1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

Эркак қачон йиғлайди

15:29 / 28.04.2017 2611 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзилар, эр деган йиғламаслиги керак, дейдилар. Уларнинг наздида эркак жинсига мансуб инсонлар кўз ёшлари қотиб қолган, қалблари эса тошданда қаттиқ жисмга айланган махлуқлар ҳисобланади.

"Ўғил боласан-ку, йиғлама!" деб койиймиз гоҳида эндигина пиқирлашга тушган боламизни.
Бироқ, дунёни тийран кузатар экансиз, аёлнинг йиғисига қараганда эркакнинг йиғиси қаттиқроқ экани бўлади. Унинг дод-фарёдидан тоғлар ларзага келади, устунлар қулайди. У уввос солганида, дунёнинг мана-ман деган кўнгилчан аёллари ҳам ҳайратдан ёқа ушлаб, бу борада эр зоти билан кураша олмасликларини англаб етишади. Чунки эркакнинг йиғиси ростакам бўлади, унинг йиғисида ёлғон бўлмайди. Аёллар йиғлаётган бўлса, "ҳа, энди дардини тўкиб оляпти-да" дейишингиз мумкин. Бироқ, эркак кўз ёш тўкаётган бўлса, бориб қарагингиз келади унинг олдига. Чунки биласиз-ки, бу одам бекорга йиғламайди. У йиғласа, нимадир рўй берган бўлади. Камида, қуёш нурини сўндирган бўлади. Ҳайрон қоляпсиз-а гапларимга?! Ҳайрон бўлманг. Зеро, бу ҳақиқат. "Эркакни йиғлатадиган воқеалар тахминан қандай бўлади?" деб сўрашади мендан. Мен хаёлимга келган воқеаларни санашга ўтаман. Шуларнинг ўзиёқ сизни йиғлатиши керак.

... Эркак номусга ботса йиғлайди, дейишади қадимгилар.
... Баъзилар наздида, мард эр хотини хиёнат қилганида ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Йўқ, йўқ, "менга бепарволик қилмадинг" деб, хотинининг қилган ишидан эмас, балки унга ушбу эшикни ўзи билинар-билинмас очиб берганидан йиғлайди индамайгина.
... Ундан ҳам қаттиқ йиғлайди агар қизининг фоҳиша деган номни олганини эшитиб қолса. "Бундан кўра ўлганим яхшимасмиди?" дейди у ўшанда. Аниқки, бу ота бу хўрлик ўрнига чинданда бошини кундага ҳам қўя оларди.
... Боласининг тобутини кўтариб кетаётган ота йиғлайди, ҳаммани ўзига қўшиб йиғлатиб. Боласига ачиниб йиғлайди, десангиз, хато қиласиз. Чунки уни йиғлатган нарса бошқа — ўғлини салоҳиятли қилиб тарбиялашга уринмагани уни йиғлатади, «энди бунинг жавоби қандай бўлур?» деган ўй отани қақшатиб йиғлатади.
... Баъзан ўғил йиғлайди... Отасининг тобутини кўтариб кетаётганида, демоқчимисиз? Асло! Отанинг тобути ортидан йиғлаш у қадар катта фожеа эмас, балки ундан-да каттароқ мусибат йиғлатади бу ўғилни. У ўртоқлари билан кулишиб уйга қайтаётганида, отасининг кўчада маст-аласт келаётганини кўриб қолганида йиғлаб юборади аламдан дод солиб.
...Синглиси ҳақида кўчадан ҳунук гап эшитганда, уйга кириб кетадида, ҳеч кимга билдирмай йиғлайди бу "иш"нинг олдини ололмаганидан ҳўнграб бечора ака. Йўқ, йўқ, синглисининг ор-номуси, келажаги деб эмас, балки ака бўлиб бу мусибатнинг олдини ололмаганидан йиғлайди хўрланиб.
... Дўст йиғлайди энг яқин биродари дўстлик номидан сўз очиб алдаб кетганида. Унинг йиғисига сабаб дўстини маломат қилиш эмас, балки "наҳот мен ҳақиқий дўст бўлишга арзимадим, наҳот мени у дўст сифатида қабул қила олмади, қусурларим шунчалик кўп эдими?" деб йиғлайди ҳақиқий биродар!
... Шунча йиғиларнинг олдида бир ҳолатга бўлган йиғи кўнгилларни эритиб юборади. Бу ҳолатни тинглаш учун тайёр турган бўлсангиз, қойил қолдик журъатингизга: бир отахоннинг йиғисики, бу йиғи кўнгилларни зир титратади. Ўғиллари уни ҳажга бориб келишини таъминлашган, унга турли-туман маросимлар ташкил этишган, аммо "отам бизнинг қизил тўйларимизни кўрмай қўя қолсин!" деб ўзларининг тўйлари ўтаётганда, ресторанга олиб кетмай, уйга ёлғиз ташлаб кетганида, отахон дардини кимга ёрарини билмай йиғлаганини эшитган эдик. Бунданда ҳасратли кун бўлмаса керак қария одамга?!

... Тахминан мана шунақа воқеалар. Бу воқеаларни давом эттирадиган бўлсак, унинг адоғи кўринмас. Бироқ, мазмун эса биттадир.
Ҳақиқий эркак йиғламайди, дейиш айни хатодир. Балки у учун дунёнинг турган-битгани йиғидан иборат. Фақат бунинг шарти - ўша биз айтаётган инсон ЭРКАК бўлиши шарт. Агар юқоридаги ҳолатлар кўз ўнгида содир бўлаётган эрса ҳамки, индамайгина кетаётган ва кўз ёши қалқимаётган бўлса, хитобимиз ул кишига қаратилмаган. Ҳақиқий эркак аслида аёллардан кўпроқ йиғлайди дунёда.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир кун қишлоққа борганимда жаноза устидан чиқиб қолдим. Марҳум таниш эди, бордим. Имом, фоний дунёнинг ўткинчилиги ҳақида маъруза қилди, сўнг марҳумнинг бўйнида давоми...

2651 15:30 / 28.04.2017
Бир дўстим бўлган воқеани ҳикоя қилиб берди. Ана шу ҳикоя бугунги кунимизга ва бугунги мавзуимизга анча мос тушади. Ҳозирда аёллар фарзандлари туғилишидан олдин давоми...

3950 15:37 / 28.04.2017
quotБугунги кунquot рукни остида яқин кунлар ичида бўлиб ўтган бир воқеани келтириб ўтамиз. Бу иймон аҳлига ўз йўлида янада собитқадам бўлиш учун етарли турки бўлади. давоми...

3472 15:44 / 28.04.2017
Ҳозир эътиборингизга бекободлик бир йигит томонидан айтиб берилган ҳикояни ҳавола қиламиз. Бу ҳикояда мўминлар учун ибрат, ҳали Аллоҳнинг ибодатига кирмаганлар давоми...

3104 15:38 / 28.04.2017