1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Беморни кўргани борганнинг унга шифо сўраб дуо қилиши

01:32 / 12.05.2017 4733 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

520. Ҳумайд ибн Абдурраҳмон айтади:

«Бану Саъддан учтаси менга ҳадис айтишди. Ҳаммаси ҳам оталаридан ривоят қилишади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада Саъд(ибн Абу Ваққос)нинг олдига уни кўргани кирдилар. Шунда у йиғлади. Ул зот:

«Нимага йиғлаяпсан?» дедилар.

«Ўзим ҳижрат қилиб (ташлаб) кетган ерда Саъд (ибн Ховла) ўлгандек ўлишдан қўрқдим», деди. Ул зот уч марта:

«Аллоҳим! Саъдга шифо бер!» дедилар.

«Менинг молим кўп. Меросимни қизим олади. Молимнинг барчасини васият қилайми?» деди.

«Йўқ», дедилар.

«Учдан иккисини-чи?» деди.

«Йўқ», дедилар.

«Ярмини-чи?» деди.

«Йўқ», дедилар.

«Учдан бирини-чи?» деди.

«Учдан бири... Учдан бири ҳам кўп. Албатта, молингдан қилган садақанг ҳам садақа. Аҳли аёлингга қилган нафақанг ҳам садақа. Таомингдан аёлинг ейдигани ҳам сен учун садақа. Албатта, аҳлингни яхшилик ёки етарли нарса ила қолдиришинг уларни одамлардан тиланиб юрадиган қилиб қолдирганингдан афзалдир», деб қўллари билан кўрсатдилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг қисқароқ матни аввал ҳам ўтган эди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Мадинадан Маккани фатҳ қилишга борганларида касал бўлиб қолганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кўргани келганларида Саъд розияллоҳу анҳу йиғлаганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунинг сабабини сўраганлар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Мен ҳижрат қилиб ташлаб кетган жойимда Саъд ибн Хавлага ўхшаб ўлиб қолишдан қўрқяпман», деганлар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу маккалик бўлганлар, сўнг ҳижрат фарз бўлганида Маккани ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб кетганлар.

Фатҳ куни Маккага келганларида эса, аввал айтилганидек, касал бўлиб қолганлар. Шунинг учун «Вафот этсам, муҳожир бўлмай қоламанми, ҳижратим бекор бўладими», деб қўрқиб йиғлаётган эканлар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: «Аллоҳим! Саъдга шифо бергин!» деб дуо қилганлар.

Мана шу нуқта ушбу бобнинг мавзуига мувофиқ келган. Касални кўргани келган киши унга шифо тилаб, дуо қилиши керак экан.

Шундан сўнг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг молим кўп. Меросхўрим эса биттагина қизимдир. Молимнинг ҳаммасини садақа қилишга васият қилсаммикан?» дебдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ», дебдилар.

«Учдан икки қисмини васият қилайми?» дебдилар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Йўқ», дебдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Молимнинг ярмини садақа қилсам-чи?» деб сўрабдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна «Йўқ», дебдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Молимнинг учдан бирини садақа қилайми?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Майли, лекин учдан бири ҳам кўп. Албатта, молингдан садақа қилсанг ҳам – садақа, аҳли аёлингга нафақа қилсанг ҳам – садақа, хотининг қорнини тўйғазиш учун молингдан еса ҳам – садақадир. Аҳлинг сендан кейин яхши аҳволда қолиши уларнинг одамлардан тиланчилик қилиб юришидан кўра яхшидир», деган эканлар.

Ушбу ҳадисдан мерос ҳақидаги муҳим ҳукм олинган. Бир киши вафоти олдидан молини қандай тасарруф қилиш ҳақида васият қилса, бу васияти бутун молининг фақат учдан биригагина тааллуқли бўлади.

Ўлим шарпасини сезган одамнинг кўзига ҳеч нарса кўринмай қолади. Шунинг учун бор молимни хайр-эҳсон қилиб юборсам, савоби кўпроқ бўлса, деган ташвишга тушиб қолади. Ана шунда орқасидан қолаётган аҳли-аёли, фарзандлари, қавм-қариндошларини ўйламай, молини бошқа мақсадларга васият қилиб юбориши мумкин.

Ваҳоланки, фарзандларининг туғилишига сабаб бўлган ҳам ўзи, аёлига рози бўлиб уйланган ҳам ўзи, ота-онаси эса уни боқиб катта қилган, ака-укалари унга ёрдам берган, тириклигида бошига иш тушса, кунига ярайдиган ҳам ўшалар, керак бўлганда фарзандлари унга мол-дунё ҳам сарфлайди.

Шунинг учун ҳам у қолдираётган мол-дунёда шариат бўйича барча яқинларининг ҳаққи бор, деб ҳисобланади.

Ушбу ҳадисга кўра, кишининг вафоти олдидан қилган васияти унинг бор молига эмас, балки ўша молнинг фақат учдан бирига ўтади. Айни пайтда, унинг садақа қилиш истагига ҳам бефарқ қаралмайди.

Демак, ўша киши молининг қанча қисмини васият қилишидан қатъи назар, бу васият молнинг фақат учдан бир қисмига ўтади.

Яна бир айтиладиган гап шуки, бировга садақа қилиш яхши, деймиз, бироқ, шу билан бирга, аҳли-аёлга нафақа қилиш ҳам бор. Садақа – молиявий нафл ибодат. Нафақа эса вожибдир. Ҳар бир оила эгаси ўз аҳли аёлини таъминлаши, нафақасини бериб бориши вожибдир. Бу амал шариатимиз буюрган ибодатдир.

Оила бошлиғи бу нафақани миннат қилиши мумкин эмас. Бир киши ўз меҳнати билан аҳли аёлига нафақа қилиб, қорнини тўйдириб, устини бут қилса, турар жойини яхшилаб берса, Аллоҳ таоло буюрган вазифани, фарзни бажарган бўлади, холос.

Бу билан у фарзандларига меҳр, карам кўрсатган ҳисобланмайди, балки Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчини адо этган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишининг ўз аёлига едирган таоми ҳам садақа эканини айтмоқдалар. Киши вафот этиб кетса, шариат ундан кейин қоладиган аҳли аёлининг таъминоти ҳам яхши бўлишини талаб қилмоқда. Бу ҳам улкан бир қоидадир.



Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Одоблар ҳазинаси шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар,, дедилар. Одамлар .Эй давоми...

5423 09:10 / 04.03.2019
Ханнос ибн Саҳим айтади .Зиёд ибн Жарир билан ахлат ёнидан ўтиб кетаётган эдик. Сўзим орасида .Йўқ, омонат билан қасам,, деб юбордим. Шунда Зиёд йиғлади. Мен жуда давоми...

1990 08:00 / 14.01.2020
Охирги пайтларда аҳли илмларни обрўсизлантиришга ҳар тарафдан турли кўринишдаги уринишлар авж олди. Бу ҳолат бутун дунё бўйлаб кузатилмоқда. Бу ҳолат араб давоми...

3657 14:36 / 22.10.2019
Қуръонда пайғамбарлар дуолари давоми Қуръонда .Ва албатта, Сен улкан хулқдасан, Қалам сураси, 4оят деб васф қилинган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

3381 17:00 / 29.04.2019