1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?

19:57 / 28.04.2017 4653 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулуллоҳ! Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг!”, (Аъроф сураси, 158-оят) деган-ку!

Иймонимнинг асосий пойдеворларидан бири сизга муҳаббат қўйишдир, ё Расулуллоҳ! Ахир, сиз ўзингиз: “Сизлардан бирортангиз мен унга то ота-онаси, боласи ва барча инсонлардан кўра суюклироқ бўлмагунимча ҳаргиз комил мўмин бўла олмайди ”, дегансиз-ку! Дарҳақиқат, сиз мана шундай олий муҳаббатга лойиқсиз, ё Расулуллоҳ.

Аллоҳ таоло сизнинг зикрингизни баланд, қадрингизни олий қилди. Исмингизни Ўзининг исми ила ёнма-ён зикр қилди. Биз мўминлар фақат сиз рози бўладиган ишларни қиламиз. Ахир, Аллоҳ таоло мўминлик учун сизни рози қилишни шарт қилган-ку, ё Расулуллоҳ! “Агар мўмин бўлсалар, рози қилишларига Аллоҳ ва Унинг Расули ҳақлироқдир”. (Тавба сураси, 62-оят)

Биз сизнинг буйруғингизни иккиланмасдан, сўзсиз бажарамиз. Чунки сизнинг амрингизга хилоф қилганларни Аллоҳ таоло фитна ва аламли азоб етишидан огоҳлантирган-ку, ё Расулуллоҳ! “(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар!” (Нур сураси, 63-оят)

Биз сизга тўлиқ итоат қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло сизга бўлган итоатни Ўзига бўлган итоат билан ёнма-ён қўйган ва Ўзининг итоатига сизга бўлган итоатни шарт қилган-ку, ё Расулуллоҳ! “Ким пайғамбарга итоат қилса, батаҳқиқ, у Аллоҳга итоат қилибди”. (Нисо сураси, 80-оят)

Қиёмат куни биз ҳасрат-надомат қилмаслигимиз учун бу дунёда сизга эргашамиз, ҳеч қачон буйруғингизга хилоф иш қилмаймиз. Чунки сизга эргашмаган, итоат қилмаган ҳамда сизнинг амрингизга қарши иш қилган осийлар қиёмат куни, албатта, жуда қаттиқ пушаймон бўлишади-ку, ё Расулуллоҳ! “Юзлари олов ичида айлантирилаётган кунда улар: “Эҳ, кошки Аллоҳга итоат қилганимизда эди, Расулига итоат қилганимизда эди!”, дерлар”. (Аҳзоб сураси, 66-оят)

Биз сиз танлаган йўлни танлаймиз, чунки сиз билан бир йўлни танламагани сабабли қиёмат куни золимлар ҳасрат-надомат чекишади-ку, ё Расулуллоҳ! “У кунда золим икки қўлини тишлаб: “Эй, воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!”, дер. “Эй, воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмаганимда эди. Батаҳқиқ, менга зикр (Қуръон) келганидан сўнг у (гумроҳ дўст) мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетгувчидир”, дер. (Фурқон сураси, 27–29-оятлар)

Биз Аллоҳ таолога суюкли банда бўлишимиз учун сизга эргашамиз ва итоат қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига – сизга эргашишни ва итоат қилишни шарт қилган-ку, ё Расулуллоҳ!. “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади”. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Айтинг: “Аллоҳ ва Расулига итоат қилинг. Агар юз ўгирсангиз, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас”. (Оли Имрон сураси, 31–32-оятлар)

Биз ўзаро ўртамизда чиққан келишмовчиликларга сизни ва сиз олиб келган одил шариатни ҳакам қиламиз. Ахир, ўзаро чиққан келишмовчиликларга сизни ҳакам қилмагунимизча, кейин сиз чиқарган ҳукмга дилларимизда танглик топмай, бутунлай таслим бўлмагунимизча, зинҳор комил мўмин бўла олмаслигимизга Аллоҳ таоло Ўзи билан қасам ичган-ку, ё Расулуллоҳ! “Йўқ, Роббинггизга қасамки, сизни ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, сўнгра, сиз чиқарган ҳукмга дилларида танглик сезмай, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Нисо сураси, 65-оят)

Сиз нимани келтирган бўлсангиз – оламиз, сиз нимадан қайтарган бўлсангиз – қайтамиз. Чунки Аллоҳ таоло бизга сиз келтирган нарсани олиб, сиз қайтарган нарсадан қайтишни буюрган-ку, ё Расулуллоҳ! “Пайғамбар сизларга нимани келтирса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир”. (Ҳашр сураси, 7-оят)

Бизнинг Аллоҳ таолодан ва охират кунидан умидимиз бор. Шунинг учун ҳар бир ишимизда сиздан ўрнак оламиз. Ахир, Қуръони каримда Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор мўминларга намуна қилинган зот сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?! “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал намуна бордир”. (Аҳзоб суарси, 21-оят)

Жаннатда набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлишимиз учун сизнинг кўрсатмаларингизга бўйсунамиз. Ахир, Аллоҳ таоло неъматлантирган бандалар билан жаннатда бирга бўлиш башоратига сизга итоат қилиш шарт қилинган эмасми, ё Расулуллоҳ?! Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, айнан ўшалар Аллоҳ неъматлантирган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Уларнинг ҳамроҳлари нақадар гўзалдир!” (Нисо сураси, 69-оят)

Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган зот – сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?! “Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юборганмиз”. (Анбиё сураси, 107-оят)

Сизга кўплаб саловатлар айтамиз. Чунки сизга саловат айтишни Аллоҳ таоло мўминларга буюрган. Ахир Аллоҳ таоло Ўзи ҳам, Унинг фаришталари ҳам сизга саловат айтишади-ку, ё Расулуллоҳ! “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловат айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг”. (Аҳзоб сураси, 56-оят)

“Ва тезда Роббингиз сизга ато қилур ва сиз рози бўлурсиз” (Зуҳо сураси, 5-оят) ояти нозил бўлганда, “Ундай бўлса, умматимдан бирортаси дўзахда бўлишига рози бўлмасман”, деган зот сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?!

Макка даври ҳаёти оддий инсонлар ҳамда мазлумлар учун ибратли бўлган, Мадина даври эса ҳукм юритиш қўлида бўлган ҳокимларга раҳбарлик қилиш таълимини берган ибратли ҳаёт сизнинг ҳаётингиз эмасми, ё Расулуллоҳ?

Сиз ҳақингизда нима дей оламан, ё Расулуллоҳ? Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло раббоний, кўркам йиғилишда пайғамбарлардан аҳду паймон олиб, шундай деган: “Эсланг, Аллоҳ Набийлардан шундай аҳд олган эди: “Мен сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, эндиликда сизлардаги нарсани тасдиқловчи бир Пайғамбар (Муҳаммад) келганда, албатта, унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, – деб туриб: “Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?” деганида, улар: “Иқрор бўлдик”, дейишди. У: “Энди гувоҳ бўлинглар, мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳ бўлувчиларданман”, деди”. (Оли Имрон суарси, 81-оят)

Ё Расулуллоҳ, сиз ва менинг мисолим худди қоронғу кечада саҳрода адашиб, йўлини йўқотган, нима қиларини билмай довдираб, тушкунликка тушган, сўнгра осмонга ой чиқиб, унинг нурида ўз йўлини топиб олган кишига ўхшайди. Шунда мен хурсандлигимдан: “Эй ой, Аллоҳ қадрингни баланд, нурингни зиёда, ўзингни эса тўлин ва гўзал қилсин”, дейман.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қадрингизни баланд қилди. “Сизнинг зикрингизни юқори кўтариб қўйдик”. (Шарҳ сураси, 4-оят)

Дарҳақиқат Аллоҳ таоло нурингизни зиёда қилди. “Дарҳақиқат, сизларга Аллоҳдан нур (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва ойдин Китоб келди”. (Моида сураси, 15-оят)

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизни буткул гўзал қилди. “Эй Набий, албатта, Биз сизни гувоҳлик берувчи, хушхабар элтувчи, огоҳлантирувчи, Аллоҳнинг изни ила Унга (Унинг динига) даъват қилувчи ҳамда (йўл кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юбордик”. (Аҳзоб сураси, 45–46-оятлар)

Аллоҳ таоло бизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат қилсин! Қиёмат куни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига муяссар айласин! Омийн!


Қудратуллоҳ Сидиқметов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларга муомалалари 133. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

4753 14:10 / 08.02.2019
294. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилаётиб, у юзини ювганида ўша сув ёки давоми...

998 19:00 / 14.10.2023
761. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси унинг ҳузуридан чиқдилар. Шунда рашким келди. Сўнгра у зот келдилар ва давоми...

2536 19:00 / 26.08.2022
27. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига нисбатан ва уларнинг ўртасида ўта адолатли эдилар. У зотнинг адолатлари масъулиятни ҳис қилганларидан эди. давоми...

3379 19:55 / 28.04.2017
Аудиолар

118781 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар