1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

Бўри тишидаги "бахт"

15:29 / 28.04.2017 4249 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Ипподром” бозоридаги вилоятларга кетувчи машиналар оралаб юрган лўли аёл диққатимни тортди. Ўзини кузатаётганимга кўзи тушди чоғи, илдам-илдам мен томон юра бошлади. Етиб келгач:

— Синглим, мана бундан олиб кетинг! — деди.
— Нима экан? — сўрадим умримда илк марта кўраётганимдан ҳайрон бўлиб.
— Мана бу бўрининг тиши, булар эса бўрининг тирноқлари.
— Уларни нима қиламан? — ҳайратим икки баравар ортди.
— Ие, шуниям билмайсизми? Ахир бўри бахт ва омад келтирувчи ҳайвон-ку!
—Бахт ва омадга бўри тишлари ва тирноқларининг нима алоқаси бор?
— Ахир бўри бахт ва омад тимсоли бўлгандан кейин унинг тишлари ҳамда тирноқлари ҳам бахт келтиради-да!
— Бўри бахт ҳамда омад тимсоли эмас. У бор-йўғи бир йиртқич жонивор холос! Хўп, сизнингча бориб, шундай деб ўйлайлик ҳам. Айтинг-чи, унинг тиш ва тирноғи менга нима каромат кўрсатади?
— Мана, бу бўрининг тиши, — шундай дея менга узунлиги бир бармоқча келадиган оқ-сарғиш ёйсимон тишни узатди. Кўнглим беҳузур бўлиб кетди. —Уни тешиб, ип ўтказиб қўйганман. Бўйнингизга осиб оласиз. У сизни бало-қазодан асрайди! Олинг, сизга арзон қилиб бераман, — дея тутқазишга уринди.
— Қанчага берасиз?
— Ўзи... — аёл энгашиб қулоғимга шивирлади: — ҳамма ерда йигирматага сотилади. Майли сиз биринчи бор харид қилаётганингиз учун... — унинг гапи чала қолди.
— Ни-ма?! Йигирма минг сўм? Бор-йўғи бир ўлаксанинг бир дона тиши-я?! — деб юборганимни билмай қолдим.
— Бақирманг, нега бақирасиз? Бунақада бозоримни касод қиласиз-ку! Ҳали ҳеч ким сизга йигирма минг сўм дегани йўқ, билдингизми?! — аёлнинг жазаваси қўзий бошлади.
— Ие, ҳозиргина йигирматага бераман, деган ким? — дедим жаҳлим чиқиб.
—Йигирмата “кўки” дедим, овсарми, нимаб-бало-о! Эсимни таниганимдан буён тиш, тирноқ сотаман, бунақа анқовни биринчи бор кўришим! — энсасини қотирди аёл. Йигирма мингга мушук офтобга чиқармиди?
—Унда тирноғи қанча туради? Уни нима қиламан? — дедим ўзимни аранг босиб.
— Осмондан тушганмисиз, нима? Тирноғини чақалоқларнинг бешигига ёки уй ичига осиб қўйилади. Бало-қазони даф қилиб, ўша хонадонга бахт келтиради! Ҳа, энг кераклисини айтиш эсимдан чиқибди. Бўрининг тишларини ўзи билан олиб юрган кишининг ишлари ўз-ўзидан юришиб, пули кўпайиб кетади! Арзимаган йигирма дўллирни аямасангиз, бойиб кетасиз! — бармоқларини пул санаётгандек шақиллатди у.
У тилидан илиниб қўйган эди. Айни пайти эканини англаб, ҳужумга ўтдим:
—Мени гапларингизга ишонди, деб ўйланг-да, энди саволимга жавоб беринг. Ҳозиргина шу тиш ва тирноқларни ўзи билан олиб юрган кишининг омади чопиб, бойиб кетади, деб айтдингиз, тўғрими?
— Тўғри!
— Сал аввал мени ўта овсар ва анқов эканимдан ғашингиз келиб, “Туғилганимдан буён тиш, тирноқ сотаман!” деганингизниям тан оласизми?
— Ҳа! Онам чақалоқлигимда менинг бешигимга уларни осиб қўйган экан. Мендан кейин укаларим ҳам ўша бешикда ётишган. Уйимизда кулранг бўрининг бутун бошли териси тирноқлари билан бирга турибди! Уни отамиз деворга қоқиб қўйган! — мақтана бошлади лўли аёл.
—Бу билан ўз ёлғонингизни ўзингиз фош қилиб қўйдингиз-ку! Бир умр тиш ва тирноқлар билан бирга экансиз, у ҳолда нега сиз бойиб кетмадингиз? — гапимни тугатолмай қолдим. Негаки, аёл менга еб қўйгудек тикилди-да, бир нималар дея ғудраниб, бошқа бир машина томон йўл солди.

Гарчи кетиб қолган бўлса-да, хаёлан у билан сўзлашардим:
“Мени шу сафсаталарга ишонадиган даражада лақма деб ўйлаяпсанми? Агар бўри тишлари, тирноқлари бахт, омад, бойлик келтирганида ва бало, офат сени тарк этганида эди, қўлингдаги эмизикли гўдак билан ёмғирли кунда бозорма-бозор сарсон бўлиб юрармидинг? Эгнингга бир қара, ҳечам бойвачча хонимга ўхшамайсан. Тўғри, мен ростдан ҳам сен ҳозиргина атаганингдек овсар, анқовдирман, аммо аҳмоқ ва лақма эмасман.
Одамларни алдаб пулини шилганингдан кўра, тўғрисини айтиб, ҳалол тирикчилик қилиб кун кечирсанг бўлмайдими? Ҳа, айтмоқчи, бу тиш ва тирноқлар айнан бўриники эканига ҳам ишонмайман. Негаки, ит ёки бошқа ҳайвонларники бўлиши ҳам мумкин.
Кейинчалик бир танишимдан эшитиб билишимча, бўрининг битта тиши икки юз доллар, жуда бўлса, икки юз минг тураркан. Майли, бу муҳим эмас. Унинг ўзи ҳам, баҳоси ҳам мени қизиқтирмайди!
Қўлингдаги тиш ва тирноқлар оддий жонивор мурдасининг бир тийинга қиммат жонсиз парчалари эканини мендан яхшироқ биласан. Унинг ҳеч қандай бахт ва омад келтирмаслиги ҳам сенга ойдек равшан. Фақат сен улардан фойдаланиб, содда одамларга тузоқ қўясан. Мақсадинг битта — алдов билан пул топиш! Уларни ҳатто текин берганингда ҳам олмаган бўлардим! Балки қўлимга олишга ҳам жирканаман! Мен сенга, айниқса, сенинг тарбиянгда улғаяётган манави бегуноҳ гўдакка ачинаман, холос!..

Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салафлардан бирлари айтадилар Бир куни Яман кўчаларининг бирида кетаётсам, йўл устида турли байтлар ила Роббини улуғлаётган бир болани олдидан чиқиб қолдим. У давоми...

2194 15:12 / 28.04.2017
Исломнинг аркони билан мусулмоннинг аркони ўртасида фарқ бор. Исломнинг аркони бешта экани ҳаммага маълум. Лекин мусулмоннинг аркони эса уни ҳамиша лозим давоми...

3355 14:56 / 28.04.2017
Мунофиқ кофирдан ҳам хатарли бўлиб, унинг зарари кофирникидан кўра хавфлироқдир. Шунинг учун охиратда унинг азоби кофирникидан кўра қаттиқроқ бўлади. Қуръони давоми...

2070 14:52 / 28.04.2017
Алқама ибн Лабид ўз ўғлига шундай насиҳат қилди Эй ўғлим, агар одамларнинг суҳбатини соғинсанг, суҳбатлашганингда сени безайдиган, хато қилсанг ўнглаб қўядиган, давоми...

2008 15:14 / 28.04.2017