ҳам эриша олмаганлар. Шунинг учун бу кеча минг ойдан афзалдир.

Учинчи: «Унда фаришталар ва Руҳ Роббининг изни ила барча ишлар учун нозил бўлур». Бу оятдаги Руҳнинг кимлиги ҳақида уламолар турлича фикрлар айтишган. Бироқ, зоҳиран у Жаброил алайҳиссаломдир. Аллоҳ таоло шундай деган:

 «Уни Руҳул Амийн олиб тушди» (Шуъаро сураси, 193-оят).

«Уни иймон келтирганларни собитқадам қилиш учун ва мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар этиб Роббингдан ҳақ ила Руҳул-қудус олиб тушди», дегин» (Наҳл сураси, 102-оят).

«Ва улар билан ўзи орасида тўсиқ қилганида Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. У унга бус-бутун одам бўлиб кўринди» (Марям сураси, 17-оят).

Ушбу оятлардаги Руҳ ҳам Жаброил алайҳиссаломдир.

Қадр сурасидаги «Унда фаришталар ва Руҳ Роббининг изни ила барча ишлар учун нозил бўлур» оятида Аллоҳ таоло фаришталардан кейин Жаброил алайҳиссаломни алоҳида зикр қилмоқда. Бу эса у зотнинг мақоми юксаклигидан, шаъни улуғлигидандир. Дарҳақиқат, у зотнинг хос ўринлари бор. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

«У қувватли, арш Эгасининг ҳузурида мартабаси олийдир» (Таквир сураси, 20-оят).

Демак, фаришталар Руҳ алайҳиссалом билан бирга Қадр кечаси нозил бўлиб, ҳар бир мўмину мўминага салом берадилар. Кимга бу мукаррам зотлардан салом етса, гуноҳлари мағфират қилинади. Имом Нававий буни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нақл қилган. Бу кеча фаришта ва Руҳ Роббининг изни ила йиллик тақдир қилинган, хайр-барака ва раҳмат бўлган ҳар бир иш учун ерга тушадилар.

Аммо хамрга, маъсиятга муккасидан кетганлар, коҳин ҳамда хусуматчилар бу улуғ зотларнинг саломидан мосуводир.

Тўртинчи: «У то тонг отгунча саломдир».

Бу салом – фаришталар ва Руҳнинг Аллоҳ таолонинг валийларига, тоат аҳлига, масжид аҳлларига, ҳар бир мўмину мўминага саломидир. Фаришталар уларга салом бериб, уларга Аллоҳ таолонинг саломини етказишади.

Шу сабаб сакина ва тинчлик нозил бўлади, аҳли иймонга омонлик тушади ва бу ҳолат то тонг отгунича давом этади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолодан қўрқишАллоҳ таоло Ўз фазли ва улуғлигидан Ўзидан қўрқувчилар учун.Роббининг ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор,АрРоҳман сураси, давоми...

3596 10:13 / 16.06.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймБиринчи бағишловРамазон Исми шарифингга жонлар нисор бўлсин сенинг. Хуш келдинг, қутлуғ ва ўтлиғ ойим Номингни қўрқмасдан, оғзимизни давоми...

3393 14:16 / 10.06.2017
Муборак Рамазон ойи ҳам тугамоқда. Аллоҳ таолонинг нурлари билан қамраб олинган ойлар ичида энг улуғи билан видолашамиз. Рамазонда қилган амалларимизни таҳлил давоми...

3206 16:44 / 01.07.2017
Нақд пулдан қандай қилиб закот чиқарилади Унинг шартлари қандайНақд пулдан закот чиқариш фарз бўлиши учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим1. Пул нисобга давоми...

5481 12:40 / 18.06.2017