1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам башариятга нима мерос қолдирган?

19:11 / 28.04.2017 4293 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Расулуллоҳга саловот саломлар бўлсин, У зотнинг саҳобаларидан Аллоҳ рози бўлсин.

Биз мусулмонлар қанча фахрлансак арзийдики, Аллоҳ таоло бизга Исломни энг улуғ неъмат қилиб берди. Бу неъмат билан бирга энг маҳбуб пайғамбари – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бизга пайғамбар қилиб юборди ҳамда у зотга Ўзининг энг афзал китоби, ўзгармас қонуни – Қуръони каримни нозил қилди. Мазкур неъматлар сабабли бизни Қиёмат куни бошқа умматларга гувоҳлик беришимиз учун ўрта уммат қилиб яратди. Буларнинг барчаси биз учун ҳар қанча фархланишга арзийдиган улкан шарафдир.

Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг энг охирги, энг афзал пайғамбаридир. Аллоҳ таоло У зотни xушxaбaр бeрувчи, oгoҳлaнтирувчи, Ўзининг изни ила Исломга дaъвaт қилувчи нурли чирoқ қилиб юбoрди. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз орқали башариятни жаҳолат зулматидан илм нурига, залолат ботқоғидан ҳидоятга олиб чиқди. У зот ҳақни кўрмайдиган ожиз кўзларни, кар қулоқларни ва ғофил қалбларни ўз рисолати билан ҳаққа бошлади. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилади:

Аллоҳ таоло мўминларга ўзларининг ичидан уларга Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳимкатни ўргатадиган пайғамбарни юбориб, неъмат берди. Улар эса олдин аниқ гумроҳликда эдилар”.  (Оли Имрон;164)

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло берган неъматларнинг ҳисоби йўқ. Мазкур оятда ушбу неъматларнинг энг олийси, яъни бандаларга уларни залолат ботқоғи ва ҳалокат ўчоғидан қутқардиган пайғамбарнинг юборилгани зикр қилинмоқда. У уларни ширк, маъсият ва ёмон ахлоқлардан сақлайдиган, Қуръон ва суннатни ўргатадиган пайғамбардир.

Инсоният жар ёқасида бўлиб, агар шу ҳолида вафот этса, жаҳаннамга кириши муқаррар бўлиб турган бир пайтда Аллоҳ таоло уларга мушфиқ ва меҳрибон бўлган пайғамбарни юбориб, уларни дўзах азобидан қутқарди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўлиқ умрлари олтмиш уч йилдир. Пайғамбар бўлгунича қирқ йил, ундан сўнг йигирма уч йил умр кўрдилар. Ана шу йигирма уч йилнинг ўн уч йилини Маккада, ўн йилини эса Мадинада яшаб ўтказдилар.

Лекин мана шу саноқли йиллар оламни тубдан  ўзгартирди. У зот мана шу қисқа муддатда инсонларни бандага сиғинишдан уларнинг Роббисига сиғинишга, ботил динларнинг жабридан Исломнинг адолатига олиб чиқди. Шунинг учун бутун дунё мусулмонлари ва мусулмон бўлмаган инсофли ғарб, шарқ мутафаккирлари У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни башарият тарихида ҳар тарафлама муваффақиятга эришган ягона шахс деб тан олдилар.

Бундай даражага эришиш учун киши ўз ҳаёти мобайнида башарият учун кўп манфаатли хизмат қилган, ўзидан кейин улкан мерос қолдирган бўлиши керак. Масалан, олимлар ўзидан кейин қолдирган илм, китоб, ихтиролари билан, подшоҳлар эса қолдирган мол-дунё, гўзал қасрлару салобатли, мустаҳкам қўрғонлари билан қадрланар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башариятга қандай мерос қолдирганлар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башариятга ҳеч ким қолдирмаган улкан тўрт нарсани мерос қилиб қолдирганлар.

1. Қуръони карим.

2. Қуръони каримнинг баёни бўлган суннат ва сийрат.

3. Рисолат (Қуръони карим ва суннат асосида барпо бўлган шариат)

4. Саҳобалардан бошланиб, ушбу рисолат асосида яшаган уммат.

Қуйида булар ҳақида батафсил сўз юритиб, баён қиламиз.

1. ҚУРЪОН. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос қолган нарсаларнинг энг буюги абадий китоб бўлмиш Қуръони каримдир. Аллоҳ таоло барча пайғамбарларга уларнинг пайғамбар эканини исботлаш учун  бергани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам мўжизалар берди. Ўтган пайғамбарларга ҳиссий мўъжизалар берилган бўлса, у зотга ҳеч бир пайғамбарга берилмаган мўъжиза берилди. Масалан: Солиҳ алайҳиссаломга туя мўъжизасини, Мусо алайҳиссаломга асоларининг илонга айланиб ҳаракат қилиши мўъжизасини, Ийсо алайҳиссаломга эса Аллоҳ изни ила ўликларни тирилтириш, кўр ва пес каби касалликларни тузатиш мўъжизаларини берган. Шубҳасиз, булар катта мўъжизалардир. Лекин бу ҳиссий мўжизалар шундай эдики, мўжиза содир бўлган вақтда уни кўрган киши унга иймон келтириб, кўрмаган кишилар иймон келтирмаслиги ҳам мумкин эди. Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган мўъжиза абадий ҳамда ақлий мўъжиза бўлиб, замонлар ўтиши билан йўқ бўлиб кетмайдиган, замон борки, у ҳам боқий турадиган мўжиза – Қуръони каримдир.

Қуръони карим фасоҳат, балоғат, баён, адабиёт ва шеър каби араблар донг таратган йўналишларда нозил бўлиб, уларни шу жиҳатдан таҳаддий, яъни беллашувга чақирди. Аввалига худди Қуръондек бир китоб келтиришга чақирди. Улар ожиз қолишди. Сўнг худди шунингдек ўнта сура келтиришга чақирди, улар унга ҳам ожиз қолишди. Сўнг худди шунга ўхшаш битта сура келтиришга чақирганида, улар бунга ҳам ожиз қолиб, мағлуб бўлдилар. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:

«Агар инсу жинлар тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларига ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар», – деб айт.

 (Исро.88) 

Бу китоб бугунги кунгача оламни ожиз қолдириб келмоқда. Баъзилар бунинг адабийлиги, ундаги баённинг юксак гўзаллиги олдида ожиз бўлишса, баъзилар шаръий ҳукмларнинг ҳар замон ва ҳар маконга яроқли экани олдида ожиздирлар. Яна бошқалар эса унинг бугунги кунда илмий мўъжилари олдида ожизлигини тан олмоқдалар. Уламолар Қуръоннинг илмий мўъжизалари борасида жуда кўп китоблар ёзишган.

2. СУННАТ ВА СИЙРАТБизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган мероснинг иккинчиси суннат ва сийратдир.

Қуръони карим Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали инсонларга умумий ва асосий қоидаларни ўрнатиш учун юборилгандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эса Қуръонда нозил бўлган ҳукмларнинг назарий баёни ва амалий татбиқидир. У зотнинг суннатлари Қуръоннинг умумий маъносини хослаб, мутлоқ айтилганини қайдлаб, мужмалини баён қилиб ҳамда мубҳамини тафсир қилиб берди. Унинг кўрсатмаларини амалий ҳаётга татбиқ қилиб, қандай яшаш лозим эканини амалда кўрсатиб берди. Бу ҳақида Аллоҳ таола Қуръони каримда шундай дейди:

Ва сизга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. (Наҳл 44)

Муфассирларнинг баъзилари ушбу оятдаги “зикр”дан мурод суннатдир, у ҳам Қуръони карим каби ўзгартирилишдан муҳофаза қилинган, деганлар. Чунки суннат Қуръонни баён қилиб берувчидир, агар суннат муҳофаза қилинмаса, Қуръон баёнсиз қолади.

Суннат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари, феъллари, иқрорлари, хулқий сифатлари ва сийратларининг мажмуасидир.

Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида сўралганида: “У зотнинг хулқи Қуръон эди”, деб жавоб берганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари Қуръоннинг амалий тафсири эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари тирик Қуръон эдилар.

Суннат ва сийрат ҳикматлар жамланган, маърифатлар хазинаси бўлган, гўзал кўрсатмаларни қамраган, шариат, ҳидоят, даъват, тарбия, маданият борасида Қуръони каримдан кейинги иккинчи асосий манба ҳисобланади.

У зотнинг сийратлари биз учун катта намунали мадрасадир. Қуръони каримда бу ҳақида шундай дейилган:

Батаҳқиқ сизлар учун Расулуллоҳда гўзал намуна бордир. (Аҳзоб 21)

Бу оятдан мурод у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тўлиғича намуна манбаи эканини билдиришдир. У зотнинг барча аъзолари; тиллари, қўллари, кўзлари ҳамда ҳаракатлари, сукунатлари, таом ейишлари, ичимлик ичишлари, кулишлари, юришлари – барчаси намунадир.

Aлбaттa, сиз буюк xулқ узрaдирсиз! (Қалам;4)

Бу сийрат гўдаклигидан тортиб болалик, ўсмирлик, йигитлик, қарилик, то вафот этгунича ўта аниқлик билан тўлиғича ривоят қилинган ҳаётдир.

Чунки бу сийрат башарият учун олий намуна бўлиб,  гуноҳлардан маъсум бўлган, ҳатто душманлари ҳам ундан камчилик излаб топа олмаган зотнинг сийратидир.

Бу сийрат шундай намунали ҳаётки, ҳар бир инсон ҳаётининг барча жабҳасида унга эргашиш учун олий намуна топа олади. Ўспирин ўзи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўспиринлик даврида насабу ҳасабига суянмасдан, қўй боқиб касб қилганидан намуна олса, ёш йигит у зотнинг музораба йўналишида тижорат билан машғул бўлиб, баъзи ёшлар каби қимматли вақтини ҳар хил ўйин-кулгу ва беҳуда нарсаларга сарфламаганидан намуна олади. У зот гўзал ахлоқлар билан музайян бўлганларки, ҳатто ўз қавми орасида  “амин” (ишончли) деб ном олган эди.

У зотнинг сийратларида садоқатли эрнинг гўзал оила қуриши, бўлажак умр йўлдош танлашда қайси сифатларга эътибор бериши, аёли битта бўлса ёки  биттадан зиёд бўлса, қандай муомала қилиши, ёши улуғига қандай, ҳали ёш бўлса, унга қандай муносабатда бўлиши, бикр, жувон, араб ёки ажамлардан бўлса, қандай йўл тутиши лозимлиги борасида намуна бор.

Бу сийрат отанинг фарзандлари билан, бобонинг набиралари билан қандай муомала қилиши, қандай одоб-ахлоқ, тарбия бериши, қандай ҳазил қилиши, фарзанди вафот этса, қандай сабр қилиши учун намуна оладиган ҳаётдир.

У зотнинг ҳаёти ҳокимлик қўлида бўлган бошлиққа ҳам, ҳокимлик қўлида бўлмаган оддий инсонга ҳам, бойга ҳам, камбағалга ҳам ибратли ҳаётдир. У зотнинг Мадинадаги даври ҳукм юритувчи бошлиқларга намуна бўлиб, ҳатто душманларга ҳам адолатли бўлишда ибратдир. Макка даври эса оддий инсонлар ҳамда мазлумлар учун намунадир.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  суннат ва сийратларини ўрганиш ҳар бир мусулмон киши учун ўта муҳим бўлганидан, саҳобалар фарзандларига у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини худди Қуръони каримни ўргатгандек ўргатар эдилар. Улар Қуръони каримга қанчалик эътибор беришган бўлса, суннат ва сийратга ҳам шунчалик эътибор берганлар:

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: “Биз фарзандларимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотларини Қуръондан бир сура ўргатгандек ўргатар эдик”, деганлар.

3. РИСОЛАТ. Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган мероснинг яна бири Қуръони карим ва суннат асосида барпо бўлган рисолатдир.

Унинг ўзига хос афзалликлари бор:

Бу рисолат бутун оламлар учун юборилган рисолатдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳар бир пайғамбар ўз қавмига юборилар эди. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмига, Ҳуд алайҳиссалом ўз қавми Одга, Солиҳ алайҳиссалом ўз қавми Самудга, Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмига, Лут алайҳиссалом ўз қавмига, Шуъайб алайҳиссалом Мадянга юборилгани каби ҳар бир пайғамбар фақат ўз қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва уларни бут-санамларга ибодат қилишдан қайтариш учун юборилар эди. Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламларга раҳмат пайғамбари қилиб юборилди:

“Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот барокатли, улуғдир” (Фурқон 1)

“Сен: Эй одамлар, албатта, сизларнинг барчангизга Аллоҳнинг пайғамбаридирман, - деб айт ” (Аъроф 158)

 “Биз сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик” (Сабаъ 28)

Бу рисолат шундай рисолатки, Аллоҳ таоло бу рисолатда башарият учун барча замон ва маконларга салоҳиятли бўлган умумий асослар, шаръий қоидалар ва умумижтимоий манфаатларни жорий қилган. Шунинг учун ҳам ислом шариати жаҳоннинг цивилизацияда пешқадам бўлган мамлакатларига кириб бориб, ўзининг қонунлари билан уларнинг муаммоларини ечишда ҳеч қандай танглик сезмади.

Мусулмонлар Роббиларидан бўлган ваҳий ва иймонларининг ундови сабабли илм билан иймон, ваҳий билан ақл, модда билан руҳнинг ўртасини жамладилар ҳамда у билан асрлар давомида дунёни бошқарган цивилизацияга асос солишга имкон топдилар.

Бу рисолатнинг афзалликларидан яна бири – унинг абадийлиги бўлиб, Аллоҳ таоло у билан барча пайғамбарларнинг рисолатини якунлаган. Зеро Муҳаммад соллаллоҳу алаҳи васалламдан сўнг бошқа пайғамбар йўқ, Қуръондан кейин бошқа илоҳий китоб йўқ ва ислом шариатидан сўнг бошқа шариат йўқдир.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдинги барча пайғамбарлар ўзидан кейин келадиган пайғамбар ҳақида башорат берар эди. Фақатгина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини пайғамбарларнинг охиргиси ҳамда унинг рисолати нубувват биносининг охирги ғишти эканини эълон қилганлар. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

 Лекин (Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. (Аҳзоб;40)

Бу рисолатнинг афзалликларидан яна бири унинг оламларга раҳмат эканидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

Биз Сизни оламларга раҳмат қилиб юборганмиз. (Анбиё;107)

Оламлар” деган сўзга Аллоҳ таолодан бошқа барча мавжудотлар киради. Фаришталар, жинлар, инсонлар, жамодот, ҳайвонот ва наботат оламлари ҳамда бошқа оламлар. ...

Бу рисолатнинг раҳмат эканлиги унинг енгиллигида намоён бўлади. У машаққатни кетказиш ва енгилликка асосланган.

Динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади. (Ҳаж;78)

Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. (Бақара;185)

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Енгиллатинг, қийинлаштирманг, хушхабар беринг, нафратлантирманг”, дедилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Набий солаллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар енгиллатувчи қилиб юборилгансиз, қийинлаштирувчи қилиб юборилмагансиз”, дедилар.

Унинг енгиллиги ибодатларда, оилавий масалаларда ва ижтимоий ҳамда халқаро алоқаларда яққол кўринади.

Бу рисолатдаги раҳматнинг энг асосий кўриниши бутун инсониятни оммавий тинчликка чақиришидир.

Ислом дини тинчлик динидир. У имкон қадар урушдан кўра тинчликни устун қўядиган диндир. Буни Қуръони карим тасдиқлайди.

*Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири ҳам “Салом”, яъни, тинчлик бахш этувчидир:

Тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчидир. ... . (Ҳашр; 23)

*Аллоҳ таолонинг тақводор бандаларига розилик сўзи ҳам салом, яъни тинчлик-омонлик сўзидир:

 Ҳидоятга эргашганларга салом (омонлик) бўлур. (Тоҳа;47)

*Мусулмон кишиларнинг ўзаро кўришиши ҳам саломдир. Яъни бир бирига тинчлик сўраб дуо қилишдир:

 “Ҳузурингизга оятларимизга иймон келтираётганлар келганларида, Сизларга салом бўлсин!”, деб айтинг. (Анъом;54)

*Ҳар бир мусулмон намоз ўқиётиб ташаҳҳудда тинчлик сўраб қуйидагича дуо қилади:

Эй Набий, сизга салом (тинчлик-омонлик), Аллоҳнинг раҳмати ва барокати бўлсин!. Бизга ҳам салом (тинчлик-омонлик), Аллоҳнинг раҳмати ва барокати бўлсин!

*Сўнгра ҳар бир намозхон намозини салом бериш (яъни, тинчлик-омонлик сўраб дуо қилиш) билан тамомлайди.

*Динимизда ўзга кимсанинг уйига келган киши ҳам салом беришга, яъни уй аҳлига тинчлик-омонлик сўраб дуо қилишга буюрилган:

Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз!. (Нур;27)

*Охиратдаги мўминларнинг диёри ҳам “Дорус-салом”, яъни тинчлик диёридир:

Улар учун Парвардигорлари ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир. (Анъом;127)

Ислом дини аввал бошиданоқ, динга гўзал мавъиза ила даъват қилган. У халқларни тинчликка чақирган. Уруш Аллоҳнинг калимасини олий қилиш, Ватанни ва жонни ҳимоя қилиш учун бўлган. Ўзгалар устидан ҳукм юритиш, уларни қул қилиш, уларнинг мол-мулкини талон-тарож қилиш учун бўлмаган.

Бу рисолат инсон ҳаётини тўлиғича раҳмат билан қоплагандир. У инсоннинг ақидаси ва ибодатини тўғрилайди, нафсини поклайди, ахлоқини ўнглайди, амалини солиҳ қилади, Роббиси билан боғлайди, оиласи, қариндоши, қўшнилари ва жамият билан яхши муомалада бўлишга буюради.

Бу рисолат жамият аъзоларини ўзаро меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат ва ёрдамда бир тану бир жон каби бўлишга чорлайди. Жасаднинг бирор аъзоси оғриса, унинг қолган аъзолари ҳам роҳатни ҳис қилмай бедор бўлгани каби жамиятнинг бирор аъзосига етган мусибатни жамиятнинг қолган аъзолари ҳам худди ўзларига етган мусибатдек қабул қилишга ундайди. Бу рисолат кучли инсонни кучсизга нисбатан раҳмли бўлишга, бой инсонни камбағалга ёрдам беришга ва ҳар бир жамият аъзосининг нафақат ўзи яхши амал қилиши, балкиўзгаларни ҳам яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришга буюради.

4. УММАТ. Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган мероснинг яна бири Қуръон ва суннат асосида барпо бўлган умматдир. Бу уммат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадрасаларида етишиб чиққан ва мусулмон умматининг энг афзали бўлмиш тирик Қуръон бўлган саҳобалар авлодидан бошланган умматдир. Аллоҳ таоло уларни шундай мадҳ қилган:

Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаган, уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар – ана ўшалар нажот топгувчилардир». (Аъроф;157)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида шундай деганлар:

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг саҳобаларимни ҳақорат қилманглар! Чунки агар сизлардан бирортангиз Уҳуд тоғичалик олтин эҳсон қилса ҳам, улардан бирининг бир мудд эҳсонига ҳам, (ҳатто) унинг ярмига ҳам етмайди”, дедилар. Имом Бухорий ривоят қилган. (мудд - оғирлиги 0,544 килограммга тенг ўлчов бирлиги.)

Саҳобалар бошқа пайғамбарларнинг асҳоблари билан солиштирилганда уларнинг фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Бунга Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларнинг асҳобларини мисол қилишимиз мумкин. Мусо алайҳиссалом асҳобларини Байтул-мақдисга киришга буюрганларида, улар итоатсизлик қилиб: “Эй, Мусо! Модомики, (улар) у ерда эканлар, биз сира у ерга кирмагаймиз. Сен (ўзинг) ва Роббинг бориб, (улар билан) жанг қилаверингиз. Биз эса, шу ерда ўтирувчилармиз”, деб жавоб берганлар. Саҳобаи киромлар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам Бадрда улар билан маслаҳат қилганларида, улар: “Биз Бани Исроил каби сизга “Сиз ўзингиз ва Роббингиз бориб, улар билан жанг қилаверингиз. Биз эса, шу ерда ўтирувчилармиз”, демаймиз. Балки биз сизга: “Сиз ўзингиз ва Роббингиз бориб жанг қилинглар. Албатта биз ҳам сизлар билан бирга жанг қиламиз”, дейишган.

Саҳобаи киромлар Ийсо алайҳиссаломнинг асҳоблари ўз пайғамбарларидан воз кечиб юборганлари каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламдан воз кечмасдан, аксинча, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун моллари ва жонларини фидо қилганлар.

Саҳобалар авлоди бу умматнинг гултожидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини Аллоҳ таоло Қуръони каримда тўрт сифат билан васф қилган.

БИРИНЧИ: Бу уммат раббоний умматдир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу уммат ҳақида:

Шунингдек, сизларни “ўрта уммат” қилиб қўйдик. (Бақара;143), деб, уларни барпо қилиш нисбатини ўзига берди. Бу эса умматнинг нақадар шарафли уммат эканини англатади.

Бу уммат шундай умматки, Аллоҳ таоло уларни башариятнинг  ҳидояти ва саодати учун чиқарган энг афзал умматдир. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

“Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз.” (Оли Имрон;110)

ИККИНЧИБу уммат мўътадил бўлган ўрта умматдир. Баъзи умматлар каби фақатгина модда ёки фақатгина руҳ тарафига эътибор бериб, ғулувга кетмаган. Аксинча, руҳ билан модда, дин билан дунё, осмон билан ер, иймон билан амал, халқ билан Холиқ ва ақл билан ваҳий ўртасини жамлаган мўътадил умматдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларининг уйига (саҳобалардан) уч нафари пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келдилар. Уларга (унинг) хабари берилганида, улар уни (ўзлари учун) оз санадилар ва “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаерда-ю, биз қаердамиз! Ахир, у зотнинг аввалги ва охирги гуноҳлари мағфират қилинган-ку”, дейишди. Улардан бири: “мен энди умрбод туни билан намоз ўқийман”, деди. Бошқаси: “Мен эса умрбод рўза тутаман, ҳеч қачон (кундузи) оғзимни очмайман”, деди. Яна бири: “Мен эса аёллардан четланаман, ҳеч қачон уйланмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келиб: “Сизларми бундай, бундай деганлар? Аллоҳга қасамки, албатта, мен сизларнинг (ичингизда) Аллоҳдан энг қўрқувчироқ ва тақводорроғингизман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман, намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмасдир”, дедилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, бирортангизнинг қўлида хурмо кўчати бўлса, у қоим бўлгунча экиб қўйишга улгурса, уни экиб қўйсин”, дедилар. Имом Бухорий Адабул-муфрадда ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун кўчатни экиб қўйишга буюрдилар, ахир, у мева берганда ер юзида уни ейдиган бирор жонзот қолмаган бўлади-ку?!. Бундан мақсад, мусулмон киши дунёни обод қилувчи меҳнаткаш бўлиши, ҳатто сўнги нафасида ҳам хайрли амалга ҳарис бўлиши лозимлигидир. Ҳа, ҳатто биз учун байрам бўлган жума кунида “намозни ўқиб бўлиб, энди дам олинглар”, дейилмади. Балки ер юзида тарқалиб, Роббингизнинг фазлидан талаб қилинглар дейилди.

 “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ... .” (Жума;10)

Демак, ислом тараққиёт дини, касб-хунарга тарғиб қилувчи, ер юзини обод қилувчи мукаммал диндир.

УЧИНЧИБу уммат бошқа умматлардан афзаллиги билан ажралиб турадиган умматдир. Чунки Қуръони каримда бу уммат энг яхши уммат дейилган:

Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. (Оли Имрон;110)

Лекин бунда уларнинг афзаллиги худди Баний Исроилнинг: “Биз Аллоҳ таолонинг танлаб олган халқимиз”, деб даъво қилгани каби халқ, жинс ёки миллат сабабидан бўлмаган. Балки улар ҳар бир инсон у қайси миллат, қайси ирқ ва қайси рангда бўлишидан қатъий назар, амал қилиб сазовор бўлиши мумкин бўлган сифат билан афзал бўлганлар. Аллоҳ таоло оятнинг давомида бу сифатни баён қилиб шундай деган: “Яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз.” (Оли Имрон;110)

Яъни бу умматнинг афзаллиги яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш, ер юзини обод қилиш шиори бўлганида, шунингдек Аллоҳ таолога иймон келтирган уммат эканидадир.

ТЎРТИНЧИ: Бу уммат якдил бир умматдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу умматни васф қилиб шундай деган: “Албатта, сизнинг ушбу умматингиз ягона умматдир ва Мен сизнинг Роббингизман. Бас, Менгагина ибодат қилинг.(Анбиё;92)

Албатта, сизнинг бу умматингиз ягона умматдир. Мен эса, Роббингизман. Бас, Менгагина тақво қилинг. (Му’минун;52)

Бу оятлар ушбу умматнинг барча нарсаларда бир калимага жам бўлган якдил уммат эканига ишора қилади. Жумладан, уларнинг Роббиси, пайғамбари, ақидаси, қибласи, шариати, манҳажи ва одоб-ахлоқи бирдир. Шунга кўра, Аллоҳ таоло ояти каримада қуйидагича марҳамат қилади:

“Барчангиз Аллоҳнинг арқонини (Қуръонни) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг!” (Оли Имрон;103)

“Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир.” (Оли Имрон;105)

Aллoҳгa вa Унинг рaсулигa итoaт қилингиз вa низoлaшмaнгиз, aкс ҳoлдa заифлашиб, қувватингиз кeтиб қoлур.” (Анфол;46)

Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизни келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниб кетишдан қайтариб, фирқаларга бўлиниш умматнинг заифлашиши ҳамда қувватининг кетишига сабаб бўлишидан огоҳлантиряпти.

Хулоса қилиб шуни айтамизки, биз Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васалламдан мерос қилиб олган мазкур тўрт нарсани (Қуръон, Суннат, Рисолат ва Уммат ҳақида) яхшилаб ўргансак ва шунга мувофиқ ҳаёт кечирсак, саодатли ҳаётга энг қисқа йўл билан борган бўламиз. Чунки бу йўл башариятнинг саодати учун Роббимиз чизиб берган ягона йўлдир.

Аллоҳ таоло барчамизга мана шу саодатли йўлда ҳаёт кечиришимизни муваффақ қилсин!

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмонлар қанчалик сабр қилсалар, мушриклар уларга бўлган тазйиқни шунчалик орттириб боравердилар. Борабора ҳимоячиси бўлмаган, заифҳол мусулмонларнинг дину давоми...

3268 16:08 / 23.12.2017
. .Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг мавлолари Варрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Муғийра Муовияга.Расулуллоҳ давоми...

1790 14:00 / 07.02.2021
751. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Албатта, мўмин ўзининг гўзал хулқи билан рўза тутувчи ва бедор давоми...

2066 19:00 / 05.08.2022
723. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бақийъулғарқадда жанозада эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келиб ўтирдилар. Биз у давоми...

2299 19:00 / 11.06.2022
Аудиолар

118770 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар