1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қабасотун мин ҳаётир Росул (3-қисм)

20:19 / 28.04.2017 4352 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РОСУЛ (3-қисм)

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

ҳаётларини ўрганиш)


ИЙМОН


إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ آمَنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ ثُمَّ لَمْ يَرْتَابُوا وَجَاهَدُوا بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنفُسِهِمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ أُوْلَئِكَ هُمُ الصَّادِقُونَ {الحجرات/15}

“Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир” (Ҳужурот сураси, 15-оят).

“Иймон”нинг маъноси соғлом эътиқод ва яхши амалдур. Солиҳ амалларни адо қилиб, ҳар қандай нуқсондан пок ва ҳар бир камолотда барҳақ ягона бўлган Тангриси бор эканига эътиқод қилган кимса мўмин банда саналади. У ҳар қачон Аллоҳ таолога юзланса, Унга ибодатини холис қилса, Роббиси кузатиб турганини ҳис қилса, Аллоҳдан қўрқишлик билан тақвосида содиқ бўлса, қалбида иймон ҳаловатини топади.

Иймон мўъжизаларни ҳосил қилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари қалбларида иймон қасрини қурдилар ва унинг ҳаловатини тотдилар. Иймонларининг қуввати ва соғлом завқи самараси ўлароқ шиддат ила жиҳод майдонининг ҳавзасига интилганлар. Уларнинг Роббисига бўлган мустаҳкам эътиқодларининг самараси ўлароқ тиконли йўллар ҳам, ўнқир-чўнқир сўқмоқлар ҳам бўйсунганлар.

Ҳар қачонки, мўмин банда Тангрисига мустаҳкам эътиқодда бўлар экан, қалбида умидсизликка жой қолмайди. Ҳар қанча улуғвор чақириқлар бўлса-да, ижобат қилгай. Ҳар қандай хатарни енгиб ўтгай.

Иймони бақувват бўлган мўмин банда йўлида ҳар қанча ғов бўлса-да, Ислом калимасининг улуғворлиги йўлида ижтиҳод қилади. Бу йўлда ҳар қандай заҳматга бардош беради. Зеро, унинг йўли иккидан бирдур – нусрат ёхуд шаҳодат!

Мўмин кишини ҳеч қандай ҳодиса ожиз қолдира олмайди. Ҳар қандай фитналар исканжасида ҳам зеҳну идрокини йўқотиб қўймагай. Балки буюк мақсад сари интилиб боргай!

Бизлар токи иймон ҳаловатидан баҳраманд бўлиб, мукаммал ишонч-эътиқод роҳатини тотмагунимизга қадар, руҳониятимиз оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳ таолонинг малакутида пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар қатори кўтарилмагунига қадар Аллоҳнинг ҳидоятига эргашиш, ҳақиқий иймон ила мўмин бўлишлик даъвосини қилишга муносиб бўла олмаймиз.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимда шу уч нарса бўлса, иймон ҳаловатини  топади:

-        Аллоҳ ва Унинг Расули унга бошқа ҳаммадан кўра  маҳбуброқ бўлмоғи;

-        Бирор кишини яхши кўрса, фақатгина Аллоҳ учун яхши кўрмоғи;

-        Куфрга қайтишни олов (ёки дўзах)га тушиб қолишдан қўрққанидек ёмон кўрмоғи”, деганларида ҳақиқатан ҳам тўғри айтган эдилар.


ИЙМОН ВА ЖАСОРАТ


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг амакиси Анас ибн Назр Уҳуд ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатл қилинганлиги ҳақидаги миш-мишлардан эсанкираб, қуролларини ҳам ташлаб ҳайратда турган одамларнинг олдидан ўтар экан:

– Ўтиришларингизнинг боиси не? – деб сўради.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қатл қилиниши, – деб жавоб беришди.

– Эй қавмим, агарчи Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қатл қилинган бўлса ҳам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Робби Аллоҳ таоло ўлмагай! Мабодо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатл қилинса, Ул зотдан кейин бу ҳаётда яшаб нима қилурсиз?! Шундоқ экан, Ул зот жанг қилганидек, сиз ҳам жанг қилинг! Агар Ул зот ўлса, сиз ҳам ўшандек ўлишни афзал кўринг! – деди. Кейин яна:

– Эй Аллоҳим, манавилар – яъни мусулмонларнинг гаплари учун Сендан узру мағфират сўрайман! Ва анавилар – яъни мушрикларнинг қилган ишларидан омонлик сўрайман, – деб қўшиб қўйди. Сўнг Саъд ибн Маоз розияллоҳу анҳуга йўлиқиб қолиб:

– Эй Саъд! Менга Уҳуд томондан Жаннатнинг ҳиди келяпти! – дея жанг майдонига ташланди ва шаҳид бўлгунига қадар жанг қилди. Унинг жасадини таниб бўлмас эди. Фақат опасигина унинг ҳидидан таниди. Танасида саксондан ортиқ қилич ва найзалар жароҳати бор эди.


ҲАҚИҚИЙ ИЙМОН


Бану Мусталиқ ғазотида мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул Мадинада туриб:

– Агар Мадинага қайтсак, азизлар хорларни ундан чиқариб юборур! – деди.

Унинг ўғли Абдуллоҳ отасининг қилмишидан хабардор бўлгач, унинг феълидан безиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, Сиз азиз, у эса хордур! Агар хоҳласангиз, унинг ўзини Мадинадан чиқариб юборурмиз! – деди.

Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг отасини қатл  қилиши ҳақида эшитиб қолди. Шунда у:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Отамни қатл қилишни хоҳлабсиз деб эшитдим. Ростдан ҳам шундоқ бўлса, қатл қилишни менга топширинг! Аллоҳга қасамки, агар ўлдиришликни менга буюрсангиз, албатта ўлдиражакман! Эй Аллоҳнинг Расули! Агар мендан бошқаси ўлдирса, қасос олиш учун сабрим етмай у кимсани мусулмон ҳолида ўлдириб қўйиб, дўзахга тушиб қолишдан қўрқаман. Ваҳоланки, бутун ансорлар мени отасига энг меҳрибон инсон сифатида яхши билишади.

– Яхши, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам – отангга яхшилик қилишда давом этавер. У сендан фақт яхшиликни кўрсин!

Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинага етиб келдилар. Йўлда Абдуллоҳ отасининг олдида тўхтади ва:

– Аллоҳга қасамки, токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат бермагунларига қадар шаҳарга кирмайсан! – деди.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг шаҳарга киришига рухсат бердилар.


ИЙМОН МЎЪЖИЗАЛАРНИ СОДИР ҚИЛУР


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмон бўлишидан аввал Зиннира Румий унинг мулкида эди. Унга бераҳмлик қилиб кўп урар, охири аёлнинг кўзлари кўр бўлиб қолишгача етиб борган эди. Қурайш халқи унинг бу ҳолатини кўриб, ўзларича: “Бунинг кўзларини Лот ва Уззо кўр қилди”, дейишар эди. Зиннира эса: “Йўқ! Аллоҳга қасамки, ундоқ эмас! Лот ва Уззо одамлар уларга ибодат қилаётганларини ҳам билишмайди-ку! Аммо менинг Роббим кўзларим нурини қайтариб беришга қодир!” дер эди.

Ҳақиқатан ҳам Аллоҳ таоло унинг дуоларини ижобат қилди ва кўзларининг нурини қайтариб берди. Қурайш халқи эса энди: “Бу Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сеҳри!” дейишди. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Зиннирани Умар ибн Хаттобдан сотиб олди.

Қурайш халқи яна давом этишди – улар энди “Агар яхшилик бўлса, Зиннира биздан ўтиб кетмагай!” дейишди.

Аллоҳ таоло Ўз Каломи билан уларнинг сўзларини рад қилди:

وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لِلَّذِينَ آمَنُوا لَوْ كَانَ خَيْرًا مَّا سَبَقُونَا إِلَيْهِ


КУФР ВА ИЙМОН


Абу Бакр розияллоҳу анҳу раҳмдил, меҳрибон, оғир-босиқ, мулойим инсон эди. Аллоҳдан қўрқар ва “Агарда қадамларимнинг бири жаннатда турган бўлса ҳам Аллоҳнинг макридан хотиржам бўла олмайман”, дер эди. Лекин шунчалик мулойим, иймони бақувват, Худодан қўрққувчи ва тақводор бўлишлиги билан бирга ҳақ учун кучли ва қатъий эди. Ҳақ йўлидан ҳар қандай маломатчининг маломатларию, золимларнинг тажовузлари уни қайтара олмас эди. Бу борада ўта қатъиятли инсон эди.

Кунлардан бир кун яҳудийларнинг мажлисига кириб қолди. У жойда Минхос исмли руҳоний ўтирган эди уни Исломга даъват қилиб:

– Эй Минхос, сен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло томонидан ҳақлик билан юборилган расули эканлигини яхши биласан. Ул зотнинг номини сизларнинг Таврот ва Инжилларингизда кўргансизлар, – деди.

– Эй Абу  Бакр! Биз қандай қилиб ўзи камбағал, бандаларидан пора олгувчи Худога ибодат қилайлик? У Ўз  оятида  مَن ذَا الَّذِي يُقْرِضُ اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا فَيُضَاعِفَهُ لَهُ وَلَهُ أَجْرٌ كَرِيمٌ {الحديد/11} “Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтаради ва унга карамли ажр бордир” (Ҳадид сураси, 11-оят) – деган бўлса?! Шундоқ экан сизларнинг Худойингиз камбағал ва бизлар боймиз! Ва биз камбағал Худога ибодат қилмаймиз! – деди Минхос.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ғазаби қўзиб, яҳудийга ташланди ва дўппослай бошлади. Яҳудий қочиб бориб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келди. Абу Бакрнинг устидан шикоят қилди ва шунчаки ўзаро гап-сўз учун дўппослади деб, айтган сўзидан тониб олди. Шунда Абу Бакрнинг сўзларини тасдиқлаб, яҳудийга аламли азобнинг ваъдасини эълон қилиб, Ҳақ Жалла ва Алонинг Каломи нозил бўлди:

قَدْ سَمِعَ اللّهُ قَوْلَ الَّذِينَ قَالُواْ إِنَّ اللّهَ فَقِيرٌ وَنَحْنُ أَغْنِيَاء سَنَكْتُبُ مَا قَالُواْ وَقَتْلَهُمُ الأَنبِيَاء بِغَيْرِ حَقٍّ وَنَقُولُ ذُوقُواْ عَذَابَ الْحَرِيقِ {181} ذَلِكَ بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيكُمْ وَأَنَّ اللّهَ لَيْسَ بِظَلاَّمٍ لِّلْعَبِيدِ {آل عمران/182}

“Батаҳқиқ, Аллоҳ: «Албатта, Аллоҳ камбағал ва биз боймиз», деганларнинг гапини эшитди. Айтганларини ва Набийларни ноҳақ ўлдирганларни ёзиб қўямиз ва: «Куйдирувчи азобни татиб кўринг!» деймиз. Бундоқ бўлишлиги сизнинг ўз қўлингиз ила қилганингиз туфайлидир. Албатта, Аллоҳ бандаларига зулм қилувчи эмас (Оли Имрон сураси, 181-182-оятлар). (Яҳудийлар доимо Аллоҳ таоло тўғрисида ёмон тасаввурда, ноҳақ ақидада бўлганлар. Улар мўътабар ҳисоблайдиган китобларида ҳам бу нарса ўз аксини топган. Бўлмаса, Аллоҳ камбағал, биз боймиз, дейишармиди? Аллоҳ уларнинг бу беодоб гапларини эшитмайди деб ўйлашади. Аммо улар нотўғри ўйлашади. Қиёмат куни фаришталар Аллоҳнинг номидан уларга: «Куйдирувчи азобни татиб кўринг!» дейдилар.)”.


ЖАННАТДАГИ ҲАМРОҲЛАР


Улуғ саҳобия Умму Халлод турмуш йўлдоши, ўғли ва укаси билан Уҳуд жангида ҳозир бўлди. Уччаласи – эри, ўғли ва укаси мазкур жангда шаҳид бўлдилар. Улуғ саҳобия уларни туясига юклаб, дафн қилиш учун Мадинага олиб кетди. Туя Уҳуд тоғининг ниҳоясига етганда худди учала шаҳидни Уҳуд жангида шаҳид бўлган ҳамроҳлари билан бирга дафн қилишга шошилгандек бирдан тезлай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларнинг етиб келишини кутиб турдилар. Сўнг ўз қўллари билан дафн қилдилар ва Умму Халлодга:

– Эй Ҳинд! Улар – Амр ибн Жамуҳ, фарзандинг Халлод ва уканг Абдуллоҳлар жаннатда ҳам ҳамроҳ бўлдилар, – дедилар.

Умму Халлод:

Эй Аллоҳнинг Расули! Дуо қилинг, Аллоҳ таоло мени ҳам ўшалар билан бирга қилсин! – деди.


ЖАННАТ АҲЛИ


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик: “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади”, – дедилар. Ансорлардан бир киши соқолидан таҳоратининг сувлари томиб, чап қўлига ковушини кўтарган ҳолда кириб келди.

Эртаси куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўша сўзни айтдилар. Яна ўша киши аввалги каби кириб келди. Учинчи куни ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўша сўзни айтдлилар. Яна ўша киши аввалги каби кириб келди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб кетганларидан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумо ҳалиги ансорийнинг ортидан бориб:

−      Мен билан отам орасида бир нарса ўтиб қолди. Унинг олдига уч кунгача кирмасликка қасам ичиб қўйдим, агар хўп десанг, уч кунни сенинг уйингда ўтказсам, – деди.

−      Майли, – деди ансорий.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Абдуллоҳ айтиб юрар эди: “У билан бирга ўша уч кечани ўтказдим. Кечалари бомдод намозига тургунга қадар бошқа ҳеч бир ўрнидан турганини кўрмадим. Фақат кўрпасини ёпинса ёки бир ёнбошига ағдарилса, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилар ва “Аллоҳу акбар” деб қўяр эди.

– Яхшиликдан бошқа сўз айтганини эшитмадим, – дейди Абдуллоҳ. – Уч кеча ўтиб бўлди, менга унинг амаллари оз кўринди.

−      Эй Аллоҳнинг бандаси, мен билан отамнинг ўртасизда ҳеч нарса ўтмаган эди, – дедим. – Лекин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сен ҳақингда уч бора “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади” – деганларини эшитдим. Ҳар гал сен келдинг. Шунинг учун қилаётган амалларингни кўриш учун уйингга киришни ихтиёр этдим. Аммо сендан бирор катта амал содир бўлганини кўрмадим. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сен ҳақингда айтган сўзлардаги даражаларга етиштирган амал нима ўзи?

−      У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа нарса эмас, – деди ансорий.

Мен ортимга қайтиб кетаётган эдим, чақириб:

−      У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа нарса эмас, фақат бундан ташқари шу нарса борки, мен қалбимда ҳеч қачон бирор мусулмонга хиёнат ва фирибгарлик кўрмадим. Бирорта мусулмонга Аллоҳ таоло ато қилган яхшиликка ҳасад қилмадим, – деди”.

−      Ҳа, мана шу экан сенга (жаннат башорати бўлишига) олиб келган! Мана шу экан бизларнинг тоқатимиз етмайдиган амал! – деди Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу.


ВАТАННИ СЕВМОҚ ИЙМОНДАНДИР


Умайя ибн Халаф қурайшнинг киборларидан бўлгани каби унинг ўғли Сафвон ҳам Бани Жамънинг саййидларидан эди. Жоҳилият даврида ўз қавмига азлом билан фол очар, арабларнинг мартабалик оилаларидан бирининг қизига уйланган эди.

Ислом келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни иймонга даъват қилдилар. Қурайш мушриклари Сафвон билан бирга тарихда мисли кўрилмаган қаршиликларни кўрсатишди. Сафвон Умайр ибн Ваҳбга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қатл қилса, хун пулини тўлаб, оиласининг нафақасини ҳам ўз зиммасига олишга ваъда берган эди (Кейин эса Умайр Исломни қабул қилгани форумнинг шу бўлимида “Пайғамбарлик мўъжизалари” рукнидаги мақолаларда берилган).

Умайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Сафвон ибн Умайя қавмининг саййиди. У Сиздан қўрққанидан Яманга жўнаш учун денгизга қочиб кетди. Унга омонлик берурмисиз? – деди.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– У – омонликда! – дедилар.

Умайр айтди:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Менга омонлик берганингизни билдирувчи бирор белги беринг?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага киришда бошларига кийган саллаларини бердилар.

Умайр Сафвон қочган томонга излаб борар экан, кемага кўзи тушди. Аллоҳ таоло Маккани Исломга ва мусулмонларга очиб бериб, ширкни ва мушрикларни яксон қилгандан кейин Сафвон Яманга кўчиб кетиб, ўша томонларда яшаб қолиб кетиш мақсадида кемага чиқиб кетаётган эди, Умайр етиб келди ва:

– Ҳой Сафвон! Ота-онам сенга фидо бўлсин! Худо ҳаққи, Худо ҳаққи – қайт! Қара, мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам омонлик берганининг белгисини олиб келдим! – деди.

Сафвон эса:

– Мендан нари кет! Менга умуман гапирма! – деди.

– Ҳой Сафвон! Амакингнинг ўғли Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) инсонларнинг энг афзали, эзгуси, ҳалими ва яхшиси. Унинг иззати – сенинг ҳам иззатинг. Унинг шарафи – сенинг ҳам шарафинг. Унинг мулки – сенинг мулкинг! – деди.

– Қўй, мени йўлимдан қолдирма! Ҳаргиз ортга қайтмагайман! – қатъий таъкидлади Сафвон.

– Мен билан Маккага – Ватанингга, ота юртингга, аждодларинг юртига қайт! Сен ахир Макканинг фарзандисан! Қабиланинг шарафисан! Қавмнинг саййидисан! Қайт!

Бу гаплардан сўнг Сафвон:

– Мени ўлдиришларидан қўрқаман-да! – деди.

– Қўрқма! – деди Умайр, – Ул зот сен ўйлаганингдек эмас, балки ҳалим, карамли ва бағри кенг инсон!

Сафвон кемадан тушди. Умайр билан бирга Макка шаҳри томон жўнади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етиб келди. Гувоҳларнинг шоҳидлигида нидо қилди:

– Эй Муҳаммад! Манави киши кийимингизни олиб менинг олдимга келди ва Сиз менга омонлик берганлигингиз ва ўз ҳузурингизга чорлаганингизни айтди. Агар рози бўлсангиз, шу ерда қоламан. Мабодо рози бўлмасангиз, икки ой муҳлат беринг, қайтиб кетаман.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам виқор ва улуғворлик билан:

– Умайр тўғри айтибди. Туша қол, эй Умайянинг ўғли! – дедилар.

– Йўқ! Аллоҳга қасамки, менга аниқроқ билдирмагунингизга қадар тушмагайман! – деди Сафвон.

– Сенга тўрт ой муҳлат бераман, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Сафвон мушрик ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳунайн ғазотига чиқди. Исломга ёрдам бериб кўмаклашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида Сафвон билан бирга ғанимат ўлжа ва мол-давлатларни олиб қайтдилар. Сафвон водий тўла неъматларни кўриб, орзу билан қараб қолди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сенга ёқдими? – деб сўрадилар.

– Ҳа, – деди Сафвон.

– Олақол, бу сенга!

Шунда Сафвон:

– Пайғамбар инсондан бошқа ҳеч қандай кимсанинг нафси бу ҳолатга тоқат қила олмайди. Гувоҳлик бераман – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидур! – деб иймон келтириб, мусулмон бўлди. Аллоҳ таоло ўз раҳматига олгунига қадар Ислом йўлида жиҳод қилди.


ЎРГИМЧАК ТЎРИ ҲАМДА КАПТАР ТУХУМИ


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўсти Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Савр ғорида беркиниб ўтирганларида Қурайш мушриклари ортларидан қувиб етиб келдилар ва изларини топишди. Бироқ Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни яшириб, ўргимчакка ғорнинг оғзига тўр солишини, каптарга эса унинг олдига тухум қўйиб, уни босиб ётишни илҳом қилди.

Мушриклар етиб келишгач, ўргимчакнинг уяси ва тухум босиб ётган каптарни кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғорга кириб олишлари мумкин эканини инкор қилишди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу пичирлаб: “Агар биронтаси қадамининг остига қараса, бизларни кўриб қолишлари мумкин...” деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ташвишланма, Аллоҳ биз билан. Икки кишининг учинчиси Аллоҳ бўлса, нима деб гумон қиласан?” деб жавоб бердилар.


УМАРНИНГ РОББИ БИЛИБ ТУРАДИ


Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврида сутга сув қўшиб сотишни таъқиқлаб қўйди. Кечаларнинг бирида шаҳар атрофини айланиб чиққан эди, бир аёл қизига:

– Сутга сув қўшмайсанми, тонг отиб қолди-ку?! – деб айтаётганини эшитиб қолди. Қиз:

– Қандай қилиб сув қўшаман, ҳолбуки, мўминларнинг амири сутга сув қўшишдан қайтарган бўлса? – деди.

Суҳбатнинг давоми шундай кечди:

– Ҳамма қўшяпти-ку! Сен ҳам қўшавер, мўминларнинг амири қаёқдан билсин?

– Умар билмаса ҳам Умарнинг Робби билиб туради! Мен барибир қўшмайман!

Умар розияллоҳу анҳуга бу гап таъсир қилди. Тонг отгач ўғли Осимни чақирди.

– Эй ўғлим, фалон жойга борсанг, бир қиз бор. Ўша қизнинг кимлигини сўраб кел, – деди.

Осим бориб, қизнинг Бани Ҳилолдан эканини аниқлаб келди. Умар розияллоҳу анҳу:

– Ўша қизга уйлан. Чунки у қиз арабларга бош бўлгувчи форсий фарзанд кўришингга муносибдур, – деди.

Умар розияллоҳу анҳунинг ўғли ўша қизга уйланди ва қиз фарзанд кўрди. У қиз улғайиб, Абдулазиз ибн Марвонга турмушга чиқди. Улардан Умар ибн Абдулазиз туғилди.


ОТАНГНИ АЛЛОҲ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиси Абу Толиб ва жуфти ҳалоли Хадича онамиз розияллоҳу анҳо вафот этган маҳзунлик йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қурайшнинг озор ва тажовузлари ҳаддан ошиб кетди. Кунларнинг бирида уйларига қайтаётган пайтларидан фойдаланиб, муборак бошларига тупроқ сочишди.

Бошлари тупроқ ҳолида уйларига кириб келдилар. Қизлари бу ҳолатни кўриб, йиғлаганларича муборак бошларидаги тупроқни тозаладилар.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар қандай кишининг бардошидан ҳам кўра юксак даражадаги бардошлик ва бағрикенгликларни ато қилганидан инсонлардан келаётган ҳар қандай уқубат ва қийинчиликларга сабр қилдилар. Йиғлаётган қизига илтифот қилиб, камоли иймон ва хотиржамлик ила:

– Қизгинам, йиғламанг. Аллоҳ албатта, отангизни ҳимоя қилиб олади, – дедилар.


ҲИМОЯНГ ЎЗИНГГА БЎЛСИН!


Умар ибн Хаттоб Исломга кирган пайтлари ҳақида шундай дейди:

“Тоғам Абу Жаҳл ибн Ҳишом обрўли кимса эди. Унинг уйига бориб эшигини тақиллатдим.

– Ким? – деб сўради.

– Хаттобнниг ўғлиман. Мусулмон бўлдим! – дедим.

– Ундоқ қилма! – деб эшигини ёпиб кириб кетди.

“Бу қандоқ иш, мусулмонлар калтакланар эди, мени нега калтаклашмади”, дедим ўзимча. Сўнг бир киши:

– Мусулмон бўлганингни билдиришни хоҳлайсанми? – деб сўраб қолди.

– Ҳа, – дедим.

– Ундай бўлса, одамлар Ҳижр(Каъбатуллоҳнинг шимолий ғарбий тарафидаги қисми)да ўтиришганида фалончининг олдига бор, – деб ичида гап ётмайдиган бир кишининг номини айтди. – Унга ўзаро “Мен мусулмон бўлдим” деб айт.

Борсам, одамлар Ҳижрда йиғилиб ўтиришган экан. Ўша кишига астагина “Мен мусулмон бўлдим” дедим.

– Ростдан шундай қилдингми? – сўради у.

– Ҳа, – деган эдим бор овози билан:

– Хаттобнинг ўғли динидан юз ўгириб мусулмон бўлибди! – деб бақириб юборди. Бирдан одамлар менга ташланиб қолишди. Мен уларни ура бошладим, улар ҳам мени дўппослашга тушишди. Бир зумда оломон тўпланди.

– Бу нима тўполон? – сўради тоғам.

– Умар динидан чиқибди, – дейишди. Шунда у Ҳижрга кўтарилиб, енги билан ишора қилиб:

– Жиянимни мен ўз ҳимоямга олдим! – деди. Одамлар мени холи қўйиб, тарқалишди.

Шундан сўнг мусулмонларнинг калтак еганини кўришга тоқат қилолмай қолдим. Мабодо кўриб қолсам: “Нега энди сизларга бундай бўлмоқда?” дер эдим. Кейин эса тоғамнинг олдига бориб:

– Мен Сизнинг ҳимоянгиздан чиқдим! – дедим ва токи Аллоҳ таоло Исломни ғолиб қилгунига қадар мушрикларни уравердим ва калтак ҳам еявердим”.


ҚЎЯВЕРИНГЛАР, АЛЛОҲ ЎЗИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ


Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари йиғилиб:

– Аллоҳга қасамки, Қурайш халқи ҳанузгача Қурони каримни эшитишмади. Уларга Қуронни ким эшиттира олади? – дейишди.

– Мен! – деди Абдуллоҳ ибн Масъуд.

– Йўқ, биз сени юборишдан қўрқамиз. Мабодо улар ташланиб қолишса, яқин қариндошлари ҳимоя қилиб оладиган бирон киши боришини истаймиз, – дейишди.

– Қўяверинглар, мени Аллоҳнинг Ўзи ҳимоя қилиб олади, – деди Абдуллоҳ.

Эртаси куни ибн Масъуд чошгоҳ пайтида Мақомга борди. Қурайш жамоаси йиғилиб ўтиришган эди. Мақомда туриб уларга овозини баланд қилиб:  “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деб, “Ар-Раҳмон” сурасини қироат қилганча уларга яқинлаша бошлади. Улар эса Абдуллоҳга ҳайрон бўлиб қарашди ва:

– Умму Абднинг ўғли нималар деяпти ўзи? – дейишди.

– У Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келган нарсалардан  тиловат қиляпти шекилли, – дейишди бошқалари ва ўринларидан туриб Абдуллоҳни дўппослай кетишди. У эса қироатда давом этиб, Аллоҳ хоҳлаган жойига қадар тиловат қилаверди.

Сўнг асҳобнинг ёнига қайтиб борди. Унинг юзларини кўриб, нима содир бўлганини билишди.

– Биз шундай бўлишидан қўрққан эдик, – дейишди.

– Аллоҳнинг душманлари мен учун бугунги кундагидек хор кўринмаган эди. Агар хоҳласаларингиз, эртага ҳам шу ишни қайтараман! – деди Абдуллоҳ.

– Йўқ! Сенга шу кифоя қилади. Сен улар ёқтирмаган нарсасини эшиттириб бўлдинг, – дейишди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саботлари


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиси Абу Толиб ёши саксондан ўтиб ўлими яқинлашганда унинг вафотидан сўнг Қурайш билан Муҳаммад(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг орасидаги муносабат қандай бўлар экан, деган ташвишда Қурайш арбоблари ғимирлаб қолишди. Айниқса, Умар ибн Хаттоб билан Ҳамза ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо Исломга кирганларидан энди нима бўлар экан, деб кўпроқ хавфсирашар эди.

Қавмнинг ашрофлари Абу Толибнинг олдига киришди ва:

– Эй Абу Толиб, эсингни таниганингдан буён бизнинг ҳурматимиздасан. Жиянинг Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан орамиздаги муносабатни яхши биласан. Энди уни чақирсанг, ўртада муроса қилиш учун ундан ҳам биздан ҳам вакиллар қўйсанг. У ҳам бизнинг динимизга ибодат қилса, биз ҳам унинг динига ибодат қилсак, – дейишди.

Улар шу ҳолатда туришганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар. Уларнинг шартини эшитгач:

– Хўп. Бир калима бор. Шуни айтсангиз, арабларга молик бўласиз, ажамлар йўлингизга юради, – дедилар.

– Яхши, – деди Абу Жаҳл, – Отанг номига қасамки, ўнта калима бўлса ҳам майли.

– Ла илаҳ иллаллоҳ (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) дейсиз. Ундан бошқага ибодат қилишни бас қиласиз, – дедилар Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Аллоҳга қасамки, бу киши сизлар хоҳлаган нарсанинг бирортасига ҳам итоат қиладиган одам эмас экан! – деб мушриклар ноумид ҳолда тарқалишди.


ҲАЗРАТ УМАРНИНГ КАРОМАТИ


Умар розияллоҳу анҳу жума куни Мадинада хутба ўқиётган эдилар. Бирдан хутба асносида: “Эй ибн Ҳусан қўшини! Тоғдан ҳушёр бўлинг! Тоғдан ҳушёр бўлинг! Кимки қўйни бўридан сақламас экан, зулм қилгай!” деб юбордилар.

Одамлар бир-бирларига қарадилар, аммо мўминлар амирининг муродини тушунмадилар. Шунда Али каррамаллоҳу важҳаҳу:

– Бу нима деганингиз? – деб сўрадилар. Умар розияллоҳу анҳу:

– Эшитдингми? – деди.

– Ҳа, мен ҳам масжиддагилар ҳам эшитди, – деди Али розияллоҳу анҳу.

– Кўнглимга келиб қолдики, мушриклар биродарларимизга зарба бермоқчи ва устларига от бостириб келмоқчи эди. Улар тоғдан ўтишмоқда. Агар тўқнашиб қолсалар, қатл қилиб, ғолиб келадилар. Тоғ орқали ўтсалар, ҳалок бўладилар. Шунинг учун мендан шу сўз чиқиб кетиб қолди.

Орадан бир ой ўтиб Мадинага хабар келдики, лашкар ўша куни, ўша дамда тоғдан ўтишаётиб: “Эй ибн Ҳусан қўшини! Тоғдан ҳушёр бўлинг! Тоғдан ҳушёр бўлинг!” деган, мўминларнинг амири Умар розияллоҳу анҳунинг овозларига ўхшаш овозни эшитишибди. Шундан сўнг улар тоғни айланиб ўтишибди ва фатҳга мушарраф бўлишди.


НИЛ ДАРЁСИГА МАКТУБ


Миср фатҳ қилингач, ажамлар ҳисобидаги маълум ойлардан бирининг аввалги  куни келиб қолганда унинг аҳолиси Амр ибн Оснинг ҳузурига кирдилар.

– Эй Амр – дедилар, – Бизнинг Нил дарёмизнинг бир одати бор, ўша қилинмаса, оқмай қўяди.

– У нима экан? – сўради амир.

– Шу ойдан ўн бир кеча қолганда бокира қизнинг олдига бориб, унинг ота-онасининг розилигини оламиз. Анг афзал кийим-кечак ва зебу зийнатлар берамиз. Сўнг ўша қизни Нилга ташлаймиз.

– Ислом бундай нарсага асло изн бермайди! Ислом ўзидан аввалгиларни бекор қилади! – деди Амр.

Айтилган кунлар келди. Нил эса на оз, на кўп оқмас эди. Ҳатто аҳоли кўчиб кетишга ҳаракат бошлади. Бу ҳолатни кўрган Амр ибн Ос Умар ибн Хаттобга бу ҳақда мактуб юборди. Умар ибн Хаттоб жавоб юборди: “Сен тўғри айтибсан. Ислом ўзидан аввалгиларни бекор қилади!”

Мактубга илова қўшиб бу ҳақда Амр ибн Осга ёзди: “Мен сенга мактубга қўшимча илова юбордим. Ўшани Нилга ташла”.

Умар розияллоҳу анҳунинг мактуби Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга етиб келди. Иловани очдилар, унда шундай ёзув бор эди:

“Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобдан Мисрнинг Нил дарёсига:

Аммо баъд, аввалги одатингча оқсанг, оқмай қўявер! Агар Аллоҳ сенинг оқишингни ирода қилса, Ёлғизу Қаҳҳордан сени оқизишини сўрайман!”

Амр розияллоҳу анҳу насронийларнинг ҳайитидан аввалроқ иловани дарёга ташлади. Эрталаб қарасалар, бир кечанинг ўзидаёқ Аллоҳ таоло олтмиш зироъ миқдорда сувни оқизиб қўйган экан. Шу билан Аллоҳ таоло бугунги кунга қадар Миср аҳлининг ўша қабиҳ одатларини йўқотиб ташлади.


РИЁ – ШИРК


Шаддод ибн Авс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак чеҳраларида маҳзунлик аломатларини кўриб, сабабини сўраган эди, жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Умматимнинг ҳолидан қўрқаман. Ширк ва пинҳоний шаҳватда бўлурлар, – дедилар.

– Эй Аллоҳнинг Расули! Умматингиз Сиздан кейин ширк келтирурларми? – сўради Шаддод.

– Эй Шаддод, умматим Қуёшга ва бутларга ибодат қилишмагай, лекин ўз амаллари ила инсонларга риё қилгайлар! – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Эй Аллоҳнинг Расули! Риё ҳам ширк бўлурми? – сўради Шаддод.

– Ҳа. Уларнинг бири тонгда рўза тутгай. Сўнг унга дунё шаҳватларидан бири ориз бўлгай ва у рўзасини очиб юборгай! Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ) وَمَا يُؤْمِنُ أَكْثَرُهُمْ بِاللّهِ إِلاَّ وَهُم مُّشْرِكُونَ {يوسف/106}   “Кўплари эса Аллоҳга мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар, холос”) (Юсуф сураси, 102-оят( деган, – дедилар Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шунинг учун огоҳ қилиб: “Эй инсонлар! Мана шу ширкдан сақланинг. Чунки у чумолининг эмаклашидан ҳам махфийроқдур”, дедилар.


БОШҚА ЖОНИМ ЙЎҚЛИГИГА ЙИҒЛАЙМАН


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соҳиби Абдуллоҳ ибн Ҳузофа Саҳмийни Рум асир қилиб олди ва:

– Насроний бўл! Йўқса дошқозонга ташлайман! – деб катта мис қозонга ишора қилди.

– Йўқ, насроний бўлмайман! – деди Абдуллоҳ.

Мис қозонни келтириб зайтун ёғи билан тўлдиришди ва ёғни қиздиришди. Асир тушган мусулмонлардан бирини келтиришди. Унга ҳам насронийликни таклиф қилишган эди, кўнмади. Уни дошқозонга ташладилар. Этлари куйиб суяклари кўринди. Абдуллоҳга яна:

– Насроний бўл! Йўқса қозонга ташлайман! – деди.

– Йўқ, насроний бўлмайман! – деди Абдуллоҳ.

Дошқозонга ташлашга буюрди. У йиғлай бошлади.

– Қайтаринглар! Йиғлаб дод солмоқда! – деди Қайсар.

– Менга жафо қилаётганингдан йиғлаётганим йўқ, – деди Абдуллоҳ, – Мен Аллоҳ йўлида фидо бўлишга ёлғиз шу жонимдан бошқа жоним йўқлигига йиғламоқдаман. Хоҳлардимки, танамдаги ҳар бир тук биттадан жоним бўлса-ю, ҳар бир жонимни шу ҳолатда бирма-бир Аллоҳ йўлида фидо қилсам!

Қайсар унинг гапларига лол қолди ва озод қилиб юборишни хоҳлаб:

– Бошимни ўпиб қўй, озод қилиб юбораман, – деди.

У кўнмади.

– Насроний бўл! Қизимни никоҳлаб бераман. Мулкимни бўлиб бераман, – деди.

Бунга ҳам кўнмади.

– Ундай бўлса, бошимни ўпиб қўй, сен билан қўшиб мусулмонлардан саксонтасини озод қиламан, – деди Қайсар.

– Ҳа, бунга рози бўламан, – деди Абдуллоҳ ва унинг бошини ўпиб қўйди. Абдуллоҳни ва яна саксонта мусулмонни озод қилиб юборишди.


ДИНИМДАН ҚАЙТМАЙМАН!


Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Исломга кирди. Онаси эса динини маҳкам ушлаган мушрикалигидан экани сабабли унинг Исломга киришини рад этарди. Саъд онасига жуда ҳам меҳрибон эди. Онаси ўғлидаги юмшоқ кўнгиллилик ва ўта меҳрибонликни билганидан уни йўлдан қайтаришга ҳаракат қилиб:

– Эй Саъд, сен айтаётган бу дин нима ўзи? Ё динингдан қайтасан ёки ўлгунимча бирор нарса емайман ҳам ичмайман ҳам. Кейин маломатга қоласан, – деди.

– Эй онажон! Ундай қилманг! Мен барибир динимдан қайтмайман! – деди Саъд розияллоҳу анҳу.

Онаси бир кеча-кундуз ҳеч нарса емади ҳам ичмади ҳам. Эрталабга бориб ҳолдан тойди.

– Аллоҳга қасамки, агар Сизнинг мингта жонингиз бўлса-ю, битта-биттадан бўлиниб чиқиб турса ҳам мен бу динни тарк қилмасман! – деди Саъд. Бу ҳолатни кўрган она охири еб-ичишда давом этди. Шунда Аллоҳ таоло:

وَإِن جَاهَدَاكَ عَلى أَن تُشْرِكَ بِي مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا وَصَاحِبْهُمَا فِي الدُّنْيَا مَعْرُوفًا وَاتَّبِعْ سَبِيلَ مَنْ أَنَابَ إِلَيَّ ثُمَّ إِلَيَّ مَرْجِعُكُمْ فَأُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ {لقمان/15}

“Агар икковлари (ота-она) сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман” (Луқмон сураси, 15-оят), оятини нозил қилди.


АЛЛОҲНИНГ ҲИМОЯСИДАМАН


Саййидимиз Усмон ибн Маъзун розияллоҳу анҳу бориб, шоир Лубайднинг шеърларини эшитиб ўтирган Қурайш жамоасиинг олдида тўхтади. Шоир шеър ўқиди:

الا كل شيء ما خلا الله باطل

“Билки, Аллоҳдан бошқа барча нарса ботилдур”.

Усмон розияллоҳу анҳу:

−      Тўғри айтдинг, – деди. Лубайд давом этди:

و كل نعيم لا محالة زائل

“Ҳар бир неъмат охири, ҳеч шубҳасиз, зоилдур”.

−      Ёлғон айтдинг! Жаннат неъматлари зоил бўлмагай! – деди Усмон.

Лубайд ирғиб ўрнидан туриб, қичқира бошлади:

−      Ҳой, Қурайш жамоаси! Сизларнинг ҳамроҳларингиз ҳеч қачон менга озор бермас эди. Бу қачондан буён ораларингизда пайдо бўлиб қолди?!

Бир киши Усмонга юзланиб, унга қаршилик қила бошлади. Ҳатто кўзига тарсаки тортиб юборди. Валид яқинроқдан кўриб турган эди:

−      Аллоҳга қасамки, эй жияним, сенинг кўзингга менинг ҳимоям кифоя қилар эди, - деди.

−      Йўқ! – деди Усмон, – Мен ўзи шунга муҳтож эдим. Аллоҳга қасамки, бу кўзим кўрган мусибатга у кўзим ҳам муштоқ бўлиб турибди! Мен сендан кўра Ғолиб бўлган Зотнинг ҳимоясидаман!


СОДИҚ ИЙМОН


Абу Бакр розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қалин дўст эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганда Қурайшдан бир киши Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ёнига келиб:

– Эй Абу Бакр, анави дўстингиз мажнун бўлиб қолибди, – деди.

– Нима гап бўлди? – сўради Абу Бакр.

– У масжидда бир нарсалар деяпти.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйига бориб, эшигини қоқди. Сарвари коинот чиққан эдилар:

– Эй Абул Қосим, менга Сиз ҳақингизда етиб келган гап-сўзлар ростми? – деб сўрадилар.

– Мен ҳақимда нима эшиттинг ўзи, эй Абу Бакр? – сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Айтишларича, тавҳидга чақираётган эмишсиз. Ўзингизни Аллоҳнинг элчиси дебсиз?

– Ҳа, шундоқ, эй Абу Бакр. Роббим азза ва жалла мени башорат бергувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юборди. Мени Иброҳим алайҳиссаломнинг даъватида қилди. Инсонларнинг ҳаммаси учун юборди.

– Аллоҳга қасамки, мен Сизга ёлғончиликни нисбат қилмаганман. Сиз ўта омонатдорлигингиз, қариндошликни боғлашингиз ва хушфеъллигингиз билан ҳақиқатан ҳам рисолатга муносибсиз. Қўлингизни беринг, Эй Аллоҳнинг Расули! – деб Абу Бакр розияллоҳу анҳу содиқ иймон ила байъат қилдилар.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен кимни Исломга даъват қилсам, иккиланганини кўрдим, фақат Абу Бакргина иккиланмаган”, деган эдилар.


ОДАМЛАРНИНГ АМАЛИДАН СЎРАЛМАЙСАН


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг жанозасига бордилар. Жаноза ҳозир бўлган эди, Умар розияллоҳу анҳу:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Бунинг намозини ўқиманг, у одам фожир киши, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ўгирилиб қарадилар ва:

– Бирортангиз бу кишининг Ислом амалини қилганини кўрганмисиз?

– Ҳа, – деди бир киши, – Эй Аллоҳнинг Расули! Бир кеча Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилганини кўрганман.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг жанозасини ўқидилар, қабрига тупроқ тортдилар ва айтдилар:

– Танишларинг сени дўзах аҳлидан деб ўйлашяпти. Мен эса сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман. – Сўнг Умар розияллоҳу анҳуга:

– Эй Умар, сен одамларнинг амалидан сўралмайсан, балки феъл-атворингдан сўраласан! – дедилар.


УНИНГ МАҲРИ – ИСЛОМ


Абу Талҳа Умму Сулаймнинг қўлини сўради.

– Аллоҳга қасамки, эй Абу Талҳа, сендек инсоннинг қўлини қайтариб бўлмайди. Лекин сен кофир кишисан, мен эса мусулмон аёлман. Сенга турмушга чиқишим мумкин эмас. Агар Исломга кирсанг, шу менинг маҳрим бўлади. Сендан бошқа нарса сўрамайман, – деди Умму Сулайм.

Абу Талҳа мусулмон бўлди ва унинг Исломга кириши Умму Сулаймга маҳр бўлди.

Собит айтади: “Умму Сулаймчалик мукаррам маҳрга эга бўлган аёлни эшитмадим”. Абу Талҳа ансорийлардан ва саҳобийларнинг улуғларидан бўлди.


МЕН УНИНГ ДИНИДАМАН


Жобир ибн Ҳакимул Қураший Омирийнинг қизи Ғузайя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илк даъватларидаёқ мусулмон бўлган эди. У билан кофир ва мунофиқларни ўз ичига олган муҳит унга торлик қилди. Уни Умму Шарик дер эдилар. Турмуш йўлдоши Абу Аскар Давсий билан Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари зоҳир бўлгунга қадар яшадилар. Даъватга ижобат қилган аёлларнинг аввалгиларидан эди. У оиласи ва қавми билан бўлган ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб айтар эди:

“Эримнинг қариндошлари келиб:

– Муҳаммаднинг динини қабул қилдингми? – дейишди.

– Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен унинг динидаман, – дедим.

– Ундоқ бўлса, Аллоҳга қасамки, сени қаттиқ азоблаймиз! – дейишди.

Сўнг мени қўпол туяга миндириб, бошқа жойга жўнатишди. Нон билан асал едириб, сув бермасдан кун ярим бўлиб қуёш қиздиргунча ташлаб қўйишди. Чодрани бузиб ташлаб, қуёш остида қолдиришди. бу ҳолат уч кунгача давом этди. Охири ақлдан оздим. Қулоғим эшитмай, кўзим кўрмай қолди.

Учинчи куни:

– Муҳаммаднинг динини тарк қил! – дейишди.

Мен уларнинг нимадир дейишганини билдим-у, аммо аниқ идрок қила олмадим. Бармоғим билан осмонга ишора қилиб тавҳид аломатини билдирдим. Аллоҳга қасамки, шу ҳолатимда машаққатим ошган пайтда, бир маҳал кўксимда пақир(челак)нинг совуғини ҳис қилдим. Ундан бир қултум сув ичдим. Кейин шундоқ қарасам (ҳолбуки, кўзи кўрмай қолган эди), пақир осмон билан ернинг орасида муаллақ турган экан! Мен унга ета олмасдим. Бироқ у яна бир бора яқин келди, мен яна бир қултум ичдим. Яна кўтарилди ва учинчи бора яқинлашди. Бу сафар ташналигим қонгунча ичдим ҳамда бошларимга, юзларимга ва кийимларимга сепиб олдим. Улар мени кўриб:

– Ҳой Аллоҳнинг душмани! Бу нарса сенга қаёқдан келди? – деб сўрашди.

– Аллоҳнинг душмани мен эмас, мендан бошқалар – Унинг динига хилоф қилганлар. Аммо сиз сўраётган нарса эса Аллоҳнинг ҳузуридан. Буни менга Аллоҳ ризқ қилиб берди, – дедим.

Улар шоша-пиша сув тўлдирилган идиш ва мешлари томон югуришди. Қарасалар, идишларининг оғзи ёпиқ ҳолича турибди. Қайтиб келишиб:

– Гувоҳлик берамизки, сенинг Роббинг бизнинг Роббимиз! Биз сенга шунча азобларни берганимиздан сўнг сени ризқлантирган Зот Исломни шариат қилгани Ҳақдур! – деб ҳаммалари мусулмон бўлишди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига ҳижрат қилишди.


АҲДГА ВАФО ИЙМОНДАНДУР


Аллоҳ азза ва жалла ҳижрат қилишга кучи етмайдиган қария ва ожизларга узр эълон қилди. Бани Лайсдан Ҳай ибн Ҳамза ал-Жаҳдий исмли касал қария иймонининг қувватидан ўзини ҳижрат аҳлидан ҳисоблади. Эътиқодининг кучлилигидан Маккада узрлилар мақомида қолишни ўзига раво кўрмади.

– Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳ азза ва жалла истисно қилганлардан эмасман! Менда Мадинага етиб бориш учун маблағ ҳам имконият ҳам етарли. Энди Маккада қолмайман! – деди.

Сўнг оиласидагиларга йўлга чиқаришни амр қилди. Улар ўриндиққа жойлаб, йўлга тушишди. Йўлда унинг касали яна ҳам оғирлашиб қолди. Ўлими яқинлашганини сезган қария ўнг қўли билан чап қўлини ушлади-да байъатга ишора қилиб:

– Эй Аллоҳ! Бу Сен учун, – деди. Яна бир бор шу ишорани қилиб – буниси Расулинг учун. Расулинг нима учун байъат қилса, ўша нарса учун байъат қилдим, – деди ва омонатини топширди.

Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобига етиб борди. Улар “Қанийди у Мадинага етиб келганда эди”, дейишди. Шунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло оят нозил қилди:

وَمَن يُهَاجِرْ فِي سَبِيلِ اللّهِ يَجِدْ فِي الأَرْضِ مُرَاغَمًا كَثِيرًا وَسَعَةً وَمَن يَخْرُجْ مِن بَيْتِهِ مُهَاجِرًا إِلَى اللّهِ وَرَسُولِهِ ثُمَّ يُدْرِكْهُ الْمَوْتُ فَقَدْ وَقَعَ أَجْرُهُ عَلى اللّهِ وَكَانَ اللّهُ غَفُورًا رَّحِيمًا {النساء/100{

“Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топади. Ким уйидан Аллоҳ ва унинг Расулига ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушади. Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли Зотдир”.


АЛЛОҲ ОМОНАТИНГНИ ЕТКАЗАДИ


Яҳудий ҳожасининг қўйларини боқувчи қул бор эди. Ҳайбар аҳли қурол-аслаҳаларини тайёрлаётганларини кўриб, улардан нима қилмоқчи эканликларини сўради.

–Ўзини пайғамбар деб даъво қилаётган анави киши билан жанг қилмоқчимиз, – деб жавоб беришди.

Қулнинг кўнглига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрлари ёқиб қолди ва ҳузурларига йўл олди.

– Нима демоқдасиз? Нимага чорлаяпсиз? – деб сўради у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб.

– Исломга, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги ва мен Аллоҳнинг Расули эканлигимга гувоҳлик беришингга, Аллоҳдан бошқага ибодат қилмаслигингга  чорлаяпман, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Мен шаҳодат келтирсам ва Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирсам, эвазига менга нима бўлади?

– Ўшандай ҳолатда вафот этсанг, сенга жаннат бўлади.

Қул мусулмон бўлди ва:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Манави қўйлар менга омонат топширилган эди, – деди.

– Уларни қўйиб, ҳайдаб юбор. Аллоҳ таоло сенинг омонатингни Ўзи етказади.

Қул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларини қилди. Қўйлар ўз эгаларига қайтиб боришди.


АЛЛОҲНИНГ РУХСАТИ БИЛАН


Ҳикоя қилишларича Мусайлама каззоб икки кишини ҳозир қилиб, уларнинг бирига:

– Билгики, мен Аллоҳнинг расулиман! – деди.

– Йўқ! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг расули! – деди у. Мусайлама уни ўлдирди ва иккинчисига ҳам шу сўзни айтди.

– Сен ҳам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам Аллоҳнинг элчисисиз, – деди иккинчи киши. Уни қўйиб юборди.

Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Биринчиси ўзининг азму қарори ва комил иймони билан иш тутди. Иккинчиси эса Аллоҳнинг рухсати билан айтди, унга жавобгарлик бўлмайди, – дедилар.


ЭЪТИҚОД


Анас розияллоҳу анҳу айтади:

“Ансорийлардан бир йигитнинг касали оғирлашиб қолди. Биз уни кўргани кирдик. Бизлар ҳали чиқиб улгурмасдан жон таслим қилди. Унинг бошида турган кампирга орамиздан бир киши тасалли бериб:

– Аллоҳ азза ва жалланинг амрига таслим бўл, – деди.

– Нима гап, ўғлим вафот этдими? – сўради кампир.

– Шундай, – деди.

– Айтаётган сўзларингиз ҳақми?

– Ҳа, – дедик.

Кампир қўлларини самога кўтариб дуо қилди:

– Эй Аллоҳ! Сен Ўзинг биласан – мен ҳар қандай мушкул ва оғир кунда Ўзинг ёрдам беришингдан умидвор бўлиб Сенинг амрингга бўйсундим, пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ҳижрат қилдим. Эй Аллоҳ! Бу мусибатни шу кунда менинг бошимга солма!..

Шу пайт унинг ўғли юзига ёпиб қўйилган кийимни очиб, ўзига кела бошлади. Ҳатто ҳеч қанча ўтмай биз билан бирга овқатланди...



Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг

“Қабасотун мин ҳаётир-Росул” китобидан

Асака туман бош имом-хатиби

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси.


سنة 1435 من الهجرة* المحرم – 15 يوم الإثنين

الحمد لله رب العالمين* الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على إله و أصحابه أجمعين* لا حول ولا قوة إلا بالله

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
216. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотга чиқдик. Шунда бизга очлик етди. Ҳатто уловимиздан давоми...

3577 15:25 / 02.07.2019
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманларига ва мухолифларига муомалалари давоми168. Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Аллоҳ таборака ва давоми...

4558 21:10 / 12.04.2019
11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг аччиқларини ҳам кўтарардилар ва уларни юпатардилар.Бир гал Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

3547 19:53 / 28.04.2017
Ҳузайфа ва Жобир розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир маъруф иш садақадир,, дедилар. Бухорий ва Муслим ривоят давоми...

746 19:00 / 09.06.2023
Аудиолар

120335 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар